19.02.2013

ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШДАН МАҚСАД

аввало боланинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлашдан иборат

Гулчеҳра ЗОҲИДОВА, ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

Газетамизнинг ўтган ҳафтадаги сонларида Фуқаролик процессуал кодексига ва Оила кодексига оила институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётгани, хусусан, болани фарзандликка олиш бўйича янги институт жорий этилаётгани, бунинг ижтимоий аҳамияти ҳақида депутатлар, партиямиз фаоллари, зиёли­лар, ҳуқуқшунос олимлар ва газетхонлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришини сўраган эдик. Таҳририятимизга мазкур масала бўйича хатлар келмоқда, фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.

— Аввало, шуни таъкидлашни истардимки, фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни кў­риб чиқиш ва бу борада қарор қабул қилиш фарзандликка олишни фақат расмийлаштириб қўйиш, дегани эмас. Бу, ҳаётга келиб муносиб яшашга ҳақли бўлган боланинг ўсиб-улғайиши, замонга мувофиқ илм олиши, касб ўрганиши учун шароит яратиш, жамиятда ўз ўрнини топиб кетиши учун уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларини ҳал қилиш билан боғлиқ ўта масъулиятли вазифа ҳисобланади.

Шунинг учун фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни кў­риб чиқиш ваколатининг судга берилиши ҳар жиҳатдан тўғ­ри ҳамда аввало, фарзандликка олинувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокамадан ўтаётган қонун лойиҳасида фарзандликка олиш билан боғлиқ ишлар ёпиқ суд мажлисида фарзандликка олувчилар, васийлик ва ҳо­мийлик органлари вакиллари, прокурор, зарур ҳолларда ота-оналар, қариндошлар, бош­қа шахслар, шунингдек, фарзанд­ликка олинаётган 10 ёшга тўл­ган бола иштирокида кўриб чи­қилиши белгиланаётган экан. Демак, шу меъёр ҳаётга жорий қилингандан кейин фарзандликка олиш тўғрисидаги ишлар тегишли идоралар ҳам­да шу иш билан боғлиқ томон­лар иштирокида чуқур муҳока­ма қилинади. Боланинг ўз фикрини ифода этиш ҳуқуқи кафолатланиши, менимча, бу ўринда энг муҳим масалалардан биридир. Биламизки, 10 ёшга тўлган бола яхши-ёмоннинг фарқига бора бошлайди, унинг муайян даражада дунёқараши, қизиқишлари, бир сўз билан айтганда, ўзига хос характери шаклланган бўлади.

Шунинг учун фарзандликка олувчилар ҳақида, улар билан бирга яшашни исташ-истамаслиги тўғрисида боланинг ўзи фикр билдириши умуминсонийлик тамойилига мос ва адолатли қарор қабул қилинишига олиб келади.

Бакир РАСУЛОВ, халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгаши депутати, ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси:

— Мамлакатимизда оила институти, хусусан, фарзандликка олиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш бўйича мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Бироқ инсон тақдири билан боғлиқ бўл­ган фарзандликка олишнинг туман ва шаҳар ҳокими қарори билан амалга оширилиши бу борада айрим муаммоларни келтириб чиқаради.

Фарзандликка олиш бу шунчаки масала эмас. У биринчи навбатда фарзандликка олинувчи ва у кириб келаётган оиланинг тақдири, эртанги куни билан бево­сита боғлиқ бўлган ўта жиддий, масъулиятли масала. Аммо ҳокимлар ҳар доим ҳам ишни батафсил кўриб чиқиш, барча жиҳатларини ўрганиш, ҳисобга олиш учун етарли вақт тополмаслиги мумкин.

Мазкур масаланинг суд томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий қилиниши эса фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларнинг янада адолатли ҳал этилишига, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ ифодаланишига, энг муҳими, фарзандликка олиш билан боғлиқ барча хусусиятларнинг атрофлича ўр­ганилиши, чуқур ва холис таҳлил қилинишига хизмат қи­лади.

Оила кодексига мувофиқ, турар жойидан қатъи назар, фарзандликка олинувчининг қариндошлари, фарзандликка олинувчи бола оиласида яшаётган шахс, ака-ука, опа-сингилларни улар ўртасидаги қа­риндошлик алоқаларини бузмасдан фарзандликка олаётган шахслар, ўгай ота ва ўгай она, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, касаллик, бахт­сиз ҳодиса оқибатида фарзандларидан ажралган шахслар фарзандликка олишда ­устунлик ҳуқуқига эга. Фарзандликка олиш билан боғлиқ ишлар суд тартибида муҳокама қилинаётганда, ана шу меъёрга амал қилиш кафолати янада ошади.

Айрим ҳолларда бир неча киши болани фарзандликка олиш истагини билдиради. Уларнинг қайси бири бола учун энг қулай шароит яратади? Фарзандликка олинувчи бола уларнинг қайси бири билан бирга яшашни истайди? Судда бу каби саволлар бола ҳуқуқи ва манфаати ҳимояси, энг муҳими, унинг келажагини таъминлаш нуқтаи-назаридан атрофлича кўриб чиқилиши имкони юқоридир.

Оила институтини янада такомиллаштириш бўйича Фуқа­ролик кодекси ва Оила кодек­сига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар фарзандликка олиш истагидаги кишиларнинг мурожаатлари қонунга мувофиқ, малакали кўриб чиқилишига, фарзандликка олинувчи бола келажагига нисбатан одил суд ҳимоясини таъминлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли, деб ўй­лайман.



DB query error.
Please try later.