19.02.2013

ҚУРИЛИШ СОҲАСИ РИВОЖИ

касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлаш имкониятини кенгайтиради

Самарқанд вилоятида ўтган ўқув йилида 154 та касб-ҳунар коллежини 102 та мутахассислик бўйича 60 минг 856 нафар йигит-қиз битирди. Уларнинг қарийб барчаси муқим иш ўрнига эга бўлди.

Ёшлар қишлоқ жойларида намунали лойиҳалар асосидаги уй-жойлар қурилиши ҳисобига ҳам иш билан таъминланмоқда. Биргина 2012 йили ўндан зиёд қишлоқ ҳудудларида 650 тадан ортиқ замонавий турар-жой масканлари барпо этилди. Жорий йилда вилоятда яна 1050 та замонавий уй-жой қурилиши режалаштирилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қурилиш-таъмирлаш ишларига касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини кенг жалб этиш ташаббуси Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши томонидан илгари сурилган эди ва бу амалиётга жорий этилмоқда.

Яқинда Самарқанд шаҳрида ўтказилган амалий семинар ҳам юқоридаги масалага бағишланди. Унда қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ҳисобидан яратиладиган янги иш ўринларига касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассисликлари бўйича жалб этиш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини йўлга қўйиш, хусусан, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи­нинг депутатлик назоратини ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Семинарда ЎзХДП Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари етакчилари, фаоллари касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирок этди.

— Партия дастурий мақсадларини амалга оширишда маз­кур ташаббус муҳим аҳамиятга эга, — деди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳ­бари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев. — Мамлакатимизда қурилиш соҳаси жадал ривожланиб бораяпти. Шунингдек, юқори ҳақ тўланадиган тармоқлардан би­ри ҳисобланади. Шундай экан, касб-ҳунар коллежлари би­тирувчиларининг қу­рилишда бандлигини таъ­минлаш уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда муҳим аҳамият­га эга. Биз эса иш берувчи ва ёш мутахассислар ўртасидаги меҳнатга оид муносабатларни расмийлаштириш ҳам­да меҳнат ҳу­қуқлари ҳимояланиши юза­сидан қатъий назорат олиб боришимиз зарур.

— Партиямизнинг мақсад-вазифалари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий сама­радорлигини оширишга қаратилган, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов. — Шу боис ЎзХДПнинг 2013 йилга мўлжалланган ҳаракат дастурида аҳолини кучли ижтимоий ҳимоялаш, электоратни ўй­лантираётган масалалар ечими бўйича аниқ ташаббуслар билан чиқиш юзасидан чоралар белгиланган.

— Биз ушбу лойиҳани ҳаётга татбиқ эта олсак, ёшлар бандлиги бўйича амалий натижага эришган бўламиз, — дейди Олий Маж­лис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Улуғбек Ҳожибеков. — Фуқароларнинг меҳнат қи­лиш ҳуқуқи Ўз­бекистон Республикасининг Меҳнат кодексига асосан қо­нуний ҳимояга олинган. Ке­йинги йиллардаги ислоҳотлар, янгиланишлардан келиб чиққан ҳолда, Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қў­шимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳозирда қизғин муҳокама қилинмоқда. Унга кўра, кодекснинг 10 дан зиёд моддасига меҳнат бозорида манфаатлари муҳофаза қилинишига муҳтож аҳоли вакиллари, хусусан, таълим муассасалари битирувчилари ҳуқуқини кафолатлашга қаратилган ўз­гартириш ва қўшимчалар киритилаяпти. Эндиликда давлат ташкилотлари билан биргаликда нодавлат ва жамоат ташкилотлари ҳам иш берувчи ҳисобида меҳнат бозорида қатнашиши мумкин.

— Бугун муҳокама этила­ётган масала ниҳоятда долзарб, — деди ЎзХДП Булун­ғур туман кенгаши раиси ўринбосари Мамашариф Неъматов. — Республикамизнинг барча ҳудудларида, жумладан, бизнинг вилоятимизда ҳам уй-жой қурилиши давом этмоқда. Қишлоқларимизда вақтинча ишсиз ёшлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини бу қурилишларга жалб этсак, уларни бекорчилик оқибатида келиб чиқадиган салбий ҳаракатлардан асраб, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳам ҳисса қўш­ган бўламиз. Бу жараёнда, айниқса, партиямиз фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари аъзолари ташаббускор бў­лишлари зарур.

Мавзу юзасидан турли фикр­лар билдирилди. Семинар сўнг­гида таҳ­лиллар асосида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Абдували ХУДОЁРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.