05.03.2013

БЕПУЛ ҲУҚУҚИЙ КЛИНИКА

фаолиятидан талаба ҳам, маслаҳатга муҳтож фуқаро ҳам манфаатдор бўляпти

Тошкент давлат юридик институтининг учинчи босқич талабаси Марина Васильева бугун ўзи таълим олаётган олий ўқув юрти қошидаги юридик клиникада навбатчи. У клиникага мурожаат қилган мижозни тинг­ламоқда. Суҳбатдан маълум бўлдики, аёл кексалик нафақасига чиқяпти. Аммо ҳисоблан­ган нафақа миқдоридан норози.

Тақдим қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиққан талаба аёлнинг бола парвариши билан банд бўлган йиллари умумий иш стажига қўшилмаганини аниқлади ва пенсия жамғармаси туман бўлимига ариза ёзишни тавсия қилди. Аризада «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 37-моддасига ишора қилишни унутмасликни таъкидлади. Қонуннинг айнан шу моддасида уч ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларда бўлиш вақти иш стажига қўшиб ҳисобланиши белгиланган. Талаба ҳатто аризани ёзиш шаклини ҳам тушунтирди.

Маринанинг ишини кузатиш жараёнида туғилган саволни унга бердим:

— Суҳбатлашаётганингизда кодекс ва қонун моддалари ҳақида ҳеч қандай ҳужжатларга қарамай айтдингиз. Уларни ёддан биласизми?

— Йўқ, ҳаммасини эмас, — дейди Марина. — Гап шундаки, айрим мурожаатлар мавзуи бир хил, қайта-қайта шу масалани ўрганганингиздан сўнг бу соҳадаги ҳужжатлар ёд бўлиб қолади.

Ўқишни тугатгандан сўнг Марина адвокат бўлмоқчи.

— Клиникадаги фаолиятим давомида адвокат нафақат етук юрист, балки яхши психолог ҳам бўлиши кераклигини тушундим, — дейди у. — Чунки адвокат ҳимоясига муҳтож одамлар билиб-билмай жиноят содир этгани ёки унинг қонуний манфаатлари бошқалар томонидан поймол этилгани оқибатида гоҳо гангиб қолган, гоҳо норозилиги кучайган кишилар бўлади. Уларни сабр билан тинглашга катта маҳорат, юқори одоб керак бўлади.

Дарҳақиқат, клиникада маслаҳатчилар талабаларнинг ўзлари. Клиникани ташкил этишдан мақсад ҳам институт талабаларининг амалий тайёргарлигини, билим даражасини ошириш, ўқиш жараёнини амалиёт билан боғловчи доимий ишлаш тизимини жорий этиш, институтнинг адвокатура, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлигини кенгайтириш, таълим жараёнида назариёт билан амалиётнинг мутаносиблигини таъминлаш, талабада бажарилган иши ва унинг натижаси учун жавобгарлик ва масъулият ҳиссини ривожлантиришдан иборат.

Бир вақтнинг ўзида бир қанча ҳуқуқ соҳалари бўйича маслаҳат беришнинг ташкил этилганлиги фуқароларнинг кенг қамровли саволларига жавоб беришда ва клиниканинг самарали ишлашини таъминлашда ёрдам беради.

Талабалар фуқароларни қабул қилишар экан, уларга дарҳол жавоб беришмайди, навбатдаги учрашув вақтини белгилашади. Унгача клиниканинг бошқа аъзолари билан мурожаатдаги муаммони қандай ҳал этиш, қандай йўл-йўриқлар кўрсатиш борасида фикр­лашилади. Ўзлари қатъий бир қарорга келишолмаса, институтнинг тажрибали профессор ўқитувчилари, соҳа мутахассислари ёрдамга келади. Клиника фаолиятига жалб қилинган Матлуба Мирзаабдуллаева, Гулнора Саримсоқова, Леонид Тон, Гулчеҳра Тўлаганова, Зафар Бобоқулов каби ўқитувчилар махсус машғулотлар ўтказишади.

Яқинда талабалар фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судида бўлиб, бевосита жараёнларни кузатдилар. Бу каби тадбирлар талабаларга юристнинг жамиятдаги ўрни, юрист этикаси каби тушунчаларни чуқур англаб етишларига ёрдам бериши табиий.

Юридик клиника раҳбари Севархон Марипова шикоят билан мурожаат қиладиганларни бир неча тоифага бўлади.

— Бизга, асосан, билиб-билмай ноқонуний қилмишлар содир этган ёки бошқа шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларига қарши тура олмаган фуқаролар мурожаат этади. Уларга ўзларини ҳимоя қилиш ёки бузилган ҳуқуқларини тиклаш йўллари тушунтирилади, — дейди у.

Яна бир тоифа фуқаролар эса асоссиз равишда ўзларининг ҳу­қуқларини бузилган, деб тахмин қиладилар. Онгида ҳуқуқий цинизм, яъни қониқмаслик ҳукм сураётган бундай кишиларга ҳам маслаҳат берилади, тушунтирилади. Афсуски, уларга ўзининг ноҳақлигини уқтириш жуда қийин.

Яна бир гуруҳ мурожаатчилар эса маълум бир ҳуқуқий муносабатларга киришаётганда, масалан, шартнома тузаётганда, суд ёки давлат органига мурожаат этаётганида ўзларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат эканлигини билишмайди, бу борада маслаҳат сўрайдилар.

Шуниси диққатга сазоворки, ушбу клиника фаолияти нафақат талабалар, балки институтнинг малакали ўқитувчилари учун ҳам ҳуқуқий таълим соҳасида илмий изланишлар олиб бориш учун бой материал беряпти.

Клиниканинг моддий-техник базаси эса таълимнинг замонавий технологияларини қўллашга тўла имкон беради. Компьютерлар интернет тармоғига уланган, «YURIDA», «Lex.uz» ва «Norma» маълумотлар тизими, кутубхона, офис техникаларидан фойдаланиш мумкин. Алоҳида қабулхона, тренинг хонаси ва маслаҳатхона мавжуд.

Бундан ўн икки йил муқаддам, ушбу клиника ташкил этилган вақт­да унинг фаолиятидан ижтимоий мақсадлар ҳам кўзланганди. Жумладан, кам таъминланган аҳоли қатламига бепул малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, улар орасида маърифий-ҳуқуқий дастурларни амалга ошириш режалаштирилган эди. Бугунги кунда юридик клиникага мурожаат қи­лаётганларнинг аксариятини пен­сионерлар, ногиронлар ва кам таъминланган оила вакиллари ташкил этади.

Шарофат ЙЎлдошева,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.