28.02.2013

ТАДБИРКОРЛИК ТАРТИБ-ҚОИДАСИ БАРЧАГА БАРОБАР

аммо айримлар қинғир йўллар билан пул топишга уринмоқда

Тадбиркорлик фаолиятига тобора кенг имконият ва қулайликлар яратил­моқда. Масалан, даромад солиғи 2005 йилда 15 фоиз, 2007 йилда 12 фоиз, 2008 йилда 10 фоиз бўлган бўлса, жорий йилдан 9 фоиз қилиб бел­гиланди. Демак, айни вақтда хўжалик юри­тувчи субъектлар даромад­ларидан етти йил аввалгига нисбатан 6 фоиз кам солиқ тўлашмоқда.

Президентимизнинг 2012 йил 25 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, аҳоли даромадлари ва харид қобилиятини ошириш мақсадида, 1 январдан бошлаб жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қуйи шкаласи бўйича солиқ ставкаси 9 фоиздан 8 фоизга туширилди.

Албатта, бу каби имтиёзлар берилиши тадбиркорлар фаолиятининг янада кенгайишига замин яратади. Аммо бундай имконият ва имтиёзларни суиистеъмол қилиб, чўнтагини қаппайтириш йўлида давлат олдидаги мажбуриятларини унутаётган тадбиркорлар ҳам учраб туради.

Қарши шаҳридаги «Насаф» кўчасида жойлашган «Ал-Исломбек» хусусий корхонасига қарашли умумий овқатланиш шохобчасида қисқа муддатли текшириш ўтказилганда хазинадаги 22 668,1 минг сўм савдо пули назорат касса машинаси (НКМ)га кирим қилинмаганлиги маълум бўлди ва 668 минг сўмлик 3 турдаги истеъмол муддати ўтган вино маҳсулотлари сотилаётгани аниқланди.

Ўтган йили Қашқадарё вилояти давлат солиқ органлари томонидан ноқонуний савдо фаолиятининг олдини олиш бўйича ўтказилган рейд тадбирларида 580 та ана шундай жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди.

— Вилоятда нақд пул маблағларининг банк кассаларига тушумини кўпайтириш, банкдан ташқари айланмаларни янада қисқартириш борасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилаётган текширувлар натижасида ўтган йили нақд пул тушимига эга бўлган 7233 та хўжалик субъектларидан банк кассаларига 972,4 миллиард сўм пул маблағлари жалб қилинди. Тушумлар 2011 йилга нисбатан 118,8 фоизга ўсди, — дейди Қашқадарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сирожиддин Эшматов.

Яккабоғ туманидаги Қасноқли қишлоғида жойлашган «Ҳайдаров Миржалол Зоирович» хусусий фирмасига қарашли савдо шохобчасида 2833,5 минг сўм назорат касса машинасига кирим қилинмасдан банк муассасасига топширилган. Шу билан бирга, дўконда алкоголь маҳсулотлари ва 12 турдаги товар сифат сертификатларисиз сотилган. Шунингдек, харидорларга тўлов терминали орқали пластик карточка билан савдо қилиш доимо рад этиб келинган.

НКМдан фойдаланмасдан савдони амалга ошириш, савдо ва хизмат кўрсатишдан тушган нақд пулни банк кассаларига топширмаслик, кирим қилинмаган товарларни сотиш ҳолатлари мавжуд. Ушбу қоидабузарликлар бўйича тўпланган материалларнинг 33 тасида жиноят аломатлари аниқланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган. 345 қоидабузарга нисбатан Давлат солиқ инспекциялари томонидан 47,4 миллион сўм маъмурий жарима қўлланилган. 109 та ҳужжат эса чора кўриш учун жойлардаги суд органларига юборилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 16 апрель кунидаги «Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, истеъмол бозорига сифатсиз, сертификатланмаган алкоголли маҳсулотларнинг кириб келиши ва сотилишига йўл қўймаслик, савдо ташкилотлари томонидан алкоголли маҳсулотларни чакана сотишнинг белгиланган талабларига  риоя қилиниши устидан ўтказилган назоратда 98 та ҳолатда қарор талаблари бузилиши аниқланиб, 6012,8 литр алкоголли маҳсулотлар далилий ашё сифатида олинган.

Қонун барчага баробар. Уни айланиб ўтаман, деганлар хато қилади. Ҳаёт синовларидан ўтган яна бир ҳақиқат бор. Ҳалол йўл билан топилган маблағнинг баракаси бўлади. Ноҳалоли буюрмайди.

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.