08.03.2013

ОИЛАДА – ОҚИЛА, ЖАМИЯТДА – ФАОЛ

“Туркистон” саройида 7 март куни Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини, ижтимоий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, турмушимиз ободлиги ва фаровонлиги, жамиятимиздаги ҳамжиҳатлик ва осойишталик кўп жиҳатдан опа-сингилларимизга боғлиқ.

“Туркистон” саройида 7 март куни тантанали тадбир бўлиб ўтди. Саройга турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган аёллар, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари таклиф этилди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб Мустақиллик майдонида бўлиб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи – Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйдилар.

Тантанали йиғилишни Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов очди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон хотин-қизларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш, қобилиятини рўёбга чиқариш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, ўз билими ва қобилиятини намоён этиши учун кенг шароит яратиш борасидаги ишларни такомиллаштиришда муҳим омил бўлаётир. Юртимизда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада яхшилаш, аёллар, айниқса, ўсмир қизлар саломатлигига эътиборни кучайтириш, туғруқ ёшидаги аёлларни ихтисослаштирилган тиббий кўрикдан мунтазам ўтказиш, жамиятда “Соғлом она – соғлом бола” тамойилини кенг қарор топтиришга оид ишлар изчил давом этмоқда.

Таълим тизимининг барча бўғинларида жорий этилган “Ораста қизлар” тўгаракларининг фаолияти қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларнинг жамият олдидаги ижтимоий масъулиятини ошириш, маънавиятини юксалтиришга ҳисса қўшмоқда. Президентимизнинг 2012 йил 9 июлда қабул қилинган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари меҳнатини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшлар тарбиясига оид ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан Обод турмуш йили деб эълон қилинган жорий йилда хотин-қизлар учун муносиб шароитлар яратиш, оғирини енгил қилиш, ўсмир қизлар соғлиги ҳақида алоҳида ғамхўрлик кўрсатишга оид ишлар кўлами ортмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти фан, таълим, санъат ва маданият, адабиёт йўналишида ўз тенгқурларига ибрат бўлаётган иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эзгу орзу-интилишларини рўёбга чиқаришда қанот бўлмоқда. Йиғилишда жорий йилда Президентимиз қарорига биноан Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган қизларга ушбу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.

– Қизлари доимий меҳр-ардоқда, эъзозда бўлган, беғубор орзу-интилишларга қанот бағишлаётган шу муқаддас Ватанда туғилиб, вояга етганимдан фахрланаман, – дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, Жиззах давлат педагогика институти жисмоний маданият факультети 3-курс талабаси Ирода Матмуродова. – Юртбошимиз томонидан билдирилган бундай юксак ишонч ва эътиборга аъло ўқиш, ҳалол меҳнат билан жавоб бериш бизнинг фарзандлик бурчимиздир.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари – Қорақалпоқ Давлат университети журналистика факультети 1-босқич талабаси Айшолпан Оразимбетова, Сурхондарё вилояти Ангор педагогика коллежи 3-босқич ўқувчиси Сарвиноз Шайдуллаева хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш борасида кўрсатаётган доимий эътибори ва ғамхўрлиги учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди. Зулфияхоним издошлари сафига қўшилган қизлар – Бухоро Давлат университети қошидаги академик лицейнинг 1-босқич ўқувчиси Нафосат Жўрабекова, Андижон вилояти Олтинкўл Агроиқтисодиёт коллежи 2-босқич ўқувчиси Саидабону Абдусаломова Ўзбекистон халқ шоири Зулфиянинг “Мушоира” шеърини ўзбек ва инглиз тилларида ўқиб берди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Шерзод Ғуломов, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлимининг раиси Жавдат Иноғомов мамлакатимизда хотин-қизларни эъзозлаш борасидаги ишлар Ватанимизни янада обод этиш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, оилалар фаровонлигини таъминлашдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётганини таъкидлаб, хотин-қизларни байрам билан табриклади.

Сарой фойесида миллий ҳунармандликни ривожлантиришга оид кўргазма ташкил этилди.

Кечада санъат усталари ва ижрочи ёшларнинг байрам концерти намойиш этилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси И.Собиров, Қонунчилик палатаси Спикери Д.Тошмуҳамедова, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди.

 Назокат Усмонова, ЎзА мухбири



DB query error.
Please try later.