19.02.2013

БЕПУЛ ВА ПУЛЛИК ТИББИЙ ХИЗМАТ

ЎзХДП ЎЗ ДАСТУРИЙ МАҚСАДЛАРИГА АСОСАН ТИББИЁТ СОҲАСИ БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШИ, ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗАГА МУҲТОЖ АҲОЛИ, ШУНИНГДЕК, ОНАЛАР ВА БОЛАЛАРГА ТИББИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ДАРАЖАСИНИ ОШИРИШ ТАРАФДОРИ

Ҳар бир мамлакат ижтимоий ҳаётининг юксалиши, келажак авлоднинг маънан баркамол, жисмонан бақувват бўлиб вояга етиши миллий тиббиёт тизимининг нечоғли тараққий этгани­га, ундан аҳолининг барча қатламлари фойдаланиши қандай кафолатланганига боғлиқ.

Юртимизда мустақиллик йилларида тиббиёт соҳасида, энг аввало, малакали му­тахассислар тайёрлаш чора-тадбирлари кўрилди, тиб­биёт масканлари замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар би­лан таъминланди. Аҳо­лининг барча қатлами учун малакали тиббий хизматдан бепул фойдаланиш имконияти яра­тиб берилди. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларига алоҳида имтиёзлар жорий қилинди. Шу билан бирга, бозор иқти­содиёти шароитида, пуллик тиббий хизмат ривожланиши учун ҳам етарли шарт-шароит яратилган.

Таҳририятимизга пуллик ва бепул тиббий хизматларнинг турлари, пуллик тиббий хизматлардаги нарх-навонинг шаклланиш асослари тўғрисида кўплаб саволлар билан мурожаатлар бўлмоқда. Ушбу масалалар бўйича газетхонларга, партиямиз электорати вакилларига кенг­роқ маълумот бериш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Хусусийлаш­тириш ва пуллик хизматни ташкил этиш маркази директори Абдували АГЗАМОВ билан суҳбатлашдик.

— Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунига асосан, давлат даволаш-профилактика муассасалари — ДПМ томонидан аҳолига кафолатланган тиббий ва бошқа турдаги ёрдам бепул кўрсатилади. Шунингдек, давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдамдан ташқари хизматлар қўшимча ҳисобланади ва белгиланган тартибда пул тўлаш орқали амалга оширилади.

Президентимизнинг 1998 йил 10 ­ноябрдаги Фармони билан тасдиқланган «Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури»га асосан кафолатланган бепул тиббий хизматлар доирасига шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида ва бир қатор давлат даволаш-профилактика муассасаларида, биринчи навбатда қишлоқ жойлардаги тиббиёт муассасаларида тиббий хизматлар кўрсатиш, аҳолини юқумли касалликларга қарши иммунизация­лаш ва эмлаш, ижтимоий аҳамиятга эга ва атрофдагилар соғлиғига хавф туғдирувчи сил, хавфли ўсма, руҳий, наркологик, эндокринологик ҳамда касб касалликларига дучор бўлган шахсларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатилади. Шунинг­дек, болаларни текширувдан ўтказиш ва даволаш, 15-17 ёшдаги ўсмирларни ҳамда чақирув комис­сия­ларининг йўлланмалари билан чақириқ ёшидаги (18-27 ёш) шахсларни текширувдан ўтказиш ва даволаш, ҳомиладорларга тиббий хизмат кўрсатиш, беморларнинг имтиёзли тоифалари (ногиронлар, уруш фахрийлари, ғирт етимлар ва бошқалар) киради.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан стационар шароитда ДПМда (пуллик муассасалардан таш­қари) даволанаётган овқатланиш пули тўлашдан озод қилинган ҳамда амбулатор шароитда бепул дори-дармон билан таъминланадиган фуқаролар тоифаси ва касалликлар рўйхати тасдиқланган. Бунга аввало, онкологик, сил, ­руҳий, гиёҳвандлик каби касалликларга чалинган беморлар — ихтисослашган шифохоналарда юқумли касалликлар, заҳм ­ка­сал­­лиги, ОИВини юқтирганлар (ОИТС), шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилишида тасдиқланган стан­дарт­лар бўйича муҳлатларда реанимация ва интенсив даволанишни талаб этадиган беморлар, кам­қонлик касаллигининг барча даражаларида ҳомиладор ва туққан аёллар, эндокринологик касалликлар билан оғриган шахслар киради.

Стационар шароитда ДПМда даволанаётганда овқатланиш пули тўлашдан озод қилинган фуқаролар қуйидагилар: болаликдан ногиронлар, ғирт етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, 1941-1945 йиллар уруш ногиронлари ва қатнашчилари ҳамда уларга тенглаштирилганлар, ижтимоий таъминот муассасаларида ҳисобда турувчи якка-ёлғиз пенсио­нерлар, 1941-1945 йиллар меҳнат фронти қатнашчилари, Чернобиль АЭС ҳалокатини бартараф этишда қатнашган ногиронлар, байналминалчи жангчилар, болалар ва 17 ёшгача бўлган ўсмирлар, мудофаа ишлари бўйича бўлимлар йўлланмалари билан 18-27 ёшдаги ҳарбий хизматга чақирилувчилар.

Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш жоиз. ДПМда овқатга пул тўлаш вақтинчалик тартиби қабул қилинган ва бемор ўз хоҳишига биноан овқатланиши учун (нонуштадан таш­қари) пул тўлаши ёки ов­қатланишга пул тўлашдан қисман ёки бутунлай воз кечиши мумкин. Беморнинг овқатга пул тўлашдан бош тортиши даволаш муассасасига қабул қилмаслик учун асос бўлмайди.

— Амбулатория шароитида даволанаётган беморларнинг қай тоифаси бепул дори-дармонлар билан таъминланади?

— Ушбу тоифани онкологик, сил, мохов, эндокринологик, руҳий касалликлар, ОИВини юқтирганлар (ОИТС), юрак клапани протези қўйилган ва аъзолари кўчирилган беморлар, ўзгалар қаровига муҳтож якка-ёлғиз пенсионерлар, 1941-1945 йиллар меҳнат фронти қатнашчилари, 1941-1945 йиллар уруш ногиронлари ва қатнашчилари, ҳамда уларга тенглаштирилганлар, Чернобиль АЭС ҳалокатини бартараф этишда қатнашган ногиронлар, байналминалчи жанг­чилар, ядро полигонларида ва бош­қа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар ташкил этади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 18 мартдаги «Ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасаларининг ташкилий тузилмасини ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобига бепул тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли шахслар рўйхати аниқланган.

— Сўнгги йилларда кўплаб ихтисослаштирилган тиббий марказлар ташкил этилди, улар бугун самарали фаолият кўрсатмоқда. Ушбу тиббий муассасаларда даволанаётганлар учун қандай имтиёзлар белгиланган?

— Давлатимиз раҳбарининг 2003 йил 26 февралдаги Фармонига асосан академик В.Воҳидов номидаги ихтисослаштирилган хирургия, урология, кўз микрохирургияси ва кардиология марказларида махсус йўлланмаларга (ордерларга) асосан давлат бюджети маблағлари ҳисобига бепул даволанадиган имтиёзли тоифадаги шахслар рўйхати белгиланган. Унга биноан, болаликдан ногиронлар, ғирт етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, 1941-1945 йиллар уруш ногиронлари ва қатнашчилари ҳамда уларга тенглаштирилганлар, ёшга оид ишламайдиган пенсионерлар, 1941-1945 йиллар меҳнат фронти қатнашчилари, Чернобиль АЭС ҳалокатини бартараф этишда қатнашган ногиронлар, байналминалчи жангчилар, фуқаролар ўз-ўзини бошқариш органларида моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оила аъзолари имтиёзли тоифадаги шахслар ҳисобланади. Бундай беморлар Марказларда даволаниши учун уларга ҳудудий соғ­лиқни сақлаш бошқармалари томонидан махсус йўлланмалар (ордерлар) берилади. Имтиёзга эга бўлмаган фуқароларга тиббий хизмат пуллик асосда кўрсатилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 21 майдаги «Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида»ги қарорига асосан, Республика фтизиатрия ва пульмонология ҳамда педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказларида барча хизматлар бепул. Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология ҳамда терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказларида эса, юқоридаги Ихтисослаштирилган Марказларда имтиёзли тоифадаги шахслардан ташқари, 15 ёшгача бўлган болалар, 15-17 ёшдаги ўсмирлар ва чақирув комиссиялари йўлланмалари бўйича чақириқ ёшидаги (18-27 яшар) шахсларга бепул тиббий ёрдам кўрсатилади.

Республика акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида вазирлик томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича патологияли ҳомиладор аёлларга, 15 ёшгача бўлган болаларга мавжуд ўринлар фонди ва марказ поликлиникаси даволаш қувватининг 20 фоизигача миқдорида, Республика эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам тасдиқланадиган рўйхат бўйича эндокрин касалликлардан азоб чекадиган беморларга мавжуд ўринлар фонди ва марказ поликлиникаси даволаш қувватининг 30 фоизигача миқдорида бепул хизмат кўрсатилади.

— Пуллик хизматлар нархини ким белгилайди ва уни тартибга солиб турувчи меъёрлар ҳамда ушбу нарх-наволар устидан қайси ваколатли идоралар назорат қилиши ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

— Пуллик тиббий хизмат кўрсатувчи барча муассасалар вазирлик ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан бериладиган махсус рухсатномаларга эга бўлиши лозим. Бундай муассасаларда фуқаролар билан, албатта, шартнома тузилиши ва уларга пул тўланганлиги тўғрисида квитанция берилиши керак.

Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» қонунига асосан, аҳолини тегишли ахборот ва маълумот билан таъминлаш мақсадида, вазирлик тизимидаги барча тиббиёт муассасаларида ахборот бурчаклари ташкил этилиши ва пуллик тиббий хизмат кўрсатиш тартиб ва қоидалари, кўрсатиладиган хизмат нархлари, махсус рухсатномалар нусхаси кўринарли жойларга осиб қўйилиши белгиланган.

ДПМда кўрсатилаётган пуллик хизматларга калькуляция (нарх)лар амалдаги тартиб-қоидаларга асосан тиббиёт муассасалари томонидан ишлаб чиқилиб, ўзидан юқори турувчи бошқарув идоралари билан келишилгандан сўнг амалиётга татбиқ этилади.

ДПМда пуллик хизматларга нархларни назорат қилиш вазирлигимиз ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, мо­но­полия­дан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Шуни айтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 28 ноябрдаги «Соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида вазирлик тизимидаги соғлиқни сақлашнинг иккиламчи (вилоят кўп тармоқли марказлари, вилоят умумий профилдаги шифохоналари) ва учламчи (республика ихтисослашган марказлар, олий ўқув юртлари ва илмий-текшириш клиникалари) бўғинига тегишли бўлган тиббиёт муассасалари босқичма-босқич ўзини-ўзи молиялаштириш асосида фаолият кўрсатишга ўтаётгани муносабати билан ушбу муассасаларда аҳолига пуллик тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмоқда. Бунда беморларга пуллик хизмат кўрсатилгани ҳа­қида квитанция, яъни тўлов қоғози тақдим этилади. Таъкидлаш лозимки, пуллик сервис хизматлари мажбурий бўлмай, балки беморларнинг хоҳиш-истакларига биноан кўрсатилади.

«Ўзбекистон овози» мухбири,

Обиддин МАҲМУДОВ суҳбатлашди.


DB query error.
Please try later.