21.02.2013

ОБОД ТУРМУШ ЙИЛИ: ЭЗГУ МАҚСАД ВА МУҲИМ ВАЗИФАЛАР

Мамлакатимизда ҳар бир йилга шу давр ичида тараққиётнинг муҳим йўналишларини ифода этадиган ном бериш эзгу анъанага айланган. Долзарб ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал этиш учун тегишли давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, йил давомида амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнга инвестициялар ажратишда нафақат давлат, балки нодавлат тузилмалар, жамоат ташкилотлари, корхоналар ҳам иштирок этмоқда. Ўтган йиллар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, бундай дастурларнинг ҳаётга татбиқ этилиши муайян даврда бажарилиши белгиланган вазифаларни юксак самаралар билан амалга ошириш имконини беради. Айни пайтда истиқболдаги бир неча йил учун замин яратиб, ривожланиш йўналишларини белгилаб олишга кўмаклашади. Энг муҳими, буларнинг барчаси аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини янада оширишга қаратилган ишлар изчиллигини таъминлаш, жамиятимиз, халқимиз ва мамлакатимизнинг янада равнақ топишига хизмат қилади.

Президентимиз Ислом Каримов 2012 йил 7 де­кабрда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимда 2013 йилни Обод турмуш йили, деб эълон қилди.

Ушбу эзгу мақсадлар «Обод турмуш йили» Давлат дастурида ўзининг тў­лиқ ифодасини топди. Унда белгилаб берилган чора-тадбирлар ўтган йилларда ҳаётга татбиқ этилган кенг кўламли ишларнинг ман­тиқий давомидир.

«Обод турмуш йили» Давлат дастури 8 бўлим ва 86 банддан иборат бўлиб, улар­да мамлакатимизнинг жорий йилда ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳамда сиё­сий ҳаётини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, аҳоли фаровонлиги­ни ошириш, ҳар бир оилада ва умуман, жамиятимизда ижтимоий барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш йўллари аниқ белгиланган.

Дастурда режалаштирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси давлат ва нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жа­мияти институтлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ор­ганлари, мамлакатимизнинг барча фуқаролари қатнаши­шини тақозо этади. Уларни бажарадиган муайян ижрочилар — тегишли вазирлик ва идоралар, амалга ошири­ладиган тадбирларнинг иж­ро муддатлари, молиялаш манбалари, мониторинг тизими, қонуний-ҳуқуқий, таш­килий ҳамда иқтисодий механизмлари белгиланган.

Мамлакатимизда бар­қарорлик ва осойишталик, хавфсизлик, фуқаролар ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қи­лиш, жамият фаровонлиги ва равнақини изчил юксалтириш мазкур Давлат дастурининг муҳим устувор йўналишлари этиб белгиланган. Ушбу ижобий жараённи таъминлаш мамлакатимизда барча жабҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни чуқурлаштириш учун мустаҳкам пойдевор, жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишни изчил давом эттириш кафолати, кучли бозор иқтисодиётига асослан­ган ҳуқуқий демократик дав­лат барпо этиш йўлида эри­шаётган ютуқларимизнинг муҳим омилидир.

Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг шаклланган қонунчилик базасини янада такомиллаштириш энг муҳим вазифалардандир. Давлат дастурида тўртта қонун — Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ор­ганлари тўғрисида»ги, «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги, ёшларни ишга жойлаштириш шарт-шароитларини янада такомиллаштиришга қаратилган «Ўз­бекистон Республикаси Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик про­цессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Оила ко­дексига оила институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунларни қабул қилиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, «Юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, «Ижтимоий шерикчилик тўғ­рисида»ги, «Экологик назорат тўғрисида»ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Аҳоли фаровонлиги ва реал даромадлари муттасил ўсишини таъминлаш, бандликни ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликни янада ривожлантириш, аҳолига, аввало, ижтимоий эҳтиёжманд қатламлар ва кам таъминланган оилаларга давлат томонидан манзилли ҳи­моя ва ижтимоий ёрдам кўр­сатиш тизимини такомиллаштириш «Обод турмуш йили» Давлат дастурининг муҳим йўналишларидандир. 2013 йилда бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақи, пенсия, нафақалар ва стипендиялар миқдорини ўртача камида 23 фоизга ошириш кўзда тутилган. Ижтимоий соҳани янада ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш мақсадида Давлат бюджети жами харажатларининг қа­рийб 60 фоизи йўналтирилади.

Дастурда янги ишлаб чиқариш ва инфратузилма объект­ларини қуриш, хизмат кўрсатиш, кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик соҳаларини ривожлантириш, касаначиликни кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган. 2013 йилда, биринчи нав­батда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳамда касаначиликни барқарор ривожлантириш ҳисобидан 970 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда.

Давлат дастурига мувофиқ тижорат банклари томонидан оилавий, хусусий тадбиркорлик субъектлари, ҳунармандчиликни ривожлантириш, шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига ўз бизнесини ташкил этиши учун кредитлар ажратиш амалиётини кенгайтириш режалаштирилган. Жорий йил­да бундай кредитларнинг умумий ҳажми 269,6 миллиард сўмни ташкил қилади.

Дастурда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида саноатни ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилган. Уларда саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, ҳудудий корхоналарни ма­ҳаллийлаштириш дастурини амалга оширишга жалб этиш, бўш ётган ишлаб чиқариш майдонлари негизида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Қишлоқ аҳолисини боғ­дорчилик фаолиятига жалб этиш, узумчилик, чорвачилик ва ипакчиликни ривожлантириш ҳам аҳоли бандлиги ҳам­да даромадларини оширишга хизмат қилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун янги корхоналар барпо этиш, мавжудларини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича 288 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Қайта ишлаш ҳажмлари, жумладан, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги учун замонавий мини-технологияларни жорий этиш ҳисобидан кўпайтирилади.

«Электрон ҳукумат» тизи­мини жадал шакллантириш ҳам муҳим ва долзарб вазифадир. Интернет тармоғида «бир дарча» режимида фаолият юритадиган интерфаол давлат хизматлари ягона порталини яратиш мўлжалланган бўлиб, бу иқтисодий фаолият субъектлари ва бошқарув ор­ганларининг ўзаро муноса­батларини сезиларли дара­жада соддалаштириш имко­нини беради.

2013 йилда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга оид ишлар давом эттирилади. Шу мақсадда аҳоли саломатлигини сақлаш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, уларни замонавий ташхис ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, хасталикларнинг олдини олишни кенгайтириш ҳамда да­волашнинг илғор технология ва услубларини жорий этиш, пировард натижада фуқаролар, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади. Чекка жойлардаги аҳоли пунктларида 32 қишлоқ врачлик пунктини барпо этиш, 54 тиббиёт бирлашмасини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган. Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, 11 вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш режалаштирилган. Уларнинг барчаси, шунингдек, 13 вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази замонавий ташхис ва даволаш ускуналари билан жи­ҳозланади.

Инсон капиталига инвестицияларни йўналтириш — изчил иқтисодий ривожланиш ва аҳоли фаровонлигини оширишнинг муҳим шартидир. Шу мақсадда жорий йил Давлат дастурида жисмоний ва маънавий соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш, замонавий ҳунарларни пухта эгаллаган мутахассисларни тайёрлаш, таълим даражасини янада такомиллаштириш ва унинг сифатини ошириш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича амалга ошириладиган ишларнинг ҳар томонлама самарадорлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Президентимиз Ислом ­Каримов томонидан белги­лаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида 217 умумтаълим мактабини реконструкция қилиш ва 164 умумтаълим мактабини, 159 академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежларини капитал таъмирлаш, 55 мусиқа ва санъат мактаби ҳамда 116 болалар спорти объектини, олий таълим муассасалари тизимидаги 45 иншоотни қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Уларнинг бар­часи зарур ускуна ва инвентарлар билан жиҳозланади. Шу билан бирга, болалар соғ­ломлаштириш оромгоҳлари­ни қуриш, реконструкция қи­лиш ва капитал таъмирлаш ҳам кўзда тутилган.

Мамлакатимизда ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда ушбу жараённинг маънавий-ахлоқий жиҳатига эътибор қаратиш, уларда миллий ғу­рур, ўзликни англаш туйғуларини шакллантириш алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу ишлар доирасида 2013 йилда ёшларнинг касбий кўникма ва шахсий фазилатларини ривожлантириш учун таълим оромгоҳлари фаолият кўрсатади, болалар ҳамда ёшларнинг фойдали ва маданий дам олишини ташкил этиш янада юқори даражага кўтарилади.

«Обод турмуш йили» Давлат дастурида халқимизнинг турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини янада ошириш, муносиб яшаш ва ижтимоий-маиший шароитларни яратиш, янги турар жойлар қуриш, замонавий йўллар ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви, электр ва иссиқлик энергияси билан кафолатли таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Масалан, 2013 йилда 553 қишлоқ массивида намунавий лойиҳалар асосида 10 мингта якка тартибдаги уй-жой қурилади, мамлакатимиз аҳолисини, биринчи навбатда, қишлоқ аҳо­лисини сув, газ ва канализация хизматлари, электр энергияси билан таъминлашни ­яхшилаш бўйича лойиҳалар амалга оширилади, минглаб километр янги юқори вольтли электр узатиш линиялари, сув чиқариш ҳамда газ тақсимлаш тармоқлари объектлари барпо этилади ва мавжудлари реконструкция қилинади.

Дастурда замонавий йўллар, муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилган. Умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини капитал таъмирлаш, шунингдек, қишлоқ жойларда узунлиги 239,1 километр бўлган янги, туташган автомобиль йўлларини барпо этиш, шаҳарларда янги кўчалар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш режалаштирилган.

Маҳалла халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутади. Шу муносабат билан 2013 йилги Давлат дастурида маҳалла институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, жойларда ижтимоий ва иқтисодий ривожланишга оид масалаларни ҳал этишда уларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш, ёш ҳамда кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, маҳаллалар ва турар жой массивларининг ташқи қиёфасини яхшилаш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштиришга оид муҳим комплекс чора-тадбирларни бажариш режалаштирилган.

Маҳаллаларнинг қиёфасини янада яхшилаш, уйларнинг олд қисми ва томларини, кў­чалар ва йўлакларни таъмирлаш, болалар спорт майдончаларини қуриш, энергия тежовчи технологияларни қўл­лаш орқали ташқи ёритиш тармоқларини ривожлантириш, санитария шароитларини яхшилаш ҳам дастурда белгиланган вазифалар сирасига киради. Маҳаллалар ҳу­дудларида 15 миллион туп манзарали ва 29,5 миллион туп мевали дарахт ниҳоллари, шунингдек, 10 миллион туп гул ҳамда буталар экиш кўзда тутилган. 2013 йилда маҳаллаларни ободонлаштириш, қишлоқда экологик турмуш шароитларини яхшилаш масалаларини ҳал этишга нодавлат нотижорат ташкилотларини жалб қилиш орқали қишлоқларнинг ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш бўйича «Обод уйим» лойиҳаси амалга оширилади.

Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларни аниқ манзилли асосда ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар истиқболда ҳам изчиллик билан амалга оширилади.

Маҳаллаларда йил даво­мида халқимизга хос тинчлик-осойишталикка интилиш, меҳр-мурувват, ўз халқининг тарихи ҳамда маданиятини ҳурмат қилиш каби қадриятларни тар­ғиб этадиган маънавий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар ташкил этилади.

Жорий йилда ҳам мамлакатимизда оилани янада мустаҳкамлаш, аёлларнинг оила ва жамиятдаги ўрни ва мавқеини, ижтимоий фаоллигини оши­риш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида аёллар банд­лигини таъминлаш ва фао­лиятини муносиб рағбатлантириш, уларга ўзини намоён этиши ҳамда уй-рўзғор юмушларини енгиллаштириш учун қулай ижтимоий-маиший шароитларни яратиш бўйича бажарилаётган ишлар янада ривожлантирилади.

Хусусан, Давлат дастурини ҳаётга татбиқ этиш доирасида «Ёш оилалар учун турар жой» дастурини, имтиёзли кредитлар тақдим этиш ор­қали, айниқса, қишлоқ жойларда хотин-қизлар тадбиркорлигини ҳар томонлама ривожлантириш ва молиялаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Шу мақсадда «Оила фаровонлигини янада ошириш мақсадида аёлларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш» лойиҳаси рўёбга чиқарилади.

Дастурда қайд этилган тадбирларни амалга ошириш учун жами 6655 миллиард сўм ёки 919,2 миллион АҚШ долларига тенг маблағ йўналтирилади. Шунинг 3312,4 миллиард сўмини давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жам­ғармалар, 1917,9 миллиард сўмини ижрочилар ва ҳомийлар, 1424,7 миллиард сўмини тижорат банкларининг кре­дитлари ташкил қилади. Шунингдек, 664,6 миллион доллар ҳажмида халқаро ташкилотлар, молия институтларининг маблағлари ва грантлар жалб этилади.

Қорақалпоғистон Республи­каси, Тошкент шаҳри, барча туман ва шаҳарларда «Обод турмуш йили» Давлат дастурини амалга ошириш бўйича комиссиялар ташкил этилади. Уларнинг вазифалари Давлат дастурида кўзда тутилган тадбирларнинг сўз­сиз, тўлиқ ва ўз вақтида амал­га оширилишини таъминлаш, шунингдек, тегишли ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда бажаришдан иборатдир.

Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бў­йи­ча республика комиссияси зиммасига давлат ва хўжалик бошқарувининг республика органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг унда белгиланган тадбирларнинг тўлиқ ва ўз вақтида бажа­ришига доир ишларни мувофиқлаштириш вазифаси юк­латилган.

Мухтасар айтганда, «Обод турмуш йили» Давлат дас­тури мамлакатимизни ижти­моий-иқтисодий ривожлан­тиришнинг барча муҳим йў­налишларини қамраб олган. Унинг самарали амалга оширилиши эса халқимизнинг ҳаётини янада яхшилаш, фаровон, тинч ва осуда турмуш кечириши, мамлакатимиз равнақини таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам бў­лади.

ЎзА



DB query error.
Please try later.