12.03.2013

ЭЛЕКТОРАТ ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТ

фаолиятимизни изчил кучайтиришга ундамоқда

Иброҳим ЁҚУБОВ, ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари.

Аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами манфаатини ҳимоя қилиш пар­тиямиз ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳ­ларининг энг муҳим устувор вазифасидир. Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекис­тон ХДП депутатлик гуруҳининг 28 на­фар, шаҳар ва туман Кенгашларидаги де­путат­лик гуруҳларининг 206 нафар аъзоси шун­дан келиб чиқиб режали асосда фаолият юритмоқда.

Партиянинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида 2012 йил учун белгиланган вазифалар, шунингдек, маҳаллий ижро ҳокимияти идоралари фаолияти, электорат манфаатлари билан бевосита боғлиқ бўлган масалалар тизимли равишда ўрганилиб, халқ депутатлари Кенгашлари сессиялари муҳокамасига олиб чиқилди. Хусусан, ўтган йили «Ёш ва кам таъминланган оилаларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш», «Касб-ҳунарни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш», «Саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар  таннархини 10-15 фоизга пасайтириш борасида олиб борилаётган ишлар», «Коммунал тармоқ ва қурилиш соҳасида сервис хизматини кенгайтириш ҳисобига янги иш ўринларини яратиш», «Қишлоқ мактаблари ва касб-ҳунар коллежларининг моддий-техник базасини  мустаҳкамлаш, электр-энергия билан тўлиқ таъминлаш, техник воситалардан самарали фойдаланиш имкониятини яратиш тўғрисида» каби жами 18 та масала халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида атрофлича кўриб чиқилди. Сессияларда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бирор масаланинг ўрганилиши, сессия кун тартибига киритилиши ва муайян қарор қабул қилиниши билан кўтарилган муаммо тўлиқ ечим топди, деб бўлмайди, албатта. Бу борада амалий натижага эришиш учун изчил фаолият юритиш зарур. Шунинг учун айни пайтда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳлари сессиялар қарорларининг жойларда бажарилиши устидан депутатлик назоратини олиб бормоқда.

Бу масалаларнинг ҳал этилиши электорат манфаатлари ҳимоя қилиниши, уларни ўйлантириб келаётган айрим муаммоларнинг ижобий ечим топишига туртки бўлаётир. Булардан ташқари, вилоятда аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари томонидан қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. «Истиқбол» ёшлар қаноти вилоят бўлими билан биргаликда таълим муассасалари битирувчиларининг ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашиш ҳолати бўйича мақсадли ўрганиш ишлари олиб борилди. Шуни таъкидлаш керакки, ана шу ўрганиш натижасида коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида айрим  камчиликлар борлиги аниқланди. Маълумотларга кўра, 2012 йил мобайнида вилоятда таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш учун корхона ва ташкилотларда 7,5 минг­та иш ўрни захира қилиб қўйилган. Мазкур иш ўринларига жойлашганларнинг 5248 нафарини таълим муассасалари битирувчилари ташкил этган.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари билан тузилган уч томонлама шартнома талабларининг корхона-ташкилотлар томонидан бажарилмаслик ҳолатлари ҳам кузатилди. Бу камчиликлар жорий йилда такрорланмаслиги учун ушбу масалада депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини изчил олиб бориш зарур. Ҳозирда ҳар бир партия ташкилоти ва депутатлик гуруҳи шу бўйича иш олиб бормоқда.

Партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари электорат манфаати билан боғлиқ инсон келажаги ва тақдирини белгилаб берувчи бу каби муҳим масалаларга жиддий ёндашиши талаб этилади. Партиянинг мамлакат тараққиётидаги роли ортиши, жамиятдаги обрўси ошиши, сайловчилар ишончи оқланишида бунинг аҳамияти катта.

Вилоят партия кенгаши Обод турмуш йилида бу борадаги ишларни янада кучайтириш, тегишли Давлат дастурлари, ҳукумат қарорларининг ижроси устидан самарали жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтиришга интилмоқда. Бу йил, айниқса, ҳудудларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни кенгайтириш ор­қали кам таъминланган аҳоли, қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган хотин-қизлар ҳамда жисмоний имконияти чекланган кишиларнинг бандлигини таъминлаш жараёнларида фаол иштирок этишга ҳаракат қилаяпмиз.

Бу борада ижтимоий шерикчилик асосида мутасадди идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш талаб қилинади.



DB query error.
Please try later.