20.03.2013

ХУШ КЕЛИБСАН ЎЛКАМИЗГА, НАВРЎЗИ ОЛАМ!

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Наврўз байрами тантаналари бўлиб ўтди

...19 март. Осмон кўзни қамаштиргудек тиниқ. Ҳаво мусаффо. Уфқлар ортидан кўтарилаётган қуёшнинг нурлари баҳорга интиқ озод юртнинг обод кўча-гузарлари, ўзбекона ҳовлиларига, бутун қалбларимизга мунавварлик, ўзгача сурур баxш этмоқда. Кўчаларда катталардан олдин байрамона ясанган баxтиёр болалар кўринади. Тинч, осуда бошланаётган тантаналар аввало болажонларимизники!

Пойтаxтимиздаги Алишер Навоий номли Ўзбекистон Мил­лий боғи тантанавор кўринишда безатилган. Байрам тантаналарига олий ўқув юртларининг истеъдодли талабалари, жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари, мамлакатимизда фаолият кўсатаётган xорижий давлат элчиxоналари ва xалқ­аро ташкилотлар вакиллари ташриф буюришган.

Соат 10.30. Майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом ­Каримов кириб келади.

Тантана иштирокчилари ­Юртбошимизни гулдурос қарсаклар билан кутиб олади. Сўз Президент Ислом Каримовга берилади.

Мамлакатимиз раҳбари xал­қимизни Наврўз байрами билан муборакбод этади.

Президентимиз табригида, жумладан, xалқимизнинг қадимий эзгу фазилатлари алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, Наврўз руҳи, Наврўз фалсафаси билан ҳамоҳанг бўлган ўл­мас шарқона қадриятларни неча-неча асрлар давомида безавол асраб-авайлаб, сақлаб келаётган xалқимизга миннатдорлик изҳор қилинди.

Муаззам майдон узра карнай-сурнай ва ноғора садолари таралади. Табиатнинг уйғониши ва Янги кунни тараннум этувчи оҳанглар жаранги, бутун оламга, замину фалакка Наврўз кириб келаётгани ҳақида жар солаётгандек, гўё. Xуш келдинг, баҳор, қадаминг кутлуғ бўлсин, Наврўз!

ОБОДЛИК КЎНГИЛДАН БОШЛАНАДИ

Озод юртга, обод юртга Нав­рўзи олам кириб келди. Қалбларни қувончга тўлдириб, юраклардан эзгулик тошиб, меҳр-оқибат туйғулари гул очиб, Ўзбекистонимизга Нав­рўз келди.

Ҳақиқатан ҳам биз ҳаётимизни баҳорсиз, Наврўзсиз тасаввур қилолмаймиз. Халқимиз ҳар йили Наврўз мўъжизаси билан юзма-юз келиб, ундан руҳий қувват олади. Наврўз янги-янги интилишлар, изланишлар, ижодий парвозларга қанот бўлади. Нафақат табиат, балки ўзимиз ҳам янгиланамиз бу фаслда. Бир сўз билан айтганда, Наврўз — янгиланиш, яшариш, қуриш ва яратиш каби буюк мақсадларнинг халқимизга хос бўлган қад­риятларнинг бошланиши ҳи­собланади.

Наврўз кириб келди. Бошқа байрамлар, фаслларга ўхшамасдан, қалбларни сурурга тўл­дириб, бутун оламга Наврўз ташриф буюрди. Дастлаб она табиатни, дов-дарахтларни эмас, инсон қалбини, ундаги ҳис-туйғуларнинг нозик торини назокат билан чертиб, янги кун, янги бахт, янги имкониятлар, янги режалар кириб келди.

Янги иш ўринлари ташкил этиш ва мамлакатимиз аҳолиси бандлигини таъминлаш 2013 йил ва ундан кейин­ги йилларга мўлжалланган мақсадли вазифаларни ҳал қи­лишнинг энг муҳим устувор йў­налиши ҳисобланади.

Олий Мажлис томонидан маъқулланган дастурда 2013 йилда 970 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган. Муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган мазкур масалани ҳал этишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ри­вожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу соҳаларда қарийб 500 минг иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда.

Бутун борлиқ кўм-кўк нурларга беланиб, инсон шуурида эзгулик, савоб, яхшилик, меҳр-оқибат амаллари жўш урганда дилларимизда обод­лик даъвати уйғонганда, на­фақат замин, балки осмон ҳам Наврўзга таъзим этганда, юрак ёна бошлайди.

Мамлакатимиз қишлоқларида такомиллаштирилган за­монавий лойиҳалар асосида янги уй-жойлар қуриш ва қиш­лоқ аҳоли пункт­ларини комплекс равишда ривожлантириш — бу, аввало, одамларимизнинг турмуш тарзини тубдан ўзгартириш бўйича эзгу мақсадларни кўз­лайдиган қишлоқ аҳолиси ҳаё­тини сифатли ташкил этиш ва яхшилашга доир узоқ муд­датли давлат дастурининг асосий маъно-мазмунини ташкил этади.

Ана шу истиқбол режаларидан келиб чиққан ҳолда, жорий йилда қишлоқ жойларда якка тартибдаги янги уй-жойлар қуришни 8,5 мингтадан 10 мингтага етказиш кўзда тутилмоқда. 2013 йилда бу мақсадлар учун 1 триллион 400 миллиард сўм, яъни ўтган йилга нисбатан 54 фоиз кўп маблағ йўналтириш мўлжалланган.

Қозонда қайнаётган сумалакка аслида тош эмас, балки сирли тилаклар ташланади. Ўчоқда олов эмас, одамларнинг бир-бирига бўлган меҳри-муҳаббати аланга олади.

Болаларнинг жарангдор кулгуси эшитилади. Болалик ва байрамлар қанчалар азиз, нақадар тотли.

Юртимизда жисмонан соғ­лом, маънан етук баркамол авлодни тарбиялашга доим алоҳида эътибор қаратилган. Жум­ладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, болалар спортини ривожлантириш бў­йича олиб борилаётган ишларни бугун бутун жаҳонга эътироф этмоқда.

Ўзбекистонда ўтган 10 йил давомида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1113 та болалар спорти объекти, жумладан, 252 та янги спорт комп­лекси, 861 та спорт зали барпо этилгани, буларнинг 84 фоизи қишлоқ жойларда қурилганини таъкидлаш лозим.

Бундан ташқари, фаолият кўрсатаётган 262 та спорт иншооти реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди. Бу мақсадлар учун 570 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Биргина ўтган йилда 92 та болалар спорти объекти ва 16 та сузиш ҳавзаси қурилди ва реконструкция қилинди.

Юртимизда бугунги кунда 1 миллион 800 минг нафардан ортиқ бола 30 дан зиёд спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Бу рақам, 2003 йилга нисбатан олганда, 1,4 баробар кўпдир.

Нодирбек АБДУСАТТОРОВ, шоҳмот бўйича 8 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони:

— Мен ўтган йили Словения­да бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этиб, олтин медаль олдим. Ўшанда роса қувонгандим. Яқинда Президентимиз катта мажлисда мен ҳақимда гапирди. У кишига раҳ­мат айтмоқчиман. Яна жаҳон чемпиони бўламан. Наврўз бай­рами билан ҳаммани табриклайман. Мен билан шоҳмот ўй­найдиган тенгдошларимни, ота-онамни, устозларимни қутлайман...

Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда кўплаб спорт иншоотлари қурилди. Ана шулардан бири — «Бунёдкор» спорт комплекси мустақиллигимизнинг 21 йиллиги арафасида қуриб битказилди. Юртимизга келган хорижлик мутахассислар иншоот барча талабларга тўла жавоб беришини таъкидлашмоқда. Халқаро футбол фе­дерациялари ассоциацияси — ФИФА томонидан Ўзбекистон футбол федерациясининг «Fair Play» (Ҳалол ўйин) соврини билан тақдирланди. Бу Президентимиз томонидан мамла­катимизда футболни ривожлантиришга юксак эътибор қаратилаётганининг халқаро миқёс­да тан олинганини билдиради.

...Қўни-қўшнига Наврўз таомлари узатилади. Бир-бири билан аразлашганлар ярашади. Ёши улуғлар, беморлар ҳолидан хабар олинади. Эҳтиёжманд оилаларга беминнат кў­мак берилади.

Аҳолини итимоий ҳимоя қи­лиш ҳақида гапирганда, 2012 йилда боқувчисини йўқотган, ёрдамга муҳтож оилаларга 8 минг 600 дан зиёд қорамол ҳамда 1 миллион 900 мингта уй паррандаси тарқатилганини қайд этиш лозим.

Ўтган йили кам таъминланган оилаларга мансуб ўқувчиларга қиймати қарийб 28 миллиард сўмдан иборат бўлган қишки кийим-кечак берилди. Янги ўқув йилида 510 мингга яқин биринчи синф ўқувчиси, шунингдек, уйда таълим олаётган, имконияти чекланган 11 мингга яқин бола давлат бюджети ҳисобидан 12 турдаги ўқув анжомлари тўплами билан таъминланди...

Баҳром ХОЛДОРОВ, «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фонди Тошкент вилоят бўлими раҳбари:

— Наврўз байрами арафа­сида «Ўзбекистон» меҳмон­хонасида Тошкент вилоят ҳо­кимлиги билан ҳамкорликда тадбир ташкил этдик. Унда вилоятимизда истиқомат қилувчи икки юзга яқин кам таъминланган, жисмоний имконияти чекланган, боқувчисини йў­қотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар таклиф этилиб, уларга байрам дастурхони ёзилди.

Шунингдек, 10 га яқин фуқароларга ҳомийлар томонидан ногиронлик аравачалари ва турли керакли воситалар топширилди. 30 дан ортиқ инсонларга байрам совғалари тортиқ этилди.

Инсонлар кўзидаги қувонч, мамнунликни кўриб, қилаёт­ган ишингдан завқ оласан. Келгуси ишларинг учун туганмас рағбат, куч оласан...

Наврўз куни билдирилган тилаклар ижобат бўлади. Ҳа, бу мўъжизалар байрами, қадим байрам. Баъзан яширинча, баъзан ошкор эшигимиздан кириб келган Наврўз бу. Ҳеч қайси байрамга ўхшамайдиган ҳақиқий халқ байрами, халқ айёми, халқ сайли бу.

Маматқул ЖЎРАЕВ, Ўзбекистонда хизмат кўр­сатган маданият ходими:

— Тошкент вилоятининг Сижжак қишлоғида ҳар йили эрта баҳорда «Наврўзгул» деб аталган гул очилганда одамлар Йилбоши сайлини ўтказишган. Наврўзгул очилганда сижжакликлар тоғларга, боғ-роғларга сайил қилиб чиқишган. Бу сайилда ўйин-кулги қилиб, қўшиқ айтишиб, йигит-қизлар лапар, ўлан айтишган. Қиз-жувонлар, ёш келинчаклар даладан қизил, сариқ, тарғил лолалар, наврўзгуллардан териб, сочларига, қулоқларига тақиб олишган...

Тонг билан уйғонган ота ўғ­лини етаклаб қир-адирларга ўрлайди. Бойчечак излайди. Уни топиб олган болакай кулгуси, дараларга урилиб акс-садо беради. Улар биргалашиб уйга қайтади. Юз билан юзлашган бобо-момолар ҳузурига шошадилар. Бойчечак — баҳор элчиси, тириклик байрами, замин туққан бахт. Уни титроқ қўлларига олганларнинг кўзларида севинч ёшлари қалқийди. Бойчечакни юзларига суртиб, Яратганга шукрона айтади улар. Бисотидаги энг ях­ши, энг қадрли, энг қиммат нарсасини бойчечак келтирган болага беришади. Баҳорга чиқиб олганлар, Наврўзга эсон-омон етганлар қалбида муҳаббат намоён бўлади.

Бободеҳқон ўз қадрдон даласига отланади. Ҳаёт, яшаш ҳаракатлари бошланади. Ўз­бек қадим-қадимдан буён, пешона тери эвазига ундирган ҳалол ризқ билан болаларини улғайтиради.

Кўчат ўтқазади. Ота-ўғил-набира. Бири ер қазиса, бири ниҳолни тутади қўлларида, бош­қаси сув қуяди. Авлодлар ҳамжиҳатлиги — Наврўз. Эртанги кун учун бирга ташланган баравар қадам — Наврўз. Эртасини ўйлаган, эртасидан умиди бор одам ерга уруғ қадайди. Ниҳол экади. Боламнинг боласини оғзи шу меваларга тегсин, деган инсон ях­ши ният билан боғ яратади.

Кексаларимиз дуога қўл очади: Илоҳим, шодликларимиз бардавом, юртимиз тинч, халқимиз фаровон, Ватанимиз обод бўлсин. Фарзандларимиз ёвқур, мард, жасур бўлиб ул­ғайишсин. Юрт бошида турганлар соғ-саломат, ўғил-қизларимизнинг бахти, иқболи кулсин.

ЮРТ СОҒИНЧИ

Аброр ҚОДИРОВ, Жакарта давлат университети талабаси:

— Бир неча ҳафта илгари, дарсда ўқитувчиларимиздан бири Индонезиянинг турли оролларида ўтказиладиган байрамлар ҳақида сўзлаб берди-да, бизга «Сизнинг давлатингизда қандай байрамлар ўтказилади», дея савол берди. Гуруҳимизда дунёнинг турли бурчакларидан келган талабалар бор. Навбат туркманистонлик курсдошимга кел­ганида у «Бизда Наврўз байрами бор, у бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланади», деди. Бу мен бермоқчи бўлган жавоб эди. Навбатим келганида мен ҳам Наврўз ҳақида гапирдим. Шунда ўқи­тувчимиз: «Шундай қилиб, Наврўз сизларникими (менга қараб) ёки сизларники (туркманистонлик курсдошимга юзланиб)», дея сўраганди, иккимиз ҳам бир вақтда «бизники» деб жавоб бердик ва бир-биримизга қараб кулиб юбордик. Кейин устозга бу байрамнинг келиб чиқиши ва уни дунё xалқларининг катта қисми байрам сифатида нишонлаши ҳа­қида сўзлаб бердик.

Умримда биринчи марта Нав­рўзни Ўзбекистондан ташқарида кутиб оляпман. Бир нарса аниқ — сумалак ея олмайман. Интернет орқали Ўзбекистонда бўлиб ўтган байрам тантаналарини томоша қилдим. Яқинларимга қўнғироқ қилиб, уларни табрикладим. Дарвоқе, 21 март куни дарсларим ҳам бор. Ўқишдан кейин Наврўз байрамини нишонлаймиз.

Наврўзни бор гўзаллиги-ю та­ровати-ю шукуҳи билан кутиб олиш имконига эга бўлган xал­қимизни эса ушбу байрам билан чин қалбдан муборакбод этаман. Олис ўлкаларда бўл­сак-да, қалбан юртдамиз. Байрам муборак!

Наврўзбек ШОДМОНҚУЛОВ, Жанубий Ураль давлат унверситети журналистика факультети талабаси:

— 1991 йилнинг 21 март ку­ни, юртимизда Наврўз байрами нишонланаётган кунда дунё­га келганман. Шу сабабли ҳам исмимни Наврўз деб қўйишган. Ҳозирда чет элда таҳсил ол­япман. Жонажон Ватанимиздан узоқда бўлсакда, ҳар йили байрамни муносиб кутиб оламиз. Ўзбекистон ва Туркманис­тондан келган талабалар билан бирга 21 март куни шаҳар­нинг «Дўстлик» номли санъат саро­йига байрам сайлига борамиз. У ерда ҳар хил байрам дастурлари намойиш этилади.

Наврўз — меҳр-мурувват, инсонпарварлик, одамларни руҳан бирлаштирувчи байрамдир. Барча замонларда ҳам байрамлар орқали халқнинг маънавий дунёси намойиш этилган, турмуш тарзи, орзу-ўйлари, гўзаликка, нафосатга бўл­ган муносабатлари ифодаланган.

Халқимизда «Яхши одам кў­зидан, яхши йил Наврўзидан» деган гап бор. Бу йилги Нав­рўзнинг ҳар томонлама хо­сиятли, қутлуғ қадамлар билан бошланаётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Шу кун­ларда Ватанимизнинг бепо­ён ҳудудларида, шаҳар ва қишлоқларида, сўлим гўшаларида Наврўз сайилларини кексаю ёш-барча юртдошларимиз катта хурсандчилик ва баланд руҳ билан ўтказаётгани бунинг тасдиғидир. Барчамизнинг тилагимиз — Наврўз юртимизга файзу барака, бахт-саодат келтирсин. Барчангизга Наврўз айёми муборак бўлсин!

ТИНЧЛИККА ТАЪЗИМ ҚИЛАМАН

Фазилат АБДУЛЛАЕВА, Каттақўрғон шаҳар «Но­қис» маҳалла фуқаролар йиғи­нининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси, «Дўстлик» ордени соҳиби:

— Президентимиз «Обод тур­муш йили»нинг бош вазифаларини белгилаб берар экан, ҳаё­тимизни обод қилишнинг муҳим шарти — бу аввало маҳаллани обод қилишдан бошланишини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, маҳаллада яшаётган аҳолини ижтимоий ҳи­моялаш тизимини янада та­комиллаштириш, одамларни ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришиш муҳим масала ҳисобланади. Шу боис бугун мамлакатимизда маҳалла институтини янада ривожлантириш учун барча ҳу­қуқий асослар яратилган.

Маҳалла тинчлик қўрғони, маҳалла оқибат остонаси. Юртимизда байрам­лар катта тантана билан нишонланаяпти, маҳаллаларда турли сайиллар ўтказилаяпти. Булар ниманинг эвазига бўлаяпти? Элимиздаги тинчлик, осудалик. Фақат тинчлик бўлган юртда байрам бўлади, эртанги кунидан кўнг­ли тўқ, хотиржам одам эзгу иш­лар қи­лишга уринади. Тинчликка таъзим қиламан...

Юртбошимиз раҳнамолиги­да амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижасида 2012 йилда Ўзбекистон аҳоли турмуш даражасини изчил юксалтиришни таъминлади, дунё бозоридаги ўз позициясини мустаҳкамлади. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8,2 фоизга ўсди. Аҳоли даромадлари миқдори 17,5 фоизга кўпайди.

Наврўза ЯҲЁЕВА, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси, Президент стипендианти:

— Халқимизда бола туғилганда «исми билан туғилади» деган гап ишлатилади. Мен ҳам ўз отим билан дунёга келганман. Наврўза деб ном қўйишган. Исмим ўзимга жуда ҳам ёқади.

Бизнинг университетда ўрганилаётган асосий тилга қў­шимча сифатида иккинчи тил ҳам ўқитилмоқда. Шу боисдан инглиз тили билан бир қаторда япон тилини ҳам ўрганяпман. Келажакда уни ҳам мукаммал ўзлаштиришни мақсад қилганман.

Президентимиз биз ёшларга ишонади. У киши томонидан айтилган «Эртанги кун бизники, марра бизники!» деган ҳикмат менинг ҳаётий шиоримдир.

Юртимизда бўлиб ўтган халқ­аро конференцияларда таржимон сифатида кўп бора қатнашганман. Хориждан келган одамлар доимо «Ўзбекистон — тинч давлат. Сизнинг юртингизга бемалол келиш, ишлаш, ҳамкорлик қилиш ва инвестиция киритиш мумкин» дейишади. Тўғрисини айтганда, мен Ўз­бекистон фарзанди сифатида юртимиз тинчлигидан, ўз­аро аҳиллигимиздан, миллатлараро тотувликдан фахрланаман...

Шу ўринда Франциядаги дунё­нинг энг яхши бешта бизнес мактаби қаторига кирадиган «Инссад» халқаро бизнес мактабининг 2012 йилги «Инновацияларнинг глобал индекси» маърузасида баён этилган маъ­лумотларни келтириш ўринли. Маъруза Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорликда тайёрланган.

Ушбу маърузада дунёнинг 141 мамлакатидаги иннова­цион ривожланиш комплекс тарзда таҳлил қилинган. Таҳлилнинг асосий таркибий қисмларидан бири инсон капиталини ривожлантириш даражаси бўлиб, мазкур кўрсаткич бўйича бизнинг мамлакатимиз 35-ўринни эгаллаган. Таълим тизимини ривожлантириш даражаси бў­йича эса Ўзбекистон дунёнинг 141 мамлакати орасида иккинчи ўринни банд этган.

Фарида УМАРАЛИЕВА, Фарғона вилояти Данғара саноат касб-ҳунар коллежи 3-босқич ўқувчиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреати:

— 2013 йил ҳар томонлама омадли бошланди. Баҳорнинг илк кунларида Зулфияхоним қизлари қаторига кирдим. Бу мен учун юксак ша­раф. Нафақат мен учун, балки Ўзбекистонда яшайдиган ҳар бир қиз учун шарафдир. Ўша пайтдаги онамнинг қувончини кўр­сангиз эди!

Шу пайтгача олтита китобим чоп этилди. Келажакда Ватанимни, ота-онамни мадҳ этувчи кўплаб шеърлар ёзишни, китоблар чиқаришни ният қилганман. Бизга доимо ғамхўрлик кўрсатиб келаётган Юртбошимизга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ай­нан у кишининг ташаббуслари билан ташкил этилган, барча қизлар орзу қиладиган мукофотни олдим ва эндиликда олий ўқув юртига имтиёзли қа­бул қилинаман.

Халқимизни Наврўз айёми билан табриклайман. Байрам шо­диёналари бардавом бўл­син.

ГУЛЛА, ЯШНА ОНА ЮРТИМ

Наврўз байрами арафасида мамлакатимизда умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди. «Ма­ҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқаруви маълумотларига кўра, умумхалқ хайрия ҳашарида ўн саккиз миллионга яқин юртдошимиз иштирок этди. Улар томонидан қирқ уч минг олти юз гектар май­дон ободонлаштирилди.

Ҳашарчилар ўзлари яшаётган ҳудудларни обод этиш билан бирга яшил майдонларни кенгайтириш, янги боғлар, гулзорлар барпо этишга ўз ҳиссаларини қўшдилар. Турар-жой мавзелари, ҳовлилар, далалар, сув бўйлари, томорқалар ва бўш жойларга 25 миллион тупдан зиёд манзарали, мевали дарахт кўчатлари, 16,5 миллион туп гуллар экилди.

Наврўз байрами арафасида юртдошларимиз меҳнатлари эвазига уч юздан кўпроқ сервис ва хизмат кўр­сатиш шохобчалари, кичик корхоналар, таълим ҳамда тиббиёт муассасаларининг янги бинолари, маҳалла гузарлари, замонавий уйлар қуриб битказилди.

Миллий боғ узра янграган қўшиқлар, қувончлар, шодликлар, кўкка кўтарилади. Болажонларимиз учирган варраклар осмон узра қанот қоқади. Бу бизнинг байрамимиз. Бу биз­нинг Наврўзимиз. Тинч ва обод юртга байрамлар ярашади.

Мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида Нав­рўз сайиллари, байрам шодиё­налари давом этмоқда.

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» махсус мухбири.



DB query error.
Please try later.