23.02.2013

УНИНГ ФАХРИ, БАХТИ — ШОГИРДЛАРИ

Одатда, турли спорт мусобақалари, қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинларида ҳамюртлари­мизнинг эришган юксак ғалабалари ҳақида тўлқинланиб ёзамиз, гапирамиз. Аммо айни қувончли лаҳзаларда улар­га мактаб, коллеж, олий ўқув юрт­ларида таълим-тарбия берган устоз-мураббийларини ҳадеганда эсга олавермай­миз. Бутун ҳаётини мамлакатимиз жисмоний тарбия ва спорти тараққиётига бағишлаган ана шундай инсонлардан бири Роза Рафиқовадир.

Кўп йиллар «Пахтакор» республика спорт жамияти марказий кенгашида меҳнат қилган бу инсонни спортимиз фахрийлари жуда яхши танишади, билишади, қадрлашади. Қарийб ўттиз йил Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти кечки ва сирт­қи факультетлари декани лавозимида ишлаган Роза Рафиқова ҳозирда ҳам юртимиз спорти билан ҳамнафас умргузаронлик қилмоқда.

— Меҳридарё ва бағрикенг бу инсон билан бундан роппа-роса эллик йил муқаддам танишганман, — дейди ЎзДЖТИ профессори Тўлқин Юнусов. — Роза Абдуллаевна талабчанлиги, тиришқоқлиги, ҳар бир ишга виждонан ва сидқидилдан ёндашиши билан биз ёш мутахассисларга чинакамига ибрат бўлган. Бугунги кунда ҳаётда муносиб ўрнимни топишим, илмий изла­нишларни муваффақиятли амал­га оширишимда ҳам унинг катта ҳиссаси бор, албатта. Шу боис устоздан бир умр қарздормиз.

— Ўз умрим давомида мамлакат спортининг жуда кўплаб қувончли дамларига шерик бўл­ганимдан бахтиёрман, — дейди Роза Абдуллаевна. — 1951-61 йилларда «Пахтакор» республика спорт жамияти марказий кен­гаши раиси ўринбосари вазифасида ишладим. Ўша кезларда пойтахтимизда «Пахтакор» марказий стадионининг барпо этилиши ва бугун ишқибозларимизнинг ардоқли жамоасига айланган «Пахтакор» футбол клу­бининг ташкил этилишига озми-кўп ҳисса қўшганимни асло унут­майман. Қарангки, ке­йинчалик ўз умримни спортчиларга таълим-тарбия беришга бағишладим. Жумладан, пахтакорчилар Александр Корчёнов, Владимир Фёдоров, Сергей Покатилов, Константин Баканов, Юрий Загуменних, Олим Ашировлар менинг раҳбарлигимдаги факультетда таҳсил олишди. Аммо минг афсуски, 1979 йилги авиаҳалокат «Пахтакор» жамоаси аъзоларини орамиздан олиб кетди. Бу кулфат футболимиз тараққиётига маълум муддат жиддий зарар етказганига барчамиз гувоҳмиз. Шукрки, мамлакатимиз мус­тақилликка эришгач, Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан жисмоний тарбия ва спортни ривожланти­ришга катта эътибор қаратила бошланди. Бугун нафақат пойтахтимиздан, балки юртимизнинг истаган вилояти ва шаҳарларидан янги-янги истеъдодлар етишиб чиқмоқда. Ёшим тўқ­сонга тў­лаяпти. Бугунги шароит­ларни кўриб ди­лим яйрайди, ҳозирги ёшлар қандай бахтли экани ҳақида ўйлайман. Бизнинг давримизда бундай имко­ният қай­да эди?! Битта спорт зални қуриш ёки жиҳозлаш учун қанча югурардик, йиллаб турли идораларга хатлар ёзардик. Эндиликда кўп­лаб олий ўқув юрт­лари­да Осиё, жаҳон чемпионлари, Олимпия ўйинлари сов­риндорлари таҳсил олишмоқда. Ҳар бир универ­ситет ёки инс­титутнинг ўз спорт иншоот­лари, чемпионлари, таниқли спорт­чилари бор...

Фанимиз ва спортимиз фахрийси Роза Рафиқова бугунги спортчиларимизнинг ютуқларидан ғурурланиб гапиради. Энг катта бахтим — шу кунлар­ни кўрганим, дейди. Дарҳақиқат, улуғ ёшга кириш, шогирд­лар ардоғида бўлиш, юртнинг ёруғ кунларини кў­риш чинакам бахт.

Эркин ХОЛБОБО



DB query error.
Please try later.