Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
12.02.2013

БИЗНИНГ ХАВФСИЗЛИГИМИЗ УЧУН

кўрилаётган чора-тадбирлар ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олади

Ички ишлар вазирлигининг Транспортдаги    ички ишлар бошқармасига қарашли Тош­кент темир йўл бекатидаги бошқармаси ходими Ойбек Саҳобиддинов вокзалолди назорат-ўтка­зиш постида хизмат қилади. Иш куни давомида турфа одамларга дуч келади. Вокзал­га бир кунда саккиз-ўн минг йўловчи келиб кетади. Уларнинг феъл-атворлари ҳам шунча хил, ҳар бирига яраша гап топиб муомала қилиш лозим. Хайриятки, йўловчиларнинг акса­рияти назорат ўтказиш пунктларидаги текширувлар биринчи навбатда ўзларининг хавфсизлигини таъмин­лашга қаратилганини яхши тушунадилар.

— Ўғлим оиласи билан Тошкентда яшайди, — дейди биз билан суҳбатда «Тошкент — Қўнғирот» поездига чиқаётган Рейимбой ота. — Кампирим билан набираларимизни кўриш учун тез-тез пойтахтга келиб турамиз. Поездда ва бекатларда яратилган шароитлар кўзингизни қувнатади. Назорат-ўтказиш постларидаги ички ишлар ходимлари хушмуомала. Бу чоралар аввало биз — йўловчиларнинг хавфсизлиги учунлигини яхши тушунамиз. Қолаверса, бу кўп вақтингизни олмайди ҳам.

Аммо шундай фуқаролар ҳам борки...

— Нима учун вокзал ичкарисига ўтказмаяпсиз, мен қариндошимни поезд вагони олдигача кузатиб, жойлашишига ёр­дам бермоқчиман, — дейди кимдир.

Яна бирови юкини интроскоп воситасида текширилганига ёки кўрикдан ўтказилганига жиғибийрон бўлади.

— Нима, мен жиноятчимидим, бунча синчиклаб текширасизлар, — дейди иддао билан.

Ойбек Саҳобиддинов ҳар бир фуқаро билан саломлашиб, яъни «честь» бериб хизмат вазифасини бажаришга киришади, саволларга ҳам хушмуомалалик билан жавоб беради. Унинг қисқагина текширув давомидаги ту­шунтиришларидан кейин кўп­чилик ноҳақлигини тан олиб, узр сўрайди. Аммо шундайлар ҳам топиладики, барибир ўз фикрида қолади. Ходим барибир Низомда талаб қилинган вазифаларини бажариб, йўловчиларга оқ йўл тилаб қолади.

Вазирлар Маҳкамасининг «Те­мир йўлда ташиш хавфсизлиги­ни таъминлашга қаратилган нор­матив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 2011 йил 30 ноябрь қарорида темир йўл вокзалларида (станцияларида) йўловчилар ва бошқа шахсларни, қўл юкини, багажни кўздан кечириш тартиби белгилаб берилган, бу ваколатга эга бўлганлар кўздан кечирилаётган шахс­ларга нисбатан ҳушёр, эътиборли ва илтифотли бўлишга ҳам­да уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатларга, йўловчиларнинг асоссиз ушланиб қолишларига йўл қўймасликка мажбурлиги ҳам таъкидланган.

Хуллас, темир йўл бекатлари­да жорий этилганига бир йилдан ошган янги тартиб-қоидалар йўловчининг эркин ҳаракатланиши учун ҳеч қандай муаммо туғдирмайди. Паспорти ва чиптаси жойида бўлган, ўзига тўғри ва бирон ноқонуний ҳаракатни режалаштирмаган одамлар бу тартиб-қоидаларга табиий ҳол деб қарашяпти. Аммо ҳуқуқбузар ва жиноятчилар учун бу тартиб қоидалар ҳақиқий тў­сиқ бўлди, десак янглишмаймиз.

Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари, транспортдаги ички ишлар идораларининг жиноят қи­дирув ва терроризмга қарши кураш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, тергов бў­линмалари ходимлари, темир йўл хизматчилари, темир йўл­нинг ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси ходимлари биргаликда ана шу ишончли ва мустаҳкам тўсиқни яратишади.

Мана бу маълумот текшириш учун сарфланган икки-уч минут вақтини қизғанаётган йўловчини ўйлашга мажбур қилса керак: ўтган йили ҳар учта поезднинг биттасида қидирувдаги шахс аниқланган. Ашаддий жиноятчи билан битта вагонда кетишнинг хавф-хатарини тушунтириб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Бундай кимсалар изини яшириш ёки пул топиш учун так­роран жиноят содир этишлари тайин.

Сирдарё вилоятида оғир бос­қинчилик жинояти содир қилган гуруҳ аъзоларининг бири аэропортда, яна бири эса темир йўл вокзалида қўлга олинган. Сирасини айтганда, тармоқ ички ишлар тизимида қидирувдаги шахсларни аниқлаш борасида кучли, изчил дастур амал қиляпти.

Темир йўл вокзалидаги учта назорат ўтказиш-пунктларидан бирида йўловчиларнинг юклари, анжомлари интроскоп воситасида текширилади. Бу ерда ортиқча кутиб қолмайсиз. Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бош­қармаси нозирлари сумкангиздаги буюмнинг соясидан унинг нима эканини билиб олишади, шубҳа туғилган ҳоллардагина юкингизни очишни ва қўшимча кўрикдан ўтишингизни талаб қилишади. Ана шундай синчиклаб текширишларнинг натижаси­да бир неча бор наркотик моддалар топилганлигини мисол қи­­либ келтириш мумкин.

Бир қарашда оддийгина кў­ринган хатти-ҳаракатлар ортида ҳам жиноий мақсад ётган бў­лиши мумкин. Баъзан кимлардир узоқ мамлакатдаги қариндошига ки­йим-кечак ёки совға-саломларни поезд вагон кузатувчилари орқали бериб юбормоқчи бўлади. Олдинлар бундай ҳолатлар кўп учраган бўлса, янги тартиб-қоидалар туфайли уларга кескин барҳам берилди. Яна бир тур йўловчилар, яъни йўл чиптасисиз сафар қилиш ис­тагидагиларга ҳам назорат пункт­лари талаблари манзур бўлмади. Чунки, ичкарига фақат йўл чиптаси бор йўловчиларгина ўт­казилади.

Транспортдаги ички ишлар идоралари ходимларининг вазифаси фақат назорат постларида туриш ва ҳудудларидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни очишдангина иборат эмас. Тармоқ ички ишлар ходимларининг бахтсиз ҳодисалар ва давлат мулкига шикаст етказиш ҳолларига қарши профилактика тадбирлари ҳам самарали бўл­моқда. Уларнинг доираси кенг — ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўлинмаси ходимлари ўр­та умумтаълим мактабларида, коллеж ва лицейларда, кишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида учрашув, суҳбатлар таш­кил этишяпти. Айниқса, темир йўл линиялари ва бекатларига яқин жойдаги аҳоли билан мус­таҳкам алоқа ўрнатилган.

— Темир йўлни белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар, афсуски, ҳозир ҳам рўй беряпти, — дейди ушбу бўлим инспектори капитан Қамариддин Раҳмонов. — Темир излар бўй­лаб бораётган одам ҳозиргина ўтиб кетган поезднинг шовқини остида қарама-қарши томондан келаётган поездни англамай қолади ва арзимасдек туюлган қоидабузарлик, афсуски, унинг умрига зомин бўлади.

— Темир йўлларда кўп учрайдиган яна бир ҳуқуқбузарлик — болалар ва ўсмирларнинг поезд­ларга тош отиши факти 2011 йил­да етти марта қайд этилган бўлса, 2012 йил бундай ҳолатлар фақат уч марта рўй берди, — дейди ХООБ инспектори, капитан Ҳамид Аҳмедов.

Икки ҳолатда 10-12 яшар болалар, яна бирида эса вояга етган шахс бу ҳуқуқбузарликни содир этган. Суд қарорига кў­ра поездга шикаст етказган фуқаро тўрт миллион сўм миқдордаги зарарни тўлади, вояга етмаган ҳуқуқбузарларнинг ота-оналари ҳам жаримага тортилди. Бу борада ҳужжатли фильм тайёрланиб, ички ишлар ходимлари жойларда бўлган учра­шувларда ундан фойдаланиш­япти.

Жамоат тартибини сақлаш бў­лими бошлиғи Фахриддин Ҳайдаров баъзан фуқароларнинг билиб, тушунган ҳолда ҳуқуқбузарлик содир қилишлари ҳақида ҳикоя қилади.

Қашқадарёга жўнайдиган поездга эрталаб чипта олган Шерзоднинг тушдан кейин қа­рори ўзгариб, унинг ўрнига акаси кетадиган бўлади. У акасига йўл чиптасини ва фуқаролик паспортини беради. Ака-ука бир бирига ўхшаса-да, паспортдаги сурат билан уни тақдим қилаётган шахснинг орасидаги фарқ синчков ходимлар назаридан четда қолмади. Ҳуқуқбузарлик устида ушланган фуқаро нав­батчилик қисмига олиб келинди, далолатнома тузилди, ке­йин у суд олдида жавоб берди. Аслида чиптани ўз номига расмийлаштириш учун унчалик кўп вақт ва маблағ кетмас эди.

Айрим ҳолларда ички ишлар ходимининг қонуний талабини бажармаган ёки унинг ўз хизмат вазифасини бажаришга халақит берган фуқаролар устидан ҳам далолатнома тузишга тўғри келади. Айбдор маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс­нинг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортилади.

Хуллас, темир йўл транспортида амал қилишингиз керак бўлган оддийгина қонун-қоидаларни билиб қўйсангиз, бунинг сизга фақат фойдаси бор:

— йўловчилар ташиш поездларида ташиш таъқиқланган ва чекланган хавфли моддалар ва буюмлар рўйхати тасдиқланган, бу рўйхат вокзалга кираверишда осиб қўйилган;

— маст ҳолдаги йўловчилар поездга чиқарилмайди;

— поездда спиртли ичимлик ичиш ва белгиланмаган жойда сигарета чекиш;

— зарурат бўлмаган ҳолда ўз­бошимчалик билан поездни тўх­татиш;

— темир йўл изларига бегона жисм қўйиш;

— сигнал бериш ва алоқа қу­рилмаларига шикаст етказиш таъқиқланади.

Майор Фахриддин Ҳайдаровнинг таъкидлашича, кейинги йилларда транспортдаги ҳуқуқ­бузарликлар сони кескин камайган. Бу албатта фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ошганидан далолат беради. Шунинг билан бирга фуқароларнинг тар­тиббузарлик ва жиноятлар ҳа­қида ички ишлар ходимларига хабар бериш ҳолатлари ҳам кў­пайган.

Жумладан, улар темир йўл бекатида ўғирлик рўй бераётгани, таъқиқланган ҳу­дудда мол боқилаётгани, темир йўл қу­рилмаларига шикаст еткази­лаётгани фактлари ҳақида хабар беришган. Поездга тош отган қонун­бузар бир соатга қол­май аниқланган. Ҳаракатдаги поезд ичидаги тармоқ ички ишлар ходими ҳуқуқ­бузарлик содир этилган манзилни аниқ айт­­ган, бир зумда мазкур ҳудуддаги ички ишлар ходимлари воқеа жойига етиб келишган, улар­нинг тезкор ҳа­ракатларига ҳам фуқаролар яқиндан ёрдам берганлар.

Шу тариқа жамоатчиликнинг ёрдами туфайли кўп жиноятларнинг олди олинмоқда, содир этилган жиноятлар тезкорлик билан очилмоқда.

Бугун бутун дунёда транспортдаги хавфсизликни таъминлаш борасидаги, хусусан, террорчилик ҳаракатларига қарши эҳтиёт чоралари кучайтирилган. АҚШдаги RAND илмий изланишлар коорпорациясининг хулосаларига кўра, террорчилар кўпчилик орасида ваҳима туғилишини, қурбонлар кўпроқ бўлишини эътиборга олиб ва оммавий ахборот воситаларининг диққатини кўпроқ тортиш мақсадида қабиҳ жиноятларни амалга оширади. Статистик маълумотларга кўра, кейинги ўн йилда халқаро аэропортларда, офис ва меҳмонхоналарда, халқаро анжуманлар ўтказиладиган биноларда, халқаро курортларда портлашларни уюштириш камаймоқда. Бунинг боиси, шундай масканларда эҳтиёт чораларининг кучайтирилганидир.

Демак, огоҳлик ва ҳушёрлик, кўрилаётган чора-тадбирлар жиноятларнинг олдини олмоқда.

Шарофат ЙЎЛДОШЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.