08.03.2013

ҲАЁТДАН МАМНУНЛИК ҲИССИ

хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий фаолликка ундамоқда

Машкура САФАЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Ўзбек аёли азалдан оилам, болам, деб яшайди. Оиласи, фарзандларига жону жаҳонини бағишлайди. Хонадон тинчлиги, мустаҳкамлиги, фарзандларнинг эртага ким бўлиб улғайиши кўп жиҳатдан онага боғлиқ. Шунинг учун ҳам хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш эзгу фазилат сифатида улуғланади.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга тобора катта эътибор қаратилаяпти. Миллий қонунчилигимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этишига хизмат қиладиган барча ҳуқуқий асослар яратилган. Муҳими, бу юксак орзу-ният ҳаётда ҳам ўз ифодасини топаяпти. Ҳозирги кунда аёллар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 22, Сенат аъзоларининг 17 фоизини ташкил қилади. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг қарийб 20 фоизи хотин-қизлардан иборат. Маълумотлар таҳлил қилинса, сўнгги йилларда барча соҳаларда хотин-қизлар фаоллиги ошиб бораётгани яққол кўринади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатларнинг 182 тасида парламент мавжуд. Дунё парламентларининг 9 тасида хотин-қизлардан депутат сайланмаган. 173 мамлакат парламентида аёллар вакил қилиб кўрсатилган, шундан 83 тасида номзод кўрсатишда аёллар учун квота жорий этилган.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонунда сиёсий партиялар томонидан парламент депутатлигига кўрсатиладиган номзодларнинг камида 30 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлиши шартлиги ҳақида қоида мустаҳкамлаб қўйилган. Бу — давлат ва жамият бошқа­рувида иштирок этиш учун аёлларга яратиб берилган имкониятнинг яна бир кафолати, десак, асло муболаға бўлмайди.

Йилимизнинг «Обод турмуш йили», деб номланиши ва шу муносабат билан қабул қилинган Давлат дас­турида ёш оилаларни қўл­лаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини кучайтириш, бандлигини таъминлаш, иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва соҳаларидаги фаолиятини муносиб рағбатлантириш, уй-рўзғор юмушларини енгиллаштириш учун қулай ижтимоий-маиший шароитлар яратиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилангани юртимизда аёл зотини эъзозлашнинг яна бир ёрқин намунасидир.

Давлат дастурига мувофиқ, жорий йилда қишлоқларда яшовчи аҳолининг маҳаллий уй-рўзғор буюмларини сотиб олиши учун ажратиладиган истеъмол кредитлари миқдори 1,3 баробарга оширилади, минглаб оилаларда молиявий саводхонликни ошириш, оилавий бизнесни йўлга қўйишга оид тренинглар ташкил этилади, кам таъминланган оилаларда вояга етаётган 189 минг нафар қизни спорт турлари ва жисмоний тарбия билан шуғулланишга кенг жалб қи­лиш мақсадида спорт ки­йимлари ва анжомлари берилади.

Ҳар бир минтақада 50 тадан кам бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилага никоҳ тўйларини ташкил этиш ва турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида ҳомийлик кўмаклари кўрсатиш бўйича муҳим чоралар кўзда тутилган. Давлат дастурида белгиланган бу каби хайрли ишлар юртимиздаги ҳар бир оила обод ва фаровон бўлишига, хотин-қизларимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратишга хизмат қилади.

Аёлга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш билан боғлиқ барча эзгу ишлар, ёруғ ниятлар ҳаммамизни олий мақсад — юртимизни дунёнинг энг ривожланган, халқи тўқ ва фаровон, обод мамлакатларидан бирига айлантириш йўлида янада қатъий бирлаштиради, деб ҳисоблайман.



DB query error.
Please try later.