16.02.2013

ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШ

бола келажаги ва тақдири билан боғлиқ масала

Газетамизнинг аввалги сонларида Фуқаролик процессуал кодексига ва Оила кодексига оила институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётгани, хусусан, болани фарзандликка олиш бўйича янги институт жорий этилаётгани, бунинг ижтимоий аҳамияти ҳақида депутатлар, партиямиз фаоллари, зиёли­лар, ҳуқуқшунос олимлар ва газетхонлардан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришини сўраган эдик.

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Болани фарзандликка олиш бўйича суд тартиби жорий қилиниши, бунинг ижтимоий аҳамияти ҳақида кенгроқ тасаввурга эга бўлиш учун дастлаб фарзандликка олиш тушунчасига алоҳида тўхталиб ўтиш керак, деб ўйлайман.

Миллий қонунчилигимизга мувофиқ, фарзандликка олиш ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, зарур ҳолларда, ота-она қарамоғидаги вояга етмаган болаларни уларнинг манфаатларини кўзлаб ўз фарзандлигига олишдир.

Фарзандликка олишда фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинувчининг жинси, миллати, тили, дини, эътиқоди, шунингдек, келгусида боланинг соғлиғи, унинг жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий ривожланиши учун тўлиқ шароит яратилиши ҳисобга олиниши шарт. Бунда айрим ҳолатларда фарзандсиз оилалар ва фарзандликка олувчи манфаатлари, фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинувчининг этник келиб чиқиши, ака-ука, опа-сингил эгизакларнинг манфаатлари эътиборга олиниши Оила кодексида белгилаб қўйилган.

Вояга етган эркак ёки аёл фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар, қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар, асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар, қонунда кўрсатилган асослар бўйича фарзандликка олганлиги бекор қилинган собиқ фарзандликка олувчилар, қасддан содир этган жиноятлари учун илгари суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилинганлар фарзандликка олишларига қонун билан йўл қўйилмайди.

Оила кодексига мувофиқ, фарзандликка олишни сир сақлаш қонун билан ҳимоя қилинади. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтаридаги ва бошқа ҳужжатлардаги фарзандликка олувчилар фарзандликка олинганларнинг ота-онаси эмаслигини билдирадиган мазмундаги ёзувлар билан таништириш, бу ёзувлардан кўчирмалар ва бошқа маълумотларни фарзандликка олувчиларнинг розилигисиз, агар улар вафот этган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органининг розилигисиз бериш тақиқланади.

Фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларнинг кўриб чиқилиши судлар ваколатига ўтказилиши фарзандликка олиш билан боғлиқ юқорида келтирилган ва қонунчиликда белгиланган тегишли ҳуқуқий механизмларнинг аниқ ва самарали ишлашига шароит яратади.

Фарзандликка олиш суд тартибида амалга оширилиши халқаро тажриба ва миллий қонунчилигимиз принципларига ҳар томонлама мувофиқ келади.

Меҳри БОБОЕВА, ЎзХДП Ғаллаорол туман кенгаши раиси:

— Фарзандликка олиш фарзандликка олинаётган боланинг келажаги, тақдири билан боғлиқ жуда муҳим масала ҳисобланади. Болажон халқ вакили сифатида ҳаммамиз буни яхши тушунамиз.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига оила институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фарзандликка олиш институтини янада такомиллаштириш бўйича долзарб масалаларни ҳал этишга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Оила кодексининг 151-моддасига мувофиқ, фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг аризасига биноан ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи тавсиясига кўра, туман, шаҳар ҳокими қарори билан амалга ошириб келинмоқда.

Бу эса болаларни фарзандликка олиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилишида ҳамма жиҳатларни ҳисобга олиш, фарзандликка олинувчи боланинг келажагини ўйлаб, оқилона қарор қабул қилиш имконияти юқори эмаслигига сабаб бўл­моқда. Чунки ҳоким кўпинча фарзандликка олинувчи ва фарзандликка олувчилар билан учрашмайди. Яъни, улар ҳақида васийлик ва ҳомийлик органлари тайёрлаган материаллар бўйича сиртдан тасаввурга эга бўлгани ҳолда инсон тақдири билан бевосита боғлиқ қарор қабул қилади. Бундай вазиятда айрим субъектив муносабатлар ҳам фарзандликка олиш билан боғлиқ қарорларга таъсир кўрсатиши мумкин.

Болани фарзандликка олиш масалаларининг суд томонидан ҳал қилиниши эса қонуний, асосли ва адолатли қарорлар чиқарилишига, бу борада ҳам одил судлов амалга оширилишига, ота-оналарнинг оила ва болалар олдидаги конс­титуциявий мажбуриятларини тўлиқ бажаришига шароит яратади. Энг муҳими, фарзандликка олинувчи бола ҳуқуқлари ва манфаатларининг ҳимояланиши, ноқонуний фарзандликка олиш ҳолатларига йўл қўйилмаслиги кафолатланади.

Шуни ҳам айтиш керакки, Фуқаролик процессуал кодекси ва Оила кодексига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар миллий қадриятлар ҳамда замон талабларини ҳисобга олган ҳолда оила институтини янада такомиллаштириш, мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.



DB query error.
Please try later.