16.02.2013

ХАЛҚАРО ЭЪТИРОФЛАР ЗАМИРИДАГИ УЛКАН ҲАҚИҚАТ

Аҳоли турмуш даражаси кўпинча киши бошига тўғри келадиган даромадга нисбатан ҳисобланади. Лекин фақат моддиятга асосланган бу қараш ҳаёт сифатини тўла ифодалай олмайди. Зеро, аксарият одамлар умр мазмунини фақат бой бўлишда эмас, соғлом ва бахтли ҳаёт кечириш, турмушидан рози бўлиб яшашда, деб билади.

Шу боис кейинги пайтларда аҳоли турмуш даражасини аниқлашда одамларнинг реал даромадлари билан бирга уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, тиббий хизматдан фойдаланиши, мазмунли ҳордиқ чиқариши учун яратилган имкониятлар, мамлакатдаги тинчлик ва хавфсизлик, одамларнинг эртанги кунга ишончи каби кўплаб жиҳатлар ҳам эътиборга олинмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимиз турмуш даражаси ва ҳаёт сифати мазкур мезонларга тўла мос келади. Бу етакчи халқаро ташкилотлар ҳамда экспертлар томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги «Бош мақсадимиз — кенг кўламли ислоҳотлар ва модернизация йўлини қатъият билан давом эттириш» маърузасида Буюк Британиянинг халқаро миқёсда тан олинган Легатум институтининг Фаровонлик ва ривожланиш индексида Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида ҳақли равишда 64-ўринга киритилгани алоҳида таъкидланди.

Маълумки, мазкур индекс (The Legatum Prosperity Index) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Жаҳон савдо ташкилоти каби нуфузли муассасаларнинг статистик маълумотлари, ижтимоий тадқиқотлар ва экспертлар нуқтаи назари асосида тузилади. Таҳлилларда ижтимоий ҳаёт фаровонлигини таъминлайдиган энг муҳим саккиз соҳа — иқтисодиёт, тадбиркорлик, бошқарув тизими, таълим, соғ­лиқни сақлаш, хавфсизлик, шахсий эркинлик ва ижтимоий сармояга оид жуда муҳим параметрлар ҳисобга олинади.

Сир эмас, собиқ тузум даврида Ўзбекистон аҳолисининг ҳаёт даражаси бўйича энг қолоқ ўлкалардан бири эди. Юртимизга фақат хомашё ҳудуди сифатида бир томонлама қараларди. Ўзбекистонга товар олиб келиш ва олиб чиқиш, коммуникациялар қуриш йўллари ҳам берк эди. Бундай шароитда иқтисодиётнинг ривожланиши, одамлар турмуш даражасининг яхшиланиши ҳақида гапириш ортиқча эди.

Давлатимиз раҳбарининг ҳар томонлама чуқур ўйланган, жаҳон тажрибаси ва мамлакатимизнинг ички имкониятларидан келиб чиқиб амалга оширилган иқтисодий сиёсати халқимизни ана шундай кескин инқироздан беталафот олиб ўтиш имконини берди. Марказлаштирилган маъмурий-буйруқбозлик тизимига барҳам берилиб, бозор иқтисодиётининг асослари шакллантирилди.

Ўзбекистон иқтисодиёти йигирма йил давомида 3,5 баробардан зиёд ўсди. Шу даврда мамлакатимиз аҳолиси қарийб 9 миллион кишига кўпайиб, 30 миллионга яқинлашганини инобатга олсак, бу кўрсаткичнинг аҳамияти янада яққол намоён бўлади.

Қолаверса, бу даврда халқимиз оғир қийинчиликлар, муаммо ва таҳдидларни енгиб ўтишига тўғри келди. 2008 йилда жаҳон иқтисодиётида рўй берган ва ҳали-бери давом этаётган глобал инқироз мамлакатимиз учун ҳам нав­батдаги синов бўлди.

Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган Инқирозга қарши чоралар дастурини амалга ошириш, иқтисодиётни модернизация қилиш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилгани ўз самараларини берди. Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор суръатлар билан ривожланди, макроиқтисодий кўрсаткичларнинг барқарорлиги ва мутаносиблиги таъминланди, аҳоли турмуш даражаси изчил юксалди.

Мазкур инқироз шароитида, яъни охирги беш йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати дунё­даги саноқли давлатлар қаторида 8,2 фоиздан кам бўлмаган даражани ташкил қилди. Жумладан, 2012 йилда аҳолининг даромадлари миқдори 17,5 фоизга, энг кам иш ҳақи 26,5 фоизга ошди. 2000 йил билан таққослаганда, реал даромад аҳоли жон бошига 8,6 баробар кўпайди.

Бугун оилаларнинг 97 фоизи ўз уйига, ҳар уч оиладан бири шахсий автомобилига эга. Аҳолининг 90 фоизи узоқ муддат фойдаланиладиган барча асосий товарлар билан таъминланган.

Бундай натижаларга эришишда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, бунинг учун қулай шарт-шароитлар яратиш, имтиёз ва преференциялар бериш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар муҳим омил бўлмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бундан 20 йил аввал Ўзбекистонда хусусий тадбиркорлик деган тушунчанинг ўзи йўқ эди. Оддий хўжалик совуни ёки гугурт ҳам юртимизга бошқа мамлакатлардан олиб келинарди. Бугун эса «Made in Uzbe­kistan» белгисига эга кенг турдаги товарлар, маиший-техника воситалари, енгил саноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари бозорларимизни тўлдириб, хорижий давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик аҳолини сифатли товарлар билан таъминлаш, экспорт таркибида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни кўпайтириш, замонавий хизмат кўрсатиш, ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш ва шу асосда аҳоли даромади ҳамда фаровонлигини оширишда етакчи кучга айланиб бораётир.

Ҳозирги кунда ялпи ички маҳсулотнинг 54 фоизи, ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг 22 фоизи ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 98 фоизи айнан шу соҳа ҳиссасига тўғри келмоқда.

Бу, аввало, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, одамлар эркин нафас оладиган жамият барпо этилганидан далолатдир. Бир пайтлар ўзининг хусусий корхонаси ёки ўз ерига эга бўлиш тугул, уйида чопон ёки дўппи тикишга ҳам чўчиган ҳамюртларимиз бугун тадбиркорлик, ҳунармандчилик билан эмин-эркин шуғулланмоқда. Хориждан ҳамкорлар топиб, ўз товарини ўзи сотмоқда.

Бундай ислоҳотлар давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, маъмурий органларнинг ваколатларини қисқартириш, ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш сингари бош­қа соҳаларда ҳам амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан баён этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган ғоя ва қонунчилик ташаббуслари бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Фаровонлик ва ривожланиш индексини белгилашда таълим тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидламоқ жоиз. Негаки, глобаллашув жараёни кенг тус олаётган, дунё бозорида рақобат кучайиб бораётган XXI аср­да юксак интеллектуал бойликка, ҳам жисмоний, ҳам маънавий етук авлодга эга бўлган халқ узоққа бора олади. Халқ­аро индексдаги ушбу соҳага оид таҳлиллар эса айнан шуни — эртага ким қандай ўринда бўлишини, давлатларнинг истиқболдаги ривожланишини кўрсатади.

Ўзбекистон бу борадаги кўрсаткичлар бўйича ҳам дунё мамлакатлари орасида юқори ўринларни эгаллаб турибди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг расмий сайтидаги қуйидаги маълумот ҳам буни тасдиқлайди: «Ўзбекистон аҳолининг ялпи саводхонлигига эришган. Аҳолининг саводхонлиги 1991 йилдаги 97,7 фоиздан 2003 йилда 99,3 фоизга етди. Ўрта махсус ёки олий маълумотга эга катта ёшли аҳоли 75 фоиздан ошди».

Бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Жаҳоннинг кўплаб давлатларида турли ижтимоий-иқтисодий муаммолар сабаб болалар таълим жараёнига тўла қамраб олинмаётган бугунги кунда юртимиз аҳолисининг саводхонлиги қарийб 100 фоизга етиши, уларнинг катта қисми олий маълумотга эга экани халқимизнинг улкан ютуғидир. Бундай натижалар, вақти келиб, ижобий маънодаги «портлаш эффекти»ни, яъни ўзининг юксак самараларини беради, албатта.

Мамлакатимиз таълим тизими ҳақида сўз юритганда, Франциядаги дунёнинг энг яхши бешта бизнес мактаби қаторига кирадиган «Инссад» халқаро бизнес мактабининг 2012 йилги «Инновацияларнинг глобал индекси» маърузасида баён этилган маълумотларни келтириш ўринли. Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорликда тайёрланган ушбу маърузада Ўзбекистон 141 мамлакат орасида инсон капиталини ривожлантириш даражаси бўйича 35-ўринни, таълим тизимини ривожлантириш даражаси бўйича эса 2-ўринни эгаллади.

Бу Юртбошимиз раҳнамолигида замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишларнинг натижасидир.

Бундай эътирофларни мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими ва соҳадаги ислоҳотлар бераётган юксак самаралар тўғрисида ҳам кўплаб келтириш мумкин. Замонавий шифо масканлари бунёд этиш, тиббий хизмат сифатини ошириш, касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, болалар спортини ривожлантириш каби йўналишларда амалга оширилаётган ишлар кўлами шунчалик кенгки, уларнинг ҳар бири алоҳида мақолага мавзу бўла олади.

Ҳар йили давлат харажатларининг салмоқли қисми соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга ажратилаётганининг ўзи тизимга бўлган эътиборни яққол намоён этади. Хусусан, 2012 йилда бюджетнинг 14,5 фоиздан кўпроғи ушбу соҳани молиялаштиришга йўналтирилган.

Жорий йилда ҳам обод турмушнинг муҳим шарти сифатида инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, бунинг учун соғ­лиқни сақлаш тизимини замонавий даволаш воситалари, техника ва технологиялар билан таъминлаш, касалликларнинг олдини олиш ишларини янада кучайтириш масалалари устувор вазифа бўлиб қолади.

Инсоннинг энг устувор ва муқаддас ҳуқуқларидан бири бу яшаш ҳуқуқидир. Уни таъминлашнинг муҳим шарти эса тинчлик-осойишталик, барқарорлик ва хавфсизликдир. Дунёдаги вазият шиддат билан ўзгариб, хавфсизликка нисбатан таҳдид ва хатарлар тобора кучайиб бораётган бугунги кунда бу ҳаётий омилларнинг аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда.

Яқинда бир манбада ўқиб қолдим: тарих давомида бутун дунёда атиги 25 йил умумий тинчлик бўлган экан. Қолган пайтларда турли минтақа ва мамлакатларда катта-кичик низолар, урушлар тинмаган.

Бир қарашда бу гапга ишониш қи­йиндек. Лекин бугун дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни, турли шакл ва мақсадлардаги низолар, ошкора ва яширин урушларни мулоҳаза қилиб кўрсак, унинг ҳақиқат эканлигига амин бўламиз.   

Инсоният тараққиётнинг юксак даражасига етган бугунги кунда ҳам умумий тинчликка эриша олмаяпти. Қонли можаролар, миллатлараро ва динлар­аро низолар, терроризм, эк­с­тремизм ва наркотрафикнинг кучайиши давом этмоқда. Давлатларнинг азалий қардошлиги ва яқин ҳамкорлигини кўролмайдиган, тараққиётнинг орқага кетишини истайдиган, шу йўл билан ўз мақсадларига эришишни кўзлайдиган ғаразли кучлар турли келишмовчилик ва нотинч­ликларни келтириб чиқаришга уринмоқда.

Бунга қайсидир маънода эришиляпти ҳам. Иқтисодиёти барқарор ривожланаётган, халқи тўқ яшаётган баъзи давлатларда ур-сурлар сабаб ҳаёт издан чиқди. Уй-жойлар, ижтимоий объектлар вайронага айланди. Одамлар хотиржам дам олиш ёки фарзандлари келажагини эмас, жонини омон сақлашни ўйлаб яшамоқда. Эртанги кунга ишонч ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади.

Минг шукурки, мамлакатимизда тинч­лик-осойишталик ҳукмрон. Одамлар қалбида — хотиржамлик. Президентимиз томонидан мустақиллигимизнинг биринчи йилларидан бошлаб амалга оширилаётган стратегиянинг асоси ҳам ана шу мақсадга қаратилган. Давлатимиз раҳбари «Юксак маънавият — енгилмас куч» китобида таъкидлаганидек, биз барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаётга эришиш йўлида ўз олдимизга қандай режа ва дастурларни қўймайлик, барча олижаноб орзу-интилишларимизни амалга оширишнинг ягона шарти ва гарови — бу тинчлик ва осо­йишталикдир.

Халқимиз юртимизнинг мустақил тараққиёт йўлида эришган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва бошқа соҳалардаги муваффақиятларига юқори баҳо бермоқда ва бундан ҳақли равишда фахрланади. Аҳолининг турмуш даражаси ва сифати, халқ фаровонлиги юксалаётганини таъкидлаб, келажакка катта ишонч билан қарамоқда. Одамларнинг ўзига ўзи шундай баҳо бериши кўп нарсани англатади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқимизнинг тинимсиз меҳнати, мардлиги ва матонати эвазига қўлга киритган бундай ютуқлардан ва марралардан ҳар қайсимиз фахрланиб, бошимизни баланд кўтариб яшашга ҳақлимиз.    

Анвар САМАДОВ,

ЎзА шарҳловчиси.



DB query error.
Please try later.