14.02.2013

«БОБУРНОМА»: УСТА АЛИҚУЛИ ВА УНИНГ ТОШОТАР ТЎПИ

Бобуршунослар «Бобурнома»даги йирик образлар: Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Иброҳим Лўдий, Паҳлавон Муҳаммад ва бошқалар ҳақида кенг тадқиқот ишлари олиб борганлар. Аммо мазкур асарда 1600 га яқин персонажлар ҳам борки, уларга асар муаллифининг муносабатини ва ҳар бирининг ўша давр тарихида тутган ўрнини таҳлил этиш масаласи қайсидир маънода эътибордан четда қолган.

Бобур тасвирлаган кишилар порт­рети галереясининг ранг-баранглиги, уларнинг ҳар бирида бу юксак санъаткорнинг ўз олами, дунёқараши борлиги кўзга ташланади. Масалан, улар­нинг айримларида биргина жумла билан ўша давр кишиларининг ўзаро муносабатлари ифодаланади.

«Бобурнома»да образлар талқини бир-бирини тўлдириб келади. Шубҳасиз, асарда Бобур образи марказий бўлиб, барча воқеа-ҳодисалар, шахслар характери шу образ билан боғлиқ ривожланади.

«Бобурнома» асарида Бобурнинг оддий кишиларга ҳам эътиборли бўлганини биргина мисолда кўрсатиб беришга ҳаракат қиламиз.

1526 йил воқеалари замирида ­Бобур қурол-аслаҳа ясаш устахонаси — қуюв цехини тасвирлайди. Бундан ташқари, аждодларимизнинг бу борадаги ихтирочилиги ва Бобурнинг бевосита бу ишга сабр-бардош билан бош-қош бўл­ганлигини ҳам биз «Бобурнома»дан биламиз.

Тасвир марказида Бобур топшириғи билан тўпнинг тошотар қуйма қисмини яратган ва уни Бобур ҳамда унинг аёнларига намойиш этган уста Алиқули шахсияти туради.

Устанинг қуюв дастгоҳини ишга тушишини шоҳга кўрсатиш пайтидаги ички ҳаяжони, шошилиши, айниқса, дастгоҳда ноқислик бўлиб режадаги иш сифатли бажарилмаганда, уста ўзини қўярга жой тополмагани, ҳатто ўзини қурбон қилишга ҳам тайёрлиги тасвирланади.

Бунда Бобурнинг инсоний хислатлари яққол намоён бўлган. Бобур уста Алиқули ҳаракатидаги саросималикда ўз ишини севган, масъулиятни ҳис этган касб эгасини кўради. У яратган дастгоҳда нуқсон бўлса-да, Бобур бу жиҳатни ислоҳ бўлар ҳол билиб, шу камчиликка қарамасдан устани мукофотлаб, кўнглини кўтариб, хижолатдан чиқаради. Шунга яраша уста ҳам дастгоҳни текшириб, ҳақиқатда ундаги нуқсон жуда жиддий эмаслигини айтади. Бунда Бобур хусусияти уста Али­қули образини ва уста Алиқули ҳаракатлари Бобур шахсиятини очишга ёрдам берган.

Бобур ёзади «Уста Алиқулининг қозон қуярининг тафарружига бордук. Қозон қуяр ернинг гирдида секкиз қўра бўлиб, олотни эритибтур. Ҳар қўранинг тубидин бир ариғе бу қозоннинг қолибиға рост эриган рост қилибтур. Биз борғоч, қўраларнинг тешукларини очти ҳар ариқтин олот сувдек шарилдаб қолибға кирар эди.

Бу замондин сўнг қолиб тўлмай, бу қўралардин келатурган эриган олотнинг келмоғи бирар-бирар мунқ­атиъ бўлди. Қўрада ё олотта қусуре бор экандур. Устод Алиқулига ғариб ёмон ҳолате бўлди. Дарин эдиким, ўзини қолиб ичидаги эриган мисқа ташлағай. Устод Алиқулиға дилжўйлиқ қилиб, хилъат кийдуруб, инфиъолдин чиқардук... Устод Алиқули кўп башошат била киши йиборибтурким, қозоннинг тош уйи беқусурдур» .

«Бобурнома»да муаллиф уста Алиқули образига қайта-қайта мурожаат қилади. Унинг ихтироси Бобур назаридан четда қолмаган. Чунки Ҳиндистонни забт этишда, Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик филли армиясини мағлуб этишда айнан уста Алиқули томонидан яратилган шу қурол қўл келганлигини кўрамиз.

Мазкур тошотар қурол қусурларини топган уста Бобурни яна унинг намойишига таклиф қилади.

«Устод Алиқули ушул улуқ қозони билаким, қуярда тош уйи бенуқсон эди, дорухонасини ҳам сўнгра қуюб, тайёр қилиб эди, тош отарида тафарружиға бордим. Намоз дигар бор эди, тош отти. Минг олти юз қадам борди. Устодга камар ханжар ва хилъат ва тупчоқ от инъом бўлди».

Мазкур матндан кўриниб турибдики, шоҳ Бобур касб аҳлини ғоятда қадрлаган. У янги яратилган қурол ҳарбий синовларсиз мукаммалликка эришмаслигини тушиниб етган. Шу боис мутлақо янги қурол яратилишига сабаб бўлган.

Бобур мазкур ҳарбий қурол ва уста Алиқули образини асар давомида, вақти-вақти билан тасвирлаб борган.

Мана бу матнда Бобурнинг уста Алиқули ясаган ҳарбий тўп ўзининг аниқ самарасини берганлиги ва ­Бобур бу ишдан мамнун эканлигини кўрамиз.

«Сешанба куни сув кечган ердан кўчуб, уруш ери қотилишиға бир куруҳ ёвуқ келиб тушулди. Ўзум бориб, Устод Алиқулининг фарангий ва зарбзан отмоғини тафарруж қилдим. Ушбу кун Устод Алиқули фаранги тоши била икки кемани уруб синдируб, ғарқ қилди. Мустафо ҳам ул юздин фарангий тоши била кема уруб синдируб, ғарқ қилди».

«Бобурнома»даги уста Алиқули тасвири муаллифнинг образ яратишда изчиликка амал қилганлигини, бир образни асарнинг турли жой, турли йиллар воқеаларига боғлиқ ҳолда тасвирлаб, такомилига етказганлигини билдиради. Бундан ташқари, уста Алиқули билан боғлиқ тасвирларда юксак руҳий ҳолат, шахс психологиясидаги нозик жиҳатларнинг таҳлили мавжудки, бу ҳам Бобурнинг поэтик маҳоратидан далолат беради.

Бобур тасвирлаган кишилар галереясидан ўша давр ҳарбийлари, оддий навкарлари ҳам ўрин олган. Асарнинг бу персонажлари орқали Бобур қўл остидаги кишилар, ўша даврнинг ўзига хос хусусиятлари ва иллатларини очиб берган.

Албатта, бир кичик мақола доирасида «Бобурнома»даги юзлаб нисбатан кичик образлар ҳақида фикр билдириш имконияти йўқ. Асарда маҳораба майдонида бир лаҳзагина мардоналик кўрсатган ўнлаб персонажлар, Бобур хизматида бўлган, ўзининг ахлоқи ва юксак инсоний хислатлари билан бошқалардан ажралиб турган жангчи, ҳунарманд ва боғбон, усталар мавжудки, асар муаллифи уларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб, ўзи билан бўлган муносабатларни кўрсатиб беришга ҳаракат қилган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз атрофидаги одамларга ҳеч қачон бефарқ бўлмаган. Балки улар тимсолида инсонлардаги яхши фазилатларни улуғлаган, ёмон хулқ-атворларни аёвсиз танқид қилган. Ва бундан барча инсонлар хабардор бўлиши, хулоса чиқаришини истаган.

Буюк шоир ва шоҳ Бобур атрофида бўлган инсонлар номи ҳам мана орадан неча асрлар ўтса-да боқий қолиб, тарих саҳифаларига муҳрланди.

Ҳасан ҚУДРАТУЛЛАЕВ,

филология фанлари доктори, профессор.



DB query error.
Please try later.