09.02.2013

АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

ижтимоий ҳимоя кучайишининг муҳим омили

Сирдарё вилояти Гулистон туманида ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчи­лик палатасидаги фракцияси ҳамда Марказий банк ҳамкор­лигида Маҳаллааҳолини манзилли ижти­моий қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида электорат манфаат­ларини самарали ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга йўналти­рилган амалий семи­нар ташкил этилди.

Унда партия фаоллари, депутатлар, Марказий банк ва тижорат банклари ходимлари, вилоят бандликка кўмаклашиш маркази, молия ва солиқ бошқармалари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими вакиллари, ҳудудий партия ташкилоти етакчилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда электорат вакиллари иштирок этди.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

Ҳаётга чуқур кириб бориш, электоратга яқин бўлиш, уларни мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг мазмун-мо­ҳиятидан хабардор қилиш, шу орқали жамият равнақига ижобий таъсирини ошириш олдимизга қўйилган энг муҳим вазифалардан бири. Ўтказилган тадбирда бунга бир қадар эришдик, дейиш мумкин.

Тадбирга тайёрланиш давоми­да ҳамкор ташкилотлар иштирокида Гулистон туманидаги қатор маҳаллалардан электорат вакилларининг ҳаёти, қизиқишлари, манфаатлари, ажратилаётган ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ўрганиб чиқилди. Бу тадбирга янада ҳаётий руҳ бағиш­лади.

Электоратни ўйлантираётган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш мақсадида кўплаб ҳамкор ташкилотлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз. Шу мақсадда бугун Марказий банк ва қатор тижорат банклари, вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, молия ва солиқ бошқармалари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими вакилларини таклиф этдик. Улар турли масалалар бўйича аҳолига тушунча беради, уларни ташвишга солаётган масалалар ижобий ҳал этилишига кўмаклашади.

Партиямиз томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йў­қотган, ёлғиз кекса, жисмоний имконияти чекланган кишилар манфаатини самарали ҳимоя қилиш, уларга давлат томонидан ажратилаётган маблағларнинг манзиллилигини ошириш масаласига доимо катта урғу бериб келинмоқда.

Биргина ўтган йили депутатлик гуруҳларимиз томонидан халқ депутатлари туман ва вилоят Кенгаши сес­сияларига киритилган 20 дан ортиқ масала айнан шу мақсадга қаратилган. Бу минглаб ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга янада жиддий эътибор қаратилди, уларни ташвишга солаётган масалалар маҳаллий ижро ҳокимияти, ҳамкор ташкилотлар кўмагида ҳал этилди, деганидир. Обод турмуш йилида ҳам мазкур ишларни янги бос­қичга олиб чиқиш, фаолиятимиз қамровини кенгайтиришга ҳаракат қиламиз.

Ҳафиза КАРИМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Обод турмуш йилида белгиланган устувор вазифалар ижросига эришишда, айниқса, ҳудудий партия ташкилотлари фаоллик кўрсатиши зарур. Жойларда ижтимоий-иқтисодий масалалар ечим топиши, ислоҳотлар самарадорлиги ошишида бу муҳим аҳамият касб этади. Бу борада маҳаллий партия ташкилотларимизда катта имконият мавжуд. Айниқса, маҳаллаларда тизимли иш олиб бориш алоҳида аҳамиятга эга, деб ўйлайман. Сирдарё вилоятидаги кўплаб маҳаллаларда ҳудудий бошланғич партия ташкилотлари тузилган. Ана шу имкониятдан фойдаланган ҳолда, касаначилик, паррандачилик, чорвачиликни ривожлантиришга кўмаклашиш, ғоя ва ташаббуслар билан чиққан электорат вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарур. Шунда партия дастурий мақсадларидаги муҳим йўналишларда кўзланган ниятга эришамиз.

Отабек АЗИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки масъул ходими:

— ЎзХДП билан ҳамкорлик банк кредитларининг манзиллилиги ва ижтимоий самарадорлиги ошишида, фаолиятимиз янада кучайишида катта аҳамият касб этмоқда. Хусусан, ажратилаётган имтиёзли кредитларнинг айнан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган кишиларга етиб боришида Ўзбекистон Халқ демократик партияси билан ҳамкорликда ўтказилаётган ижтимоий-иқтисодий форумлар муҳим ўрин тутмоқда. Бугунги семинарнинг бу қадар жонли, баҳс-мунозара билан ўтишини, очиқ мулоқотга айланиб кетишини, кутмаган эдим. Масалан, бошланғич капитални шакл­лантириш, оилавий тадбиркорлик, касаначилик учун кредит олиш имко­ниятлари бўйича саволлар бўлди. Партия аъзоси Мавлуда Маматкаримова таълим кредити олиш учун Халқ банкининг Гулистон туман филиалига мурожаат қилганини, аммо мурожаати эътиборсиз қолдирилганини айтди. Биз бу каби яна кўплаб мурожаатларни тингладик. Уларга ечим топиш бўйича тегишли чоралар кўрилади. Амалий семинарда кредит олиш тартиб-тамойиллари борасида атрофлича тушунча бердик. Шунингдек, 11 нафар ЎзХДП электорати вакилига тижорат банкларининг имтиёзли шартлар асосида кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлари топширилди. Ўйлаймизки, бундан кейин ҳам партия билан ҳамкорлик изчил давом этади.

Тўлқин АБДУРАЗЗОҚОВ, вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош­қармаси бошлиғи ўринбосари:

— Бошқармамиз ва ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб бормоқда. Айниқса, жисмоний имконияти чекланган кишилар, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш борасида муайян амалий ишлар қилишга эришдик. Аҳоли бандлиги билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш­да депутатлар фаоллик кўрсатмоқда.

Бандлик масаласидаги айрим камчиликларни бартараф этиш мақсадида ижтимоий шериклик асосидаги муносабатларни кучайтиришга эътибор қаратаяпмиз. Айниқса, жисмоний имконияти чекланган кишилар ишсизлигини камайтириш бўйича ЎзХДП ташкилотлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бу борада амалий натижаларга эришиш мақсадга мувофиқдир.

Сайёра ЎДАЕВА, вилоят «Маҳалла» хайрия жа­моат фонди ходими:

— ЎзХДП билан ҳамкорлигимизга бугунги тадбир доирасида ўтказилган кўрказмани мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Унда «Аҳмад Яссавий» маҳалласида яшовчи фуқаролар томонидан тайёрланган касаначилик, ҳунармандчилик, боғдорчилик маҳсулотлари намойиш этилди. Ушбу маҳалла вилоятда ҳам ўз ўрнига эга. Маҳаллада томорқа ерлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилинаяпти. Кўргазмада маҳалла ҳудудида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари намойиш этилди. Шунингдек, бу маҳаллада бир неча иссиқхоналарда турли кўкатлар етиштирилмоқда. Бу нафақат туман, балки вилоятдаги истеъмолчиларнинг ҳам эҳтиёжини қондиришга хизмат қилмоқда. Халқ демократик партияси билан алоқаларни янада кенгайтириб, бошқа маҳаллаларда ҳам ана шундай ибратли ишлар қилишни режалаштирганмиз.

Тадбир доирасида, шунингдек, Гулистон туманида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, бироқ меҳнатнинг бирор тури билан шуғулланиш имкониятига эга кишилар, касб-ҳунар коллежи битирувчилари, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга тижорат банклари томонидан қа­рийб 50 миллион сўмга яқин имтиёзли кредитлар олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди. Мазкур кредитлар орқали чорвачилик, касаначилик, ҳунармандчиликни йўлга қў­йиш ҳамда 20 нафардан ортиқ кишини ишли қилиш мўлжалланмоқда. Бу одамларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ошиши, янги иш ўринлари яратилиши, энг муҳими, аҳолининг тур­муш фаровонлиги юксалишига хизмат қилади.

Ойбек ҲАСАНОВ, «Микрокредитбанк» ОАТБнинг сертификати соҳиби:

— Ёшлигимдан чорвачилик билан шуғулланишга қизиқаман. Аммо ўзим алоҳида иш бошлаш учун қўлимда ортиқча маблағ йўқ эди. Бугунги тадбирда менга «Микрокредитбанк»нинг Гулистон туман бўлими томонидан кредит олишим учун сертификат берилди. Ўз ишимни бошлаш учун имконият яратилганидан жуда мамнунман. Келажакда фаолиятимни кенгайтириб, гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб берувчи фермер хўжалиги ташкил этиш ниятидаман.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.