Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
26.02.2013

ХОРАЗМ: ЯНГИЛАНИШ, ЯШАРИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ ДАВРИ

Бугун хоразмликнинг суҳбат мавзуси бир хил: «Янги завод қачон ишга тушади, фабрика қурилиши битдими, авто­мобиль ишлаб чиқарадиган завод ҳам қурилар­миш, шу ростми?...» Дарҳақиқат, вилоят улкан қурилиш майдонига айлан­дики, бу одамлар диққат-эътиборини тортмоқда, уларнинг кайфиятини кўтариб, ҳаяжонга солмоқда.

Ўтган йили Президентимизнинг Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган иккита муҳим қарори эълон қилинди. Жумладан, «2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш дас­тури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ вилоятда жами 253 та лойиҳа бўйича 462 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция маблағларини жалб қилиш, 8870 та янги иш ўрнини очиш мўлжалланган.

Шунингдек, «Урганч шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, ободонлаштириш ишларини ва Хоразм вилояти аҳолисининг ичимлик суви таъминотини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан эса 2013-2020 йиллар ичида жами 1 триллион 619,7 миллиард сўм ҳажмидаги ло­йиҳаларни амалга ошириш кўз­да тутилди.

— Питнак шаҳрида жойлашган автосаноат корхонаси яқин бир йил ичида давлатимиз томонидан ажратилган 49 мил­лион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ эвазига тўла реконструкция қилинади, — дейди «Хоразм автомобиль ишлаб чиқариш бирлаш­­­ма­си» МЧЖ директори Мурод ­Иброҳимов. — Корхонада йилига 40 мингта замонавий «Дамас» автомашиналари ишлаб чиқариш имконини берувчи янги технологик жараёнлар ўзлаштирилади. 800 киши учун иш ўринлари очилади. Бу соҳадаги амалий ишлар аллақачон бошлаб юборилди. Машиналар учун эҳтиёт қисм­лар ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади.

— Юртбошимизнинг вилоят саноат салоҳиятини юксалтиришга доир қарори асосида 3 йил ичида воҳанинг деярли барча шаҳар ва қишлоқларида улкан ҳажмли бунёдкорлик ишлари амалга оширилади, — дейди вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Рўзимбой Қурбонов. — Жумладан, 2013 йили жалб этиладиган инвестиция маблағлари эвазига 2772 та, келгуси йили ўзлаштирилиши кўзда тутилаётган маблағлар ҳисобига 4328 та ва якунловчи 2015 йил учун мўлжалланган лойиҳага кўра, 1170 та янги иш ўрни очилади. Ёшлар ва хотин-қизлар учун иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Биргина енгил саноат тизимида аёллар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидан иборат 3500 ки­ши иш билан қамраб олинади.

— Ал-Хоразмий кўчасида қурилган эски ва яроқсиз бино ҳамда иншоотлар бузилиб, ҳукуматимизнинг тегишли қа­рорига биноан, атиги бир йил ичида бутун бошли янги шоҳ кўча барпо этилди, — дейди Урганч шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Одилбек Сафоев. — Бундай бунёдкорликлар ҳозирда ви­лоят марказининг барча кўча ва майдонларини, маҳаллаларни қамраб олган.

Бугун Урганч шаҳрини таниб бўлмайди. Урганч аэропорти ва темир йўл вокзали — шаҳарнинг қўша дарвозаси. Шаҳарга қадам қўйган киши унинг бор гўзаллиги ва маҳобатини ана шу икки рамзий дарвоза орқали илк қадамларданоқ ҳис қилади. Шаҳарни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга қа­ратилган ишлар ҳозирги кунда темир йўл шоҳбекати атрофларида, айниқса, қизғин давом этаяпти. Шаҳар бош меъморий режасига кўра, мукаммал таъмирлаш ва реконструкциялашдан сўнг ғоятда гўзал ва муҳташам кошона қиёфасига кирган мазкур шоҳбекат ва вокзал олди майдонига ёндош «Ёшлик» кўчаси бутунлай қайта қурилади. Кўча бўйидаги маҳаллалар ҳудудида йирик автошоҳбекат, ёпиқ спорт манежи ва бир неч­та мусобақа зали, сузиш ҳавзаси, салобатли ва маҳобатли ўйингоҳ каби иншоотлардан иборат кўркам спорт шаҳарчаси, кўп қаватли турар-жой бинолари, умумтаълим мактаби, касб-ҳунар коллежи мажмуалари, маъмурий бинолар барпо этилади.

Шаҳарнинг бошқа ҳудудлари ҳам улкан қурилиш майдонига айланади. 11 километр узунликда троллейбуслар қатновига мўлжалланган шаҳар кичик ҳалқа йўли қурилади. Шаҳарни бошдан-оёқ кесиб ўтувчи ­«Шовот» каналини бетонлаштириш ва ободонлаштириш дас­тури доирасида унинг ҳар иккала соҳили бўйлаб энг кўркам ва замонавий ландшафт дизайни асосида кўкаламзор боғлар, ҳордиқ ва жисмоний машқ масканлари, равон йўлкалар, майдонлар, хиёбонлар, сайёҳларга мўлжалланган меҳмонхона ва ресторанлар бунёд қилинади. Шунингдек, замонавий мактаблар, ўқув юртлари, шифохона мажмуаларини қуриш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари жадал тус олади. Хоразмий шоҳ кўчасида 3 та меҳмонхона, 6 та кўп қаватли турар-жой биноси қурилиши якунланади. Марказий деҳ­қон ва «Чолиш» бозорлари, троллейбус парки, «Жайҳун» меҳмонхона мажмуаси тўла қайта таъмирланади.

— Биргина бизнинг маҳалламиз ҳудудида замонавий услубдаги 3 та меҳмонхона, 8 та савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуа­лари, тўйхона, ҳамма қулайликларга эга кенг ва ёруғ турар жойлардан иборат 14 та кўркам бино қад ростлади, — дейди шаҳардаги 5-сон маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ХДП аъзоси Раҳимберган Матрасулов. — Бундай хайрли ишлар шаҳримиз ва вилоятимизнинг саноат салоҳиятини оширишдаги янада кенг миқёсли дастур ва тадбирларга уланмоқда. Шунингдек, ушбу қарор айни пайт­да аҳоли учун етарлича ва юқори ҳақ тўланадаган иш ўринлари очиш мақсадини кўзлайди. Бу эса аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни бош мақсади қилиб белгилаган Ўзбекистон Халқ демократик партия­си дастурига тўла мос келади. Кейинги 3 ой ичида маҳалламизнинг 70 дан зиёд фуқароси иш билан таъминланган бўлса, жорий йилда яна минг нафарга яқин киши ишли бўлади.

Хоразмнинг ҳар бир туман ва қишлоқларида қарорга биноан, янги иш ўринлари яратилади. Биргина мисол. Шу пайтгача воҳанинг чекка ва саноат жиҳатидан қолоқ ҳисоблаб келинган Янгиариқ туманида полимер ва йирик ўлчамли трубалар, биогаз ускуналар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Қўшкўпир туманида эса йилига 50 миллион дона силикат ғишти ишлаб чиқарадиган замонавий корхона ишга туширилади, паст ва юқори қувватли электр ускуналарни ишлаб чиқариш технологияси ўзлаштирилади. Шовот туманида маҳаллий бўён ўсимлиги хомашёсидан ғоятда шифобахш ва ноёб дори воситасини тайёрловчи фармацевтика корхонаси қу­рилади. Шунингдек, воҳада биринчи бор енгил автомашиналар, велосипед, телевизор, монитор, музлатгич, қуёш батареялари, кўмир брикети ишлаб чиқарилади.

 2013 йил воҳага салмоқли ва ҳаётбахш ўсиш-ўзгариш, янгиланишлар нафасини бошлаб келди. Бу эса кўнгилларни, шаҳару қишлоқларни янада обод этади. Хоразм воҳасини яшнатиб, яшартиради. Иқтисодий қувватини ошириб, аҳоли турмушини фаровон қилади...

Абдулла Собиров, журналист


DB query error.
Please try later.