26.03.2013

ҒАЛАБАГА ИСТАК КУЧЛИ, ИМКОНИЯТ ЕТАРЛИ

Бугун миллионлаб футбол мухлисларимиз орзиқиб кутаётган ҳаяжонли кун. 2014 йили Бразилияда бўладиган жаҳон чемпионати  саралаш босқичининг навбат­даги учрашувлари бўлиб ўтади. Му­собақанинг «А» гуруҳида пешқадамлик қи­лаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз майдонида Ливан футбол­чиларини қабул қи­лади. Ушбу учрашувда ҳам­юртларимиз ғалаба қозонса, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга ки­ритиш учун янада катта имкониятга эга бў­ла­ди.

Хўш, бу муҳим ўйин олдидан ҳар иккала жамоанинг тайёргарлиги ва имкониятлари қандай? Мазкур савол барчани бирдек қизиқтирмоқда.

Бундан роппа-роса тўрт кун муқаддам бу жамоалар 2015 йили Авс­тралияда бўладиган Осиё чемпионати саралаш учрашувларида ўз омадларини синаб кўрди. Ливанликлар мусобақанинг «В» гуруҳи иккинчи тур баҳсида ўз майдонида Таиланд вакилларини қабул қилиб, йирик — 5:2 ҳисобида зафар қучишди. Бунгача эса улар сафарда ўтган илк учрашувда Эрон футболчиларидан 0:5 ҳисобида мағлубиятга учраб, кўпчиликни ажаблантирганди.

Миржалол Қосимов бош мураббийлик қилаётган Ўзбекистон терма жамоаси Осиё кубоги саралаш босқичидаги илк турда Тошкентда гонгконгликлар билан дуранг қайд этганди — 0:0. Шу боис, 22 март куни Абу-Дабида Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоасига қарши кечган ўйин олдидан мухлисларимиз биринчи учрашувдаги натижа тасодиф эканлигини футболчиларимиз исботлашади, деб умид қилишган эди. Афсуски, бундай бўлиб чиқмади. Унда гарчи, Шоҳрух Гадоев ҳисобни очган бўлса-да, иккинчи бўлимда мезбонлар икки маротаба муваффақият қозонишнинг уддасидан чиқди — 2:1.

Қисқача айтганда, жаҳон чемпионати саралаш босқичининг ушбу баҳси олдидан Ўзбекистон ва Ливан терма жамоалари турлича кайфиятда ўйинга ҳозирлик кўрганлиги шубҳасиз. Аммо футболда «Майдон текис, тўп юмалоқ» деган нақл бор. Юқорида қайд этилган натижалар Тошкент­да бўладиган учрашувда ҳар икки жамоага ҳам осон бўлмаслигини кўрсатиб турибди.

Айни пайтда жаҳон чемпионати Осиё минтақаси тўртинчи саралаш босқичи «А» гуруҳида Ўзбекистон миллий терма жамоаси беш учрашувдан саккиз очко жам­ғарган ҳолда карвонбошилик қилмоқда. Ливанликлар эса шунча учрашувдан сўнг, тўрт очко билан беш жамоа ўртасида охирги поғонани банд этиб турибди. Аммо бу ҳамюртларимиз хотиржамликка берилиши учун асос бўла олмайди.

Ливан терма жамоаси ўз тарихида илк бор мундиал йўлланмаси учун курашда ҳал қилувчи босқичгача етиб келганлиги эътиборлидир. Бугунгача ўтказилган саралаш учрашувларида германиялик мутахассис Тео Бюкер бош мураббийлигида улар БАА (3:1), Ж.Корея (2:1), Қувайт (1:0) ва Эрон (1:0) футболчиларини енгганлиги ҳам фикримиз тасдиғидир.

Ҳозиргача Ўзбекистон ва Ливан терма жамоалари жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида уч маротаба ўзаро рўбарў келишган. Дастлабки икки ўйин 2010 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида ўтказилиб, уларда вакилларимиз Байрутда 1:0, Тошкентда 3:0 ҳисобида зафар қучганди.

Учинчи учрашув эса 2012 йилнинг 8 июнида Байрутда ўтган ва унда 1:1 ҳисоби қайд қилинган. Ўзаро ўйинлардаги умумий устунлик ҳамюртларимиз томонида бўлса-да, кейинги йилларда ливанликлар маҳорати анча ўсганлиги кўриниб турибди. Бироқ, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, рақибимиз жавоб ўйини олдидан ўз таркибида бир қатор йўқотишлар билан Тошкентга ташриф буюрган. Жумладан, терма жамоанинг етакчи уч нафар футболчиси ОФК қарорига кўра, турли муддатларга дисквалификацияларга дучор бўлишган. Шунингдек, Осиё кубоги саралаш учрашувида таиландликларга қарши тўп сурган жамоа сардори Рода Антар маълум сабабларга кўра, пойтахтимизга етиб келмаган.

Аксарият мутахассис ва мухлислар бош мураббий Миржалол Қосимов Осиё кубоги саралаш учрашувларидан фарқли ўлароқ, Ливан футболчиларига қарши бўладиган ўйинга муносиб тактика қўллашига ишонч билдирмоқда. Яна бир муҳим жиҳати, терма жамоамиз таркибида бирорта ҳам жиддий йўқотиш йўқ. Охирги ўқув-машғулот йиғинига ҳужумчилар Фарҳод Тожиев («Локомотив»), ­Камолиддин Мурзоев («Бун­ёдкор»)нинг жалб этилганлиги футболчиларимиздан ҳужумкор ўйин кутиб қолишимизга асос бўлади.

Бу ўйин пойтахтимизда ўтган йили қуриб битказилган янги ва замонавий «Бунёдкор» стадионида ўтказилган илк расмий учрашув сифатида тарихдан жой олади. Шу боис, бу учрашувни стадионнинг ўзига келиб томоша қилишга ошиқаётган мухлислар кўп.

Ўзбекистон футбол федерацияси Ўзбекистон — Ливан терма жамоалари учрашуви учун 28300 дона чипта тайёрлади. Чипталар баҳоси 15000 сўмдан 40000 сўмгача қилиб белгиланди.

ЎФФ қошидаги «Ишқибозлар клуби» ташаббуси билан 62 минг дона махсус байроқча тайёрланди. Мухлислар етакчиси Абдураҳмон Фозиловнинг билдиришича, терма жамоа аъзоларини руҳлантирадиган ва қўллаб-қувватлайдиган махсус дастурлар тайёрлаб қўйилган. Стадионда мухлислар учун ҳам барча шароитлар яратилган. Бир сўз билан айтганда, бугун «Бунёдкор» стадиони ўзига хос катта футбол байрамига мезбонлик қилади. Ғалабага истак кучли, имконият етарли. Ҳамма гап шу имкониятдан қандай фойдаланишимизга боғлиқ.

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири



DB query error.
Please try later.