19.03.2013

ҲАР БИР ИНСОН ҲАЁТДАН РОЗИ БЎЛИБ ЯШАШИ КЕРАК

Иш билан бандлик, касб танлаш, билим олиш, даромадга эга бўлиш, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш, кундалик зарур буюмларнинг тўлақонли истеъмоли, шу би­лан бирга пенсия ва ижтимоий нафақалар билан таъминла­ниш... Бир қарашда бу жараёнлар одатий ҳолдек туюлади. Чунки бу ҳар биримизнинг кунлик эҳтиёжимиз билан боғлиқ. Бироқ бу борада ҳамма ҳам тенг имкониятга эга эмас-ку...

Шу боис мамлакатимизда кучли ижтимоий сиёсат юритиш тизими тобора такомиллаштирилиб борилмоқда. Бу эса ҳар бир фуқаро давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва яратилган шарт-шароитлардан баҳраманд бўлишига хизмат қилмоқда. Афсуски, жойларда аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, хусусан, кишиларнинг қонуний меҳнатини ташкил этиш, пенсия ва нафақа миқдорини белгилашда меъёрий талабларнинг бузилиши каби ҳоллар учраб турибди.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кен­гашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси, Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия раиси Сотиболди Бобоқулов мазкур мавзу атрофида мулоҳаза юритиб, соҳада учраётган камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларини бил­дирди.

— Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, кўмакка муҳтож кишиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаяпти, — дейди у. — Бу борада қатор қо­нунлар ишлаб чиқилди, қарорлар қабул қилинаяпти, давлат дастурлари амалга оширилмоқда. Энг муҳими, шу тариқа одамларимизнинг ҳаётга муносабати ўзгариб, яхши яшашга интилиши кучайиб бораяпти. Бир мисол. Бугун жамиятимизда жисмоний имко­нияти чекланган бўлишига қарамай, яратилаётган шарт-шароитдан оқилона фойдаланиб, меҳнатнинг бирон бир тури билан шуғулланаётган, ўз оиласи фаровонлигига улуш қўшаётган фуқароларимиз ҳам оз эмас. Айни чоғда улар ўз ҳунари билан иқтисодиёт ривожи, давлат бюджети даромадларини кўпайтиришга ҳисса қўшмоқда.

Айни кунда Тошкент шаҳрида 32812 нафар жисмоний имконияти чекланган фуқаро бор. Уларни ижтимоий ҳи­моя қилиш, ишлаб чиқариш жараёнига жалб қилиш мақсадида партиямиз фаоллари билан бирга қатор ташаббусларни илгари сураяпмиз. Партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳининг ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олиб борган ишлари натижасида жисмоний имконияти чекланган кўплаб электорат вакиллари ўз ишини бошлаши учун тижорат банкларининг имтиёзли микрокредитлари бўйича сертификатларга эга бўлди.

Партиямиз ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ўз электорати деб билади. Шу боис ҳар бир депутатимиз ўз сайлов округида ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни манзилли қўллаб-қувватлаш масалаларини доимий равишда ўрганиб боради. Мен 30-Чоштепа сайлов округидан сайланганман. Сайлов округи 8 та маҳаллани ўз ичига олган. Бу ерда 300 га яқин ногирон, 50 дан ортиқ иш қидираётганлар, 4070 нафар пенсионер бор. Ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар сони эса 32 тани ташкил этмоқда. Шундай қатламнинг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаёти фаровонлигини таъминлашга қаратилган ташаббуслар билан чиқиш, халқ депутатлари шаҳар Кенгаши, тегишли доимий комиссиянинг қарорлари қабул қилинишига эришиш учун, албатта, мониторинг керак.

Мен бундан ташқари, сайлов округимда ишлаб чиқаришни, хусусан, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратаман. Бунда ишчи-хизматчиларнинг меҳнатга оид ҳу­қуқлари ҳимоя қилинишига аҳамият берамиз. Ҳозирги кунда ҳудудимизда 200 га яқин хусусий тадбиркор, 50 нафардан ортиқ касаначи фаолият юритаяпти. Биз мунтазам равишда уларнинг фаолияти билан танишиб борамиз. Ҳозир мутасадди ташкилотлар билан бирга мазкур соҳаларни янада ривожлантириш, бандлик масаласини ҳал этиш, касаначилар ҳамда оилавий тадбиркорлик вакилларининг қонуний меҳнатини ташкил этиш бўйича қатор лойиҳалар ишлаб чиқилаяпти.

МЕҲНАТ ҚИЛАЁТГАН ФУҚАРО ИМТИЁЗЛАРДАН ҲАМ ФОЙДАЛАНИШИ ЗАРУР

Аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлашдаги асосий масалалардан бири бу — норасмий меҳнат билан банд бўлган кишиларнинг меҳнатини қонуний асосда ташкил этишдан иборат. Пенсия таъминотига муҳтож бўл­ган қатламни, уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қониқтиришда бунинг аҳамияти катта. Киши меҳнат қилаяптими, демак у давлат томонидан берилаётган барча имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш, вақти келганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим. Фақат қонуний йўл билан меҳнат қилаётган одам ишонч­ли ижтимоий ҳимояланиши мумкин.

Бу бевосита партиямиз электорати манфаати билан боғлиқ. Шунинг учун ЎзХДП ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларни мунтазам назорат қилиши, фуқароларнинг қонуний меҳнатини ташкил этиш ҳамда пенсия ва нафақаларнинг тўғри таъминланиши устидан тизимли мониторинг ўрнатиши зарур. Бир сўз билан айтганда, бу борада белгиланган вазифалар ўз вақтида ҳамда масъулият билан бажарилишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишда бу муҳим аҳамият касб этади.

МУАММО ШУНДАКИ...

Ҳали-ҳамон айрим жойларда пенсия миқдорини белгилашда меъёрий талабларни бузиш ҳоллари мавжуд. Қишлоқ хўжалиги тизимидаги айрим корхона ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ходимларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ тегишли ҳужжатларни архив идораларига тўлиқ топширмаётган ҳоллар ҳам бор.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларида кишилар меҳнат дафтарчасисиз ишлаб, расмий ҳужжатларга имзо чекмасдан ҳақ олаётгани, бунинг натижасида тадбиркор давлатга солиқ тўлашдан қочаётганини ҳам кузатиш мумкин. Иш берувчиларнинг ходимлар, умуман, жамият олдидаги бу каби масъулиятсизлиги вақти келганда фуқароларга пенсия тайинланишида, шунингдек, ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ бошқа масалаларда жиддий муаммолар келтириб чиқаради.

Ўйлаб кўрайлик, норасмий фаолият юритаётган фуқаро вақти келганда қандай қилиб давлат пенсиясини олади? Бундай кишилар ўз соҳаси бўйича давлат томонидан яратилган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи­дан ҳам маҳрум бўлиб қолади.

МУАММО ЕЧИМИ БЎЙИЧА ТАКЛИФ

Бу борадаги камчиликларнинг олдини олиш учун ҳар бир ташкилот ва корхонада ишчи-хизматчиларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, пенсия ёки нафақа тайинланишини сўраб мурожаат қилган фуқароларга мутасаддилар пишиқ-пухта хизмат кўрсатишлари лозим. Бунинг учун, албатта, иш берувчи тадбиркор, корхона-ташкилотлар раҳбарлари масъулиятини кучайтириш, «Архив иши тўғрисида»ги қонун ижросини қатъий назорат қи­лиш лозим.

Гап аҳолининг қонуний меҳнатини ташкил этиш ҳақида кетганда бир масала эътиборимиз марказидан четда қолмаслиги керак. Яъни касб-ҳунар коллежлари битирувчилари меҳнатини ташкил этиш масаласи. Айтайлик, коллеж битирувчиси тадбиркорлик субъектига иш­га қабул қилинди. Лекин кўп ўтмай корхона ўз фаолиятини тўхтатди. Энди у бошқа иш қидиришига тўғри келади. Демак, биз назорат-таҳлил жараёнида ишга қабул қилинган йигит-қизларнинг кейинги тақдири, иш жойларининг аниқлиги, барқарорлиги ҳамда меҳнат қонуний асос­да ташкил этилганига ишонч ҳосил қилишимиз зарур.

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ЖОРИЙ ЙИЛДА ҲАМ ДИҚҚАТ МАРКАЗИМИЗДА БЎЛАДИ...

Бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш даврида аҳолининг турмуш даражасини ҳисобга олиш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш долзарб аҳамиятга эга. Шу боис жорий йилда ҳам юртимизда давлат дастурлари асосида жуда катта ишлар амалга оширилиши белгиланган. Давлатимиз бюджетининг 60 фоизга яқини ижтимоий соҳага йўналтирилаяпти. Бу жуда катта кўрсатгич. Энг муҳими эса бу маблағ ўз манзилига етиб бориши, кўзланган самарани бериши зарур. Бу борада бизнинг энг катта вазифамиз ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги таъминланиши устидан депутатлик назоратини кучайтирищдан иборатдир.

Шундан келиб чиқиб, партиямиз депутатлик гуруҳи жисмоний имконияти чекланганлар, 250 мингдан ортиқ ёшга доир пенсия олувчилар ҳамда 9 минг­дан ортиқ кам таъминланганларга берилаётган нафақаларнинг тўғри тақсимланиши устидан депутатлик назорати ўрнатишни режалаштирди. Жумладан, давлат бюджети томонидан берилаётган ижтимоий нафақаларнинг манзилли тақсимланиши, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунининг ижросини таъминлашда мутасадди ташкилотлар томонидан олиб борилаётган ишларнинг аҳволини ўрганиш белгиланди.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.