23.02.2013

АҲОЛИ БАНДЛИГИ — ТУРМУШ ФАРОВОНЛИГИ ГАРОВИ

Ҳар бир фуқаро жамият ҳаётида фаол иштирок этишни, меҳнат қилиб, ўз қобилия­тини рўёбга чиқаришни истайди. Фақат бу борада ҳамманинг имконияти тенг эмас. Шунинг учун қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳолининг манзилли ижтимоий ҳи­моясини мус­таҳкамлаш, уларга меҳнат қилиш учун имкон яратиш давлат ва жамият ол­дидаги му­ҳим вазифа ҳисобланади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Фарғона вилоят партия ташкилоти ҳамкорлигида «Аҳоли бандлигитурмуш фаровонлиги гарови» мавзусида ўтказилган амалий семинар ушбу долзарб масалага бағишланди.

Тадбирда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вилоят, туман ҳокимликлари ҳамда Меҳнат ва аҳолини иж­тимоий муҳофаза қилиш бош бош­қармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими вакиллари, фуқаролар йиғинлари раислари, партия фаоллари иштирок этди.

ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Маҳмуд Маҳкамов электорат манфаатларини таъминлаш мақсадида партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда Обод турмуш йилидаги устувор вазифаларга тўхталди.

Партия ташкилотларимиз ҳамда депутатлик гуруҳларимиз ёшларнинг оилавий тадбиркорлик ва касаначилик борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эъ­ти­бор қаратмоқда, — деди у. — Жойларда инвестиция дастурларини ҳаётга татбиқ этиш орқали янги иш ўринлари ташкил этиш борасида ҳамкор ташкилотлар билан бирга фаолият олиб бораяпмиз. Натижада мингдан ортиқ янги иш ўрни очилди.

Масалан, Қува туманидаги «Дурдона» фермер хўжалигида паррандачилик цехи ташкил этилди ва 4 нафар коллеж битирувчиси ишга қабул қилинди. Ўзбекистон туманидаги «Чўян ЮИН» хусусий корхонасида гипс ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 4 киши иш билан таъминланди. Учкўприк туманидаги «Турон классик» МЧЖда терини қайта ишлашни кенгайтириш натижасида 20 та янги иш ўрни яратилди. Жорий йилда эса шу каби ташаббусларни янада кучайтириш ҳаракатидамиз.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Фахриддин Ражабов касбунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминлашнинг муҳим йўналишлари, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳининг таъсирчан депутатлик назоратини кучайтириш тўғрисида сўз юритди.

Маълумки, ЎзХДП фрак­ция­си аъзолари томонидан жойларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама этилаётган қонунлар лойиҳалари юзасидан тар­ғибот ишлари олиб бориш йўлга қўйилган. Мазкур семинарда ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Ҳожибеков «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ва «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақи­да»ги қонунлар лойиҳалари, улар орқали жорий қилиниши кўзда тутилаётган ҳуқу­қий меъёрлар хусусида атрофлича маълумот беришди. Меҳнат қонунчилигига киритилаётган янгиликларнинг, айниқса, таълим муассасаларини битираётган ёшларни иш билан таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлашдаги аҳамияти тўғрисида фикр-мулоҳаза билдирилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбар Холиқова касбунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида тўхталди. Шунингдек, ёшлар тақдири билан бевосита боғлиқ мазкур масалада айрим жойларда эътиборсизликка йўл қўйилаётганини таъкидлади. Бундай камчиликларни бартараф этиш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ҳамкорлигини кучайтириш йўналишлари юзасидан мулоҳаза билдирди.

Амалий семинарда, шунингдек, вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Файзулло Қосимов, Ўрта махсус касбунар таълими бошқармаси бошлиғи Илҳомжон Носиров ва бошқалар сўзга чиқиб, партия ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар айтишди.

Семинарда аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантиришга оид ташаббусларни кўпайтириш, бу борада таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Ҳошимжон НУРИДДИНОВ



DB query error.
Please try later.