02.03.2013

АСОСИЙ ВАЗИФА – ХАЛҚИМИЗ ТУРМУШ ДАРАЖАСИНИ ЯНАДА ОШИРИШ

Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва истиқлолнинг дастлабки кунларидан амалга ошириб келинаётган мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация­лаш бўйича «ўзбек модели» бугун дунёнинг тараққиёт сари интилаётган ак­са­рият давлатлари учун намуна бўлиб хизмат қил­моқда. Мамлака­тимизда одамлар ҳаёт сифати ва фаровонлигини ошириш мақсадида амалга ошири­лаётган туб ислоҳотлар юксак самаралар бераёт­ганини вақтнинг ўзи кўрсатиб турибди. «Обод тур­муш йили» Давлат дастури ҳам ушбу муҳим вази­фани изчил бажаришга қаратилган.

Аҳолини тоза ичимлик суви ва канализация хизмати билан таъминлашни янада яхшилаш турмуш даражасини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Давлат дастурида қишлоқ массивларида қурилаётган якка тартибдаги уй-жойларда узунлиги 293,3 километр сув таъминоти тармоқлари, шунингдек, 462 қишлоқ аҳоли пунктида 552,8 километр ана шундай тармоқларни барпо этиш кўзда тутилган. Андижон, Бухоро, Марғилон, Самарқанд, Фарғона ва бошқа бир қатор шаҳарларда, халқаро молия институтларининг кредитларини жалб этган ҳолда, сув таъминоти ва канализацияни яхшилаш бўйича лойиҳалар амалга оширилади. Минтақалараро сув ўтказгич иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган.

Мамлакатимизда ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсатини амалга ошириш доирасида ҳудудлар аҳолисини ишончли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш ҳам энг муҳим вазифалар сирасига киради. 2013 йилда Талимаржон иссиқлик электр станциясидан «Сўғдиёна» ПСгача 215,8 километр узунликда 500 кВ юқори кучланишли электр узатиш линияси қурилади. Намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриладиган қишлоқ массивларида узунлиги 239,4 километр 0,4-10 кВ юқори кучланиш линияси қурилади ва 155 трансформаторли кичик станциялар ўрнатилади. Мамлакатимиз ҳудудларида узунлиги 1775,6 километр 0,4-10 кВ юқори кучланиш линияси ва 434 трансформаторли кичик станцияларни реконструкция қилиш, узунлиги 9312,3 километр шундай электр узатиш линияларини ҳамда 4753 кичик станцияни капитал таъмирлаш кўзда тутилган.

Давлат дастурида ҳудудлар аҳолисини газ билан таъминлашни яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланган. Бу борада 254 километр газ тақсимлаш тармоқлари қурилади ва «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси тасарруфидаги газ тақсимлаш тармоқларининг 280 километри капитал таъмирланади. Якка тартибдаги 353 қишлоқ ­массивларига узунлиги 393,65 ­ки­­­­ло­­­­­­м­е­т­­­р­­ли газ қувурларини ўтказиш кўзда тутилган.

Аҳолининг иссиқлик билан таъминланиш даражасини оширишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. 2013-2020 йилларда мамлакатимизнинг 28 йирик шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури тасдиқланган ҳамда бу борадаги ишлар бошлаб юборилган.

Жорий йилда 16 шаҳар ҳамда 67 туман марказларида коммунал дренаж тизимларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширлади, насос ускуналари модернизация қилинади, янги қудуқлар ишга туширилади ва улар тегишли равишда жиҳозланади.

Одамлар турмуш сифатини ошириш кўп жиҳатдан шаҳар ва қишлоқларда замонавий йўллар ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, автомобиль йўлларининг ўтказувчанлик имкониятини кенгайтириш, йўл қопламаси сифатини яхшилаш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан ҳам боғлиқ.

Давлат дастурига мувофиқ маҳаллий аҳамиятга эга умумий фойдаланиладиган 137,3 километр автомобиль йўллари капитал таъмирланади, 353 қишлоқ жойдаги намунавий уй-жой массивларига олиб борадиган 239,1 километр узунликдаги янги автойўллар қурилади. ­Самарқанд, Урганч, Фарғона ва Навоий шаҳарларида узунлиги 39,7 километр кўчаларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш режалаштирилган. Бундан ­таш­қари, Ўзбекистон миллий авто­магистрали таркибига кирадиган ­М-39 «Тошкент-Термиз» ва 4Р-87 «Ғузор-Чим-Кўкдала» автойўли реконструкция қилинади.

Жорий йилда транспорт инфратузилмаси ҳам янада ривожлантирилади. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 48, шу жумладан, қишлоқ жойларда 42 янги йўловчи ташиш йўналишларини очиш режалаштирилмоқда. Автобус парки ҳам янгиланади. 400 та «Исузу» ва 100 та «Мерседес» русумли автобуслар харид қилинади.

Йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш учун ўнта автовокзал ва тўртта автостанция ҳудудини ободонлаштириш кўзда тутилган. Жамоат транспорти тўхтайдиган бекатларнинг қиёфаси замонавий талабларга мос бўлиши учун улар капитал таъмирланади. Тошкентда қўшимча равишда 50 та махсус жиҳозланган йўналишсиз таксилар тўхташ жойларини барпо этиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ҳудудларда автомобилларга газ тўлдиргич 26 компрессор станциясининг қурилиши транспорт хизматини такомиллаштириш, ёқилғи нефть маҳсулотларини тежаш ва экологик вазиятни янада яхшилаш имконини беради. Бу ишлар Давлат дастурида режалаштирилган ҳамда энергия ва ресурс тежайдиган технологияларни жадал жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширишнинг муҳим қисмидир.

Масалан, жорий йилда бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини ошириш мақсадида «Навоий» эркин иқтисодий индустриал зонасида фотоэлектр панеллар, 10 минг дона замонавий, самарали иссиқлик ва сув иситиш қозонларини ишлаб чиқариш ташкил қилинади. «Ангрен» махсус индустриал зонасида эса энергия тежайдиган ёруғлик диодли лампалар ишлаб чиқарадиган қўшма корхонани ташкил этиш режалаштирилган.

Йилнинг асосий қисмини қуёшли кунлар ташкил этадиган мамлакатимизда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш катта истиқболга эга. Давлат дастурида Қорақалпоғистон Республикасининг 17 қишлоқ врачлик пункти ва битта туман марказий шифохонасини шундай қурилмалар билан таъминлаш кўзда тутилган.

Бугун мамлакатимизда барча соҳаларда энг илғор, шу жумладан, ахборот технологиялари қўлланилмоқда ва бу уларнинг жадал ривожланишига хизмат қилмоқда. Мисол учун, рақамли телевидениега босқичма-босқич ўтиш, Хоразм, Жиззах, Тошкент ва Фарғона вилоятларида ана шундай имкониятларни янада кенг рўёбга чиқариш режалаштирилган.

Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мамлакатимизда одамлар турмуш сифатини юксалтириш, янги иш ўринларини ташкил қилиш ҳисобидан уларнинг даромадини кўпайтиришга қаратилган барча зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича амалга оширилаётган улкан ишларнинг муҳим қисмидир. Шу мақсадда мамлакатимиз ҳудудларида чакана савдо ва умумий овқатланиш тармоқларини янада кенгайтириш кўзда тутилган. Аввало, қишлоқ жойларда бундай объектларни қуришга оид ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилади. Қишлоқ массивларида якка тартибдаги уй-жойлар қуришда бир пайтнинг ўзида «гузар» шаклидаги чакана савдо ва савдо-маиший комплекслар, шу­нинг­дек, бундай массив ва умуман, қишлоқларда 966 чакана савдо шохобчаси ҳамда 260 умумий овқатланиш корхонасини қуриш режалаштирилган. Жойларда замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган қолипли нон ишлаб чиқариш цехлари очилади. Чекка ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида яшовчи аҳоли учун кўчма автодўконлар ташкил этилади.

Озиқ-овқат товарлари, жумладан, йод танқислиги касалликларининг олдини олишга ёрдам берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгая­ди. Масалан, 2013 йилда Қорақалпоғистон Республикасидаги «Қўнғирот натрий сульфат» шуъба корхонасида йодланган ош тузи ва мамлакатимиз саноати учун зарур нат­рий сульфат ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Шундай қилиб, «Обод турмуш йили» Давлат дастурида Президентимиз раҳнамолигида изчиллик билан амалга оширилаётган ижтимоий йўналтирилган сиёсатнинг барча муҳим йўналишлари қамраб олинган. Мазкур дастурнинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизни жадал ривожлантириш асосини мус­таҳкамлаш, халқимиз ҳаёт сифати ҳамда даражаси, унинг фаровонлигини янада оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

ЎзА



DB query error.
Please try later.