12.02.2013

ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ:

дастур ижроси ижтимоий шерикчилик асосидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамлигига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ

Давлатимиз раҳбари Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида мамлакатимизнинг ўзига хос хусусиятлари, аввало, демографик жиҳатларига кўра аҳоли бандлиги масалалари ўзи-нинг долзарблигини ва ўткирлигини сақлаб қолаётганига эътибор қаратди.

Парламент томонидан тасдиқланган 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастурига кўра, Фарғона вилоятида бу йил юз мингга яқин иш ўрни очилиши кутилмоқда. ЎзХДП вилоят кенгаши бу муҳим вазифани амалга оширишда фаол иштирок этиши талаб этилади.

Хўш, ўтган йил якунларидан келиб чиққан ҳолда, бандлик масаласида қайси йўналишларга алоҳида эътибор бериш керак? Газетамизнинг Фарғона вилояти бўйича мухбири ташаббуси билан ташкил этилган давра суҳбатида шу хақда сўз юритилди.

Маҳмуджон МАҲКАМОВ, ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси:

— Янги иш ўринлари яратишда ижтимоий шерикчилик асосидаги ҳамкорликнинг кучайиши муҳим эканлигини 2012 йилдаги ўзига хос тажриба исботлади. Биз партия ғоя ва дас­турий вазифаларига таяниб, ўтган йили вилоят ёшларининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бизнес режа тузишга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, шунингдек, туман ва шаҳарларда аниқ инвестицион дастурларни шакл­­лантириш ва ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашиш чора-тадбирларини бир неча ҳамкорлар билан бирга ишлаб чиққан эдик.

Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказган ижтимоий-иқтисодий форумларимиз орқали мингдан ортиқ иш ўрни яратадиган 195 та муқобил бизнес лойиҳаларни тайёрлаб, уни ҳаётга жорий этишга ҳам кўмаклашдик. Масалан, Қува туманидаги «Дурдона» фермер хўжалигида 25 миллион сўм кредит эвазига тухум етиштиришга мўлжалланган паррандачилик цехи ташкил этилди ва 4 нафар ёш ишга қабул қилинди.

Ўзбекистон туманидаги «Чўян ЮИН» хусусий корхонаси таркибида «Савдогарбанк»дан 20 миллион сўм кредит олиб, қурилиш гипси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Натижада 4 нафар йигит ишли бўлди. Учкўприк туманидаги «Турон классик» МЧЖда терини қайта ишлаш корхонасини кенгайтириш туфайли 20 та янги иш ўрни яратилди.

Биз Марказий банк вилоят бош­қармаси, тижорат банклари, иқтисодиёт бошқармаси, савдо-саноат палатаси вилоят ҳу­дудий бошқармаси, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармалари билан бир ёқа­дан бош чиқариб ҳаракат қилдик. Партиянинг шаҳар, туман кенгашлари фаоллари ҳудуддаги ҳар бир қишлоқ ва маҳаллада бўлиб,  қўлида сармояси йўқ, лекин ишга лаёқатли электорат вакиллари, вақтинча ишсиз аёлларни аниқлашди. Шундан сўнг ишлаб чиқилган режа асосида лойиҳаларга ҳамкорларни жалб этдик. Мазкур лойиҳани ҳаётга татбиқ қилиш баробарида пар­тия депутатлик гуруҳларининг назоратини ҳам ташкил этдик.

Обод турмуш йилида бу ишларни янада кучайтириб, янги лойиҳаларни тайёрлаяпмиз. Бундан ташқари, ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини жиддий назорат қилиб боришимиз керак бўлади.

Акрам ТУРСУНОВ, Марказий Банк Фарғона вилоят бош бошқармасининг кичик бизнесни қўллаб-қувватлашни мувофиқлаштириш бўлими бош иқтисодчиси:

— Аввалги йилларда ЎзХДП жойларда, жумладан, Фарғонада иқтисодий форум ўтказиб, янги иш ўринлари яратишнинг муқобил йўлларини таклиф этган ва амалга оширган эди. Очиғи, ўшанда бундай тадбирлар юқори самара беришини биз ҳам кутмаган эдик. Шунинг учун партия вилоят кенгашининг янги таклифини бажон-у дил қабул қилдик ва ҳамкорликда ишга киришдик.

2012 йилда ЎзХДП ташаббуси билан ишлаб чиқилган лойиҳаларга 22,6 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди. Энг муҳими, минглаб аҳоли вакиллари доимий иш ҳақи билан таъминланадиган меҳнат фаолиятига жалб этилди. Ҳамкорлик бу йил ҳам давом этади.

Рустам МАМАДАЛИЕВ, вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси бўлим бошлиғи:

— Бу йил ЎзХДП вилоят кенгаши билан биргаликда вилоятда қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, шу орқали янги иш ўринлари яратиш, турмуш даражасини яхшилашга қаратилган яна бир муқобил дастур асосида иш бошладик. Унга кўра, тадбиркорлик сабоқлари ўқуви, бизнес режалар тузиш малакасини шакл­лантириш, банк кредити ажратиш, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан тўлдиришга кўмаклашиш каби манзилли вазифаларни амалга оширамиз. Бу дастур ҳам вилоятда бир неча минг янги иш ўрни яратилишига хизмат қилади.

Сардор АБДУЛЛАЕВ, ЎзХДП вилоят кенгаши бўлим бошлиғи:

— Биз касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг ўз мустақил ишини бошлашига кўмаклашадиган махсус ўқув дастури туздик. Вилоят марказий банк бош бошқармаси, савдо саноат палатаси билан ҳамкорликда жойларда ҳозиргача 3 мингдан ортиқ ёшлар маҳорат дарсларида ўқитилди. Натижада кўплаб ёшлар кредит олиб, қишлоқда хизмат кўр­сатиш ва сервис соҳасида ўз ишини очишди. Бу ҳали бошланиши. 2013 йилда бевосита вилоят партия ташкилотлари ташаббуси ва кўмаги билан муқобил лойиҳалар асосида кўплаб янги иш ўрни ташкил этмоқчимиз.

Таҳлилларга кўра касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишга жойлашгани хақидаги статистикада ноаниқликларга йўл қўйилмоқда. Бундан кўз юмуб бўлмайди. Айнан шунинг учун ҳам партия вилоят кенгаши янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш дас­турининг ижросида жамоатчилик назоратини кучайтиришга кенг ўрин берган. Ишчи гуруҳи ўтган йил давомида ўтказган ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, Бешариқ, Бувайда, Боғдод, Учкўприк, Қува, Ёзёвон ва Фарғона туманларида айрим иш ўринлари қоғозда бор-у, амалда йўқ. Бунинг бир неча сабаблари бор эди. Айрим корхона, хўжалик субъектлари аслида яратилмаган иш ўринлари учун уч томонлама шартнома имзолаш ҳоллари бўлган.

Баъзи соҳалар бўйича, масалан, тиббиёт, педагогика, иқтисод каби йўналишларда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари сони талабга нисбатан бир неча бор кўплиги, бундай коллежлар ихтисослашувини эҳтиёжга қараб ўзгартириш кераклиги ҳам маълум бўлди. Партия вилоят кенгаши таҳлилларга асосланган ҳолда, республика масъул идораларига ўз таклифларини тайёрламоқда.

Лекин бу иш ўринлари яратиш режаларининг баъзи бир туман ва шаҳарларда, корхона ва муассасаларда тўлиқ бажарилмай қолишига сабаб бўла олмайди.

Аҳаджон ЙЎЛДОШЕВ, Савдо саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

2013 йилда вилоятда 96,5 минг янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган бўлиб, унинг 60 фоизи кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик соҳасига тўғри келади.

ЎзХДПнинг барча туман ва шаҳар кенгашлари ўз ишини очиш истагидаги электорат вакилларининг бизнес лойиҳалар тузиш, банк, лизинг, суғурта идоралари билан ишлаш малакасини шакллантириш масалаларида биз билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаяпти. Обод турмуш йилида бу борадаги ишларни янада кучайтириш учун ижтимоий шерикчилик асосидаги тадбирларни кўпайтириш керак, деб ўйлайман.

Давра суҳбатида, шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзолари Икромжон Холмуродов, Топволди Холдоров ва бошқалар ўтган йиллар тажрибасига тая­ниб, ҳамкорликни амалий натижалар билан янада мустаҳкамлаш юзасидан қатор таклиф ва мулоҳазалар билдиришди.

Давра суҳбатини

«Ўзбекистон овози» мухбири

Муҳаммаджон ОБИДОВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.