Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
08.03.2013

ЎЗБЕКИСТОН ХОТИН-ҚИЗЛАРИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

Муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар, дилбар қизларим!

Табиат уйғониб, тобора чирой очаётган мана шу шукуҳли айёмда сиз, азизларни, сизлар орқали бутун Ўзбекистон аёлларини 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этиб, эзгу тилакларимни билдиришдан бахтиёрман.

Биз ҳаёт фалсафаси, маъно-мазмуни ва гўзаллигини биринчи навбатда барчамизни дунёга келтирган, оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган муқаддас Она сиймосида, аёл тимсолида кўрамиз, аёл зотини Яратганнинг тенгсиз мўъжизаси, деб улуғлаймиз.

Ҳақиқатан ҳам, гўзаллик ва нафосат, меҳру муҳаббат, вафо ва назокат рамзи бўлган, ўзининг меҳрибонлиги, қалб саховати билан ҳар қайси оилани оила қиладиган, унга файзу тароват берадиган, фарзандларимиз юрагига ўз она юртига севги ва садоқат туйғусини сингдирадиган аёлларимизнинг бетакрор фазилатлари ҳақида ҳар қанча гапирсак, уларни ҳар қанча эъзозласак, арзийди, десам, ўйлайманки, бугун барча юртдошларимнинг кўнглидаги фикрларни ифода этган бўламан.

Қадрли опа-сингиллар!

Барчамизга аёнки, дунёда давлат ва жамиятнинг нуфузи, маданий даражасини кўрсатадиган мезонлар кўп. Лекин ҳар қайси миллат ва халқнинг маънавий камолотини яққол акс эттирадиган шундай бир мезон борки, у ҳам бўлса, жамиятнинг хотин-қизларга бўлган муносабати, ҳурмати билан белгиланади.

Шу маънода, аёлларни улуғлаб, ардоқлаб, бошига кўтариб яшайдиган халқ ўзининг юксак маданияти ва олижаноб қадриятларини амалда намоён қиладиган ва тасдиқлайдиган халқ сифатида обрў-эътибор қозонади, десак, янглишмаган бўламиз.

Мустақил тараққиёт йилларида Ўзбекистонимизни ҳар томонлама равнақ топтириш, олдимизда турган эзгу мақсадларга эришиш йўлида бутун халқимиз қатори хотин-қизларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини биз ҳамиша миннатдорлик билан таъкидлаймиз.

Азалдан муҳтарама аёлларимизга хос бўлган меҳнатсеварлик, меҳрибонлик, шукроналик ва орасталик, рўзғорни, умуман, оила ҳаётини оқилона бошқариш фазилатлари энг юксак таҳсинларга сазовордир.

Айни вақтда давлат идоралари бошқарувида ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда – ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият каби турли жабҳаларда, хусусан, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, “Соғлом она – соғлом бола” сингари бутун дунёда тан олинган дастурларимизни амалга оширишда опа-сингилларимизнинг ибрат кўрсатиб, самарали меҳнат қилаётганини мамнуният билан эътироф этамиз.

Шу борада биргина мисол – мамлакатимиз иқтисодиётининг барча соҳа ва тармоқларида меҳнат қилаётган аҳолининг 50 фоизга яқинини айнан хотин-қизлар ташкил этаётганининг ўзи кўп нарсани англатади, деб ўйлайман.

Албатта, биз опа-сингилларимизнинг меҳнат ва турмуш шароитларини янада яхшилаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, фарзандларимиз, айниқса қиз болаларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар, илм-фан чўққиларини эгаллаб, ҳаётдан муносиб ўрин олишлари учун бошлаган ишларимизни изчил давом эттиришимиз кераклигини яхши тасаввур этамиз.

Юртимизда 2013 йилга “Обод турмуш йили” деб ном берганимиз ва шу асосда давлат дастури қабул қилганимиз замирида аввало ана шундай амалий ишларимизни янги, юксак босқичга кўтаришдек эзгу мақсад мужассамдир.

Жорий йилда давлат бюджети харажатларининг қарийб 60 фоизини ижтимоий соҳаларга йўналтириш, иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдорини ўртача 23 фоизга ошириш бўйича белгилаб олган режаларимиз, ҳеч шубҳасиз, бу йўлда яна бир салмоқли қадам бўлади.

“Обод турмуш йили” Давлат дастурида оила институтини мустаҳкамлаш, аёлларнинг жамият ҳаётидаги роли ва нуфузини юксалтириш, уларнинг қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, хотин-қизларни, хусусан, қишлоқ жойларда иш билан таъминлаш, оилавий бизнес ва касаначиликни ривожлантириш, аёлларга кредит ажратиш орқали уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш каби биз учун устувор бўлган вазифаларга алоҳида ўрин берилгани айниқса эътиборлидир.

Халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада ошириш мақсадида замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, шифохоналар, таълим-тарбия, маданият ва санъат, спорт масканлари, коммуникация тармоқлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини қуриш, янги турар-жойлар, жумладан, қишлоқларимизда намунавий лойиҳалар асосида 10 мингта уй-жой барпо этиш, катта ҳажмда ободончилик ишларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Шулар қаторида аёлларимизнинг оғирини енгил қилиш масаласи ҳам, табиийки, эътиборимиз марказида бўлади. Хусусан, хотин-қизларнинг уй-рўзғор юмушларини енгиллатиш мақсадида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маиший техника ва зарур товарларни харид қилиш учун бериладиган истеъмол кредитлари ҳажмини 1,3 баробар ошириш мўлжалланаётганини қайд этиш жоиз.

Бундай улкан режаларни ҳаётга татбиқ этиш учун 6 триллион 650 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилаётганининг ўзи бутун ҳаётимизни қамраб оладиган кенг кўламли мақсад ва вазифаларни яққол ифода этади, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Азиз опа-сингилларим, қадрли қизларим!

Айни шу дамларда қалбимда, юрагимда сизларга доимо сақланиб келаётган чуқур ҳурматимни изҳор этиб, бир фикрни билдирмоқчиман.

Аёл зотига, айнан сизларга мансуб гўзал фазилатлар, ҳаётимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ҳамжиҳатлик ва аҳиллик каби инсоний туйғуларни янада юксалтириш, фарзандларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш йўлидаги эзгу интилишларингиз, беқиёс хизматларингиз учун бутун юртдошларимиз, халқимиз номидан барчангизга таъзим қилишни ўзимнинг шарафли бурчим, деб биламан.

Яна ва яна бир бор сизларни баҳор ва нафосат айёми бўлмиш 8 март байрами билан самимий табриклайман.

Умрингиз узоқ, ризқу насибангиз зиёда бўлсин!

Ҳамиша толеингиз баланд бўлсин!

Хонадонларимиздан шоду хуррамлик, қут-барака аримасин!

Халқимиз, Ватанимиз, фарзандларингиз бахтига доимо омон бўлинг, азизларим, меҳрибонларим!

Ислом Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти



DB query error.
Please try later.