09.09.2020

ЮРИСТЛАР МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ МАРКАЗИДА

ўқув машғулотлари замон талаблари асосида олиб борилмоқда

Ҳар қандай жамият аъзоларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ислоҳотларнинг қонуний асосларини таъминлаш, бозор иқтисодиёти механизмларини яратиш, хусусий мулк дахлсизлигини ҳимоя қилиш, миллий давлатчилик тизимини мустаҳкамлаш кўп жиҳатдан юридик кадрларнинг салоҳиятига боғлиқ. Юридик кадрлар салоҳияти ва билими мунтазам ошиб боришида эса ихтисослашган махсус ўқув даргоҳларининг хизмати катта.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг юқори малакали ҳуқуқшунос кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш, уларни қайта тайёрлашни тубдан яхшилаш мақсадида 1997 йил 25 июнда Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида фармон қабул қилинган эди. 2017 йил 19 январда эса Президентимизнинг Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори чиқди. Ушбу қарорда давлат органлари ва ташкилотларида мажбурий тартибда юридик хизматлар ташкил этиш белгиланди. Шунингдек, мазкур ҳужжатга кўра, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмат ходимлари ҳар уч йилда бир марта малакасини мажбурий ошириши, ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини мунтазам юксалтириб бориши керак.

Белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази қайта ташкил этилди. Ушбу қарорда Юристлар малакасини ошириш марказининг мақоми, мақсади, вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятини ташкил этиш ва молиялаштириш, шунингдек, ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби белгилаб берилди. Марказга адлия органлари ҳамда адвокатура ходимларининг, шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар бошқа ташкилотларнинг юридик хизмати ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш вазифалари юклатилди. Ушбу вазифаларни амалга оширишда Марказга янги вазифалар юкланди. Жумладан, давлат ва жамият қурилиши соҳасини демократлаштириш, суд-ҳуқуқ тизими, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг йўналишлари ҳамда замон талаблари асосида адлия, юридик хизмат, адвокатура бўйича ҳуқуқшунос ва бошқа кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш белгиланди. Шунингдек, бошқа соҳа мутахассисларининг ҳуқуқий тушунчалари ва билимларини шакллантириш бўйича ҳам ўқишлар ташкил этиш, ҳуқуқшунослик соҳасида илмий-тадқиқотлар амалга ошириш вазифалари белгилаб берилди. Ҳуқуқшунос кадрларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш борасида тавсиялар ишлаб чиқиш ва тақдим этиш, ҳуқуқшунос кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш белгиланди.

Юқоридаги ҳужжатлар асосида белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан Юристлар малакасини ошириш марказида кўплаб ишлар бажарилди. Жумладан, Марказда олтита кафедра-Давлат ва жамият қурилиши, Жиноят-ҳуқуқий фанлар, ҳалқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари, Фуқаролик-ҳуқуқий фанлар, Ижтимоий фанлар ва психология, Юридик этика кафедраси ҳамда Қонунчилик техникаси ва Коррупцияга қарши экспертиза кафедралари ташкил этилди. Улар кўп йиллик илмий ва амалий тажрибага эга бўлган профессор-ўқитувчилар билан тўлдирилди. Марказ профессор-ўқитувчиларининг илмий салоҳияти 100 фоизни ташкил этиб, кафедраларда фақат фан докторлари ва номзодлари илмий даражасига ҳамда профессор ёки доцент илмий унвонига эга бўлганлар фаолият юритмоқда.

Марказ томонидан юрист кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таълим жараёни давлат талабларига мувофиқ равишда замонга мос ҳолда ишлаб чиқилди. Жумладан, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ходимларининг малакасини ошириш, Адвокатларнинг малакасини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ходимларининг малакасини ошириш, Давлат бошқарув органлари ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар бошқа ташкилотлар юридик хизмати ходимларининг (юрисконсультлар) малакасини ошириш, Нотариус ходимларининг малакасини ошириш, Патент вакилларининг малакасини ошириш, Медиаторларни тайёрлаш (Медиация: таянч курси, Оилавий ҳуқуқий муносабатларда медиация ва Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда медиация курслари бўйича ўқув дастурлари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Марказда малака оширувчи тингловчиларнинг соҳавий йўналишларини тўлиқ қамраб олиш мақсадида адлия органлари ва муассасалари ва ФҲДЁ органлари ходимлари учун малака ошириш бўйича ўқув дастурлари ҳам бугунги кун талаблари асосида тайёрланган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 1 июлдаги қарори билан тасдиқланган Патент вакиллари тўғрисидаги ҳамда Адлия вазирининг 2019 йил 30 декабрдаги буйруғи билан тасдиқланган Патент вакилларини қайта тай­ёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомлари асосида Патент вакилларини қайта тай­ёрлаш ўқув режаси ишлаб чиқилди ва Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланди. Ҳозирда мазкур ўқув режаси асосида Давлат ва жамият қурилиши асослари, Юридик тайёргарлик, Интеллектуал мулк асослари, Патент ҳуқуқи, Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар ва Интеллектуал мулкнинг халқаро-ҳуқуқий муҳофазаси йўналишлари бўйича ўқув дастурлари тайёрланди.

Ўқув дастурлари асосида 94 мавзу бўйича Марказнинг масофавий таълим платформаси ишлаб чиқилди. Профессор-ўқитувчиларнинг асосий эътибори ўқув машғулотларини муаммоли маъруза, блиц сўров, давра суҳбати, кейс стади каби инновацион педагогик услубларидан ҳамда мультимедиа воситаларидан фойдаланган ҳолда ўтказишга қаратилмоқда.

Марказда 2019-2020 ўқув йилида 103 та гуруҳда жами 2888 нафар тингловчи ўқитилди. Уларнинг 85 нафари давлат нотариал идоралари нотариуслари, 382 нафари Давлат хизматлари агентлиги ходимлари, 798 нафари юридик хизмат ходимлари, 579 нафари адвокат, 360 нафари туман (шаҳар) адлия бўлимлари бошлиқлари ва ходимлари, 98 нафари Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари ходими, 17 нафари эса ҳуқуқий мавзуларни ёритадиган журналистлар, ахборот хизматлари раҳбар ва ходимлари, 76 нафари медиатор, 57 нафари Ички ишлар вазирлиги, 20 нафари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси ходими ҳамда 95 нафари Ўзкомназорат ходимларидир.

2018 йил 29 ноябрда Адлия вазирлигининг Профессионал медиаторлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги буйруғи қабул қилинди. Низомга мувофиқ, профессионал медиатор вазирлик томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек, профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс ҳисобланади.

2019 йил 31 январда эса Медиаторларни тайёрлаш Дастурини тасдиқлаш ҳақидаги буйруқ имзоланди. Ушбу ҳужжатнинг мақсади, қонунда белгиланган муносабатлар доирасида келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш учун медиаторларни тайёрлаш, уларда музокара олиб бориш технологияси, стресс ҳолати ва келишмовчиликларни бошқариш, медиация тартиб-таомили ҳақида таянч билимлар бериш, низоларни ҳал этиш бўйича амалий кўникмаларни шакллантиришдан иборат.

2019 йил сентябридан бошлаб Адлия вазирлигининг Юристлар малакасини ошириш марказида медиаторларни тайёрлаш курслари фаолият юритмоқда. Марказда ҳозирга қадар 76 нафар тингловчи таҳсил олиб, профессионал медиатор сертификатига эга бўлди.

Тингловчиларнинг эҳтиёжлари ва имкониятларига кўра, марказ профессор-ўқитувчилари бевосита вилоятларга чиқиб сайёр ўқишлар ҳам ташкил этишди. Сайёр ўқишлар даврида тингловчилар Тошкентга келмай туриб, ўзлари яшаб турган жойда таълим олиш имкониятига эга бўлдилар. Жумладан, жорий ўқув йилида Наманган, Андижон ва Самарқанд шаҳарларида вилоят адлия бошқармалари ва Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ёрдамида сайёр ўқишларда 600 га яқин тингловчи таҳсил олди.

Бугунги кунда Марказнинг масофавий таълим платформаси бўйича 52 нафар адвокат ва 95 нафар юридик хизмати ходими малакасини оширмоқда.

Ушбу даргоҳда илмий фаолият ҳам ташкил этилган. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раисининг 2020 йил 27 февралдаги қарори билан Юристлар малакасини ошириш маркази ҳузурида юридик фанлар бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини берувчи илмий кенгаш тузилган. Ушбу илмий кенгашга халқаро ҳуқуқ ихтисослиги бўйича диссертациялар ҳимоясини ўтказишга рухсат берилди. Шу билан бирга Таълим-тарбия назарияси ва методикаси (юридик фанлар) ихтисослиги бўйича бир марталик илмий кенгаш тузилади. Илмий кенгаш ва унинг қошидаги семинар ҳамда малакавий имтиҳонлар қабул қилиш комиссияси фаолияти йўлга қўйилди.

Марказда ўтган ўқув йилида илмий ишлар бўйича 15 масала, ўқув ва илмий-услубий ишлар бўйича 17 масала муҳокама қилинди.

Шунингдек, жорий йилда Юрист ахборотномаси электрон журнали фаолияти йўлга қўйилди. Ўқув даргоҳида давлат илмий-техника дастурлари доирасида 2018-2020 йилларга мўлжалланган 4та мавзу юзасидан илмий-тадқиқот ишлари бажарилмоқда.

Шунингдек, ўтган ўқув йилида Марказ профессор-ўқитувчилари томонидан 9 та дарслик, монография, ўқув, ўқув-услубий қўлланмалар тайёрланди ва чоп этилди.

Марказнинг халқаро ҳамкорлиги ҳам йўлга қўйилган. Ўтган ўқув йилида хорижий экспертлар иштирокида 3 та халқаро тадбир ўтказилди. Хусусан, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) вакиллари билан адвокат ва медиаторлар учун машғулот ва Маъмурий ҳуқуқнинг умумий принциплари мавзусида вебинар машғулотлар ўтказилди. Юристлар малакасини ошириш маркази, Адвокатлар палатаси ва Германия Халқаро ҳамкорлик ташкилоти (ГИЦ) билан ҳамкорликда медиация бўйича икки кунлик масофавий шаклда вебинар ташкил этилди. USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш лойиҳаси кўмагида икки нафар профессор-ўқитувчи Сингапурда малакасини оширди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази фаолиятини қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида ҳамкорлик истиқболлари юзасидан Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги Лойиҳалар координатори билан, USАIДнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш Дастури директори билан учрашувлар ўтказилди. Ўзбекистондаги USAID (АҚШ) агентлиги билан ҳамкорликда Самарқанд вилояти адлия ходимлари, адвокатлар ва юридик хизмат ходимлар учун Юристлар малакасини ошириш: замонавий ҳолати ва келажакдаги истиқболи мавзусида семинар тренинг ташкил этилди. Юристлар малакасини ошириш марказида Малайзия Бош вазири маъмурияти ҳузуридаги Суд-ҳуқуқ тайёргарлиги институти ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги элчихонаси билан масофавий видео кўринишдаги учрашув ўтказилди. Унда Юристлар малакасини ошириш маркази директори Анвар Раҳматов ва Малайзия Бош вазири маъмурияти ҳузуридаги Суд-ҳуқуқ тайёргарлиги институти директори А.Харун билан ўзаро мулоқот бўлиб ўтди.

Адлия вазирлиги ва Юристлар малакасини ошириш маркази ходимларининг Германия ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси (GIZ) раҳбари Й.Пуделька билан видеоконференция шаклида мулоқоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда маъмурий тартиб-тамойиллар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича истиқболдаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Марказда тингловчилар ва марказ ходимларига хизмат кўрсатишни яхшилаш мақсадида махсус бўлимлар ҳам ташкил этилган. Жумладан, Ўқув жараёнини ташкил этиш ва назорат қилиш бўлими, Таълим жараёни сифатини услубий таъминлаш, мониторинг қилиш ва баҳолаш, Фан, инновация ва таълим дастурларини ишлаб чиқиш, Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва масофадан ўқитишни ташкил этиш, Халқаро ҳамкорлик, Маъмурий-хўжалик, Буюртмалар портфели ва маркетингни шакллантириш, Таҳририй-нашриёт бўлимлари, Бухгалтерия ва молиявий масалалар, Ахборот-ресурс маркази, Кадрлар бўйича катта инспектор ва Девонхона хизматлари йўлга қўйилган.

Қисқа қилиб айтганда, Юристлар малакасини ошириш маркази замон талабларига мос равишда ташкил этилди. Яратилган шароитлар ва имкониятлар юристлар малакасини сифатли ва мукаммал оширишга хизмат қилишига ишончимиз комил.

Баҳром АҲРОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Адлия

вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази профессори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: