16.02.2013

ҲИНДИСТОНЛИК МУТАХАССИСЛАР ЗАМОНАВИЙ ЎЗБЕКИСТОН ҲАҚИДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йилда мам­лакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривож­лантиришнинг якунлари ва 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишлан­ган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаси ҳамон хорижий мамлакатлар ижтимоий-сиёсий ва эксперт-таҳлил доира­лари вакилларининг диққат марказида турибди.

Ҳиндистонда чоп этила­диган «Political Events» жур­налининг сиёсий шарҳловчиси Мохан Кришен Дхар ўзининг шу ҳақдаги фикр-мулоҳазаларини ўр­тоқлашар экан, Ўзбекистонда ўтган йили эришилган ижтимоий-иқтисодий та­раққиёт кўрсаткичлари мам­лакат раҳбарининг маърузасида батафсил ёритилгани баробарида 2013 йили мамлакат олдида турган вазифалар ва уларни амалга ошириш йўллари аниқ-равшан белгилаб берилганини эътироф қилди. Унинг сўз­ларига қараганда, Обод турмуш йили доирасида ҳаётга татбиқ этилиши режалаштирилаётган кенг ­миқёсли ислоҳотлар, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, мамлакат иқтисодиётининг барқарор тараққиётини таъминлаш, республикамизнинг жаҳон майдонидаги нуфузини янада юксалтириш, минтақамиздаги тинчлик ва осо­йишталикни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар ўзбек халқининг манфаатларига тўла жавоб беради.

— Ўзбекистон барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини намойиш этмоқда, мам­лакат фуқароларининг ҳаёт тарзи ҳам тобора юкса­либ бораётир. Ялпи ички маҳ­сулотнинг жадал суръат­да ўсиши, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги изчил ислоҳотлар, чет эл сармоялари ҳажмининг ортиши ва кенг кўламли инфратузилмавий лойиҳаларнинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг ривожланган бозор иқ­ти­содиётига эга демократик давлатга айланиб бора­ётганидан далолат беради, — деди эксперт.

Жавоҳарлаъл Неру ном­ли университет ҳузурида­ги Халқаро тадқиқотлар мактабининг профессори Кумар Пандей 2012 йили мамлакатимизда эришилган ижтимоий-иқтисодий муваффақиятлар тўғрисида сўзлар экан, Ўзбекистон салмоқли иқтисодий салоҳият ва тараққий топган инфратузилмага эга эканлигини эътироф этди. «Ўт­ган йили республикада соғ­лиқни сақлаш ва таълим соҳаларини ислоҳ қилиш бўйича изчил ислоҳотлар давом эттирилди. Давлат харажатларининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилиш бў­йича чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилиб, ушбу маблағларнинг 34 фоиздан ортиғи таълим, 14 фоиздан ошиқ қисми соғлиқни сақлаш соҳаларини молиялаштиришга йў­налтирилгани алоҳида эъти­борга молик», дея таъкидлади К.Пандей.

Унинг фикрича, таълим-тарбия соҳасининг яхлит, узлуксиз тизимини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, жумладан, умумий ўрта таълимдан бошлаб ўр­та-махсус, касб-ҳунар ҳам­да олий таълимгача бўлган барча босқичларда юксак билимли ва малакали касб тайёргарлигига эга бўлган авлодни тарбиялаш жа­раёнини такомиллаштириш юзасидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган чора-тадбирлар давлат томонидан таълим соҳасини ривожлантиришга қаратила­ётган улкан эътибордан далолат беради.

Олиб борилаётган оқи­лона сиёсат туфайли Ўзбекистон дунёнинг саноқли давлатлари қаторида барқарор иқтисодий ўсиш суръ­атларини сақлаб қолмоқда, — деди Ҳиндистон Халқаро тадқиқотлар марказининг Ўрта Осиё ва Россияни ўрганиш дастури профессори Пул Бадан.

Ҳиндистон илм-фан ҳамжамиятининг вакили сифатида Пул Бадан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йилда қа­бул қилинган «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонини юқори баҳолашини маълум қилди.

«Ўзбекистонда умум қа­бул қилинган халқаро талаблар ва мезонларга мувофиқ равишда фан доктори илмий даражасини олиш учун тўғридан-тўғри диссертацияни ҳимоя қи­лишни назарда тутувчи олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқич­ли тизими жорий қилинди. Ривожланган мамлакатлардаги каби, республикада ҳам етакчи олий таълим му­ассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида тегишли фан йўналишлари бўйича фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгашлар тузилиб, улар юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш марказларига айланади», дея ўз фикрини якун­лади профессор.

«Жаҳон» АА,

Деҳли.



DB query error.
Please try later.