19.03.2013

КУЧЛИ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ — ДЕМОКРАТИК РИВОЖЛАНИШ АСОСИ

Тошкентда “Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда сифат ва миқдорий ўзгаришлар” мавзуида конференция бўлиб ўтди. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда мамлакатимиз парламенти аъзолари, давлат тузилмалари, фуқаролик жамияти институтлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, БМТТД, ЮНИСЕФ каби Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар вакиллари, Франция, АҚШ, Словения, Жанубий Корея, Исроил каби мамлакатлардан хорижий экспертлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Истиқлолнинг дастлабки кунларидан Ўзбекистонда амалга ошириб келинаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади барқарор ривожланаётган иқтисодиётга эга демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон олий қадрият ҳисобланган, унинг ҳуқуқлари, манфаатлари ва эркинлиги таъминланиб, салоҳиятини рўёбга чиқариши учун қулай шарт-шароитлар яратилган очиқ фуқаролик жамиятини шакллантиришдан иборатдир. Конференцияда ўз тараққиёт йўлини танлаган мамлакатимиз эришаётган муваффақиятлар Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва бутун дунёда эътироф этилган ислоҳотларнинг «ўзбек модели»ни ҳаётга татбиқ этишнинг амалдаги натижаси экани таъкидланди.

«Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилини изчил амалга ошириш доирасида аҳоли кенг қатламлари томонидан қўллаб-қувватланадиган, халқимиз тарихидан чуқур ўрин эгаллаган мустақил иш олиб борадиган, барқарор фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ҳамда ривожлантириш учун барча зарур ташкилий-ҳуқуқий ва моддий шароитлар яратилган.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти директори Э.Солиҳов ўз маърузасида Президентимиз Ислом Каримов томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида мазкур институтда ушбу ижобий демократик жараённи чуқур ўрганиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилганини қайд этди. Мониторинг тадқиқотлари натижалари мамлакатимизни демократик модернизация қилишда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамияти муттасил ошаётгани, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг фуқаролик онги ҳамда сиёсий-ҳуқуқий маданиятининг барқарор ўсаётганидан далолат беради. Бу эса кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим шартидир.

Мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар, ҳаракатлар, касаба уюшмалари, жамоат бирлашмалари ва жамғармалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлайдиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Улар Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг институционал тузилмасини ташкил этади ва фуқароларнинг мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни бажаришда фаол иштирокини таъминлашга кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи, фуқаролик институтларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларига риоя қилиш кафолатлари, уларга тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беришга оид тамойиллар мустаҳкамлаб қўйилган. Бу борада қабул қилинган жами икки юздан ортиқ қонун ҳужжатлари мамлакатимизда фуқаролик жамиятини изчил ривожлантиришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 23 июнда қабул қилинган “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ушбу ижобий жараённи ривожлантириш, ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал этишда фуқаролик институтлари ролини кучайтириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий, социал ва ишбилармонлик фаоллигини оширишга ёрдам бермоқда.

2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилингандан сўнг бу жараён янада жадаллашди. Ушбу ҳужжатга биноан мамлакатимиз олий қонунчилик органи ҳузурида Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда ушбу фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди. 2008-2012 йилларда давлат бюджетидан Жамоат фондига нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан турли жабҳаларда ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун 22,4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакилининг ўринбосари Яко Силлерснинг таъкидлашича, “фуқаролик жамияти ҳар қандай мамлакатни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Фуқаролик институтларига ислоҳотларни амалга оширишда, жумладан, аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатишда асосий механизмлардан бири сифатида қаралиши жуда муҳим. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун шаклланган ҳуқуқий база, давлатнинг фуқаролик институтларини қўллаб-қувватлаши, хусусан молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши, уларнинг давлат органлари билан ўзаро ҳамжиҳатлиги, кўплаб жамоат ташкилотлари амарали фаолият кўрсатишида муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонда ушбу барча йўналишларда муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Шуниси қувонарлики, фуқаролик жамияти соҳасида фаоллик кучаймоқда. Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий юксалтириш, аҳоли турли қатламларининг ҳокимият органлари билан самарали алоқаларини мустаҳкамлашда фуқаролик жамияти институтлари ролини ошириш учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, бунда мазкур конференция каби муҳим тадбирларнинг ўтказилиши ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу каби тадбирлар натижасида давлат ва жамият ўртасидаги амалий мулоқот ривожланмоқда”.

Конференцияда Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ушбу муҳим соҳада ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб бергани, унда давлат ва жамият қурилишида фуқаролик институтлари иштирокини изчил кенгайтиришга қаратилган қатор дастурий чора-тадбирлар кўзда тутилгани таъкидланди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) фуқаролик жамияти институтлари тизимида муҳим ўрин тутади. ННТлар фаолияти мамлакатимизни ривожлантириш шартлари ва халқаро стандартларга мос қонунчилик базаси билан таъминланган бўлиб, уларни давлат томонидан самарали қўллаб-қувватлаш механизми яратилган. 2007 йилда қабул қилинган ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг уставда белгиланган фаолиятни амалга ошириш мақсадида зарур ахборотни олиш учун давлат органларига мурожаат қилиш, давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигидан ҳимояланиш ҳуқуқи мустаҳкамланган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун жамиятимизда уларнинг мақомини янада мустаҳкамлади.

ННТларнинг янада ривожланишига кўмаклашиш мақсадида 2005 йилда ташкил этилган Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишда уларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштирмоқда, бу борада ҳар томонлама ёрдам кўрсатмоқда.

Ушбу чора-тадбирлар ННТлар сонининг кўпайиши ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш имконини берди. 1991 йилда мамлакатимизда атиги 95 ННТ фаолият кўрсатган бўлса, бугун улар 6 мингдан ошди. ННТларнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини амалга ошириш учун ажратилаётган грант маблағлари миқдори ҳам мунтазам кўпайтирилмоқда. Маълумотларга кўра, 2009 йилда ушбу мақсадлар учун 444,6 миллион сўм ажратилган бўлса, 2012 йилда бу кўрсаткич 2300,4 миллион сўмни ташкил қилди. Грантлар олган ННТлар сони ҳам кўпайди – 2011 йилда 122 тадан 2012 йилда 160 дан ошди. Бунда жойлардаги долзарб масалаларни ҳал этишда иштирок этаётган ҳудудий ННТлар сони 2,2 бараварга кўпайди. Айни пайтда уч юздан ортиқ ННТ ижтимоий-иқтисодий ривожланиш давлат дастурини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этди, кейинчалик эса ушбу дастурга ижрочилар сифатида киритилди. Бундан ташқари, “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурининг аксарият бандлари бевосита ННТлар иштирокида амалга оширилди.

Пировард натижада эса, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаларини жамоатчилик томонидан муҳокама этиш ҳамда экспертизадан ўтказишда ННТлар фаоллиги ошмоқда.

“Ўзбекистонда давлат фуқаролик жамияти ва унинг институтларини, жумладан ННТларни ривожлантиришга катта ёрдам бермоқда, – деди эксперт Хван Сан Чел (Жанубий Корея). – Бизнинг Осиё маданияти ва ривожланиш институтимиз аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига тиббий ёрдам кўрсатиш дастурини амалга оширишда ҳамкорлик қилмоқда. Тошкентдаги етакчи клиникалар базасида фаолият юритиб, биргаликда операциялар, гуманитар акциялар ўтказмоқдамиз. Шу билан бирга, чекка туманлар аҳолисига юқори малакали маслаҳат ва даволаш ёрдамини кўрсатиш учун кўчма ихчам клиника фаолият юритмоқда. Бу фаолият аҳолига манзилли ижтимоий ёрдам бериш доирасида амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда кенг ривожланган бу жараён, хусусан, ННТ тармоғи ва маҳалла орқали амалга оширилмоқда. Мамлакатингизда тобора мустаҳкамланиб бораётган фуқаролик жамияти тузилмаси Ўзбекистонда одамларнинг кўплаб муҳим муаммоларини ҳал этишга кўмаклашмоқда. Бу эса ривожланиш жараёнида давлат ва жамиятнинг ўзаро самарали ҳамкорлигига ёрқин мисол бўла олади”.

Тадбирнинг хорижлик иштирокчилари Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари (ОАВ) юқори даражада ривожланаётгани, мамлакатимизда ОАВ самарадорлиги ва мустақиллигини, ислоҳотларнинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилаётгани ҳамда бу ижтимоий-сиёсий ҳаётни демократлаштиришга ижобий таъсир кўрсатаётганини таъкидладилар.

Бунга мустақил ОАВни ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун шарт-шароит яратиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишда уларнинг иштирокини кенгайтиришга қаратилган тизимли ҳамда босқичма-босқич ишлар ҳам ёрдам бермоқда. Бу борада “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Журналистлик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 30 декабрда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида”ги қарори соҳани янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, ўз таркибида юздан ортиқ электрон оммавий ахборот воситасини бирлаштирган Нодавлат электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди журналистлар, нодавлат ОАВ, жумладан электрон медиа-тузилмаларни тизимли асосда қўллаб-қувватламоқда. 2009-2012 йилларда Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ўтказилаётган грант танловларида иштирок этаётган ОАВлар сони тўрт баробарга кўпайди. Бу даврда ОАВни ривожлантириш ва фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган грант маблағлари ҳажми ҳам 25 баравардан ошди.

Буларнинг барчаси мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг ҳам сифат, ҳам сон жиҳатидан кўпайишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. 1991 йилдан буён уларнинг сони 395 дан 1326 тага кўпайди, уларнинг қарийб 60 фоизи нодавлат ОАВ ҳисобланади. Жойлардаги долзарб муаммоларни аниқлаш ва ёритишда, жамоатчилик назоратини амалга оширишда, биринчи навбатда, ҳудудий ОАВнинг роли, шунингдек, уларнинг танқидий материаллари таъсирчанлиги ошди ва ушбу материаллар бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган кўп партияли тизимнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидалари, “Сиёсий партиялар тўғрисида”, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида” “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонун билан белгиланган. “Парламентдаги кўпчилик” ва “парламентдаги озчилик” тушунчаларига аниқлик киритилган, мамлакатимиз парламенти қуйи палатасига сайловларда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия Бош вазир номзодини таклиф этиш, уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ташаббусини билдириш ҳуқуқларига эга.

Мазкур қонун ҳужжатларининг амалга оширилиши кўп партияли тизимни мустаҳкамлашга катта таъсир кўрсатди, парламент, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятида, мамлакатимиз тараққиёти учун аҳамиятга эга қарорларни қабул қилишда сиёсий партияларнинг иштирокини кенгайтириш асосларини яратди. Айни пайтда мамлакатимиз парламентида тўрт сиёсий партия фракциялари, шунингдек, Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг депутатлар гуруҳи фаолият кўрсатмоқда.

Партиялараро рақобат даражаси ошди, фракциялараро кураш, фракцияларнинг ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини амалга ошириш, жойларда қонунлар ижросини текшириш ишлари кучайди. 2012 йилда 2011 йилга нисбатан Халқ депутатлари кенгашларидаги партиялар гуруҳларидан депутатлик сўровлари сони 33,2 фоизга кўпайди. Мансабдор шахсларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, давлат дастурларини амалга ошириш масалалари бўйича ҳисоботларини эшитиш амалиёти фаол қўлланилмоқда.

“Ўзбекистондаги кўплаб фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз ва бу бизга катта ижобий тажриба бермоқда, – дейди “Минтақавий мулоқот” ННТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директорининг ўринбосари Катя Гершак (Словения). – Фуқаролик жамияти – демократик давлат барпо этишнинг муҳим ташкилий қисмидир. Унинг моҳияти шундаки, одамлар бир-бирига ёрдам беради. Ўзбекистонда бундай ҳамкорликка одамлар фаровонлиги йўлида фаолият кўрсатаётган турли жамоат ташкилотлари ишига фуқаролар ҳам жалб этилаётган маҳалла институти ёрқин мисол бўла олади. Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга кўмаклашаётган яна бир ижобий тажрибани мисол тариқасида қайд этишни истардим. Айни пайтда янги қонунларнинг ишлаб чиқилган лойиҳаларининг жамоат томонидан кенг муҳокамаси ташкил этилган».

Ўзбекистонда давлат бошқарувини демократлаштириш жараёнида вазифаларнинг бир қисмини жамоат ташкилотлари, шу жумладан фуқароларнинг маҳалла каби ноёб ўзини ўзи бошқариш органига босқичма-босқич ўтказиш муҳим масалалардан биридир.

Мамлакатимизда фуқароларнинг 10 мингга яқин ўзини ўзи бошқариш органлари илгари маҳаллий ҳокимият органларининг алоҳида ҳуқуқлари доирасига кирган ўттиздан ортиқ вазифани бажармоқда, чунончи, жойлардаги ижтиимоий-иқтисодий ривожланиш, жамиятимизда маънавий-ахлоқий қадриятларни қарор топтириш, баркамол ёш авлодни тарбиялаш, аҳоли бандлигини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳудудларни ободонлаштириш каби кўплаб масалаларни самарали ҳал этмоқда.

Маҳалла аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, оилавий бизнес ва хусусий тадбиркорлик марказига айланмоқда. Фуқаролар йиғинлари ҳузурида ташкил этилган маслаҳат марказлари тадбиркорлик фаолиятини юритиш бўйича ўқув курсларини ташкил қилмоқда, ишга жойлаштириш ва кадрларни қайта тайёрлаш, кичик корхоналарни рўйхатдан ўтказиш ҳамда банк кредитларини олиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришга кўмаклашмоқда. Бу ишларнинг ҳаммаси юксак натижалар бераётир. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари иштирокида 2012 йилда 633 мингта янги иш ўринлари яратилди ва бу 2011 йилдагига нисбатан учдан бир баробар кўпдир.

Мамлакатда ҳаётга татбиқ этилаётган демократик ислоҳотлар самарадорлиги кўп жиҳатдан фуқаролар онги, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятининг нечоғли ривожланганига боғлиқдир. Шу боис мустақилликнинг дастлабки кунларидан ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аҳолида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонунларни ҳурмат қилиш, ўзининг конституцион ҳуқуқлари, Ватанимиз тақдирига, мамлакатимиз ҳамда дунёда рўй бераётган воқеаларга дахлдорлигини англаш туйғусини шакллантириш муҳим вазифалардандир.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг муҳим вазифаси сифатида инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича узлуксиз таълим ва маърифат, аҳоли ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини оширишга доир ноёб, яхлит тизим яратилганини қайд этдилар.

Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида” ва “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида”ги фармонлари мазкур соҳани ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. 1997 йилда Жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш миллий дастури қабул қилинди. 2008 йилда эса давлатимиз раҳбарининг фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастурига мувофиқ аҳолининг ҳуқуқий билимларини юксалтириш, жамиятимизда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга доир чора-тадбирлар амалга оширилди. Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ҳаётга татбиқ этиш доирасида ҳам ушбу соҳада изчил ишлар бажарилди. Ўзбекистонда 2011 йилдан буён Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ Инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий ҳаракат дастури ишлаб чиқилмоқда. Унда шахс ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида қонунларга риоя этиш устидан жамоатчилик мониторингини амалга ошириш, жамиятимизда инсон ҳуқуқлари маданиятини ривожлантиришга оид янада кенг кўламли чора-тадбирлар кўзда тутилади.

Конференцияда аҳолининг юксак ҳуқуқий маданияти демократик жамият асоси ва уни ривожлантириш кафолати экани таъкидланди. Бу жараёнга фуқаролик институтлари ҳам янада фаолроқ жалб этилмоқда. Қонун устуворлиги принципини амалга ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқий маданиятини оширишда уларнинг ўрни ортиб бораётир.

“Бундай ўта муҳим мавзуга бағишланган конференцияда қатнашиш мамлакатингизда бу борада тўпланган тажрибани янада чуқур ўрганиш имконини беради, – дейди эксперт Идан Пейсахович (Исроил). – Масалан, “Камолот” каби йирик ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши, ёшларнинг етакчилик кўникмаларини ривожлантириш, уларга билим олиш, ишга жойлашишда, ижтимоий муаммоларни ҳал этишда ҳар томонлама ёрдам бериш жуда яхши тажриба бўлиб, уни, жумладан Исроилда ҳам ўрганса ва қўлласа арзийди. Фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш бўйича очиқ мулоқот жараёнига кенг жамоатчилик жалб этилган, хусусан, хорижлик экспертлар иштирокида давра суҳбатлари, конференциялар ўтказилмоқда. Бу борада мамлакатингиздан ибрат олса арзигулик жиҳатлар кўп. Ўзбекистон Президентининг оқилона ва аниқ мақсадга йўналтирилган сиёсати самарасида мамлакатингизда фуқаролик жамиятини ва унинг институтларини барча даражада ривожлантириш учун зарур шароит ва имкониятлар яратилган. Бу жуда тўғри йўл бўлиб, ундан бундан буён ҳам самарали ҳаракат қилишингизга ишонаман”.

Фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистонда аҳолининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, шахс ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда муҳим омил бўлмоқда. Фуқаролар мурожаатлари сони кўпаймоқда, уларда кўтарилаётган масалалар давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари фаолиятидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш, бартараф этишга ёрдам бермоқда.

Конференция қатнашчиларининг таъкидлашича, буларнинг барчаси Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва унинг институтларини ислоҳ этиш ҳамда демократлаштириш, ривожлантириш жараёни муқаррарлик касб этганидан далолат беради. Унинг турли жиҳатлари бўйича Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан ҳудудларда 1,3 мингдан ортиқ тадбир, шунингдек, ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасига бағишланган икки юзга яқин давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил этилди. Миллий ва чет эллик шериклар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, янги қонунлар лойиҳаларини муҳокама этиш ҳамда улар бўйича таклифлар ишлаб чиқишга доир амалга оширилаётган чора-тадбирлар мазмун-моҳиятини очиб беришга оид ўн битта халқаро конференция, давра суҳбати ва семинарлар ўтказилди.

Шу билан бирга, конференциядаги ҳар томонлама муҳокама ва фикрлар алмашиш давомида аҳоли, жумладан ННТлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари етакчилари ва фаолларнинг ҳуқуқий билим даражаси, сиёсий маданиятини ошириш, давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш муҳимлигини тушунтириш ишларини янада яхшилаш талаб этилаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтига фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга монелик қилаётган омилларни комплекс равишда ўрганиш ва таҳлил қилиш, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг аҳволига оид йиллик миллий маърузалар тайёрлашни амалиётга жорий этиш тавсия этилди.

Конференция якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди, улар фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида фаолият кўрсатаётган миллий институтлар ишида эътиборга олинади.

Анна ИВАНОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.