Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
14.03.2013

ФРАКЦИЯЛАР ФАОЛИЯТИ ҚАНЧА КУЧАЙСА

қонун ижодкорлиги жараёни шунча такомиллашади

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

— Қонун лойиҳаси парламент фаолиятининг самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади, — дейди Улуғбек Вафоев. — Мазкур ҳужжатда сиёсий партиялар фракцияларининг қонун ижодкорлиги жараёнида ҳуқуқ ҳамда ваколатларини кенгайтириш, роли ва масъулиятини кучайтириш, парламент қуйи палатасида қонунлар лойиҳаларини кў­риб чиқишни янада такомиллаштиришга хизмат қиладиган янги қоида ва меъёрларни жорий қилиш назарда тутилаяпти.

Бунда асосий мақсад қонун лойиҳаларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш учун қабул қилиб олишнинг мавжуд тартибини янада такомиллаштириш, қонун ло­йиҳаларини Қонунчилик палатасида кўриб чиқишнинг барча босқичла­рида сиёсий партиялар фракциялари иштирокининг процессуал механизмини қонун билан мустаҳкамлаб қўйишдан иборатдир.

Киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ, Қонунчилик палатаси Кенгаши ҳузурида қонун лойиҳалари ва бош­қа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилишини ташкил этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузиш назарда тутилмоқда. Мазкур гуруҳ Қонунчилик палатасига киритилган лойиҳаларни рўйхатдан ўтказиш(ҳисобга олиш)ни амалга ошириши ҳамда улар кўриб чиқилишининг барча босқичларида кузатиб бориши лозим бўлган Қонунчилик палатаси девони ходимларидан таркиб топиши белгиланаяпти. Бу ўринда муҳим масалалардан бири шундаки, Қонунчилик палатаси Кенгаши ҳузурида тузиладиган Мувофиқлаштирувчи гуруҳ сиёсий партиялар фракциялари аъзоларидан таркиб топган Кенгашга бўйсунади ва унинг олдида ҳисобдор бўлади.

Шунингдек, янги қонун лойиҳасида парламент қуйи палатасига киритиладиган лойиҳаларни тақсимлашнинг ошкора механизми белгиланмоқда. Яъни қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун масъул қўмитани Қонунчилик палатасининг Кенгаши ўз мажлисида бамаслаҳат белгилаши тўғрисидаги қоидани жорий этиш таклиф этилмоқда.

Бу ўзгартиш қонун лойиҳаларини парламент муҳокамасига тайёрлаш жараёнини жадаллаштириш, қўмиталар иш фаолиятини янада мувофиқлаштиришга хизмат қилади. Таъкидлаш лозимки, қонун лойиҳаларини тақсимлашнинг бундай демократик, ошкора механизми бирор-бир хорижий давлат парламенти амалиётида учрамайди.

Ушбу қонун лойиҳасида асосий эътибор иккита муҳим масалага қаратилган. Булар Қонунчилик палатасида қонун ижодкорлиги жараёнининг барча босқичларини демократлаштириш ҳамда сиёсий партиялар фракцияларининг фаолиятини тубдан такомиллаштиришдан иборат.

— Маълумки, қонун лойиҳаларини мукаммал таҳлил қилиш, жорий этилаётган ҳуқуқий муносабатларни аниқ-равшан акс эттириш, энг муҳими, бу жараёнда демократик тамойиллар ва манфаатлар мувозанатини таъминлашда сиёсий партиялар фракциялари фаоллиги муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан қараганда, қонун лойиҳалари пишиқ-пухта тайёрланиши ва қабул қилиниши бўйича фракциялар масъулиятини ошириш масаласи қонун лойиҳасида қай даражада эътиборга олинган?

— Қонун лойиҳасини фракциямиз мажлисида муҳокама қилиш вақтида бу масалага алоҳида эътибор қаратдик. Чунки амалиётда қонун лойиҳаларининг Қонунчилик палатасига киритилиши, дастлабки тарзда кўриб чиқилиши ҳамда қонун ижодкорлигининг барча босқичларини кузатиб боришда фракцияларнинг иштироки маълум даражада чекланган эди.

Қонун лойиҳасига кўра, эндиликда қонун лойиҳалари масъул қўмита билан бирга фракциялар (депутатлар гуруҳлари)га ҳам юборилиши белгилаб қўйилмоқда. Унга асосан қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни фракциялар масъул қўмита билан бир вақтда кўриб чиқади. Масъул қўмита фракциялар (депутатлар гуруҳлари)нинг тегишли фикрлари ва таклифларисиз қонун лойиҳаси юзасидан ўз хулосасини чиқариш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Мазкур қонун лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилса, шундай тартиб жорий эти­ладики, унга кўра, Қонунчилик палатаси мажлисларида лойиҳаларни кўриб чиқиш пайтида (биринчи ва кейинги ўқишларда) маърузачи фрак­циялар (депутатлар гуруҳлари)нинг фикр ва таклифларини албатта депутатлар эътиборига ҳавола этади. Муҳокамаларда фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қонун ло­йиҳасига доир фикр ва таклифлари албатта инобатга олинади.

Бундан кўриниб турибдики, қонун ижодкорлигининг барча босқичларида фракцияларнинг роли кучайиб, жараёнга таъсир этиш, таклифларини қонун ҳужжатларида акс эттириш борасида имконияти янада кенгаймоқда. Бу сиёсий партиялар дастурий мақсадларини амалга ошириш, электорат манфаатлари ҳимоясини таъминлаш бўйича фракцияларнинг масъулияти, айтиш мумкин бўлса, мажбуриятини ҳам кучайтиради.

Қонунлар лойиҳалари бўйича фракциялар томонидан киритилган ҳар бир фикр ва таклифнинг мажбурий тартибда ҳисобга олиниши ўз нуқтаи назарини ишлаб чиқишда фракциялардан жуда масъулиятли бўлишни талаб этади. Чунки, жорий қилинадиган ян­ги тартибга асосан, фракциялар киритган фикр ва таклифлар ялпи мажлисда, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида эълон қи­линади. Уларнинг қонун лойиҳаларида акс эттирилиши ёки қабул қилинмаслиги сабаблари таҳлил қилинади. Бир сўз билан айтганда, янги тартиб фракциялар фао­лияти орқали сиёсий партияларга, уларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеига холисона баҳо бериш имкониятини яратиб беради. Фракциямиз бундай ёндашувни тўғ­ри, деб билади.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича фракциямиз билдирган таклифлар уни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида инобатга олинди.

— Қонуннинг қабул қилиниши, албатта, барча сиёсий партиялар, жумладан, Халқ демократик партияси фракциясининг фаолиятини кучайтиришни тақозо этади. Фракция шундан келиб чиқиб, қандай чораларни белгилаб олиши ва амалга ошириши керак, деб ҳисоблайсиз?

— Аввало, фракциямиз фаолиятини танқидий кўриб чиқишимиз, шу билан бирга, иш юритиш тартибимизни тубдан такомиллаштиришимиз керак. Фракциямиз аъзоларининг партиявий мансублигини намоён этишни кучайтиришга қаратилган ич­ки меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишимиз талаб этилади.

Шунингдек, фракциямиз аъзоларининг фикрича, Қонунчилик палатасида қабул қилинган барча ички меъё­рий ҳужжатлар жорий қилинаётган янги талаблардан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилиши зарур. Бунда фракциялар фаолиятига тўсқинлик қилувчи, уларнинг ваколатларини чегараловчи ҳамда фракцияларни асосий фаолиятидан чалғитувчи ортиқча масалаларни аниқлаш ва бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблаймиз.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакат учун муҳим бўлган масалаларни ҳал этишда парламент, хусусан, сиёсий партиялар фракцияларининг роли ва масъулиятини кучайтиришга қаратилган долзарб қонунлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди. «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қо­нун лойиҳаси орқали ҳаётга жорий қилинаётган меъёр ва қоидалар бу борадаги ислоҳотларнинг узвий давоми, десак, тўғри бўлади. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қонун ижодкорлиги жараёнида сиёсий партиялар фракцияларининг роли ва масъулиятини янада кучайтиришга, энг муҳими, қонунлар сифа­ти ошишига, уларда аҳоли барча қатламларининг манфаатлари ҳар томонлама инобатга олинишига хизмат қилади.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.