26.02.2013

КОМПЬЮТЕРДАН ФОЙДАЛАНИШ МАДАНИЯТИ

меъёрлари, интернет-кафе ва интернет-клубларга қўйиладиган талаблар хусусида

Бугун деярли ҳар бир хонадон компьютерга эга. У одамларнинг ҳақиқий дастёрига айланган — ёзув-чизув, ҳисоб-китоб, дунёдаги воқеа-ҳодисалардан ха­бар­­­дор бўлиш, яқинларимиз билан мулоқот, хат-хабар, ҳаммаси унинг ёрдами билан амалга оширилаяпти. Фар­зандларимиз учун эса ҳақиқий мўъжиза: мультик ҳам, ўйинлар ҳам, қўшиғу клиплар ҳам шу кичкина «қути» ичида.

Шу боисданми, компьютерни катталардан кўра, оиланинг кичиклари кўпроқ банд қилади. Компьютер марказларининг асосий мижозлари ҳам ёшлар, ўсмирлар ва болалар. Бундай марказлар «товар»ларини ёшларбоп қилишга уринади, пештахталар юзидаги «компьютер ўйинлари» ёзуви каттароқ ва кўринарлироқ ёзилади. Чунки мижозлар кўпроқ ўйинлар ўйнайди, овуниш учун бу ерга келади.

Фарзандларимиз компьютердан қандай, қанақа мақсадда фойдаланаётганини билиш бизни ҳар доим ҳам қизиқтиравермайди. Экран олдида қанча вақт, қандай узоқликда, қаерда ва қанақа шароитда ўтиргани ҳам бизни ташвишга солмайди. Бундай лоқайдликлар қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ҳам чуқурроқ ўйлаб кўрмаймиз.

— Компьютердан 45 дақиқа фойдалангач, 10-15 дақиқа очиқ ҳавода сайр қилиш тавсия этилади, — дейди Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича бош шифокор муовини Ирода ЖОМОЛИДДИНОВА. — Чунки ундаги микротесл магнити ошиб бораверади, натижада монитор ва тармоқ блокидаги электромагнит тўлқини инсон организмига, айниқса болаларга кучли таъсир ўтказиб, унда лейкемия (оқ қон) касаллигини ҳосил қилади. Компьютер олдида 50-60 см оралиқ масофада бўлиш лозим, негаки, экранидаги ранг­ли тасвирлар, матндаги тўлқинланишлар кўз нурининг хиралашишига, қадни ростламасдан бир маромда мунтазам ўтириш эса умурт­қа поғонаси касаллиги — катталарда остеохондрозга, болаларда сколиоз (умуртқа суягининг қийшайиши)га олиб келади. Суякларни ўраб турувчи мушаклар фаоллиги ҳам бора-бора суст­лашади. Меъёридан ортиқ компьютердан фойдаланиш бош оғриғи, ҳолсизланиш, уйқусизлик ва асабийлашишга сабаб бўлади.

Дарҳақиқат, Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан компьютер техникаси фойдаланувчилари учун гигиеник талаблар ишлаб чиқилган. Унда компью­тердан фойдаланиш қоидаларидан тортиб, интернет кафелар, компьютер хизмати кўрсатувчи марказлар, корхона ва ташкилотларга бу борада қўйиладиган талабларгача баён қилинган.

— Компьютер хизмати марказлари, интернет хоналар кенг, шовқинсиз, ишлаб чиқарувчи корхона ва ташкилотлар ҳамда мактаблардан узоқ жойларда бў­лиш керак, — дейди Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази санитария врачи Рауф ҚОСИМОВ. — Белгиланган меъёрда майдон сатҳи 27 кв.м, баландлиги эса 2,8-3 м бўлган хонада олтита компьютер жиҳозлари ўрнатилиши ва уларнинг ораси 1,25-1,50 см да бўлиши керак. Пол қисми тахта (паркет) ёки ленолеум билан қопланган ва компьютер симлари пастдан юқорига 30 см баландликда қўйилиши, ҳавони тез-тез ўзгартириб, ҳарорат 18 даражада сақланиши зарур. Шундагина хонада электромагнит меъёри камаяди ва инсон кучли зарарлардан холи бўлади.

Ёруғ, кўп деразали хоналарда компью­тердан фойдаланилса, инсоннинг руҳий толиқиши камаяди. Ертўлалардаги компьютер хоналарда эса электромагнит тўлқини ва намлик кучли бўлади, Уларда ҳавони ўзгартириб бўлмайди. Электр тармоғи ишлаган жойда ҳаво мунтазам алмаштириб турилиши лозим.

Айни кунда республикамизда 1063 та компьютер хизмат марказлари (интернет кафе, клуб) фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳаммаси ҳам юқоридаги талабларга мос равишда ишлаяпти, деб бўлмайди. Ертўлаларда, тор ва қоронғи хоналарда фаолият юритаётган интернет кафелар, клублар, марказлар бор. Уларда «Чекиш, овқатланиш мумкин эмас» ёки «Шовқин кўтарманг!» каби огоҳлантирувчи эълонлар илиб қўйилган. Табиийки, мижоз, албатта, унга риоя қилади. Буларга қўшимча равишда «Ярим соатдан сўнг 15-20 дақиқа танаффус қилишни унутманг!», «Компьютер экрани олдида узоқ муддат қолиш соғлиқ учун зарарли!» каби ёзувли эслатма ва огоҳлантиришлар бўлса, бу болаларимиз соғлигини асрашга хизмат қилади.

Назаримизда, нафақат компьютер, қолаверса ахборот технологиялардан қандай фойдаланиш маданиятига, аввало катталар эътибор қаратиши муҳим. Ахборот технологиялари, хусусан, компьютердан фойдаланиш қоидалари, меъёрлари, компьютер марказларига қўйиладиган техник ва гигиеник талаблар тўғрисидаги қўлланмалар, тавсиялар ҳар бир хонадон, корхона ва ташкилотларда бўлиши, бу борадаги тар­ғибот ишлари доимий равишда олиб борилиши мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.

Альбина ЖУМАНОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.