26.02.2013

МЕҲНАТ ҚИЛИШ ИСТАГИ

оила, жамият равнақига ҳисса қўшишга интилишдир

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ АҲОЛИНИНГ ЭҲТИЁЖМАНД ҚАТЛАМИНИ МАНЗИЛЛИ ИЖТИМОИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ, ХОТИН-ҚИЗЛАР ВА ЁШЛАР, АЙНИҚСА, КАСБ-ҲУНАР КОЛЛЕЖЛАРИ БИТИРУВЧИЛАРИНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ УЧУН КУРАШАДИ.

Бу йил у коллежни битиради. Хўш, кейин нима бўлади? Омади чопса, олий ўқув юртига ўқишга кирар. Лекин ундай бўлмаса-чи? Оиласига қандай ёрдам беради? У ўз келажагини қандай тасаввур қилади?

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Туризм ва сервис касб-ҳунар коллежи битирувчиси Шаҳзод Эргашев бошқа кўплаб тенгдошлари каби бу саволларга ҳозирданоқ жавоб топиб қўйган экан. У коллежда ўр­ганган билимига суяниб, ўзи истиқомат қиладиган Сойлиқ қиш­лоғида автомобилларга хизмат кўрсатиш бўйича ўз иши­ни очмоқчи. Ишлари ях­ши бў­лишига ишончи комил. Устозлари, масъул идоралар, аҳоли бандлигини таъминлаш, битирувчиларни мутахас­сислигига асосан ишга жойлаштиришга алоҳида эъти­бор бераётган ЎзХДП фаоллари, депутатлар уни ва тенгдошларини қўллаб-қувватлаяпти.

ЎзХДП Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик па­латасидаги фракцияси, Тош­кент вилоят партия ташкило­ти, Марказий Банк ҳамкорлигида Бўстонлиқ туманида «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» мавзусида ўтказилган амалий семинарда ҳам ёшлар бандлиги, кол­леж битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жой­лаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур семинарда ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий банк, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзолари, партия­нинг шаҳар ва туман кенгашлари раислари, вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси, Солиқ бошқармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими мутахассислари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва маслаҳатчилари, партия фаоллари, электорат вакиллари ҳамда ёшлар қатнашди.

Тадбирда аҳоли ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, турмуш фаровонлигини юксалтириш, ижтимоий исло­ҳот­ларнинг янада самарали бў­лиши йўлида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, меҳнат қилиш, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик билан шуғулланиш кафолатлари ва имтиёзлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Партиямиз ҳамкор ташкилотлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан бирга аҳо­ли, айниқса, хотин-қизлар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, ўз ишини бошлашга оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсади­да қатор лойиҳаларни амалга ошириб келаяпти, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева.Биз бунда, аввало, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган ҳаётий ғояларга асосланиб иш тутаяпмиз. Мақ­садимиз — меҳнат қилиш имконига эга ҳар бир фуқаро кучи ва салоҳиятини оиласи фаровонлиги ва жамият равнақига сарфласин. Биз бу борада аҳоли, хусусан, элек­торат вакиллари, таълим муассасалари битирувчилари­ни қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам беришга доим тайёрмиз.

Шунинг учун ҳамкорлик­даги тадбирларимизни кенг қамровли ўтказишга эътибор бериб келаяпмиз. Тадбир доирасида ташкил этилган тижорат банкларининг микромолиявий хизматлари бўйича кўргазмаси, ҳудудий ишлаб чиқарувчилар, оилавий тадбиркорлар ва ҳунармандларнинг маҳсулотлари намойиши шу мақсадга қаратилади.

Амалий семинарда аҳолини иш билан таъминлаш, меҳ­нат ҳуқуқи кафолатларини мус­таҳкамлаш бўйича қонунчиликка киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, маҳалла фуқаролар йиғинлари, яъни, ўзини ўзи бошқариш органлари имкониятлари ҳамда ваколатларини кенгайтириш бо­расида тегишли қонунчиликка киритилаётган янгиликлар ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Шуҳрат Турсунбоев ва Ҳафиза Каримова маълумот берди. Мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисидаги электорат вакиллари саволларига жавоб қайтарди.

«Ўзбекистон Республикаси­нинг Меҳнат кодексига ўз­гартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ва «Аҳо­лини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қў­шимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойи­ҳалари юзасидан аҳоли вакиллари билан фикр алмашилди. Қонун лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича фикр-мулоҳазалар тингланиб, бу борада таклифлар олинди.

Тошкент вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Сайёра Файзиева аёллар бандлигини таъминлаш бўйича вилоятда амалга оширилаётган ишлар, қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган хотин-қизларни касаначиликка жалб этиш имкониятлари ва улардан самарали фойдаланиш, бу борадаги долзарб вазифалар ҳа­қида тўхталиб ўтди.

Бугун аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини кўз­лаб қилинаётган ҳар бир ҳаракат, ҳар бир лойиҳа ўз самарасини бериши керак, — деб фикрини давом эттирди у. — Менимча, ЎзХДПда тизимли ўтказиб келинаёт­ган «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси доирасида норасмий секторда меҳнат қилаётган фуқаролар меҳнатини қонунийлаштиришга эътиборни кучайтириш керак. Бу аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий муҳофазасини кучайтириш имкониятларини кенгайтиради, шу билан бирга, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқи муҳофазаси қонун ҳимоясига олинишига шароит яратади.

Жорий йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига мувофиқ вилоятда хотин-қизлар учун 45 мингдан зиёд иш ўрни очилиши кўзда тутилган. Эътиборли жиҳати, мазкур иш ўринларига вақтинча ишсиз, уйда ўтирган аёллар, коллежларни тамомлаган қизлар жойлашиши режалаштирилган. Шунинг учун барча туманларда ЎзХДП ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари дастурда кўрсатилган иш ўринларининг ўз вақтида очилиши бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириши, бу борадаги ҳамкорликнинг са­марадорлигини ошириши зарур, деб ўйлайман.

ЎзХДП Тошкент вилоят кен­гаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Сирожиддин Аъзамов ижтимоий-иқтисодий вазифаларни бажариш, жумладан, коллеж битирувчилари ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни яна­да самарали ташкил этиш, шу орқали партия электорати манфаатларини таъминлаш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Туманимизда 160 мингга яқин аҳоли истиқомат қи­лади, — дейди ЎзХДП Бўс­тонлиқ туман кенгаши раиси Олимжон Бобоев. — Шундан қарийб 64 мингги хотин-қизлар. Ўтган йили янги иш ўрин­лари яратиш режаси тў­лиқ бажарилди. Туманда 1503 нафар ёшлар касб-ҳунар коллежларини тамомлаб, уларнинг 1367 нафари ўз иш ўр­нига эга бўлди. Касаначиликни йўлга қўйиш орқали эса 430 та янги иш ўрни яратилди. Бу жараёнда туман Кенгашидаги партиямиз депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам муносиб иштирок этди. Амалий семинарда мавжуд имкониятлардан янада тўлароқ фойдаланиш, манфаатдор ташкилотлар билан ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш бў­йича ўзимизга тегишли хулосалар чиқариб олдик.

Семинар якунида партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари томонидан вилоятда оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш орқали аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, бу борада мутасадди идо­ра-ташкилотлар билан ҳам­корликни тизимли йўлга қў­йиш, таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назоратини таш­кил этиш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир доирасида электорат вакилларининг партия фаоллари ва депутатлар кўмагида ишлаб чиқилган касаначиликни, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш билан боғлиқ лойиҳаларини молиялаштириш бўйича тижорат банкларининг сертификатлари топширилди. Мазкур сертификатларни бизнес лойиҳалари истиқболли деб топилган касб-ҳунар коллежларининг 14 нафар битирувчиси, 10 нафар маҳаллий хотин-қизлар қўлга киритди.

Улар орасида ўз мустақил ишини очиб, кўпчиликка хизмат қилиш, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш ния­тида юрган Шаҳзод Эргашев ҳам бор.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.