26.02.2013

МАМЛАКАТИМИЗНИ ДЕМОКРАТИК РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА

Обод турмуш тушунчаси азалдан, авва­лам­бор, тинчлик-осойишталик, фаровон­лик, қут-барака деган маънони англа­тади. Истиқлол йилларида бу тушунчалар янада чуқур маъно-мазмун билан бойиб, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, биз учун энг азиз ҳамда муқаддас бўлган қадрият­ларни асраб-авайлашни ҳам ўзида мужассам этмоқда.

2013 йил 14 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод турмуш йи­ли» Давлат дас­турини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қа­бул қи­линди.

Давлат дастурининг биринчи бўлимида мамлакатимизда барқарорлик ва осойишталик, хавфсизлик, фуқаролар ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамият фаровонлигини изчил юксалтириш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Уларни амалга ошириш учун миллий қо­нунчилигимизни янада такомиллаштириш бў­йича аниқ чора-тадбирлар бел­гиланган.

Бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ор­ган­ла­ри ролини ошириш, фуқаролик институтлари­ни янада ривожлантириш, давлат ва жамият ишларини бошқаришда фуқароларнинг иштирокига доир конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш, оила инс­титутини мустаҳкамлаш, мам­лакатимизда бутун жамият ишига айланиши лозим бўлган экологик аҳ­волни янада ях­шилашга қаратилган саккизта қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш назарда тутилган.

Давлат дастурини амалга ошириш доирасида қа­бул қилиниши режалаштирилган аксарият қонунлар лойиҳа­лари Президентимиз Ислом Каримов томонидан Мамла­катимизда де­мократик ислоҳотларни яна­да чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган.

Янги таҳрирдаги «Фуқаро­ларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида» ва «Фуқаролар йиғини раи­си (оқсоқоли) ва унинг мас­лаҳатчилари сайлови тўғ­рисида», «Ўзбекистон Республикасида жа­моатчилик назорати тўғрисида» ҳам­да «Ижтимоий шериклик тўғ­рисида»ги қонун лойиҳа­лари шулар жумласидандир.

Халқимизга хос яшаш тарзи — маҳалла каби фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизимини мустаҳкамлаш, ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга мамлакатимизда истиқлол йилларида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқи­миз маънавиятини, унинг миллий ўзлигини англаш туйғу­сини юксалтириш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жамиятимиз олдида турган ижтимоий-иқтисодий вазифаларни амалга оширишда маҳалланинг роли ҳамда ўрни беқиёсдир.

Давлат дастурида кўзда тутилган янги таҳрирдаги «Фуқа­роларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қо­нун лойиҳаси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш орган­лари фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, маҳаллани аҳолини манзилли ижтимоий қўл­лаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, шунингдек, давлат бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тизимида унинг функцияла­рини янада кенгайтиришга қа­ратилган.

Шу мақсадда лойиҳада фуқаролар йиғинларининг бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари билан ҳамкорликда кам таъминланган оилалар, ижтимоий ёрдамга муҳтож ёл­ғиз қариялар, пенсионер ҳам­да ногиронларни аниқлаш, тад­биркорлик фаолиятини йўлга қўйишни истаган шахсларни ўқитиш бўйича маслаҳат марказларини ташкил этишга доир ваколатларини кенгайтириш масалалари батафсил тартибга солинган.

«Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги қонун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унга бундай сайловлар тизимини янада такомиллаштириш ҳамда демократлаштиришга йўналтирилган қатор муҳим нормаларни киритиш таклиф этилмоқда. Ҳужжатда фуқаролар йиғини раислари ҳамда маслаҳатчилари номзодини кўрсатиш ва сайлаш масалалари батафсил белгиланади.

Буларнинг барчаси, шубҳасиз, ҳаётимизда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ролини янада ошириш, фуқароларнинг сиёсий ҳамда ижтимоий фаоллигини юксалтириш, маҳалла ва умуман, мамлакатимизда рўй бераётган барча воқеаларга дахлдорлик туйғуси билан яшашига кўмаклашади.

Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш жараё­нида давлатнинг айрим вазифалари, шу жумладан, назорат функциялари жамоат ҳам­да нодавлат ташкилотларга босқичма-босқич берилмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси­да жамоатчилик назорати тўғ­рисида»ги қонуннинг қабул қи­линиши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг иж­ро этилиши устидан жамоатчилик, фуқаролик институтлари назоратини амалга оширишнинг тизимли ва самарали ҳуқуқий механизмини яратишга хизмат қилади. Унда жамоатчилик назоратининг турлари, шакллари ва субъектлари, предмети, шунингдек, уни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари, жамотчилик назоратини амалга ошириш асослари, унинг субъектлари, давлат органлари мансабдор шахслари ва бошқа хизмат­чиларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари белгиланади.

Буларнинг барчаси давлат ва жамият ўртасидаги муноса­батларни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қилишдаги иштирокини, давлат органлари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш, бел­гиланган вазифалар ижроси бўйича уларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб масалаларини ҳал қилиш, тегишли давлат дастурларини амалга ошириш мақсадида «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш кўзда тутилмоқда. Унда фуқаролик жамия­ти институтларининг давлат ор­ганлари билан ўзаро ҳамкорлик принциплари, шакллари ва йўналишлари, аҳоли банд­лиги­ни таъминлаш, соғлиқни сақлаш, илм-фан, таълим, ахборотлаштириш, спорт ва маданиятни, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшларга оид сиёсатни ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий турмуш шароитларини яхшилаш, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларида фуқаролик жамияти институтларининг иштирок этиш механизмлари очиб берилади.

Бундай янгича ёндашув мамлакатимиз тараққиётини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг масъулия­тини янада оширади. Қонун лойиҳасида таклиф этилаётган ижтимоий шерикликда тадбиркорлик субъектларининг иштирок этиш механизми бизнеснинг ижтимоий масъулиятини оширишга хизмат қилади. Уш­бу қонуннинг қабул қилиниши жойларда ва умуман, бутун мамлакатимиз бўйлаб ривожланишга оид вазифаларни амалга ошириш учун жамият ресурсларини сафарбар этиш имконини беради. Уларнинг аниқ йўналтирилгани ва самарадорлигини, шунингдек, қа­бул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш борасида ян­ги имкониятлар очади.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролар мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу соҳада тўқсондан ортиқ бошқа қонунлар ва икки юзта қонуности ҳужжатларидан иборат самарали қонунчилик базаси шакллантирилган. Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқлари тегишли қонун билан мустаҳкамланган бўлиб, мазкур ҳужжат ушбу мурожаатларнинг давлат ор­ганлари томонидан кўриб чиқиш тартибини ҳам белгилайди. Шу билан бирга, айни пайт­гача юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида алоҳида қонуннинг йўқлиги уларни кўриб чиқишда турли ёндашувларга сабаб бўлмоқда.

Бу борада Давлат дастурида кўзда тутилган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун ло­йиҳаси долзарб аҳамият касб этади. Унда бундай муро­жаат­лар, чунончи, юридик шахслар мурожаатлари билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳу­қуқий тартибга солишга салбий таъсир кўрсатаётган зиддиятларни бартараф этиш ҳамда ушбу соҳада тегишли жавобгарликни белгилашга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларини битирган ҳамда давлат грантлари асосида ўқиган ёшларнинг ишга жойлашишида қў­шимча кафолатлар яратиш, шу­нингдек, ходимларнинг ҳуқуқ­ларини самарали ҳимоя қилиш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш белгиланган. Унда ишга жойлаштириш жараёнига тижорат ташкилотларини ҳам жалб этиш кўзда тутилмоқда. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши ходимлар ва иш берувчилар ҳуқуқлари ҳам­да қонуний манфаатларини ҳи­моялашга хизмат қилади.

Ўзбекистонда оила инсти­тутини мустаҳкамлашга ало­ҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Оила ко­дексига оила институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қа­бул қилинади. Айни пайтда уш­бу ҳужжат Олий Мажлис Қонун­чилик палатасида муҳокама этилмоқда.

Судларда ишлар ҳар томонлама кўриб чиқилиши ва бундай масалаларни ҳал этиш учун ҳуқуқий билим зарурлиги муҳим аҳамият касб этиши инобатга олинган ҳолда, фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатларини судларга бериш таклиф этилмоқда.

Таклиф этилаётган янгилик болалар ва фарзандликка олув­чилар ҳуқуқларини судда ҳи­моя қилиш, фарзандликка олиш сир сақланишига риоя этиш ва ушбу соҳадаги қонунчилик бузилишларининг олдини олишга хизмат қилади.

Айни пайтда экология муаммолари глобал хусусият касб эт­моқда. Мамлакатимизда бун­дай масалалар давлат даражасида ҳал қилинмоқда. Бу бо­рада «Экологик назорат тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши муҳим қадам бўлади. Ушбу ҳужжат экологик назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш, шунингдек, табиатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назоратнинг ҳуқуқий механизмларини та­комиллаштириш соҳасида жамоатчилик муносабатларини тартибга солади. Қонунда экологик назоратнинг 4 тури — давлат, идоравий, ишлаб чиқариш ва жамоат экологик назорати белгиланган. Бунда илк бор нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш орган­лари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини жамоатчилик экологик назо­ратининг субъектлари сифа­тида белгилаш таклиф этилмоқда.

Мухтасар айтганда, «Обод турмуш йили» Давлат дастури­да кўзда тутилган миллий қо­нунчилигимизни такомиллаштириш Президентимиз раҳнамолигида барча соҳаларда инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.

ЎзА



DB query error.
Please try later.