05.03.2013

ИНТЕНСИВ БОҒЛАР

мамлакатимиз аҳолисини мевага, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўлиқ қондириш, бозорларимизда нарх-навони янада арзонлаштириш ва экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади

Республикамизда барпо этилаётган интенсив боғларнинг яратилиш тарихи ва иқтисодиётимизда тутган ўрни, бу боғларнинг ҳосилдорлиги омиллари, келажаги хусусида Р.Шредер номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот инс­титути директори Шермуҳаммад ЮСУПОВ билан суҳбатлашдик.

— Авваламбор интенсив боғларни яратиш зарурияти қандай пайдо  бўлгани, бундан кўзланган мақсад ҳақида тўхталсангиз?

— Маълумки, интенсив боғлар кейинги йилларда бутун дунёда кенг тарқалиб, ривожланмоқда. «Интенсив» сўзининг луғавий маъноси жадаллаштириш демакдир.

Республикамизда юқори ҳосил берувчи пакана ва ярим пакана мевали (интенсив) боғларни барпо этишдан мақсад, республика аҳолисини мевага бўлган талабини тўлиқ қондириш, бозорларимиз тўкин-сочинлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини йилдан-йилга ошириб боришдан иборат.

— Дастлабки кўчатлар синов сифатида қайси ҳудудда, қанча майдонга экилди? Шу кунгача республикамизда жами қанча гектар ерда интенсив боғлар яратилди?

— 2010 йили Республика раҳбариятининг ташаббуси билан интенсив технологиялар асосида парваришланадиган пакана ва ярим пакана олма, нок, олхўри, гилос ва шафтоли кўчатлари илк бор Украина ва Польша давлатларидан олиб келиниб, асосан Тошкент ҳамда Самар­қанд вилоятларининг фермер хўжаликлари ер майдонларига экилди.

Ушбу боғлар мамлакатимизнинг тупроқ-иқлим шароитига тез мослашиб, қисқа муддат — орадан бир йил ўтиб, яъни 2011 йилдан бошлаб, мевали боғларнинг ҳар бир гектаридан 50-70 центнергача ҳосил олишга эришилди.

Натижада бундай боғларни йилдан-йилга кенгайтириш, уларни деҳқон ва фермер хўжаликларида барпо этиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан аниқ манзилли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Ҳозиргача республиканинг барча ҳудудларида жами 5,3 минг гектар, жумладан, Самарқанд вилоятида 1300 гектар, Тошкент вилоятида 1000 гектар, Навоийда 750 гектар, Қаш­қадарё­да 600 гектар, Сурхондарё, Наманган ва Андижон вилоятларида 400 гектардан пакана ва ярим пакана мевали боғлар барпо этилди. 

Республика бўйича 2013 йилда 3,0 минг гектар пакана ва ярим пакана интенсив мевали боғлар барпо этиш белгиланди ва уларни йилдан-йилга кенгайтириб бориш чора-тадбирлари кўрилмоқда.   

Бундан ташқари, мамлакатимизда пакана ва ярим пакана кўчатларни кўпайтириш мақсадида хориж­дан пайвандтаглар олиб келиниб,  ­Р.Шредер номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ва фермер хўжаликларининг ер майдонларида оналик кўчатзорлар барпо этилди. Ҳозирда институтимизда ярим пакана мевали кўчатлар етиштирилиб, деҳ­қон ва фермер хўжаликларига етказиб берилмоқда.

— Интенсив боғларда экилаётган олма навига бироз тўхталсак. Нега олманинг айнан шу тури танланди?

— Интенсив боғларда асосан олма кўчатлари экилишининг боиси олма дарахтининг кўчатлари тез ҳосилга киради, гектарига кўчат сони қалин экилиши (2000-2500 дона) сабабли ҳосилдорлик юқори бўлади.

Бунда экилаётган олма навлари пайвандтагга пайванд қилиниб, кўчатзорларда кўпайтирилиб, экилади. Интенсив мевали боғларда экилаётган олма кўчатларининг асосий навлари Давлат реестрига киритилган Голден Делишес, Старкримсон, Ренет Симиренко ва бошқалардир.

— Уни ўзимизнинг оддий олмалардан фарқи нимада? Таъми,  ширинлиги, витаминга бойлиги қай даражада?

— Экилаётган олма навларининг кўпчилиги кузги ва қишки навлар бўлиб, мевалари мамлакатимизда етиштирилганлиги боис уларнинг таъми, ширинлиги, витаминларга бойлиги ўзимизнинг олма навларидан фарқи бўлмайди. Айрим кечки нав­ларнинг таъми нордон, ширин, ташқи кўринишининг чиройлилиги ва ҳосилдорлиги илмий-тадқиқот институтларининг олимлари томонидан ўрганилмоқда.

— Ушбу олма дарахти қанча муддатда ҳосилга киради ва бир тупидан неча килограммгача ҳосил олиш мумкин?

— Пакана пайвандтагда ўстирилаётган олма навлари иккинчи йилдан ҳосил бера бошлайди ҳамда 4-5 йилдан бошлаб 40-60 тонна ҳосил олинади. Пакана пайвандтагдаги олма кўчатининг бир тупи 20-25 килограммгача ҳосил беради, 18-20 йил яшайди. Ярим пакана пайвандтагда ўстириладиган олма кўчатлари бир тупи 45-50 кг ва ундан ҳам кўп ҳосил беради. 1 гектардан 30-40 тоннагача ҳосил олиш мумкин. 25-30 йил яшайди. Интенсив боғларнинг келажаги яхши, фақат уларни тўғри ва ўз вақтида парваришлаб борилса, кўзланган мақсадга эришилади.

— Бу боғларнинг парвариши қандай бўлади? Сувга чанқоқлиги қандай, илдизи қанча метр­га кетади?

— Интенсив боғларнинг афзаллиги бу дарахтларнинг танаси кичик бўлганлиги учун улар билан ишлаш (ишлов бериш, суғориш, кесиш, шакл бериш, дори сепиш ва мевани териш) қулай.

Бундай боғларда танасига ёруғлик тушиш ҳаво айланиши яхши бўлганлиги боис мевасининг сифати юқори бўлади. Мевани теришда анча қулайликлар бор, айниқса, симбағазга олинган боғларда нарвон ишлатилмасдан ҳосил терилади. Бунда иш унумли, юқори бўлиши билан бирга терилган маҳсулотларнинг товар сифатига зарар етмайди, нобудгарчилик камаяди.

Бундай дарахтларнинг илдизлари вегетатив йўл билан кўпайганлиги учун илдизи попук илдиз бўлганлиги боис тупроқда пастга чуқур кетмайди. Пакана пайвандтагга уланган кўчатнинг илдизи тупроқда асосан 60-70 см. чуқурликда жойлашади.

Ушбу кўчатларнинг илдизлари тупроқ устига яқин жойлашгани сабабли улар сувга талабчан, тупроқда намлик нормал бўлиши керак. Бунинг учун уларни томчилатиб суғориш тизимига ўтказилганда, кўчатлар яхши ўсиб, тез ривожланади.

Томчилатиб суғориш тизимлари қўлланилганда суғоришга бошқа суғориш усулларидагига нисбатан 30 фоиздан 40 фоизгача кам сув сарфланади, минерал ўғитлар 50 фоизгача иқтисод қилинади. Шунинг­дек, томчилатиб суғорилганда етиштирилган мева шаклининг бир хиллиги сақланиб қолади.

Олинадиган ҳосилнинг миқдори,  сифати ҳамда ундан олинадиган даромад яққол кўриниб турибди. Шу боис келгусида республикада суғориладиган ерларнинг чегараланганлигини ҳисобга олиб, интенсив боғларни лалми, тоғ ва тоғолди ҳудудларда барпо этиб, улардан мўл ва сифатли маҳсулот олиш борасида чора-тадбирлар белгиланмоқда.

— Энди, бироз ҳисоб-китобларга тўхталсак. Бугунгача жами 244,3 минг гектар мевали боғлар шундан 5,3 минг гектар интенсив мевали боғларни ташкил этмоқда. Ўртача ҳисоб-китоб қилинганда республика бўйича 2012 йилда 2 млн тоннадан ортиқ мева етиштирилди. Келгусида режалар қандай?

— Бугунги кунда ички бозорларимизда мевага бўлган талаб жуда катта. Ҳар бир оила ўзининг дастурхонида мевалар ичида кўпроқ олма  бўлишини хоҳлайди. Олма ҳар томонлама фойдали, ундаги дармон дорилар, кислоталар, темир моддасининг кўплиги инсон саломатлигига ижобий таъсир этади.

Интенсив боғлар деганда фақат олманинг навини тушуниш нотўғри. Яратилаётган интенсив боғларимизда олмадан ташқари нок, беҳи, ўрик, олхўри, шафтоли, гилос ва хурмо нав­ларининг ҳам кўчатлари экилмоқда.

Келгусида яратиладиган интенсив боғлар асосан мавжуд боғларни яхши навлар билан билан ёшартириш ва эски, қариб қолган боғларни олиб ташлаб, улар ўрнида барпо этилади. Келажакда янги боғларимиз асосан эскиларини қайта таъмирлаш ва илғор агротехникаларни қўллаш ҳисобига ортиб боради.

— Бугун ички бозоримизда мевага бўлган талаб қанча? Яқин келажакда яна қанча боғ яратилади?

— Бугунги кунда республика бўйича 2 млн тоннадан ортиқ мева маҳсулотлари етиштирилмоқда, тиббий меъёрларга асосланган ҳисоб-китоб­ларга кўра, 1 кишига йиллик ўртача меъёр 56,4 кг мева талаб этилаётган бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 69,7 кг тўғри келмоқда.

Бундан ташқари, мамлакатимизда жорий йилда 5,8 минг гектар маҳаллий боғлар, 5,6 минг гектар токзорлар ҳам барпо этиш режалаштирилган.

Шунингдек, 5,9 минг гектар яроқсиз боғлар ва 2,7 минг гектар яроқсиз токзорлар қайта реконструкция қилинади. Интенсив боғлар майдони кенгайиши ҳосилдорликнинг йилдан-йилга ортиб бориши ва аҳолини йил давомида сархил мева маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида музлаткичли-омборхоналар қуриш ишлари олиб борилмоқда. Қолаверса, тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари томонидан меваларни қайта ишлаб, улардан шарбатлар, мурабболар тайёрланиб, хал­қимиз дастурхонига етказиб берилмоқда.

— Ички бозоримизни тўлдиришдан ташқари четга экспорт қилиш ҳам кўзда тутилганми?

— Янги интенсив мевали боғларнинг яратишдан мақсад, аввало хал­қимизни йил давомида тўлиқ мева маҳсулотлари билан таъминлаш, қайта ишлаш, экспорт қилинаётган мева турлари ва ҳажмини ошириб боришдир. Ҳозирда мева маҳсулотларимиз нафақат Қозоғистон ва Россия мамлакатларига, балки Европа давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда. Бундан  кейинги бизнинг асосий мақсадимиз экспортёр давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда бундай боғлар келгусида янада кенгаяди, қўшимча иш ўринлари яратилади. Мазали, витаминларга бой мевалар янги технологиялар асосида қайта ишланиб, четга чиқариш йўлга қўйилади. Буларнинг барчаси мамлакатимиз иқтисодий қудратини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Обиддин МАҲМУДОВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.