21.02.2013

АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

ишларига муносиб ҳисса қўшиш партиямизнинг устувор вазифаларидан биридир

ЎзХДП меҳнатга қобилиятли аҳолининг иш би­лан тўлиқ таъминланишини энг муҳим вазифа, деб ҳисоблайди. Шунинг учун партия ташкилот­лари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари аҳолининг бандлик даражасини оши­риш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассисликларига мос иш билан таъминлашда янада фаол иштирок этиши лозим.

Хусусан, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятлари ва имкониятларини чуқур ўр­ганиш, шу асосда иш ўринлари ташкил этиш бўйича муқобил таклифларни илгари суриш долзарб вазифа бўлиб келмоқда.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан Нукус шаҳрида ташкил этилган «Партия дастурий мақсадларида аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари» мавзусидаги давра суҳбатида бу ҳақда батафсил сўз юритилди.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Янги иш ўринлари ташкил этиш аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш имконини кенгайтиради. Жорий йилда маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари жойларда янги, юқо­ри ҳақ тўланадиган ҳамда бар­қарор иш ўринлари яратишдаги камчиликларга барҳам беришда қатъийлик кўрсатиши талаб этилмоқда. Бунда, ай­ниқса, қишлоқ ҳудудларида оилавий тадбиркорликни ташкил этиш ва уни рағбатланти­риш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича иш билан таъминлашнинг самарали шаклларини жорий этиш, аҳоли турмуш фаровонлигининг ўси­ши учун қулай шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши зарур.

Мақсет ИЗМУРАТОВ, Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг ўринбосари:

— Жорий йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида белгиланган вазифаларнинг аксарияти  кичик корхоналар ва микрофирмалар ташкил этиш ҳамда уларни ривожлантириш орқа­ли амалга оширилади. Бунинг натижаси­да 20 мингдан ортиқ киши иш ўрнига эга бўлади.

Қорақалпоғистон Республикасидаги коллежларни бу йил 25660 нафар йигит-қиз тамомлайди. Уларни иш билан таъминлаш мақсадида 5863 та корхона билан шартно­малар тузилган. Шартнома шартлари ўз вақтида бажа­рилиши, бу борада мутасаддиларнинг масъулиятини оши­риш муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу мустақил ҳаётга эн­ди кириб келаётган ёшлар манфаатини ҳимоя қилиш, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш билан боғлиқ масаладир...

ЎзХДП Ҳаракат дастурининг жорий йилдаги чора-тадбирлари режасида ёшларни иш билан таъминлаш борасида қатор вазифалар белгиланган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг Кегайли ва Чимбой туманларида ўқув муассасалари, корхоналар ва коллеж битирувчилари ўртасида уч томонлама шартномалар тузиш амалиётини ўрганиш, шу корхоналар билан бирга бўш иш ўринлари ярмаркалари ва «Коллеждан — корхонага» мақсадли тадбирларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Давра суҳбати давомида, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлашнинг қонунчилик асос­ларини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар, бандлик дастури ижроси юзасидан парламент ҳамда депутатлик назоратини кучайтириш масалаларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Алишер Содиқов ва Назира Матёқубова ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Хусусан, фуқароларни ишга жой­лаштириш бўйича воситачилик хизматлари кўрсатишни йўлга қўйиш, иш ўринлари­ни ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш дастурини амалга оширишда давлат ҳам­да жамоат ташкилотлари фаол иштирок этишини таъминлашга қаратилган қонунчилик асос­лари такомиллашаётгани таъкидланди.

Давра суҳбати давомида Хў­жайли, Элликқалъа, Беруний туманлари ва Нукус шаҳрида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш даражаси таҳлил этилиб, бу борадаги ишларни янада кучайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама этилаётган «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ва «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбе­кистон Республикаси Қону­нига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақи­да»ги қонун ло­йиҳаларига таклифлар бил­дирилди.

Рейимбой ЕШИМБЕТОВ,

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.