23.02.2013

ИШ ЖОЙИГА ЭГА БЎЛГАН КИШИ

ҳаётидан мамнун, эртасидан кўнгли тўқ яшайди

Холиёр ҚОДИРОВ, халқ депутатлари Қашқадарё ви­лоят Кенгаши депутати,ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси:

2008 йилда бошланган ҳамда бугунги кунда тобора чуқурлашиб бораётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози дунёнинг ҳатто энг ривожланган мамлакатларида ҳам бир-биридан мураккаб ижтимоий-иқтисодий муаммо­ларни келтириб чиқармоқда. Ишлаб чиқаришнинг пасайи­ши, бюджет тақчиллиги ўсаётгани, энг муҳими, ишсизлик муаммоси кучайиб бораётгани одамлар ҳаёт даражаси ва турмуш шароитининг кескин ёмонлашувига олиб келмоқда.

Ана шундай бир шароитда бизнинг мамлакатимизда ижтимоий ҳамда иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли юртимиз шид­дат билан тараққий этиб, аҳоли турмуш даражаси юксалиб бораяпти. Энг муҳими, ҳар йили парламент томонидан тасдиқланадиган махсус дас­тур асосида минглаб янги иш ўринлари ташкил этилиб, одамларнинг фаровон яшаши учун мустаҳкам замин яратилаяпти.

Узоққа бормасдан, ўтган йил мисолида олайлик: Комплекс чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш ҳисобидан қарийб бир миллионта янги иш ўрни ташкил этилди. Бу иш ўринларининг 62 фоизга яқини қишлоқ жойларида яратилди...

Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Халқ депутатлари Қашқадарё ви­лоят Кенгаши депутати, ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Холиёр Қодиров суҳбатимиз аввалида ана шундай фикрларни билдирди.

— Бежизга сўзимни бундай бошламадим, — дейди у. — Бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш масаласининг долзарблиги ҳам ортиб боради. Бу вазифани ҳал этишда янги иш ўринлари ташкил этиш ва кишилар барқарор даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

ЯНГИ ИШ ЎРНИ — ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ, ТУРМУШ ОБОДЛИГИ ДЕМАКДИР

Келинг, шу ўринда Қашқадарё вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш масаласида олиб борилаётган ишларга тўхталсак. Ўтган йили 80 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди. Уларнинг аксария­ти кичик бизнес ва хусусий тадбиркор­лик, саноат соҳаси, касаначилик ҳисоби­га тўғри келади.

Киши ишли бўлса оиласи, юртини ҳар томонлама обод қилиб, шундан ўзи мамнун бўлиб яшашга интилади. Ҳар йили парламент томонидан Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури қабул қилиниб, ҳар бир туман, шаҳар кесимида аниқ вазифалар белгиланмоқда. Дастур ижросини таъминлаш пар­тиямиз электорати ҳисобланадиган ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга тайёр бўлмаган кишилар манфаатига хизмат қилади.

Ҳар бир коллеж битирувчисининг иш жойини олдиндан белгилаш, ўқувчиларнинг амалиётини бўлажак иш жо­йида ўташини ташкил этиш борасида самарали ишлар қилинмоқда. Айни пайтда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иш берувчи корхона ва ташкилотларга бириктирилиб, ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ва келажакда мазкур корхонада ишга жойлашиш бўйича шартнома тузиши йўлга қўйилди.

Бугун вилоятда 136 та касб-ҳунар коллежи фаолият юритаяпти. 2011-2012 ўқув йилида уларни 42139 нафар ўқувчи тамомлаган бўлса, шундан 1704 нафарининг бандлиги таъминланмай қолди.

ХЎШ, МУАММО НИМАДА?

Бу борадаги муаммолардан бири касб-ҳунар коллежларида мутахассисларни, аввало, ҳудудларнинг кадр­ларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб тайёрлаш механизмида ҳамон муаммолар борлигидадир. Айрим жойларда эса иш ўринлари яратиш коллежларни битириб чиқаётган кадр­лар со­ни билан мутаносиб эмас.

Бундан ташқари, мутахассислар тай­ёрлаш амалиётини янада такомиллаштириш лозим, деб ҳисоблайман. Депутатлик гуруҳимиз ўтган йили касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласини ўр­ганганида айнан ушбу масалада муаммо борлиги аниқланди. Мисол учун, ўқувчининг амалиёт қоғози бор ва ун­да амалиёт натижалари, битирувчининг салоҳияти аъло даражада экани қайд этилган. Бироқ ўқувчи ҳақиқатда ҳеч қандай корхона ёки ташкилотда амалиёт ўтамаган. Ҳужжат шунчаки расмиятчилик учун тайёрланган.

Энди бир мулоҳаза қилиб кў­райлик. Касб-ҳунар коллежини тамомлаган ўқувчи амалий маш­ғулотларсиз малакали мутахассис бўла оладими? Касбий кўникма ва маҳоратга эга бўлмаса, эртага иш жараёни талабларига жавоб бера оладими? Иш берувчи ҳам коллеж битирувчисини ишга қабул қилишдан олдин унинг билими, касбий кўникмасига эътибор қаратади-ку!

БАНДЛИК: МАСАЛА ЕЧИМИ БЎЙИЧА ТАКЛИФ

Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи нафақат партиямиз электорати манфаати, балки ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун ҳам жуда муҳим.

Айтиш мумкинки, аҳоли бандлигини таъминлашнинг устувор йўналишларидан бири оилавий тадбиркорлик, катта сармоя талаб қилмайдиган косибчилик, халқ ҳунармандчилиги ва касаначиликни ривожлантиришдир. Ҳар бир депутат ўз сайлов округида ана шу соҳалар ривожланиши учун зарур шароитларни яратишда ташаббускор бўлса, самарали депутатлик назоратини олиб борса, бу борада кўп­лаб муаммолар ечим топади.

Масалан, ўтган йили вилоятда яратилган иш ўринларининг 14711 таси айнан хусусий ва оилавий тадбиркорлик ҳисобига тўғри келади. Миллий ҳунармандчилик йўналишида эса 12274 нафар кишининг бандлиги таъминланди.

Аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган ярмаркаларни марказларда эмас, кўпроқ чекка ҳудудларда ўтказиб, уларда ҳунар аҳли, оилавий тадбиркорлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмасини кўпроқ ташкил этиш керак, назаримда. Чунки бу орқали ҳунармандчиликка қизиқиши баланд ёшлар ўзлари учун кўплаб маълумотлар, ўз ишини бошлаши учун керакли маслаҳатлар олади.

Шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашга қаратилган уч томонлама шарт­нома шартларини бажармаган корхона ва ташкилот, хўжаликлар раҳбарлари, шартномани имзолаган барча томонларнинг қонуний жавобгарлиги кучайтирилса, кўплаб кўзбўямачиликларга барҳам берилган бўларди.

РЕЖАЛАР...

Жорий йилда партиямиз Ҳаракат дастурига асосан касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун янги иш жойлари ташкил этиш, мева-сабзавот, сут ва гўштни қайта ишлаш корхоналарини кўпайтириш ҳисобига аҳолининг бандлик даражасини ошириш, шунингдек, жойларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқларини, оилавий тадбиркорлик, касаначиликни ривожлантириш бўйича муҳим чоралар белгилаб олинди. Бу Ян­ги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросига эришишда муҳим аҳамият касб этади, албатта. Чунки ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида мавжуд имкониятлардан самарали фойда­ланиш, тармоқлар барқарорлиги дас­турда кўзда тутилган иш ўринларининг ўз вақтида очилишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш дастури ижроси бўйича депутатлик, жамоатчилик назоратини тизимли олиб бориш, шунингдек, партия ташкилотлари, депутатлик бирлашмаларининг меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш идоралари, фуқаролик жамияти инс­титутлари билан ижтимоий шериклик асосидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқдик. Бунда ишга жойлашишда қи­йинчиликка дуч келаётган партия электорати вакилларини аниқлаш, уларнинг бандлигини таъминлашга эътиборни кучайтириш бўйича чоралар белгиланди.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.