Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда аскарларнинг ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Унда ҳарбийлар, ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини янада такомиллаштиришга қаратилаётган эътибор ўзининг юксак самараларини бераётгани, миллий армиямиз ёшларимиз ҳар томонлама камол топадиган тарбия мактабига айлангани алоҳида таъкидланди.
— Бошланғич ҳарбий билим ва кўникмага эга бўлган аскарларимиз бугун ота-онаси, дўстлари, командир ва бошлиқлар олдида халқимизга, Президентимизга садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилди, — дейди ҳарбий қисм ўқув йиғини бошлиғи, офицер А.Бердиев. — Ҳарбий қисмларимизда аскарларнинг кўнгилдагидек хизмат қилиши, яшаши, билим олиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шарт-шароит яратилган.
Жасур ва сергак жангчи бўлишга қасамёд қилган аскарлар сафида навоийлик Санжар Сагидов ҳам бор.
— Ватан ҳимоячилари — ҳарбийлар сафига қўшилганимдан хурсандман, — дейди Санжар. — Бор куч-ғайратим ва билимим билан эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида астойдил хизмат қиламан.
Тадбирда Ватан, истиқлол, ёшликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Х.САЛИМОВ,
ЎзА мухбири.
|