02.03.2013

ОИЛАНИ, ЮРТНИ ОБОД ҚИЛИШ ҲАМ ИБОДАТ

Бугун дунёнинг кўп жойларида нотинчлик ҳолати ҳукм сураяпти. Бир томондан, жаҳон молиявий инқирози кўпгина мамлакатлар иқтисо­дини издан чиқариб, ишсизлик кўпайишига олиб келмоқда. Бошқа томон­дан, терроризм, ақидапарастлик ва турли «рангли инқи­лоб»лар тинчлик ва барқарорликка рахна солаётир. Ана шундай алғов-далғовли замонда мамлакатимизда тинчлик-осойишталик барқарор мустаҳкамланиб бор­моқда, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ўсиш суръатлари кузатилаяпти. Албатта, бунинг замирида халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти ва давла­тимизнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган оқилона сиёсати ётибди.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори ТУРСУНОВ билан суҳба­тимиз тинчлик, фаровонлик неъмати, ота-она бурчи ҳамда оила ва фарзанд тарбияси ҳақида бўлди.

— Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим. Тинчлик — энг улуғ неъмат. Буни англамоқ учун дунёда содир бўлаётган нотинчликларни, қанчадан-қан­ча одам унинг қурбонига айланаётгани, шаҳар ва қишлоқлар вайрон этилаётганини эслаш кифоя. Муҳтарам Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари бўлиб иш бошлаган биринчи кундан буён юрт тинчлиги, минтақа осойишталиги учун курашиб келмоқдалар. Чунки тинчлик бўлса, барака бўлади, бунёдкорлик, ободлик ва тараққиёт бўлади. Ислом дини моҳият эътибори билан тинчлик дини дегани. Мусулмонлар бир-бирига «Ассалому алайкум» дейди. Бу «сизга тинчлик тилайман» дегани.

Тўғри, ёвуз кучлар мўътабар динимиз номидан кўплаб қабиҳ ишларни қилиб, муқаддас динимизни обрўсизлантирмоқда. Исломда экстремизм йўқ, бировга озор бериш йўқ. Ислом дини инсонни гўзал хулқ ва маърифат билан яшашга ундайди. Расулуллоҳ: «Кимки бошқа диндагиларга озор берса, менга озор берган бўлади», дейдилар. Яна у зот айтганларки, бирон тансиқ таом тайёрласангиз, иккита ён қўш­нига беринг, уларнинг қўш­нилик ҳақи бор. Ёки рамазон ойида фитр садақа берилади. Уни бошқа динга мансуб бўлган кишига берса ҳам қабул бўлади. Динимиз ҳатто чумолига ҳам озор бермасликка чақиради. Бировга қўли, тили, ҳатто дили билан озор етказмаган киши чин мусулмон ҳисобланади.

— Террорчилар ва буз­ғунчилар тилида «жиҳод» сўзи кўп ишлатилади. Баъ­зан ўйланиб қоласан, наҳотки тинч аҳолини ўлдириш жиҳод бўлса? Ёки Ватанга ва ўзинг мансуб бўл­ган халққа қарши жиҳод қилиш мумкинми?

— Расулуллоҳ: «Энг улуғ жиҳод нафс билан курашиш», деб марҳамат қиладилар. Мўмин инсон, аввало, ўз нафси ва феълидаги ёмон иллатлар билан курашади.

Қуръони Карим таълимотига кўра, Ватанга душман бос­тириб келса, унинг ҳимояси йўлида жиҳод қилинади. Бу урушда ҳалок бўлган шаҳид кетади. Аммо она-Ватанга, ота-онасига, ўз халқига қўл кўтариш, киндик қони томган жойни вайрон қилиш, уни тараққиёт йўлидан қайтаришга уриниш жиҳод эмас. Халқ меҳнати билан бунёд этилган биноларни вайрон қилиш соғлом ақлга тўғри келадими? Бунинг нимаси жиҳод? Бориб турган жаҳолат бу!

Нафс урушни, уруш вайронкорликни келтириб чиқаради. Ўша «жиҳод» ёки «халифалик» деган хитоб билан ҳовлиқиб юрган кимсадан сўрасангиз, ҳатто бу сўзнинг маъносини ҳам билмайди. Мақсад-муддаосини изоҳлаб ва асослаб бера олмайди. Улар кимнингдир қутқусига учиб, кўпчиликка, энг аввало, ўзига катта зарар етказмоқда. Ҳадиси шарифда «Одамларнинг энг яхшиси — одамларга манфаати етадигани», дейилган. Айрим давлатларда бўлаётган воқеаларга бир назар солинг. Кун ботгач, одам­лар ҳатто кўчага чиқишга қўрқади. Уруш, вайронкорлик, нотинчлик мамлакатни ўн йиллаб орқага суриб ташлайди. Бегуноҳ одамлар қони тўкилади.

Мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталик туфайли қандай кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Хорижликлар юртимиздаги муҳташам биноларни, тезюрар поездларни кўриб, ҳайратга тушганига ўзим кўп бор гувоҳ бўлганман. Ёшларимиз илм-фан ва спорт борасида чақмоқдай чақнаб чиқиб, дунёни лол қолдирмоқда. Ислом университети, Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳазрати имом мажмуалари, қўйингки, юртимиздаги ҳар бир зиёратгоҳ ўзининг кўркамлиги, улуғворлиги билан кишининг ҳавасини келтиради. Ҳар йили бeш мингдан зиёд ватандошимиз Ҳаж зиёратини адо этмоқда. Булар тинчлик неъматидан, юртимиздаги фаровонлик ва хотиржамликдан, бунёдкорликдан нишона ҳисобланади.

— Хабарингиз бор, бугун «омма­вий маданият» деган бало-қазо терроризмдан кам хавф туғдираётгани йўқ. Енгил-елпиликни, ҳаё­сизлик ва носоғлом турмуш тарзини тарғиб қилув­чи бундай иллатларга қар­ши курашиш, ёшларимизни улар таъсиридан сақлаш учун нималарга эътибор қаратиш зарур, деб ўй­лайсиз?

— Ҳазрат Навоийнинг ижодини билган, Абдулла Қодирийни мутолаа қилган, Чўл­пон ва Фитратдан маърифат олган ёш авлод ҳар мақомга йўрғаламайди, бундай одам ҳақ йўлда собит бўлади. Ҳазрат Навоий ҳеч кимга озор бeрма, ҳар қанча қувватинг бўлса, яхшиликка сарф қил, дейдики, буни дилига жо қилган одам ёмонлик қилмайди.

Қадимдан халқимиз ота-онадан ибо қилишлик, уларга итоат этишлик, оилани ях­ши кўришликни фарзандлар онгига сингдириб келган. Ўт­ган йил Мустаҳкам оила йи­ли, деб аталиши, жорий йилнинг Обод турмуш йили, деб номланиши ҳам шу анъана яшаб келаётганини кўрсатади. Бу борада оила — тарбия бешиги. Болага қарамасангиз, у китоб ўқимаса, 24 соат компьютeрда ўйин ўй­наб ўтирса, кейин нима бўлиши мумкин? Яхши китоб — тарбиянинг энг кучли воситаси. У болага ота-она ва ўқи­тувчидан кам маърифат улаш­майди. Фарзандимизни китоб ўқишга одатлантиришимиз керак. Ҳаётнинг ҳар бир дақиқасидан оқилона фойдаланиб, вақтни беҳуда ўтказмасликни ўргатайлик. Ўғил-қизларимиз дунёда бў­лаётган ишлар ҳақида етарли тушунчага эга бўлсин, оламга холис кўз билан қарасин, мушоҳада юритсин.

Ана шунда у интернетга кириб, ахлоқсизлик, бузғунчилик, қўпорувчилик тарғиб этилган ишларни кўрса, шошиб қолмайди, унинг таъсирига тушмайди. Бу, қандай мақсадда интернетга солингани сабабини яхши билади. Унга етарли таълим ва тарбия кўрсатсак, қўлига сигарет, оғзига шароб олмайди.

«Оммавий маданият» динсизликдан бошқа нарса эмас. Европанинг баъзи давлатларида ҳозир бир жинсли никоҳни қонунлаштиришни талаб қилувчилар кўпайди. Бу ахлоқсизликнинг учига чиққан кўриниши эмасми? Очиқ айт­ганда, терроризм ҳам, дин но­мидан бузғунлик содир этиш ҳам, ахлоқсизлик ва «оммавий маданият» ҳам Худодан қайтганларнинг иши!

Давлатимиз раҳбари обод­лик кўнгилдан бошланади, дейди. Энг аввало, кўнгилни обод қилсак, қалбда Ватанга, халққа бўлган меҳрни чуқур жойласак, бузғунчи ғоя­лар бизга таъсир ўтказолмайди. Жорий йилни мам­лакатимизда «Обод турмуш йили» деб эълон қилинишининг ўзи кўнгилни обод қи­лишга, маърифат ва мада­ниятга интилишга ундайди.

Хориж телеканалларида кўп кўраман: ишсизлик, тўполон, намойиш, норозилик. Бизда, кўриб турибсиз, ёш­ларга иш ўринлари яратиш давлатимиз сиёсатининг негизига айланган. Ҳар йили минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Биргина 2012 йилда 967 мингдан ортиқ иш ўрни очилди.

Ҳаёт бешикдан бошланади, Ватан ҳам. Бешик — оила. Давлатимиз раҳбари айт­ганидек, оила мустаҳкам бўлса, жамият мустаҳкам бўлади, оила тинчлиги — жамият тинчлиги дегани. Оила обод­лиги — юрт ободлиги. Фарзандлар қандай одам бўлиб вояга етиши оилага боғлиқ. Ҳар бир киши ўз оиласи олдида масъул. Бу бизнинг Ватан олдидаги фарзандлик бурчимиз.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Бардамбек САЪДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.