31.08.2020

МУСТАҚИЛЛИК – ЭЗГУ НИЯТЛАРИМИЗ, БУЮК МАҚСАДЛАРИМИЗ РЎЁБИ ЙЎЛИДА ҚУДРАТ МАНБАИ

Кўксарой қароргоҳида 31 август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, илм-фан, маданият соҳаси фидойилари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри жамоатчилиги вакиллари махсус студияларда онлайн кузатиб борди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев байрам нутқини сўзлади.

Мустақиллик байрами – бу қутлуғ кун шукуҳи неча йил ўтса ҳамки қадрини йўқотмайди. Тириклик қадар мангу давом этади. Халқимизнинг, ота-боболаримизнинг кўп йиллик орзуси ушалганига – Ватанимиз озодликни қўлга киритганига ҳам 29 йил бўлди. Мустақил ўтган йиллар сарҳисоби беҳисоб ва мазмунли. Биргина кейинги, хусусан, синовли 2020 йилда амалга оширилаётган чора-тадбирлар кўлами ҳам ғоят кенгдир.

Иқтисодиёт тармоқлари – хусусий тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, савдо-сотиқ каби йўналишларда янги механизмлар жорий этилди. Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида оилавий бизнес, ҳунармандчилик, томорқачилик, хуллас, бир оила яхши яшаши, ўзини тиклаб олиши зарур бўлган барча йўналишларда катта имкониятлар берилди. Солиқ юки енгиллаштирилди.

Бу йил халқимиз учун синовли келди. Табиий ва техноген офатлар, пандемия шароитида халқимиз жипслигини кўрсатди. Бу бало-қазоларни оқилона, аниқ ва пухта ўйланган чора-тадбирлар туфайли енгиб ўтмоқдамиз.

– Биз қандай таҳликали ва суронли даврларни бошимиздан кечирмайлик, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлмайлик, мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи бизга доимо тоғдек таянч бўлмоқда. Бугун чексиз ифтихор билан айта оламизки, донишманд халқимизнинг узоқни кўра олиши, бирдамлиги ва фидойи меҳнати билан барча синовлардан муносиб ўтиб келмоқдамиз. Шу нуқтаи назардан, бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйилаётгани, янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётганини қайд этди.

Бу борада, ҳеч шубҳасиз, юртимизда ёш авлод таълим-тарбияси, илм-фан равнақи йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, ўқитувчилар обрўси йил сайин юксалиб, таълим сифати яхшиланаётгани муҳим омил бўлмоқда.

Шавкат Мирзиёев қўшма дастур ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда пандемия оқибатларини юмшатиш борасида кўрсатган ёрдамлари учун Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялар банки ва бошқа ташкилотларга миннатдорлик билдирди. Халқимизни Мустақиллик байрами билан қутлаётган ҳамкор давлатлар халқларига тинчлик-омонлик ва фаровонлик тилади.

– Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Карантин чекловларига қарамай, Ўзбекистонда саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ишлари изчил давом эттирилди. Корхоналар белгиланган режаларни бажармоқда. Йил бошидан буён 9 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилишга эришилгани фикримиз далилидир. Бу йил республикамизда биргина саноат соҳасида умумий қиймати 11 миллиард доллар бўлган лойиҳалар ишга туширилиши қайд этилди.

– Мен турли синов ва курашларда тобланган, иймон-иродаси мустаҳкам халқимизнинг ақл-заковати ва азму шижоатига ишонаман. Мана шундай буюк инсоний фазилатлар соҳиби бўлган, айниқса, бугунги синовли кунларда ўзининг матонати ва ҳамжиҳатлиги билан чинакам жасорат кўрсатаётган қаҳрамон халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан бош эгиб таъзим қиламан, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистонда Мустақиллик байрами тадбирлари давом этмоқда.

Улуғбек АСРОРОВ,

ЎзА мухбири


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: