Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
14.02.2013

НОТИНЧЛИК ВИРУСИ

Ўзбекистонимизда тинчлик-осойишталик ва хавфсизликни, фуқаролар ва миллатлараро аҳиллик ва ҳамжиҳатликни кўз қорачиғидек сақлаш ва мустаҳкамлаш бундан буён ҳам энг муҳим, ҳал қилувчи вазифамиз бўлиб қолади.

Ислом КАРИМОВ

Йигирма биринчи аср. Бугун дунёда кимдир бош   қараётган, ҳеч ким бошқармаётган, кимгадир бўйсунадиган, ҳеч кимга бўйсунмайдиган Нотинчлик вируси кезиб юрибди.

У чегаралардан тўсиқсиз ўтаяпти. Бутун бошли мамлакатлар аҳолисининг онгини зарарлаяпти. Касаллик белгилари — онги ушбу вирус билан заҳарланган одамлар бутун мавжудликдан норози. Уларни муросага келтиришнинг иложи йўқ. Уларнинг мақсади битта: вайрон қилиш, қон тўкиш...

Кимнинг қонини тўкишмоқчи? Кимнинг мамлакатини вайрон қилмоқчи? Ўзларининг қонини тўкмоқда. Битта халқ бир бирини ўлдираяпти, ўз уйини бузяпти. Оиласи яшаётган бошпанасини, боласи ўқиётган мактабни, онаси даволанаётган шифохонани портлатаяпти, фарзанд­ларини эмлашга келган кўнгиллиларни ўлдираяпти, ўқишга бораётган қиз ёвузлик қурбони бўлаяпти. Бу мамлакатларга ишлашга, саё­ҳатга келган хорижликлар гаровга олинаяпти. Очларга нон, сув, ўлим тўшагида ётганларга дори-дармон келтираётган машиналар йўқ қилинаяпти...

Нотинчлик вирусининг даҳшатли кўринишлари фақат булар эмас. Аэропортлар, вокзал, оммавий байрамлар, ҳатто тўй ва диний маросимларда бегуноҳ инсонлар қурбон бўлмоқда. Минг­­лаб оилалар бошига қора кун тушмоқда.

Нотинч, уруш бўлаётган мамлакатлар аҳолиси бомбардимонлардан, зўравонликлардан, тинимсиз отилаётган снаряд ва ўқлардан оиласи, ўз жонини асраш учун уйини, Ватанини ташлаб кетишга мажбур бўляпти. Улар қўшни давлатлардаги қочоқлар лагерларидан паноҳ топишмоқда. Совуқ, иссиқ об-ҳаво шароитида чодирларда кун кечиришмоқда. Қочқинлар учун ажратилган халқаро ташкилотларнинг гуманитар ёрдамлари эса ўз вақтида етиб келмаяпти. Жаҳон соғ­лиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бу ерларда турли юқумли касалликлар тар­қалиш хавфи жуда катта.

Эшитамиз, кўрамиз. Лекин битта омонат ишонч кўпчилигимизни адаштиради. Ҳа, омонат ишонч. Гўёки бу урушлар, хунрезликлар биздан жуда-жуда узоқда. Аслида ҳам шундайми?

«Дунёнинг кўпгина минтақаларидаги қарама-қаршилик, қуролли тўқнашувлар, қонли фожиалар, ён-атрофимиздаги нотинч аҳвол, аввало Афғонистонда 30 йилдан зиёд вақт мобайнида давом этаётган таҳликали вазият Ватанимизни ҳар қандай бало-қазолардан асраш учун доимо сезгир ва огоҳ бўлиб яшашимизни талаб қилади».

Жаҳон ҳамжамияти ҳали ҳам бир миллат, бир мамлакат бошига тушган кулфатларга умумбашарий фожиа дея қарамаяпти. Бу фалокатларни тарқалиб кетиш хавфи юқорилигидан кўз юммоқда. Бугун қайси мамлакат, қайси халқ бутун дунёни ларзага солаётган нотинч­лик вирусидан ҳимояланган?

Иммунитет сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, маъноси тирик мавжудотларнинг ўз бутунлиги ва борлиғини сақлаши, турли касаллик туғдирувчи вирусларга нисбатан чидамлилиги, ҳимоя реакциясидир.

Бизнинг асримизга келиб мафкуравий иммунитет ибораси қўлланила бошланди. Бугун инсоният олдида жисмдан ҳам кўра онгни ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш муаммоси пайдо бўлди. Одамлар, айниқса, ёшлар онгига тажовуз қилишнинг янги-янги усуллари қўлланилаётган, ишлаб чиқарилаётган, экспорт қилинаётган бир даврда айнан мафкуравий иммунитет танқислиги сезилмоқда.

Руҳшуносларнинг қайд этишича соппа-соғ инсоннинг руҳий қусурлари ижтимоий ва сиёсий соҳаларга ёриб киради ҳамда уруш ва инқилоб кўринишида намоён бўлади...

Маълумки, ёшлар қабул қилувчан, сезувчан, таъсирчан, эргашувчан бўлишади. Шунинг учун ҳам нотинчлик вируси уларнинг онгини забт этишга қаратилган. Бу йўлда асосий қурол интернетдир. Унинг воситасида ҳар қандай хабар яшин тезлигида тарқалади. Интернет аудиториясининг катта қисмини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олсак, вазият қанчалик оғир ва мураккаб эканлигини англаймиз. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунда ёт ғоялар, мақсадлар, манфаатлар асосан интернет орқали юборилаяпти. Ва кўп ҳолларда кўзланган қабиҳликларга эришилмоқда.

Сиёсатчиларнинг фикрига кўра, нотинч мамлакатларда йиллар давомида ислоҳотлар ўтказилмаган. Демократик модернизация жараёнлари жаҳон билан ҳамқадам ривожланмаган. Ижтимоий-сиё­сий муаммолар тўпланиб қолган. Уларнинг вақтида ҳал этилмаганлиги, давлат билан халқ ўртасида жарлик пайдо бўлишига, халқнинг давлатга бўлган ишончи йўқолишига, эртанги кунга бўлган умиди сўнишига олиб келган.

Нотинчлик вирусининг тарқалишига қуйидаги омиллар ҳам замин яратади. Лоқайдлик, хабарсизлик, вазиятни тўғри идрок қила билмаслик, вақтида ҳимояланмаслик, ёшлар онгида бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўйиш...

Бу талатўп дунёда ҳар бир миллатнинг ўз ахлоқ тамойилларини асраб қолиши ўз жонини асраб қолишидек муҳимдир.

Бефарқлик қалб ўлими.

2012 йилнинг 14 декабри. Америкада юз берган воқеаларни эшитиб, бутун дунё ларзага келди.

АҚШнинг Коннектикут штатидаги бошланғич мактабга бостириб кирган қотил 27 кишини отиб ўлдирди. Уларнинг 20 нафари 6-7 ёшдаги болалар эди. Бу қабоҳатни, бу ваҳшийликни кўрган яна 600 нафар боланинг қалби яраланди. Уларнинг маъсум кўзида бир умрга даҳшат қотиб қолди.

Ёши саксонни қоралаб қолган отам бир умр ўқитувчилик қилган. У киши ҳар доим «Дунё болаларини асра, улар қаторида менинг болаларимни ҳам асра» дея Яратганга илтижо қилади.

Дунё болалари. Бизнинг болаларимиз.

Биз йигирма нафар боламизни йўқотдик. Янги йил арафасида, арча олдида, дастурхонимиз атрофида, жамиятда уларнинг ўрни бўш қолди.

Нотинч дунё узра отилган ўқ, бегуноҳ инсонларнинг тўкилган қони, миллатлар ва динлар ўртасида юз бераётган тўқнашувлар, тобора авж олаётган фуқаролар урушлари, хунрезликлар, биродаркушлик, вайронкорлик, ҳар куни содир этилаётган террорчилик ҳаракатлари, турли хил қурол-яроғ синовлари, ҳарбий парадлар, ҳарбий таҳдидлар, ҳарбий ўқув машғулотлари, атом бомбаси яратиш йўлидаги курашлар, уруш олиб бораётган томонлардан бирини маблағ ва қурол билан таъминлаш, ўз манфаатидан келиб чиқиб, қўллаб-қувватлаш каби сиёсий ўйинлар, сиёсий найранглар, бир масалага икки хил ёндашиш, ахборот хуружлари, гегемонлик, буюк миллатчилик шовинизми, динларни бир-бирига қарама-қарши қўйишлар... инсоният билан бирга 2013 йилга ҳам ўтди.

Мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, эй одамзот, кўзингни оч, атрофга бир қара, кечаги тарихдан хулоса, сабоқ чиқар! Бундай бало-қазоларга қарши ўз вақтида чора кўриш, керак бўлса, бутун имкониятларимизни уларга қарши ишлатиш, турли мамлакатлар, турли миллат ва элатларнинг бир-бирига қарама-қарши туриб эмас, балки ўзаро елкадош бўлиб, тил топишиб, турли офатларни томири билан йўқ қилишини бугун замоннинг ўзи талаб этмоқда. Бунинг яккаю ягона йўли шу. Буни бугун тушуниб, англаб олмасак, эртага кеч бўлади...

Нотинчлик вирусига мойиллик кимларда кўпроқ кўринади?

Мамлакат манфаатидан ўз манфаатини устун қўйиш, ислоҳотларга тўғаноқ бўлиш, жамоатчиликда нотўғри фикр уйғотиш, турли иғво ва бўҳтонлар тўқиш ва тарқатиш, ёшлар ўзанини ахлоқсизликка буриш, миллатлар­аро тотувликка рахна солиш, диний адоватлар қўзғаш, асоссиз маълумотлар тарқатиш, бир сўз билан айтганда мамлакатни барқарорликдан беқарорликка олиб келиш... Минг афсуски бундай қора кучлар ҳамма мамлакатда, ҳамма жамиятда топилади.

Нотинчлик вируси бугун бутун дунёни остун-устун қилмоқда.

Маданиятли миллат давлатга етказилган зиён-заҳмат шу мамлакатда яшаётган ҳар бир фуқарога моддий ва маънавий зарар келтиришини, оиласини, ҳаётини, тақдирини, келажагини барбод қилишини тушуниб етади, англайди. Қаердаки мамлакат тинч­лигига тажовуз қилинса, у ерда ҳеч ким бахтли яшолмайди.

Нимага урушлар узоқлашиш, тарихга айланиш ўрнига инсоният ҳаётига тобора чуқур ўрнашмоқда?

Бир кунда осуда ҳаёт ўрнини нотинч­лик эгалламоқда. Норозилик намойишлари қуролли жанжаллар ўз домига миллионлаб одамларни — энг даҳшатлиси ҳимоясиз аёллар ва болаларни тортаётганлигини бугун бутун дунё ҳамжамияти кўриб, билиб турибди.

Таҳлилларга кўра, нотинч давлатларда халқ сунъий равишда иккига бўлиб ташланмоқда. Уларнинг бир қисми мавжуд ҳукумат томонда бўлса, бошқа бир бўлаги мухолифат қўлидаги қўғирчоққа айланган. Ҳар иккала куч ҳам парда ортига ўтиб олиб, бир халқ­ни бир бирига душман қилиб, мамлакатни фуқаролар уруши гирдобига ташламоқда. Энг даҳшатлиси, мазкур давлатларда халқнинг турмуши тобора оғирлашиб, борган сари ночорлашмоқда.

Нотинчлик вируси тарқалган ҳудудларнинг харитаси яратиладиган бўлса, у аллақачон дунёнинг жуда катта қисмини эгаллаб олди.

Тўғри белгилари ҳар хил, лекин ташҳис битта — нотинчлик вируси!

Бугун инсоният кун сайин янгиланаётган дунё жароҳатларига даво топиш чораларини изламоқда. Лекин ҳақиқат шундаки, куч ва қурол билан етказилган жароҳатга яна куч ва қурол билан малҳам қўйиб бўлмайди.

Нотинчлик вирусига қарши туришнинг ягона йўли бу — Миллий ҳамжиҳатликдир.

Ватан, Халқ тақдирига дахлдорлик. Аждодларимизнинг ўчмас хотираси, келажак авлодлар олдидаги масъулият, Истиқлол йўлидаги курашлардан чиқарилган хулосалар... Мана шу туйғулар бизни Озод Миллат, Мустақил Мамлакат сифатида жаҳон саҳнида асраб қола олади.

Президентимиз айтганидек, мана шу саховатли Ўзбекистон заминида яшаётган барча инсонлар, миллати, тили ва динидан, қараш ва эътиқодидан қатъи назар, бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг энг катта бойлиги, Оллоҳнинг ўзи бизга ­инъом этган бебаҳо неъмат бўлмиш юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва барқарорлик, жамиятимизда мус­таҳкамланиб бораётган ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик эканини чуқур англайди ва юксак қадрлайди.

Тинчлик... Назаримда, бу сўзни ўзбек халқидек улуғлайдиган, Оллоҳдан фақат тинчлик сўрайдиган эл ер юзида бўлмаса керак.

Фарруҳ ҲАМРОЕВ



DB query error.
Please try later.