12.03.2013

АЁЛГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИШ

келажакни улуғламоқ демакдир

Юртбошимизнинг 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон хотин-қизларига йўллаган байрам табригида аёл­ларнинг жамиятдаги ўрнига юксак баҳо берилди. Опа-сингиллари­миз­нинг меҳнат ва турмуш шароитларини янада яхшилаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, фарзандларимиз, айниқса қиз болаларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар, илм-фан чўққиларини эгаллаб, ҳаётдан муносиб ўрин олишлари учун бошлаган ишлари­миз­ни изчил давом эттиришимиз кераклиги алоҳида уқтирилди. Бу сўзлар кўнглимизни тоғдек кўтарди, янада  фаол, масъулиятли бўлишга ундади.

Аёл — миллат келажаги, ҳаёт давомчиси. Хотин-қизлар эъзозланган, қадрланган юртнинг бугуни ва эртаси тинч, фаровон бўлади. Аёл меҳнати билан жамият тўлақонли ривожланади, тараққий этади. Шунинг учун мамлакатимизда хотин-қизларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиб, уларнинг оғирини енгил қилишга тобора катта эътибор қаратилмоқда.

Конституциямизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жинси, миллати, диний эътиқодидан қатъи назар тенг ҳуқуқли экани, 46-моддасида эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги, 117-моддасида эса сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари кафолатланган.

Мамлакатимиз мустақилликнинг илк йиллариданоқ хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор халқаро Шартнома ва Конвенцияларни ратификация қилган. Жумладан, давлатимиз 1995 йили БМТнинг «Хотин-қизлар камситилишининг барча шакл­ларига барҳам бериш тўғрисида»ги Конвенциясига қўшилган. Умуман олганда, мамлакатимиз тараққиётининг ўтган 21 йили давомида аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 80 га яқин қонун ҳужжатлари кучга кирди, халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди.

Бугунги кунда хотин-қизлар жамиятимизнинг барча жабҳаларида, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш тизими, саноат ва қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт ва алоқа соҳаларида самарали фаолият олиб бормоқда. Зукко қизларимиз, фозила аёлларимиз эса фан, санъат, маданият ва спортда юқори марраларни забт этишаяпти. Хусусан, айни пайтда юртимизда 500 нафардан ортиқ аёл фан доктори, 5 минг нафарга яқин фан номзоди бўлгани ҳам фикримизни яққол тасдиқлайди. Қувонарлиси, хотин-қизлар оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаёт шароитини яхшилаш, оила ва жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш жорий йилда ҳам устувор вазифалардан этиб белгиланди.

«Обод турмуш йили» Давлат дастурида оила институтини мустаҳкамлаш, аёлларнинг жамият ҳаётидаги роли ва нуфузини юксалтириш, уларнинг қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, хотин-қизларни, хусусан, қишлоқ жойларда иш билан таъминлаш, оилавий бизнес ва касаначиликни ривожлантириш, аёлларга кредит ажратиш орқали уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш каби устувор вазифаларга алоҳида ўрин берилгани хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳар бир аёл ўзи ишлаётган соҳага меҳр бериб, унинг ривожи учун сидқидилдан ишлаши, бир сўз билан айтганда, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши учун кенг йўл очади.

 Таъкидлаш жоизки, хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш масалалари Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида ҳам ўз аксини топган. Жумладан, қонун билан берилган имкониятдан фойдаланиб хотин-қизларни иш билан таъминлаш, шу жумладан, касаначилик асосида меҳнатни ташкил этишнинг қонуний кафолатларини янада ривожлантириш, ҳокимиятнинг барча даражадаги вакиллик органларига сайланган ўз вакиллари ваколатларидан фойдаланиб оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш даражасини оширишга доир чора-тадбирлар амалга оширилишига кўмаклашиш вазифалари белгиланган. Буларнинг барчаси бевосита «Обод турмуш йили» Давлат дастуридаги вазифалар билан ҳамоҳанг.

Шу боис хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилавий бизнес ва касаначиликни ривожлантириш орқали уларни ишга жалб этиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқдик. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган ишларимизда партиямизнинг ҳар бир ташкилоти, депутатлар фаол қатнашиши талаб этилади.

Аёлларга иззат-икром кўрсатиш, уни ардоқлаш, оғирини енгил қилиш миллатимизга хос фазилат ва бу минг йиллик қадриятларимизнинг таянч устунларидан бири саналади. Зеро, оиладаги тотувлик, жамиятдаги барқарорлик, юртдаги осо­йиш­таликни сақлаб туришда ҳам аёл зотининг ўрни бор.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.



DB query error.
Please try later.