14.03.2013

НОМЛАР — БЕНАЗИР МИЛЛИЙ ЁДГОРЛИКЛАР

Тил халқнинг бебаҳо мулки, нодир ва нозик бойлигидир. Унда халқнинг дунёқараши, руҳияти, такомил тадрижи, асрларни қаритган тарихи, қўйингки, миллатнинг бутун бўй-бастию ақлий-маънавий олами қатрада қуёш акс эт­гани­дай ўз тажассумини топади.

Тилнинг муҳташам хазинасида жой номлари деб умумлаштириладиган муҳим бир қатлам борки, у халқнинг тарихи, маданияти, урф-одатлари, тегишли ҳудуднинг географик ва иқлим хусусиятлари ҳақида ишончли маълумотлар беради. XIX асрнинг таниқли олимларидан бири «топонимика — ер тилидир, ер эса инсоният тарихи географик номлар билан ёзилган китоб­дир» деганида айни ҳақиқатни айтган.

Шу боис ҳам собиқ тузум даврида жой номлари атайин таҳрир қилинди. Уларга умрида юртимизга қадами тегмаган, тарихимиз ва қадриятларимизга мутлақо алоқаси бўлмаган кимсаларнинг номи қўйилди.

Мустақиллик туфайли бундай адолатсизликка барҳам берилди. Президентимиз ­Ислом Каримов раҳнамолигида миллий ўзликни англаш, асл қадриятларимизни тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар жараёнида географик объектларни номлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тарихимизга бегона, ясама отлар ўрнига ўлкамизнинг миллий-тарихий қиёфаси ҳақида аниқ тасаввур берадиган номлар қўйилмоқда, жой номларига эҳтиромли муносабат шаклланди.

Бугун юртимизнинг кўча ва хиёбонлари, майдонлар, бекатлар ва биноларга ярашиб турган ўзбекча номларни кўриб, суюнамиз. Кўнглимизда миллий ифтихор туйғулари жўш уради. Жой номларининг ўзидан ўша ер ҳақида маълум тасаввурга эга бўламиз. 

Юртбошимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» китобида таъкидланганидек, қадимий номларда ота-боболаримизнинг ҳаёт ва тафаккур тарзи яққол ўз ифодасини топган. Масалан, Тошкент­нинг Эски шаҳар қисмидаги Пичоқчилик, Чархчилик, Кўн­чилик, Дегрезлик, Тақачи, Эгарчи, Ўқчи, Заргарлик, Парчабоф сингари маҳаллалар номлари бу ерда ҳунармандчилик нақадар ривожланганидан, халқимизнинг азалдан ўтроқ ҳаёт кечириб, юксак маданий турмуш даражасига эга бўлганидан далолатдир.

Мазкур тарихий хотира кўзгусининг тиниқлигини таъминлаш мақсадида мамлакатимиздаги кенг кўламли бун­ёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига уйғун равишда топонимик таъмирот ҳам амалга оширилмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 12 октябрда қабул қилинган «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонуни муҳим дастурил­амал бўлмоқда.

Аввало, мазкур қонунда географик объектларни номлаш соҳасидаги махсус ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси эканлиги белгилаб қўйилган. Айни пайтда қонунда географик номлар объектга хос белгиларни акс эттириши, бошқа номлар тизимига мос тушиши, маҳаллий аҳолининг фикрига уйғун бўлиши, қоида тариқасида кўпи билан учта сўздан иборат бўлиши билан боғлиқ талаблар ўз ифодасини топган.

Географик объектларга ном бериш ёки уларни ўзгартириш ғоят нозик ва масъулиятли масаладир. Бу жараёнда зарур билим, зийраклик ва халқ­нинг тарихий-этник, ижтимоий-маданий хусусиятларидан хабардорлик зарур. Шу боис қонуннинг 6-моддасида географик объектларнинг номини белгилашда маҳаллий аҳоли турмушининг географик, тарихий, миллий, этник, тилга оид ва бошқа хусусиятлари ҳисобга олиниши таъкидланган. Шу билан бирга, географик объектлар номларининг янглишишга олиб келувчи ўхшашлиги, ушбу номларнинг ҳурматсизлик мазмунида бўлиши, Ўзбекистон ­халқининг тарихи, анъаналари ва маданияти билан номувофиқлиги истисно этилиши белгиланган.

Бугунги кунда географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар комиссиялари фао­лият кўрсатмоқда. Бу комиссия­лар Ўзбекистон халқининг тарихий-маданий қадриятлари ҳамда мероси билан боғлиқ номларни муҳофаза қилиш, географик объектларга хал­қимизнинг миллий анъаналари ва менталитетига ёт номлар берилишига ҳамда шу руҳда ўзгартирилишига йўл қўймаслик, географик объект­ларга ном бериш ёки уларни ўзгартириш чоғида маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолларини истисно этишга хизмат қилмоқда.

Жой номларини ўзгартириш шунчаки бир ном ўрнига ­бошқасини қўйишдан иборат осон юмуш эмас. Масалан, биргина кўча номи ўзгартирилар экан, бу ном ёзилган металл лавҳларни ясаш, шу кўчадаги идора-ташкилотларнинг ҳужжатларидаги, муҳр ва ­тамғаларидаги манзилни янгилаш каби ташвишлар муайян вақт ва харажатни талаб этади.

Яна бир муҳим жиҳати, кўча ёки бошқа объектнинг номи ўзгартирилар экан, бу ўзгартириш омма онгига энг қулай ва енгил шаклларда етказилиши  зарур. Шунинг учун жой номларини тартибга солиш борасидаги кўламли ишлар тарғиботида оммавий ахборот воситалари, кўргазмали-реклама мутасаддилари, бутун жамоатчиликнинг фаоллиги талаб этилади.

Обод турмуш йилида юртимизда янги турар-жойлар, замонавий иншоотлар барпо этилмоқда. Уларни тўғри номлаш ва тўғри аташга ҳар бир юртдошимиз, ўзини масъул деб билса, жой номлари ана шу ободликка янада ярашиқли бўлади. Зеро, жой номларини тарихий обидалар, миллий ёдгорликлар каби асраб-авайлаш, муҳофаза қилиш, авлодларга тўкис етказиш ҳаётий зарурат, ижтимоий бурчдир. 

Низомиддин МАҲМУДОВ,

филология фанлари доктори,

профессор (ЎзА).



DB query error.
Please try later.