21.02.2013

ЯНА ТЎЙЛАР ҲАҚИДА

Эл-юрт олдига дастурхон ёзиб, тўй бериш миллий қадриятларимиздан ҳисобланади. Шу боис «ҳаммани тўйга етказсин», «топганингиз тўйга буюр­син», каби самимий тилакларни эшитганда кайфияти­миз кўтарилади. Узоқ йиллар тайёргарлик кўрила­диган бу шодиёнанинг эса бир умр ёдда қоларли бўлишини орзу қиламиз. Шукрки, юртимизнинг тинч-осойишталиги, фаровонлиги  туфайли тўй-ҳашам­ла­ри­миз янада  файзли ўтмоқда.

Афсуски, тўйларда ота-боболаримиздан мерос қадриятларга ҳурматсизлик, дабдабабозлик, ортиқча расм-русумлар, ўзлигимизга бегона «урф-одат»ларга кўр-кўрона эргашиш каби ҳолатлар ҳам учраб турибди. Бойлигини кўз-кўз қилиш, гўё обрў орттиришни ўй­лайдиганлар дабдабаю исрофгарчилик қилиб, турли хил «урф»ларни ўйлаб топмоқда. 

— Яқинда бир тўйга боргандим, — дейди Мирзачўл туман тиббиёт бирлашмаси шифокори Тоҳиржон Ўлжаев. — Никоҳ базми бошланганидан кўп ўтмай келин-куёв даврага таклиф этилди. Ёшлар аввалига қучоқлашиб, бир-бирларидан бўса олиб, сўнг вальс­га тушишди. Бу ҳолатга кўпчилик ажабланиб қаради. Келин-куёвнинг ота-оналари эса ўзларини кўрмаганга олишди. Тўғри, ёшлар янгиликка ўч бўлади. Аммо эндигина оилавий ҳаётга қадам қўяётган ёшларнинг юзлаб одамлар олдида ўзлигимизга хос бўлмаган, ярашмаган бундай қилиқларига нега бефарқ қараб туришимиз керак?

Халқимиз фарзанд дунёга келишини катта бахт деб билади. Шу қувончли лаҳзаларни нишонлашга доир гўзал қадриятларимиз бор. Бироқ бу борада ҳам охирги пайтларда тўқликка шўхлик қилиш, мен сендан камманми қабилида исрофгарчиликка йўл қўйиш ҳолатлари ҳам кўзга ташланмоқда.

— Маҳалламиздаги ўзига тўқ хонадонларнинг бирида невара фарзанд дунёга келди, — дейди Жиззах иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Муяссар Сулаймонова. — Шу сабаб хонадон эгаларини табриклаш учун бордим. Ҳовлига стол-стул қўйиб, 400-500 чоғли кишига дастурхон ёзилганини кўриб ҳайрон бўлдим. Бир пайт карнай-сурнай садолари остида машиналарнинг бетўхтов сигнал чалгани эшитилди. Таш­қарига чиққанимда узун «Лимузин» орқасида 7-8 тача бир хил русум ва рангдаги машиналар кетма-кет турарди. «Лимузин»дан чақалоқни ота-онаси олиб тушди. Пойига гуллар, қанд-қурслар сочилди. Фарзанд қиз экан. Бувижониси ҳаммага кўз-кўз қилиб неварасига қимматбаҳо сирға совға қилди. Кейин бошқа қариндошлар ҳам совға-салом улашиб кетди. Ажабланганимни сезган ёнимдаги аёл «Ҳа, энди бу ҳам бир урфда», деб қўйди. «Фарзанд ўғил бола бўлса-чи?» деган саволимга ҳали шуни ҳам билмайсизми дегандай «Ўғил болага тойчоқ сов­ға қилишади», деб жавоб қайтарди.

Энди шу ўринда бир ўйлаб кўринг, бундай одат ёки анъана бизда бормиди? Албатта, йўқ. Хўп, имконияти борлар неварасига тилла сирға ёки енгил машина каби қимматбаҳо совғалар бериб, туғуруқхонадан қўша-қўша енгил машиналарда олиб чиқар. Элга дастурхон ёзиб, 50-100 килолик ош ҳам берар. Аммо бундай дабдабани кўрган ўрта ҳол хонадон эгалари нима қилсин? Ҳар нарсанинг, ҳатто орзу-ҳаваснинг ҳам чегараси бўлгани маъқул эмасми? Бош­қаларни, қўни-қўшниларни ҳурмат қилган одам дабдабабозликка берилмайди.

— Биласизми, бир тўйда куёвни ҳар томондан ўраб олган қизларни кўриб дилим ранжиди, — дейди Жиззах туманидаги «Нилуфар» мактабгача таълим муассасаси мудири Ўғилой Содиқова. — Келинни эса шўх йигитлар тўйхонага олиб киришганида эса кўзларимга ишонмай қолдим. Келин даврага келиб қўлидаги гулдастани орқага отди. Шунда қизлар қий-чув қилишиб, уни илиб олишга шошилишди. Чаққонроқ қиз гулдастани қўлга киритиб, боши узра кўтарганча ҳамманинг олдида мақтанди. Уларнинг бу қилиғини кузатар эканман, эртароқ турмушга чиқишни, тезроқ келин бўлишни истаётганлигини билдириб қўяётганидан хижолат тортдим. Наҳотки, қизларимиз бундай хатти-ҳаракатларидан тўйхонадаги ота-онаси, ака-укаларидан уялишмаса, деб ўйладим.

Тўй-тантана халқимизнинг асрлар оша сайқал топиб келаётган қадриятларидан бири. Унда ўзлигимиз, орзу-умидларимиз, ота-бо-боларимиздан қолган бой мерос намоён. Шундай экан, кимнингдир дабдабаси сабаб бизга бегона «урф»лар бора-бора оммалашиб кетмаслиги учун ёшларимизга ўткинчи ҳою ҳавасларга кўр-кўрона тақлид қилиш ноўринлигини тушунтирайлик. Фарзандларимизни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаб бориш энг шарафли вазифамиз  эканлигини унутмайлик.

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: