Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
16.02.2013

ЁШЛАРНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШДА

таъсирчан жамоатчилик назорати муҳим аҳамиятга эга

Коллежни тамомлаб, катта ҳаётга кириб келаётган битирувчи ишга жойлашса, ўз кучи ва салоҳияти билан ютуққа эриша бошласа, эртанги кунга, келажакка ишончи ортади, ҳаётга қараши ўзгаради. Бу жараёнда уни атрофдагилар қўллаб-қувватлаши муҳим ўрин тутади.

ЎзХДП Хоразм вилоят кенгашида ўтказилган «Маҳаллийлаштириш дастурлари доирасида янги ишлаб чиқариш корхоналарини яратиш ҳисобига касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассислиги бўйича бандлигини таъминлаш, бу борада таъсирчан жамоатчилик назоратини ташкил этиш» мавзусидаги амалий семинарда шу ҳақда сўз юритилди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамда ижтимоий ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этган семинарда янги иш ўринлари яратиш имкониятларини ўрганиб, аниқ, асосли таклифларни илгари суриш, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш, меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, иш берувчи масъулиятини ошириш муҳим вазифалардан экани таъкидланди.

Таъкидлаш керакки, Хоразм вилоятидаги 80 дан ортиқ коллежни жорий йилда 30 мингга яқин ёшлар тамомлайди. Улар 68 мутахассислик бўйича касб-ҳунар ўрганишмоқда, мингдан ортиқ идора-ташкилотларда амалиёт ўтаяпти. Тижорат банк­лари томонидан тадбиркорлик фаолиятини юритишни хоҳловчилар учун 4,2 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратиш режалаштирилган. Вилоятда саноатнинг янги турлари кириб келиши эътиборга оли­ниб, 41 та коллежда 39 та янги му­та­хассислик очилган. Уларнинг ак­сарияти автомобилсозлик тар­моғига доир касб-ҳунарлардир.

Назокат АЛИЕВА, Гурлан маиший хизмат касб-ҳунар коллежи директори:

— Туманимизда 37 та фермер хўжалиги бор. Битирувчиларни ишга қабул қилишда уларнинг имконияти унча юқори эмас. Тадбиркорларда ҳам вазият шундай. Хизмат кўрсатиш шохобчалари, айниқса, умумий овқатланиш масканларида ишлаётган ёшларни кўп учратамиз. Уларнинг аксарияти, норасмий ишлаяпти. Бу ишчиларга кунбай ҳақ тўлашдан иш берувчи манфаатдор. Хизмат кўрсатиш соҳасидаги иш ўринларини мониторинг қилиб, ишлайдиганларни қонуний расмийлаштириш керак. Акс ҳолда, улар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб бўлмайди.

Тўғрисини айтганда, биз ҳам битирувчиларнинг бандлигини таъминлашда бироз қийинчиликларга дуч келаяпмиз. Шу боис туманда мавжуд касб-ҳу­нар коллежлари ихтисослигини эътиборга олган ҳолда янги иш ўринлари ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан, маиший хизмат кўрсатиш бўйича янги иш ўринлари очиш имкониятидан туманимизда тўла фойдаланилаётгани йўқ.

Улуғбек ҲОЖИБЕКОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фрак­цияси аъзоси:

— Айни пайтда қонунчиликда Меҳнат кодексига киритилаётган ўзгартишлар ходим ва иш берувчи орасидаги ҳуқуқий кафолатлар мустаҳкамланишига хизмат қилади. Муҳокама қилинаётган янги нормаларга кўра эндиликда тижорат ва нодавлат ташкилотлари ҳам меҳнат бозорига кириши белгиланган. Ёки касб-ҳунар коллежи битирувчилари учун дастлабки синов муддати олиб ташланади. Муқаддам ушбу синов муддати айрим иш берувчилар учун қулай эди. Синов муддатини яхши ўтамади, деган баҳонада истаган вақтида ишдан бўшатиши мумкин бў­ларди. Энди бунга йўл қўйилмайди.

Боймурод ЮСУПОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:

— Бу йил вилоятда яратилиши режалаштирилган 60 минг иш ўрнининг аксарияти касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун мўлжалланган. Буларнинг манзиллигини таъминлаш учун маҳаллий Кенгаш депутатларидан ўз ваколатлари доирасида ҳар бир иш ўрни бандлигини назорат қилиши талаб этилади. Афсуски, туманларда бу борада сусткашлик кузатилаяпти. Шуни айтиш керакки, пар­тиямиз янги иш ўрни яратилишидан манфаатдор. Бу бевосита электорат манфаатига хиз­мат қилади. Бу борада юзага келаётган муаммолар ечими бўйича маҳаллий кенгашлар сессиялари кун тартибига масалалар киритилса, унинг иж­роси назоратга олинса, фаолиятимизда самара бў­лади.

Раимберган САБУРОВ, вилоят партия кенгаши раиси, Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Яқинда вилоят кенгашидаги доимий комиссия аъзолари бир туманда касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлаш аҳволини мониторинг қилдик. Афсуски, жойларда йўқ иш ўринларига ишга қабул қи­лиш ҳоллари ҳамон учраб турибди. Масалан, Шовот туманидаги 25 киши ишлайдиган бир ташкилот раҳбари касб-ҳунар коллежи битирувчиларидан 51 нафарини «ишга қабул қилиш» ҳа­қи­да шартнома тузганини қандай баҳолаш мумкин? Бундай кўз­бўямачиликлар бошқа туманларда йўқми? Бор, албатта. Бу каби муаммоларни ҳал этиш учун биздан масъулият ва эътибор талаб этилади.

Обод турмуш йилида биз ўз электоратимиз манфаатини самарали ҳимоя этишни истасак, кўпроқ амалий ишлар билан шуғулланишимиз керак. Бу борада энг аввало, бандлик масаласига эътибор қаратишимиз лозим. Партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари ўз ҳудудидаги иқтисодий масалалардан тўлиқ хабардор бўлиши ва таклифлар билан чиқиши талаб этилади.

Роҳатжон ОЛЛОБЕРГАНОВА, Урганч нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежи ўқитув­чиси:

— Коллежда ишлаётган ўқи­тувчи, гуруҳ раҳбарлари ҳам битирувчиларни иш билан таъминлаш учун имконият даражасида ҳаракат қилишаяпти. Вақти келса, илм бериш, касб ўргатиш би­лан бирга, идорама-идора юриш­га мажбур бўлишаяпти. Мақсад эса битта — талабаларни иш би­лан таъминлаш, корхоналар билан шартнома тузиш. Шуни айт­моқчи эдимки, бу жараёнда ман­фаатдор корхоналар раҳ­барлари ҳам қатнашишса, меҳнат ярмаркалари коллежлар­нинг ўзида ташкил этилса, корхона ва ташкилотлар томонидан бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар коллежларга тақдим этиб турилса, мазкур масала ечими осон ҳал этилишига эришилади.

Бу таклиф кўпчиликка маъ­қул бўлди. Дарҳақиқат, нега фақат коллеж ўқитувчиси уй­ма-уй, идо­рама-идора юриши керак? Бизнингча, корхона ва ташкилотлар, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ҳамкорликни кучайтириб, бу масалага жиддий эътибор қаратиши лозим.

Семинар шу каби савол ва му­лоҳазалар асосида ўтди. Кў­риб чиқилган масала бў­йича вилоят кенгашининг ҳа­ракат дастури белгиланди. Унинг самараси эса барчамизга — пар­тия фаоллари, айниқса депутатларимиз бирдамлиги ва ташаббускорлигига боғлиқ.

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.