24.06.2020

ШЕРЗОД РАҲМОНОВ: БИЗДА ЎҚИШГА КИРИШ ҚИЙИН, ЎҚИШ ОСОН

Ривожланган давлатларда эса бунинг акси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида айни пайтда Халқ демократик партиясидан сайланган 22 нафар депутат қонун ижодкорлиги жараёнида электорат манфаатига дахлдор таклифлар, фикр-мулоҳазалари билан фаол иштирок этиб келмоқда. Парламентдаги энг ёши улуғ ва энг ёш депутат ҳам ХДП фракцияси сафида бўлиб, бу ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ранг-баранг фикрларни юзага келтириши табиий, албатта.

Газетамиз орқали бериб борилаётган «Депутат билан суҳбат» рукнининг бу галги меҳмони Шерзод Раҳимовдир. У Қонунчилик палатасидаги энг ёш депутат, Ёшлар парламенти аъзоси.

Бугун мен парламентдаги энг ёш депутатлигим билан озгина фахрланишим мумкин. Лекин масъулиятни ҳам сезиб турибман. Ёш депутатга ҳеч қандай имтиёз йўқ, албатта. Аммо бунга муносиб бўлиш, ёшлар номидан гапириш осон эмас. Шунинг учун кўп ўқишим, ўрганишим керак. Тақдиримга ёзилган чоғи, туман Кенгашига сайланган вақтимда ҳам юртимиз депутатлари орасида энг ёши кичиги эдим. Шундай бўлса-да, одамлар ишончини оқлашга қаттиқ ҳаракат қилдим. Парламент депутатлигига сайланишим ҳам шу ишонч туфайли, деб биламан.

Шуни алоҳида айтишим керакки, мамлакатимизда ёшлар сиёсати давлат даражасига кўтарилган, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Бугун мен парламентда ёшлар номидан сўзлайман, уларнинг хоҳиш-иродасини, орзу интилишларини ифода этаман. Ёшлар парламентининг ташкил этилиши барчамиз учун кутилмаган янгилик сифатида жуда катта мамнуният билан кутиб олинди. Бу борада мамлакатимиз ёшларининг фикрлари ўрганилмоқда, онлайн мулоқотлар олиб бориляпти. Ҳар бир соҳа бўйича таклифлар билдирилмоқда. Ушбу жараёнларда иштирок этаётганимдан фахрланаман.

Хўш, ёшлар парламентини ташкил этишдан асосий мақсад нимада? Аввало, ёшларнинг манфаатларини парламент минбарига олиб чиқиш қонун ижодкорлигида ёшларнинг иштирокини таъминлашдан иборат. Шунингдек, юртимиз аҳолисини миллий қонунчилигимиз билан таништириб бориш, ҳуқуқий саводхонлиги юқори бўлган авлодни тарбиялаш. Энг чекка ҳудудлардан тортиб, марказгача бўлган йигит-қизларга қонунларни уларга тушунарли тилда етказиш, шунингдек, фикр-мулоҳазаларини ўрганиш масаласи ҳам қамраб олинган.

Ёшларнинг вакили сифатида уларни қизиқтираётган масалалар, қийнаётган муаммолар ва камчиликларни нималарда кўрасиз?

Ёшларнинг таълим олиши, ишлаши, тадбиркорлик ёки илм билан шуғулланиши учун етарли шароитлар яратилган, деб биламан. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунчилик такомиллаштирилиб борилмоқда. Масалан, парламентда 30 ёшгача бўлган депутатлар 9 нафарни ташкил этади. Бу халқаро миқёсда олиб қараганда, энг юқори кўрсаткичлардан ҳисобланади. Бироқ жойларда ёшлар билан боғлиқ масалалар оз эмас.

Биринчи навбатда, олий ўқув юртларига қабул бўйича янада янгича ёндашувни жорий этиш керак, деб ўйлайман. Бу йил бюджет ҳисобидан қабул сони ошгани яхши бўлди. Аммо ривожланган давлатлар тажрибаси қандай? Нега ёшларимиз орасида Россияда ўқишга кириш осон экан, ўша ёққа кетаман, деган фикрлар кўпайиб бораяпти.

Ўйлашимча, аҳолининг асосий қисмини имкон қадар олий маълумотли қилишимиз керак. Ҳар бир соҳа эгаси олий маълумотга эга бўлса бунинг нимаси ёмон? Фермер ёки боғбонга маълумот керак эмасми? Сартарош, қурувчи ёки ошпаз ҳам маҳоратли, ҳам юксак билими бўлса, фақатгина яхшиликка хизмат қилади-ку.

Бунинг учун биринчи навбатда олий таълим муассасалари ва қабул сонини кўпайтириш зарур. Бизда қизиқ бир ҳолат бор, олий таълим муассасаларига имтиҳон топшириш, ўқишга кириш жуда ҳам мураккаб. Лекин ўқиш осон. Ривожланган давлатларда бунинг акси: ўқийман деганга олий ўқув юртига кириш осон, аммо ўқиш жараёни қийин. Курсдан-курсга ўтиш имтиҳонларини топшириш учун қаттиқ меҳнат қилиш керак. Бизда ҳам талаба бўлиш имкони кенгайтирилсин.

Олий ўқув юртида ҳаққоний ўқитилсин. Дарсга келмаган, яхши ўқимаган талабага таъмагирлик билан баҳо қўйилмасин. Ўқишдан четлатилсин, интизомий жазо қўллансин. Яна айтаман, чет элда талаба бўлиш эмас, ушбу мақомни сақлаб қолиш, ўқишни битириб олиш энг асосий масала саналади. Бу ҳақда ҳатто кўплаб фильмлар яратилган. Қатъий интизом, белгиланган тартиб бўлмас экан, олий таълим муассасаларини битирувчилари билан мактабни битирувчилар ўртасида фарқ катта бўлмайди.

Таълим тўғрисидаги таклифларингизни эшитдик. Тарбия борасидаги фикрингиз қандай?

Инсонлар каби оилалар ҳам турлича бўлади. Баъзи ота-оналар борки, фарзандининг истиқболи учун куну тун куйиб-пишади. Баъзилари эса боласига вақт ажрата олмайди. Ҳаттоки, ўқиб ким бўлар эдинг, дегувичлар ҳам оз эмас. Бу фикрга тоқат қилиб бўлмайди. Ҳамма ўқиганлар олим бўлиши шарт эмас. Муҳими, улар ўз тақдирини ўзи ярата оладиган, ўз ­Ватанида бирор соҳанинг эгаси бўлади, фарзандига тўғри ҳамда муносиб тарбия берадиган шахс сифатида шаклланади.

Ёшлар тарбияси, уларнинг одоб-аҳлоқи, билими ҳақида кўп гапирилади, танқид қилинади. Қарс икки қўлдан чиққанидек, бунинг ҳам ўзига яраша омиллари бор. Энг аввалло, оиладаги муҳит инсоннинг тақдирига дахл қилишини унутмаслигимиз зарур. Оилада бола билим олиши, яхши касб-ҳунар эгаси бўлиши учун шароит яратиб берилиши лозим. Шунингдек, уларни кичик ёшданоқ қизиқиши, қобилиятига қараб бирор соҳага йўналтириб бориш талаб этилади. Ана шунда вақти етганда у иккиланиб қолмайди, аниқ мақсадига эга бўлади. Тўғри, бу борада ҳали тажрибам катта эмас. Лекин фақатгина мактаб ёки маҳалла тарбияга жавобгар, десак хато бўлади. Яна қайтариб айтаман, энг аввало оилада муҳит яхши бўлиши керак. Ота-она фарзандининг тарбияси учун ҳам, келажаги ҳам учун бош жавобгар ҳисобланади.

Афсуски, боласи бироз улғайгач, юқорида айтганимдек, ўқиб олим бўлармидинг, деб уни ишлаб пул топишга ундайдиган ота-оналар ҳам бор. Айниқса, қишлоқ жойларда кунлик ёки мавсумий меҳнатга жалб қилиб, боласининг топган 20-30 минг сўмига хурсанд бўладиганлар ҳам кам эмас. Ёки боласи четга кетиб, уч-тўрт доллар юбориб турса, ота-она хурсанд. Лекин бундай ота-оналар болалари келажагига хиёнат қилаётганларини ўйлашмайди. Назаримда бу ҳақда тушунтириш ишларини кучайтириш лозим. Ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига муносабатини ўзгартирмай туриб, билимли, маънавиятли ёшларни тарбиялаш қийин.

Бу амалиётдан маълум. Бугун айнан билимсиз ва ҳунарсиз ёшлар оиласини боқолмай, турли кўнгилсизликларга дуч келишмоқда, бу ҳол ҳаттоки ажрашишларга сабаб бўлмоқда. Шунинг учун ёшларни имкон қадар олий таълимга кенгроқ қамраб олиш, уларнинг онгини, тушунчасини ўзгартириш лозим.

Депутат сифатида жойларда бўляпсиз, асосан қандай муаммоларга дуч келаяпсиз?

Яшириб ўтиришга ҳожат йўқ. Қишлоқ жойларда асосан коммуникация соҳаларида, сув, ер, йўллар билан боғлиқ муаммолар кўтарилади. Булар босқичма-босқич режага кўра, ҳал қилиб борилмоқда. Фақатгина уларнинг ижроси, дастурларнинг амалиётга жорий этилиш ҳолатлари билан боғлиқ ишлар устидан депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини янада кучайтиришимиз талаб этилади.

Шунингдек, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳар бир ҳудудда бош масалалардан бўлиб, ишсизликни камайтириш, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Ўзим тадбиркор оиладан бўлганим ва шу соҳада ишлаганим боис кўпроқ ўз ишини очишни истаганлар мурожаат қилишмоқда. Уларга йўл-йўриқ кўрсатиб, тушунтиришга ҳаракат қиляпман. Бироқ кредит олиш, тадбиркорлик учун ер ёки лицензия берилиши билан боғлиқ турли тўсиқлар, қийинчиликлар ҳали ҳануз давом этмоқда. Ушбу соҳалардаги бюрократияга мутлоқ чек қўйиш, қоғозбозликдан бутунлай воз кечиш лозим.

Масалан, банкдан кредит олаётган шахс 10 сўм учун 20 сўмлик мулкини гаровга қўйяпти. Шунда ҳам майда-чуйда қоғозлар, ҳали у, ҳали бу идорадан маълумот сўралиб, фуқарони овора қилиш, вақтини совуришига йўл қўйилмоқда. Кредитлар суммаси ҳам имкон қадар чекланмаслиги, асосийси, кредит бериш рақамлаштирилиши керак, деб ўйлайман. Биз аллақачон мана шу босқичга, рақамлаштириш жараёнига етиб келдик.

Умуман олганда, қайси соҳа бўлишидан қатъий назар ўзгартириш қилишдан, янгилик яратишдан чўчимаслик лозим. Қоғозбозликдан воз кечиш орқали вақт, маблағ ҳамда ресурсни тежаш юзага келади. Тадбиркорга имконият яратиш билан эса янги иш ўринлари кўпаяди, аҳоли бандлиги таъминланади. Ўзгаришлар кутилган натижани бермаса, чўчимаслик, яна янги чоралар топиш даркор. Ана шундагина ривожланиш бўлади, ишлаб чиқилаётган қонунлар такомиллашади, ишлайди, наф келтиради.

...Тўғрисини айтганда, парламентнинг энг ёш аъзоси билан кечган суҳбатдан янада аччиқроқ гапларини кутгандик. Бироқ у саволларга бир мунча дипломатия билан жавоб берди. Саҳифамиз қаҳрамонининг парламент аъзоси сифатида амалий ишлари, тажрибаси янада ортишига ишонамиз. Кейинги суҳбатларимизда ундан янада аниқ таклифлар, танқидий фикр-мулоҳазаларни кутиб қоламиз.

 

Ўзбекистон овози мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: