28.02.2013

ТИББИЙ ХИЗМАТ СИФАТИ ОШИБ, АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

Истиқлолнинг дастлабки йилларидан аҳо­ли саломатлигини муҳофаза қилиш, барка­мол авлодни шакллантириш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларига айлан­ди. Президентимиз Ислом Каримов раҳна­молигида амалга оширилаётган кенг кўлам­ли ислоҳотлар доирасида яратилган соғлиқ­ни сақлашнинг ноёб миллий модели юксак самаралар бераётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.

«Обод турмуш йили» Давлат дастурининг учинчи бў­лимида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизими­ни янада ривожлантириш, жумладан, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, улар­ни замонавий ташхис қўйиш ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш, касалликларнинг олдини олиш, ил­ғор тиббиёт технологиялари ҳамда даволаш усулларини татбиқ этишни кенгайтириш, тиббиёт ходимлари меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар белгиланган.

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент педиатрия тиб­биёт институти клиникаси ва вилоятлардаги кўп тармоқли тиббиёт марказларини ре­конс­трукция қилиш режалаштирилган. Ушбу муассасаларда ўрнатилган янги асбоб-ускуналар негизида илғор ташхис қўйиш ва даволаш технологиялари жорий этилади. Бу эса болаларга жаҳон стандартла­рига мос юқо­ри технологик ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўр­сатиш имконини беради.

Маълумки, соғлом бола туғилиши ва унинг нормал ривожланишида оналар ва болаларнинг тўғри овқатланиши ғоят муҳим ўрин тута­ди. Шу мақсадда Ўзбекистонда микронутриент тан­қислигининг олдини олиш ва бартараф этиш, яъни истеъмол тузини йодлаш, ун­ни тўйинтириш, темир, фолий кислотаси ва А витаминини саплементация қи­лиш бўйича дастурлар амал­га оширилмоқда. Ҳар йили поливитамин комплекслари­ни харид қилиш учун бюджет маблағларини ажратишни кўзда тутадиган Давлат дас­турини амалга ошириш дои­расида 2013 йилда 400 минг нафардан зиёд ҳомиладор аёлнинг соғлиги мустаҳкамланади. Кўкрак сутини эмизиш амалиётини янада кенгайтириш, соғлом турмуш тар­зини тар­ғиб қилиш ва қа­рор топтириш чора-тадбирлари амалга оширилади.

Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом болалар туғилишига қаратилган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида жорий йилда туғиш ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмир қизларни «Соғломлаштириш ҳафталиклари»ни ҳар ойда ўтказишни давом эттириш кўз­да тутилмоқда. Ушбу тадбирлар давомида барча ҳудудлар, айниқса, чекка ва бориш қийин бўлган туманларда мамлакатимиздаги етакчи ихтисослаштирилган марказлар, илмий-текшириш институтлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртларининг юқори малакали мутахассислари ва профессорлари хотин-қизлар ҳамда болаларни даволайди ва маслаҳатлар беради. Ўзбекистонда туғма ва ирсий нуқсонларни эрта аниқлашга ёрдам бериш бўйича йўлга қўйилган аёллар ва чақа­лоқлар скрининг тизимини такомиллаштириш давом этти­рилади.

2013 йилда Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда «Соғлом она — соғлом бола» ва «Соғлом ёшлар» лойиҳалари амалга оширилади. Биринчи лойиҳанинг мақсади ўсмир қизларга тўғри овқатланиш, гигиена ва камқонликнинг олдини олиш соҳасида тиббий маълумотлар бериш, шунингдек, ҳомиладор ва туғиш ёшида­ги аёлларни репродуктив саломатлигини сақлаш, туғруққа тайёрланиш ва бир ёш­гача бўлган болани парваришлаш масалалари бўйича хабардор қилишдан иборат. «Соғлом ёш­лар» лойиҳаси эса ОИВ/ОИТС, гиёҳвандлик, жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар ва сил касаллигининг олдини олиш­га доир таълим услублари ҳам­да дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга йўналтирилган. 15 ёшдан 25 ёшгача бўл­ган ўғил-қизлар «Соғлом ёш­лар» ҳаракатига тренинг-се­минарлар, маслаҳатлар бериш ва ёшлар ижтимоий акцияларини, жумладан, «Биз — соғ­лом ҳаёт тарзи тарафдоримиз!» республика ижодий танловини ўтказиш орқали кенг жалб этилади.

«Ҳаёт учун!» ассоциацияси ва «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда мамлака­тимизнинг барча ҳудудларида хотин-қизлар ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар, шу жумладан, «Ҳаёт учун!» хайрия форум-марафонини ва бошқа ижтимоий акцияларни ўтказиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги ва Ев­ропа Иттифоқи/ЮНИСЕФнинг «Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизматларини такомиллаштириш. II-босқич» қўш­ма лойиҳаси, ЮНФПА, Глобал фонд, KfW банки каби халқ­аро ташкилотлар билан ҳамкорлик доирасида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида меҳнат қилаётган 18 минг нафар тиббиёт ходими ўз малакасини оширади. 2013 йилда тиббий ёрдам кўрсатишнинг барча бос­қичларида болаларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш бў­йича ЖССТ/ЮНИСЕФнинг замонавий технологиялари ҳам­да жаҳон стандартларини жорий этиш лойиҳалари ҳам ҳаёт­га татбиқ этилади. Буларнинг барчаси мамлакатимизда оналар ва чақалоқлар ўлимини яна­да камайтириш бўйича Минг­йиллик ривожланиш мақсад­ларига эришишга хизмат қи­лади.

Жорий йилда касалликларнинг 70 фоизидан ортиғини ташкил қиладиган инфекция билан боғлиқ бўлмаган сурункали хасталикларнинг олдини олишга қаратилган профилактика чора-тадбирларини кучайтириш соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришнинг яна бир муҳим йўналишидир. Биринчи навбатда, бу чора-тадбирлар юрак касалликла­ри, инсульт, саратон, сурункали респиратор хасталиклари ва диабетни келтириб чиқарадиган сабаблар — спиртли ичимликлар ҳамда тамаки маҳсулотларини истеъмол қи­лиш, кам ҳаракатланиш ҳаёт тарзи ва нотўғри овқатланишга қар­ши курашишга қаратилади.

Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини — амбулатория-поликлиника хизмати ва 3200 қишлоқ врачлик пунктларидан (ҚВП) таркиб топган тар­моқни мустаҳкамлашга, уларнинг фаолиятида профилак­тика ишлари устуворлигига ало­ҳида эътибор қаратилади. «Обод турмуш йили» Давлат дастурида аҳолига маслаҳат бериш ва ташхис қўйиш, профилактика ҳамда тиббий ёрдам кўр­сатиш бўйича ҚВПлар фао­лиятини янада такомиллаштиришга доир бир қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган. Мисол учун, «Саломатлик-3» лойи­ҳасини амалга ошириш доирасида ҚВП, оилавий поликлиникалар ва туман тиббиёт бирлашмаларининг 5100 нафар шифокори ва 12500 нафар ходимини сайёр курсларда ўқи­тиш режалаштирилган.

Мамлакатимиздаги энг яхши клиникалар мутахассислари иштирокида «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди» лойиҳасини амалга ошириш орқали энг чекка қишлоқ туманларида яшаётган аҳолини чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш режалаштирилган. Бу жараёнда 146 минг киши, шу жумладан, ёлғиз қариялар, ногиронлар ва пенсионерлар қам­раб олинади. Бундан ташқари, йил давомида ҳар бир ҳу­дудда 200 мингдан ортиқ киши оммавий равишда чуқур тиббий кўрикдан ўтказилади.

Шунингдек, дастурда аҳолининг юқори технологик ихтисослашган тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга доир чора-тадбирлар ҳам белгиланган. Масалан, 2012 йилда кардиожарроҳлик бўлими ташкил этилган В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази, кўз микрохирургияси ва урология марказида ўта мураккаб ва технологик даражадаги операцияларни ўтказиш кўлами янада кенгайтирилади. Ваҳоланки, бундай операциялар бугун ­дунёнинг ҳамма давлатлари­да ҳам амалга оширилаётга­ни йўқ.

Соҳа мутахассисларининг касбга оид билимларини янада оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Германия, Италия, Франция, Австрия, Корея Республика­си, Япония, Малайзия, Сингапур, АҚШ, Исроил ва бошқа мамлакатларнинг етакчи клиника ҳамда тиббиёт марказлари­да мутахассисларимизнинг тажриба ошириши ташкил этилади.

Ўзбекистонда санитария-эпидемиологик барқарорлик­ни таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётгани туфайли мустақиллик йилла­рида мамлакатимиз ҳудудига карантин қилинадиган ва ўта хавфли инфекциялар кириб келиши ҳамда тарқалишига йўл қўйилмади. Аҳолини, айниқса, болаларни эмлашга алоҳида эътибор берилмоқда. 2013 йилда Миллий эмлаш тақвимига мувофиқ 2,5 миллион болани профилактик эмлаш режалаштирилмоқда. Вакциналарни сотиб олиш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Атроф-муҳит гигиенаси бўйича миллий ҳаракат режасини, биринчи навбатда, экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларда амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Бундан ташқари, ичимлик суви ва очиқ сув ҳавзаларидаги сув сифатини мониторинг қилиш ҳамда уларнинг лаборатория назорати кучайтирилади, ичимлик суви сифатининг кимёвий ва микробиологик кўрсаткичлар бўйича санитария назорати тизими жорий этилади.

2013 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурида 143 тиббиёт объектини барпо этиш ва реконструкция қилиш, кунига 10145 кишини қабул қиладиган амбулатория-поликли­ника муассасаларини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Уларни ташхис қў­йиш ва даволаш бўйича жаҳон стандартларига мувофиқ жиҳозлаш ҳамда қайта жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда Инвестиция дастурига киритилган беш­та инвестиция лойиҳаси асосида умумий қиймати 40,5 миллион АҚШ долларига тенг тиббиёт асбоб-ускуналарини харид қилиш ва етказиб бериш режалаштирилган. Шу мақсадда хорижий шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган қатор лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқариш давом эттирилади.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳам аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишни такомиллаштиришда фаол иштирок этмоқда. Ушбу тизимда фаолият кўрсатаётган санатория муассасаларида жорий йилда минглаб фуқаролар — фермерлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида иш билан банд ходимлар, кам таъминланган оилалардан хотин-қизлар, ёш оналар, ёш оилалар ўз соғлигини мустаҳкамлайди. Бу муассасаларни замонавий тиб­биёт ускуналари билан жиҳозлаш ва уларда кўрсатилаётган соғломлаштириш хизматларини яхшилаш, айримларида эса капитал таъмирлаш ишларини бажариш чора-тадбирлари белгиланган.

Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ҳам алоҳида диққат марказида бўлади. Масалан, еттита болалар соғломлаштириш оромгоҳларида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилади, қўшимча 3200 га яқин ўринлар ташкил этилади.

Шундай қилиб, «Обод турмуш йили» Давлат дастури соғ­лиқни сақлаш миллий тизими ва унинг барча йўналишларини янада ривожлантиришга доир кенг кўламли чора-тадбирларни ўз ичига олган. Уларнинг амалга оширилиши эса аҳоли саломатлиги ва фаровонлигини, демак, мамлакатимиз равнақини таъминлаш Ўзбекистонда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлигининг яна бир ёрқин далилидир.

ЎзА



DB query error.
Please try later.