Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
28.02.2013

«ЎЗБЕК-ГЕРМАН АРХИТЕКТУРА ВА ҚУРИЛИШ МАРКАЗИ» ИШ БОШЛАДИ

Ҳукуматимиз ташаббуси билан 2011-2012 йилларда Ўзбекистон Республика­си ва Германия Федератив Республикаси ўртасида ҳамкорликни ривожланти­риш тадбири режаси ишлаб чиқилиб, унда архитектура-қурилиш соҳасида илғор хорижий стандартлар даражасида олий маълумотли, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда олий таълим соҳасида халқаро алоқаларни янада кенгайтириш ва ривожлантириш кўзда тутилган эди.

2011 йил Тошкент архитектура ва қурилиш институти ва Потсдам ихтисослаштирилган институти ўртасида «Бино ва иншоотларни сақлаш ва тарихий архитектура ёдгорликларини муҳофаза қилиш» мутахассислиги бўйича магис­трлар тайёрлаш «Ўзбек-герман архитектура ва қурилиш маркази»ни ташкил қилиш ҳа­қидаги ўзаро келишув меморандуми имзоланган эди.

2013 йил 18 февралда Тошкент архитектура ва қурилиш институтининг бош биносида ушбу Марказнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аристид Фенстер қатнашди ва нутқ сўзлади. Шунингдек, тадбирда Брандбург ерида жойлашган қатор олий таълим даргоҳларининг тегишли мутахассислари, юртимизда фаолият кўр­сатаётган немис фирмалари вакиллари ҳам иштирок этди.

Дилафрўз МирзараҲимова, Тошкент архитектура ва қурилиш институти магистри:

— Магистрлик илмий даражасини берадиган, қурилиш объекти ва тарихий ёдгорликларни сақлаш мутахассислиги бўйича ўзбек-немис ўқув курси намунавий лойиҳа ҳисобланиб, у Потсдам ихтисослашган институти ва Тошкент архитектура ва қурилиш институти ҳамкорлигида таъсис этилган. «Ўзбек-герман архитектура ва қурилиш маркази» Потсдам ва Тошкентда жойлашган.

Магистрлар ўқишга бир маротаба қабул қилиш асосида икки йил таҳсил олишади. Ўқишнинг бир семестри Германиядаги ҳамкор олий ўқув юртларида олиб борилади. Ўқиш тугаганидан сўнг ма­гистр­ларга Европа трансфер кредитли тизими (ЕКТС)га мувофиқ, Германия стандартларига асосан, Потсдам ихтисослашган институтининг Ўзбе­кис­тонда тан олинадиган магистр академик даражаси (M.Sc) берилади. Ушбу марказ очилиши, биз ёшлар учун катта имконият эканини алоҳида таъкидлашни истардим...

Айтиш керакки, ўқув жараёнини молиялаштириш «Фольк­сваген» фонди (Германия Федератив Республикаси) томонидан амалга оширилди. Марказнинг моддий-техник базаси эса Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан барпо этилди.

Ушбу ҳамкорлик Германия Федератив Республикаси тарафидан — Потсдам ихтисослашган институти, Веймар «Баухаус» университети, Дрезден техника университети ва Бамберг шаҳридаги Отто-Фридрих номли университети, Ўзбекистон Республикаси тарафидан — Тошкент архитектура ва қурилиш институти ва Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтида амалга оширилади.

Муҳими, ушбу Марказ МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари орасида ягона Ўзбекистонда очилди.

Свен ВАЛЛАШ, лойиҳа координатори, Потсдам ихтисослашган институти:

— Марказни ташкил ­этиш юза­­сидан биз томондан Бранд­­бург Таълим вазирлигининг қарори қабул қилинган. Бу ер­да магистрантлар Германия олий ўқув юртларида қабул қилинган ўқув режа ва дастурларга мувофиқ, модул тизими асосида бино ва иншоотларни сақлаш ва тарихий архитектура ёдгорликларини муҳофаза қилиш мутахассислиги бўйича ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурига мувофиқ равишда ўқити­лади.

Ниятимиз келгусида марказ фаолиятини доимийлаштириш, яъни икки йиллик ўқув курси билан чегараланиб қолмаслик ва махсус фанларга масалан, дизайнга, услубларга, ижтимоий фанларга эътиборни янада кучайтиришдир. Умуман, мазкур марказ Шарқ ва Ғарбнинг ривожланиш истиқболига муносиб ҳисса қўшади, деб умид қиламан.

Штеффен ЛАУЭ, профессор, замонавий қурилиш композициялари бўйича мутахассис, Потсдам ихтисослашган институти:

— Архитектура ёдгорликларини глобал ўзгаришлар жараёнида сақлаб қолиш, қайта тиклаш принциплари ва улар юзасидан қўлланмалар яратиш бугун долзарб масаладир. Бунинг учун биз архитектура қоришмалари тайёрланадиган хомашё материаллари таркибини пухта ўрганишимиз ва шу асосда уни янада «ёшартирувчи» замонавий компонентларни яратишимиз зарур. Бунинг учун эса ҳар икки томоннинг эришилган энг сўнгги натижалари асосидаги ҳамкорлик ўзининг ижобий самарасини беради, деб ўйлайман. Ёшларингизнинг ёниб турган кўзлари, ғайрат-шижоати эса бунга шубҳа қолдирмайди.

Томас ВИЛЛ, профессор, Дрезден техника университети:

— Дунёда аждодлардан авлодларга мерос қолдирилган жаҳон меъморчилигининг но­ёб, бетакрор намуналари кўп. Улар асрлар давомида бутун инсониятни ҳайратга солиб келмоқда. Демак, биз ҳам ўз навбатида келгуси авлодларга гўзал, эстетик ва тарихий меъморчилик санъати дурдоналарини қолдиришимиз, улар эса бу ишни муносиб тарзда давом эттиришлари зарур.

Диёрингизда гўзал ва бетакрор обидалар кўп экан. Бухоро қадимий салобати билан ўзига тортса, Самарқанд бетакрор жозибаси билан ҳая­жонга солади. Тошкент эса ҳайратланарли даражада гў­зал­лашиб кетибди. Бу ерда анъанавийлик услубидан оқи­лона фойдаланилиб, замонавийликка жуда нафислик билан ўтилган. Тарихийлик билан замонавийликнинг бир-бирига уйғунлашганини яққол кўрамиз. Бу галги ниятим қа­димий Хивани томоша қилиш. Қолаверса, юртингизда қурилиш материалларига асос бўлувчи хомашё таркиби жуда сифатли экан. Бу эса улардан замонавий қурилиш композицияларини яратишда қулайликлар туғдиради.

Абдуқобил ТЎЛАГАНОВ, лойиҳа ташкилотчиларидан, Тошкент архитектура ва қурилиш институти профессори, техника фанлари доктори:

— Мен илк бор Потсдамга борганимда, у ердаги музейлардан бирида соҳибқирон Амир Темурга махсус хона ажратилганини кўрганман. Веймар шаҳри яқинидаги Тюрингея еридаги музейда эса жаҳонга машҳур саркардалар қаторида Соҳибқирон бюстини кўриб қувонганман.

Маълумки, Европа тарақ­қиё­тида Германия ўзининг жадал ривожи, тарихий ва меъморий ёдгорликларга бойлиги билан алоҳида ўрин тутади. Шу маънода, немис ҳамкасбларимизнинг диёримиздаги бетакрор тарихий обидалар, уларга ҳамоҳанг тарзда барпо этилаётган бугунги замонавий меъморий ан­самбл­ларимизга бўлган катта қизиқиши албатта таҳсинга лойиқ. Бизда архитектура қоришмалари учун асосий хомашё ҳисобланган гипс, ганч, гилтупроқ, ўсимлик ишқорлари ва куллари каби материалларнинг катта захираси мавжуд. Қолаверса, уларни ишлаб чиқариш ўзимизда арзон ҳамдир.

Мазкур ўқув курсини ўташ жараёнида магистрантлар «Шаҳидлар хотираси майдони», Хоразм Маъмун академияси, ЮНЕСКО ваколатхоналарида амалий машғулотлар ўтказишади.

Марказ фаолиятининг ривожланиши нафақат иккала давлат ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлайди, балки Осиё билан Европа меъморчилик санъатини юқори босқичга кўтарилишига муносиб ҳисса қўшади...

Мавлуда ЮСУПОВА, профессор, меъморчилик фанлари доктори, Ўзбекис­тон Фанлар Академияси:

— Умуман меъморчилик асоси учта — жозибадорлик, белгиланган вазифа ҳамда мустаҳкамлик орқали намоён бўлади. Бутун дунёни ўзига жалб этаётган обидаларимизнинг сири, маҳобати ҳам шунда. Биз немис ҳамкасбларимиз билан соҳага оид жуда кўплаб масалалар юзасидан фикр алмашдик. Баҳс-мунозаралар ҳам бўлди.

Умуман азалдан Шарқ ва Ғарб ўртасида таълим интеграцияси — ривожланиш истиқболи бўлиб келган. Шу маънода, айтмоқчиманки, бундай марказнинг ташкил этилиши айни муддао. Бу бизни дунё билан янада ҳамнафас бўлиб яшаш ва ишлашга ундайди...

Обиддин МАҲМУДОВ



DB query error.
Please try later.