14.02.2013

БАРҚАРОР ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТ

ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли манфаати учун курашиш бизнинг асосий вазифамиздир, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Сирожиддин Аъзамов

— 2013 йилнинг мамлакатимизда «Обод турмуш йили», деб эълон қилиниши Ўзбекистон Халқ демократик партияси, жумладан, Тошкент вилоят партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклади, — дейди у. — Бу масъулият нималардан иборат? Аввало, партия ташкилотлари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимизнинг электорат манфаатларига хизмат қилувчи фао­лиятини кучайтириш, жойларда устувор ижти­моий ва иқтисодий вазифаларни бажаришда уларнинг фаол иштирокини таъминлашимиз

зарур...

— Кечирасиз, бу масалалар партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари учун ҳар доим ҳам долзарб бўлиб келган. Хўш, ўтган йилда улар қандай фаолият олиб борди, ортда қолган йилда партиямиз электоратини ташкил этув­чи фуқаролар манфаат­ларини қай даражада химоя қила олдик, деб ҳисоблайсиз?

— Тўғри айтдингиз. Юртимизнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳо­ли манфаати учун курашиш бизнинг асосий вазифамиздир. Ўтган йили ҳам буни ҳар томонлама ҳисобга олган ҳол­да, электорат манфаатларини ифодаловчи қатор ташаббусларни амалга оширишга ҳаракат қилдик. Хусусан, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партиямиз депутатлик гуруҳи ҳамда вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари бў­йича доимий комиссиясининг қўшма йиғилишида «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 30 майдаги «2011 — 2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг бажарилиши ҳақида»ги масала кўриб чиқилди.

Қўшма йиғилишда тузилган ишчи гуруҳи 2012 йилнинг 2-5 июль кунлари вилоятнинг шаҳар ва туманларида бўлиб, ёл­ғиз кексалар, пенсионер ва но­гиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, тегишли қарор ҳамда у асосида тасдиқланган дастурнинг ижро этилишини атрофлича ўрганди. Бу жараёнда қилинган жуда кўп ишларни эътироф этиш мумкин. Аммо айрим камчиликларга йўл қўйилгани ҳам маълум бўл­ди. Ишчи гуруҳи фаолиятининг натижалари умумлаштирилиб, таҳлилий хулосалар асосида тегишли масала 2012 йил 3 ав­густ куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Тошкент вилоят Кен­гашининг навбатдаги ХХI сессиясида муҳокама этилди.

— Депутатлик гуруҳлари сиё­сий партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширувчи асосий куч ҳисобланади. Шун­дай экан, бир-икки ташаббус билан электорат манфаатини ҳимоя қилаяпмиз, деб бўлмаса керак...

— Мен юқорида фақат битта мисолга тўхталдим. Аслида электорат манфаати ҳимояси борасида депутатлик гуруҳимизнинг ишлари кўп. Мисол учун, бизнинг ташаббусимиз билан халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг 2012 йил 28 декабрь куни бўлиб ўт­ган ХХII сессияси муҳокамаси­га иккита масала киритилди. Булар «Хизмат кўрсатиш ва сер­вис соҳасини ривожлантириш ҳисобига янги иш ўринлари ташкил этиш» ва «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2011-2013 йилларда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бажарилишининг бориши ҳақида»ги масалалардир.

Партиямиз аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоялаш деганда улар учун давлат бюджетидан асосланмаган харажатларни кўпайтиришни эмас, бал­ки, уларни мақсадли қўллаб-қувватлаш, мисол учун, иш би­лан таъминлаш, ўз мустақил бизнесини бошлаши, умуман, оиласи фаровонлигини оширишнинг асосини яратишга кў­маклашишни назарда тутади. Шунинг учун ҳам хизмат кўр­сатиш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш, бу борада қабул қи­линган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

— Партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳларининг электорат манфаатларини таъминлашдаги аниқ иштирокини таъминлаш бўйича партиянинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури қабул қилинган эди. Аммо айрим туман ва шаҳар партия Кенгашлари ҳамда депутатлик гуруҳлари Ҳаракат дастурида 2012 йил учун мўл­жалланган вазифаларни охиригача бажара олмади.

Мисол учун, «Соғлом она — соғлом бола» дастурининг Оқ­қўрғон туманида бажарилиши тўғрисида», «Бекобод туманида куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг аҳволи ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида», «Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш бўйича Зангиота туманида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги долзарб масалалар доимий комиссиялар мажлисларида муҳокама қилинган, лекин сессияларда кўриб чи­қилмаган.

— Бунга партия кенгашлари ва депутатлик гуруҳлари раҳбарларининг лоқайдлиги, масъ­улиятсизлиги сабаб, деб ўй­лайман. Уларнинг ташаббускорлиги, жонкуярлиги, фуқаролик позициясига кўп нарса боғлиқ. Айрим жойларда пар­тия кенгашлари ва депутатлар ўз ваколатидан фойдалана олмаслиги ҳам умумий ишимизга салбий таъсир этмоқда.

Шу йил 9 январь куни бўлиб ўтган Тошкент вилоят партия кенгаши Ижроқўм йиғилишида Ҳаракат дастури бажарилиши ҳар томонлама таҳлил этилди ҳамда йўл қўйилган ха­то ва камчиликларни тузатиш бўйича қарор қабул қилинди.

— 2012 йил давомида вилоят Хотин-қизлар қўмита­си, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Марказий банк бош бошқармалари, давлат солиқ бошқармаси ҳамда партиямиз ҳамкорлари бўлган бошқа ташкилотлар билан бирга кўпгина туманларда ижтимоий-иқтисодий форумлар ўтказилди. Уларнинг якунлари, ва бу тадбирлар натижалари ҳақида тўхталсангиз.

— Ижтимоий-иқтисодий анжуманлар меҳнатга лаёқатли аҳоли, шу жумладан, уйда ўтир­ган аёллар, таълим муассасаларининг битирувчилари, иш топишда қийинчиликларга дуч келаётган ёшлар, жисмоний имконияти чекланган кишиларнинг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларида банд­лигини таъминлашга қаратилган самарали лойиҳа бўлди, деб ҳисоблайман.

Ижтимоий-иқтисодий анжуманлар вилоятдаги партия электоратининг 250 дан ортиқ вакилини оилавий тадбиркорликка жалб этиш имконини берди.

Бундай тажриба, айниқса, жисмоний имконияти чекланган кишиларнинг ишбилармон­лик фаоллигини рағбатлантириш, ижтимоий фойдали меҳнат билан бандлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ушбу форумлар натижасида 44 нафар иқтисодий жиҳатдан фаол ҳамда жисмоний имконияти чекланган электоратимиз вакиллари ўз ишларини бошлаш учун умумий ҳи­собда 361 миллион 400 минг сўмдан ортиқ миқдорда микро­кредитлар учун тижорат банкларининг сертификатларини қўлга киритишди. Шу орқали уларнинг қишлоқ хўжалиги маҳ­сулотларини бирламчи қайта ишлаш учун кичик ва хусусий корхоналар ташкил этиш, оила­вий бизнесни йўлга қўйиш, озиқ-овқат ва ноозиқ овқат истеъмол молларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш, маиший хизмат кўрсатишни кўзда тутувчи лойиҳалари қўллаб-қувватланди.

Ҳамкорлар билан биргаликда бу ташаббусни жорий йилда ҳам изчил давом эттириш бў­йича режани келишиб олдик.

— Ўтган йили, шунингдек, партиямиз тизимида илк бор «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси амалга оширилди. Шу жараёнда партиямиз электоратини ташвишга солаётган қандай масалалар, муаммолар ўрганилди, уларни ҳал этиш юзасидан қандай ишлар амалга оширилди?

— Лойиҳанинг биринчи босқичида ҳар бир туман, шаҳарда 10-15 тадан маҳаллада давра суҳбати, учрашувлар ташкил этилди.

Тадбирларда, аввало, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, улар­нинг ҳар бир инсон ҳаётига реал таъсири ҳақида сўз юритилди. Фуқаролар йиғинлари орқали берилаётган ижтимоий нафақалар, уларни ажратиш бўйича қўйилаётган талаблар, ижтимоий нафақаларни молиялаштириш масалалари ҳақида молия, ғазначилик, солиқ идоралари, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мутахассислари электорат вакилларига тушунчалар бердилар. Тижорат банкларининг вакиллари ўзларида мавжуд кредит йўналишлари, улардан фойдаланиш масалалари ҳақида сўз юритишди. Фуқаролардан туш­ган саволларга жавоблар қайтаришди. Кўтарилган кўпгина муаммоларни шу ернинг ўзи­да ҳал этиш имконияти юзага келди.

Аҳоли томонидан бандликни таъминлаш, ижтимоий муҳофазанинг манзиллилигини кучайтириш, кўмакка муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари ҳақи­да кўплаб фикрлар, таклифлар билдирилди. Лойиҳанинг иккинчи — туман, шаҳар босқичида уларнинг барчасини таҳлил этиб, тегишли масалалар депутатлик гуруҳларимиз, халқ депутатлари Кенгашла­рининг доимий комиссияла­ри мажлисларида муҳокама этилди.

Йиғилишда қаттиқ чиқиндиларни йиғиш, ташиш ҳамда ути­лизация қилиш билан шуғулланувчи барча ташкилот, муассаса ва корхоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳа­қида таклиф ишлаб чиқилди.

Демак, «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳасини изчил амалга ошириш пар­тия ташкилотларининг электорат манфаатларини таъминлашдаги фаолиятини тубдан кучайтиришга хизмат қили­шини кўрсатди. Очиғи, лойиҳа бизни электоратга янада яқинлаштирди. Шу сабабли бу йил лойиҳани янада такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблайман.

Бекзод ШУКУРОВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.