Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
19.03.2013

НАВРЎЗ ВА МИЛЛИЙ ТАРБИЯ

Бутун халқимиз интизорлик билан кут­ган, жуда соғинган янгиланиш, яшариш айёми Наврўзи олам кириб келмоқда. Унинг нафаси билан бутун бор­лиқ уйғо­нади. Қалблар тиниқлашади. Барчамиз Обод турмуш йилининг баҳо­рини, Наврўзини кутиб олмоқдамиз.

 Мустақиллик халқимизга сўз ва фикр эркинлиги билан бирга миллий қадриятларимизни ҳам қайтариб берди. Биз Озодлик, Ҳурфикрлилик, Миллий ғурур, Маънавият, Наврўз каби тушунчаларнинг асл мазмун-моҳиятини англаб етдик.

Ўзбек халқи маданий ҳаётида байрамлар, маросимлар, турли урф-одат ва анъаналар алоҳида ўрин тутади. Бу тадбирлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олувчи, ижтимоий муносабатларни намоён этувчи ахлоқий тамойилларнинг тарихан шаклланиб келган маж­муаси ҳисобланади. Ана шундай айёмлардан бири Наврўздир.

Юртбошимиз таъбири билан айтганда: Наврўзи олам биз учун энг қадимий, асл миллий, ҳар қандай сиёсатдан холи бўлган, узоқ ўтмиш замонлардан буён қадриятларимиз тимсоли бўлиб келаётган хосиятли бир айём, яшариш ва янгиланиш фаслидир.

Наврўз муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан умумхалқ байрами сифатида қайта тикланди. Эндиликда маънавий-маданий қадриятларимиздан бири бўлмиш ушбу айём том маънода халқимиз камолоти йўлида хизмат қилмоқда.

Кўпчилик бу миллий байрамимиз ҳақида очиқ гапиришга ҳам юраги дов бермаган ўша пайтдаёқ — Президентимиз Ислом Каримов томонидан республикада Наврўз умумхалқ байрамини нишонлаш ҳақида алоҳида Фармон эълон қилинди. Унда инсоний қадриятларни яна­да камол топтириш, миллий ғурурни мустаҳкамлаш, дўст­лик, ҳамжиҳатлик, меҳр-шаф­қатни улуғлаш, маданий ва тарихий анъаналарни давом эттириш ҳамда ривожлантириш, асрлар давомида шакл­ланган урф-одатлар ва удумларни эъзозлаш мақсадида қатор тадбирлар белгиланди:

— Наврўз байрами ўтказиладиган 21 мартни дам олиш куни деб эълон қилиш;

— фуқароларнинг, жамоаларнинг Наврўз байрамини ўтказишдаги ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш;

— ҳар бир фуқарога иззат-икром, айниқса, қариялар, болалар, беморлар, ногиронлар, бева-бечоралар, етимларга меҳр-мурувват кўрсатишга алоҳида эътибор бериш;

— қўшни давлатлар билан дўстлик, ҳамкорлик, маданий алоқаларни кучайтириш, меҳмондўстлик ришталарини мус­таҳкамлаш;

— Наврўз тантаналарини ин­сонни улуғлаш, миллий ғу­рурни кўтариш, ҳамжиҳатлик, биродарлик, меҳр-шафқат, тинч-тотувлик мақсадлари ва ғояларига йўналтириш кабилар шулар жумласидандир.

Маданий меросимиз, анъа­налар, урф-одатларимиз биз учун нафақат ўтмишдан ёд­горлик, балки алломаларимиз таъкидлаганидек, инсон ақл-идроки, тафаккурининг буюк маҳсулидир.

Наврўз асрлар давомида инсонларда она заминга, табиатга муҳаббат уйғотган ҳамда меҳр-оқибат, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат каби туйғуларни тарбиялаган. Қадим-қадимдан Наврўз арафасида ҳашарлар ўтказилган, ободончилик ишлари амалга оширилган. Шунингдек, ёру биродарлар, қариндош-уруғлар дийдор кўришишган. Байрам тантаналарида миллий маданият, санъат, пазандачилигимизнинг ёрқин намуналари намойиш этилган.

Наврўз миллий тарбиянинг асосий тамойиллари билан йўғрилган халқ байрами. Ун­да ўтказилган кураш, дорбоз, кўпкари каби миллий томошалар ёшларни жасурлик, эпчиллик, мардлик руҳида тарбиялашга хизмат қилган. Байрамнинг бош — шоҳона таоми ҳисобланган сумалак ризқ-рўз, мўл-кўлчилик рамзи бўлган. Сайлларда кексаю ёш лапар, миллий қўшиқ, дос­тону эртаклар айтиб, халқ оғ­заки ижоди дурдоналари орқали эзгулик, меҳр-мурувватни тараннум этган.

Миллий маънавиятимиз мезонлари негизида шаклланган ва умуминсоний ғоялардан баҳраманд бўлиб келаётган Наврўз айёми халқимиз­нинг энг азиз миллий байрами ҳисобланади. У қалбимиздаги эзгу амалларни уйғо­тади. Ободлик, бунёдкорлик, яратиш, қуриш каби тамойил­ларнинг жамиятда барқарор бўлишини таъминлайди.

Гулнора ҒУЛОМОВА,

Тошкент давлат юридик институти доценти.



DB query error.
Please try later.