23.02.2013

АСТЕРОИД ЕР БИЛАН «САЛОМЛАШИБ» ЎТИБ КЕТДИ

Жорий йилнинг 15 февралида астериодлар­дан бирининг ер шарига яқин нуқтадан ўтиб кетгани ва кутилмаганда Россиянинг Челя­бинск областига тушган метеорит дунё сир-сино­ат­га тўлалигини, инсоният табиат олди­да ҳали-ҳануз ожиз эканлигини яна бир бор намоён қил­ди.

Бир кунда содир бўлган юқоридаги икки ҳодиса тафсилотлари, уларнинг бир-бирига боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги, бизнинг ҳудудимизда ҳам метеорит тушиши ҳодисаси кузатилган-кузатилмаганлиги кўпчиликни қизиқтирмоқда. Юқоридаги каби саволларга аниқлик киритиш мақсадида Ўз­бекистон Фанлар академиясининг Астрономия институти илмий ходими Камолиддин ЭРГАШЕВга мурожаат қилдик.

— Бундай табиат ҳодисаси кам учрайди. Гап шундаки, ер атмосферасига метеорлар секундига 15 — 70 километр тезлик билан кириб ке­лади. Таққослаш учун: 100 километр соат тезликда ҳаракатланаётган автомобилнинг тезлигини километр секундларга ўтказсак, у тахминан 0,03 километр секундга тенг бўлади. Метеорлар ер атмосферасига киришлари билан фан тилида номи ўзгара­ди, яъни аввал «болид», агар у ерга тушса «ме­теорит» номи билан аталади. Ер шари атмосферасига йилига минглаб турли ўлчамдаги метеорлар кириб келади ва фа­қатгина жуда оз қисми ерга тушади. Одатда метеорит-болитлар океан ва кимсасиз чўл ёки қуруқликларга тушади. Аҳоли яшаш жойларида бу ҳолат деярли кузатилмайди.

Челябинск яқинида метеорит-болид космосдан ер атмосферасига кириб, портлаш натижасида парчаланиб кетди. Метеоритнинг портлаш маркази ер сатҳидан тахминан 20-25 км баландликда ҳамда Челябинск­дан 80 км ғарброқда содир бўлди. Сўнгги ҳисоб-китобларга қараганда метеоритнинг дастлабки массаси 10 минг тонна атрофида ва диаметри 15-20 метр бўл­ган. Портлаш натижа­сида ажралган энергия миқдори NASA космик агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, тратил эквивалентида 500 килотоннагача деб баҳоланди. Ажралган энергия миқдори, тасаввур қилиш учун, Хиросима ва Нагосаки шаҳрига ташланган атом бомбалари ажратган энергиядан 20-25 марта ортиқ. Маълумотларга қа­раганда, метеорит портлаши натижа­сида 1200 дан ортиқ киши жароҳат олган, 4000 дан зиёд бинога шикаст етган.

— Шунга ўхшаш табиат ҳодисалари авваллари ҳам кузатилганми?

— Бўлган. Булардан энг машҳури 1908 йилда Сибирга тушган Тунгус метеоритидир. Республикамизда эса расман қайд қилингани 9 июль 2001 йилда Бухоро яқинида рўй бер­ган. У «Бухоро метеорити» деб юритилади. Ҳозирда «Бухоро метео­рити» Ўзбекистон тарихи музейида сақланмоқда.

Метеоритларнинг тушишини ол­диндан айтиш жуда қийин. Чунки уларнинг ўлчамлари жуда кичик — бир неча сантиметрдан 45 метргача. Бундай метеорларни тўғридан-тўғри кузатиш имко­нияти деярли йўқ. Лекин уларни излаб топиб, ке­йин кузатиб бор­са бўлади. Шунинг­дек, топилган хавфли метеорлар тар­киби физик ва кимёвий таркиби ўрганилиб, уларни зарур бўл­ганда йўқ қи­лиш имкониятини кўриб чиқилади. Чунки метеор таркиби радиоктив элементларга бой бўл­са, уни атмасферада сунъий пар­чалаш табиий парчаланишдан кўра кўпроқ зиён етказиши мумкин. Умуман олганда, ерга хавф туғдирувчи фазовий обеъктларни йўқ қилиш ва уларнинг хавфини бартараф қилиш имконияти оз бўлсада мавжуд.

— Ерга яқиндан ўтиб кет­ган астериод билан Челябинск яқи­нига тушган ме­теорит ўртасида боғлиқлик борми?

— Шу куни она заминимизга жуда яқин масофадан 2012 DA14 астероиди учиб ўтди. Бу астероиднинг диаметри 45-50 метр, оғирлиги эса 130 000 тонна. Ердан 27000 километр масофадан учиб ўтди. Бу космик ўлчовлар учун жуда қисқа масофа бўлиб, ҳатто сунъий йўлдошлар ҳаракатланадиган ҳудуддан ҳам яқинроқ. Сунъий йўлдошлар 36000 километр масофада айланишади. Астероид траекторияси астроном олимлар томонидан олдиндан ҳисоб-китоб қи­линиб, ер шари билан тўқ­нашиб кетиш хавфи йўқлиги аввалдан маълум қи­линган эди.

Челябинск метеорити ва 2012 DA14 астероиди ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқлигини охирги тадқиқотлар тўла исботлади. Фақат улар тасодифан деярли бир вақтда ерга яқинлашди.

2012 DA14 астероидини олимларимиз ҳам кузатди. Бу ишлар Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти ходимлари томонидан Паркент ўқув обсерваториясида олиб борилди.

Катта ҳажмдаги астероидлар ерга ҳар 40 йилда бир маротаба яқин ке­лади. Уларнинг ерга тушиши билан боғлиқ ҳалокатлар ўртача ҳар 1200 йилда рўй беради. Айни дамда ер орбитасида 1,3 мингта хавф туғдириши мумкин бўлган астероидлар мавжуд бўлиб, улар ердан узоқ бўл­маган масофада ҳаракатланмоқда.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.