24.06.2020

ОИЛА, МЕРОС, МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИ

ҳамда ер низоси билан боғлиқ ишлар таҳлили ўрганилди

Бугунги кунда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, айниқса, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш борасида самарали ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, мамлакатнинг фаровонлиги ва демократиянинг устуворлиги, аввало, жамиятда қонуннинг ҳукмронлиги билан боғлиқдир. Ушбу жараёнда нафақат қонунларнинг мукаммаллиги, уларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши ва назорати, шу билан бирга фуқаролар қонунларни тан олиши, уларга онгли равишда риоя қилиши, бўйсуниши, ижроси жараёнида бевосита фаол иштирокчи бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бошқача айтганда, ҳуқуқий саводхонлик, ҳуқуқий маданият дегани фақат қонунларни билишдан иборат бўлмасдан, балки мавжуд қонунларга амал қилиш ва уларга бўйсуниш, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, унга дахл қилмаслик ҳамда ўз ҳақ-ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобланган ҳолларда эса қонуний йўл билан ҳимояланиш учун судга мурожаат этишдир.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун судларга мурожаат қилишлари йилдан-йилга ортмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон республикаси Олий суди томонидан тайёрланган фуқаролар ҳақ-ҳуқуқлари билан боғлиқ янги қўлланмалар тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Олий суд раҳбарияти, шаҳар, туман ҳокимияти ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларининг масъул ходимлари ва ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров иштирокчиларга китоб кўринишидаги қўлланмаларни тайёрлаш жараёни ҳақида маълумот берар экан, бугунги кунда судлар фақатгина низоларни ҳал қилишга эмас, уларнинг олдини олишга ҳам катта эътибор қаратаётганини таъкидлади.

Масалан, Президентимизнинг 2019 йил 13 декабрдаги «Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2019 ва 2020 йилларда судларга берилган ариза ва шикоятлар ҳамда судлар томонидан кўрилган оила, мерос, меҳнат ҳуқуқлари ҳамда ер низоси билан боғлиқ ишлар ўрганилди, деди у. Таҳлиллар натижасида барча фуқаролар ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш, суд қарорларига нисбатан шикоят бериш тартиби ва муддатлари ҳақида, шунингдек, оила, мерос, меҳнат ҳуқуқлари ҳамда ер низоси билан боғлиқ қонун талаблари ҳақида зарурий маълумотларга эга эмаслиги маълум бўлди. Шу боисдан ҳам аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида «Судга мурожаат қилиш ва суд хужжатлари устидан шикоят бериш тартиби», «Оила муқаддас даргоҳ», «Ворислик ҳуқуқи қонун ҳимоясида», «Меҳнат ҳуқуқи қонун ҳимоясида», «Ерга нисбатан ҳуқуқнинг вужудга келиши ва бекор бўлиш тартиби» номли 5 та китоб кўринишидаги қўлланма тайёрланди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, судларга берилган ариза ва шикоятлар таҳлилига кўра, ўтган йили жисмоний ва юридик шахслардан Олий судга 57 минг 766 та мурожаат келиб тушган экан. Шундан 35 минг 122 тасини назорат тартибида суд қарорларига нисбатан келтирилган шикоятлар ташкил этган бўлса, 22 минг 644 таси эса умумий мазмундаги аризалардан иборат. Бунга фуқаролар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, судга мурожаат қилиш тартибини, мурожаатни расмийлаштиришга оид амалдаги қонун талабларини, шунингдек, суд жараёнларида ва суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш тартибини билмаслиги сабаб бўлаётганлиги ва бу борада ҳуқуқий тушунтириш беришга эҳтиёж мавжудлиги аниқланган.

Шунга кўра, барча судларга мурожаат қилиш ҳамда суд хужжатлари устидан шикоят бериш тартиби батафсил тушунтирилган ҳолда «Судга мурожаат қилиш ва суд ҳужжатлари устидан шикоят бериш тартиби» номли қўлланма тайёрланди.

Суд амалиёти таҳлилидан аниқланишича, 2019 йилда 2018 йилдагига нисбатан никоҳдан суд орқали ажратиш 1394 тага камайган бўлсада, судлар томонидан жами 35 минг 45 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризалар кўриб чиқилиб, шундан 22 минг 187 таси қаноатлантирилган, 12 минг 119 таси рад қилинган ва 1 минг 538 таси эр-хотин ярашганлиги муносабати билан ишлар тугатилган.

Оилалар барбод бўлишига асосий сабаблар, яъни ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр бўлмасдан оила қуриши, шунингдек, амалдаги қонун талаблари ва миллий қадриятларни тўлиқ тушунмаслиги; масъулиятсизлик, эр(хотин)нинг узоқ вақт мобайнида бир-биридан алоҳида яшаши; эр(хотин)нинг бир-бирига хиёнати ва оилага учинчи шахсларнинг (қайнона, қайнота) аралашуви сабаб бўлган.

Шунга кўра, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажралишларнинг олдини олиш мақсадида Олий суд ташаббуси асосида «Дилшоҳ медиа» киностудияси томонидан суратга олинган оила бузилишининг салбий оқибатлари акс эттирилган «Фарзанд-омонат» ва «Ота» номли қисқа метражли фильмлар ажрашиб яшаётган эр-хотинлар ҳамда фарзандини меҳрибонлик уйларига топширган ота-оналар билан жойларда ўтказилган очиқ мулоқатларда намойиш этилди. Натижада 610 нафар фарзанди бўлган 511 оила яраштирилди, меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган ота-онаси бор 400 нафардан ортиқ бола оиласига қайтарилди. Шундан келиб чиқиб, тайёрланган фильмлар фойдаланиш учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига ҳамда намойиш этиш учун Ўзбекистон телевидениесига тақдим этилди.

Қолаверса, меҳнат ҳуқуқи билан боғлиқ суд амалиёти таҳлилидан шу нарса маълум бўлдики, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ўтган йилда жами 188 минг 282 та кўрилган ишларнинг 4 минг 233 тасини меҳнат низоларига оид ишлар, шундан 1 минг 964 таси ишга тиклаш, 1 минг 279 таси иш ҳақини ундириш, 196 таси ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш ва 700 таси бошқа меҳнат низолари билан боғлиқ ишларни ташкил этган.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 775 нафар ходимнинг суд қарори асосида ишга тикланганлиги, 873 та ходимнинг иш ҳақи ундириб берилгани ҳануз иш берувчилар томонидан ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилаётганлиги ва бунга асосан иш берувчи ҳамда ходимларнинг амалдаги меҳнат қонунчилиги талабларини билмаслиги сабаб бўлмоқда.

Олий суд томонидан тайёрланган қўлланмалар, инфографикалардан фойдаланилган ҳолда содда тилда баён этилган бўлиб, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтиришга хизмат қилиши, фуқаролар ўртасидаги ўзаро муносабатларни қонуний тартибга солишга мўлжалланганлиги билан аҳамиятлидир.

Тақдимот сўнгида ушбу қўлланмалардаги масалалар бўйича журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб берди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: