09.02.2013

СОҲИБҚИРОН ЮРГАН ЙЎЛЛАРДА

Бобур халқаро жамоат фонди қошидаги илмий экспедиция ўз анъанасига кўра, улуғ аждодларимиз ҳаёти ва фао­лиятини ўрганиш мақсадида юртимиз ва хорижий мамлакатлар бўйлаб кенг кўламли изланишларини давом эттирмоқда. Жум­ладан, 2011 йил ёз ойларида экспедиция навбатдаги сафарга чиқиб, буюк Соҳибқирон Амир Темур­нинг Олтин Ўрдага юришлари билан боғлиқ керакли маълумотлар тўплади.

Бу ҳақда «Ўзбекистон овози» (2011 йил 9 июль, 2012 йил 8 сентябрь,) «Холис» (2012 йил 19 ва 26 сентябрь) ва бошқа газеталарда ҳисобот мақолалар эълон қилинди. Уларда Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон билан Соҳибқирон ўртасида бўлиб ўтган жанг ўрни тўғрисида айрим фикрлар ўртага ташланган, археология фани билан боғлиқ ҳолда, баъзи мулоҳазалар баён этилган эди. Мазкур чиқишларга илмий жамоатчилик томонидан илиқ муносабатлар билдирилди.

Шуларни инобатга олиб, экспедиция аъзолари 2012 йил сентябрь ойида Қозоғистон, Россия, Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Эрон ва Туркманистон давлатлари бўйлаб навбатдаги сафарни амалга оширдилар. Сафар мобайнида ушбу мамлакатлар ҳудудидаги 70 дан ортиқ аҳоли пунктларининг тарихи, бугунги куни, меъморий ва археологик ёд­горликлар, музейлар билан яқиндан танишилди, муқаддас қадамжолар зиёрат қилинди. Маҳаллий халқ вакиллари — зиё­лилар, ҳунармандлар, олиму уламолар билан учрашдик. Мулоқотларнинг асосий мақсади Соҳибқирон юрган йўллар, улуғ аждодларимиздан қолган моддий-маънавий мерос борасида янги далил ва маълумотлар тўплашдан иборат эди.

ЯНА КОНДУРЧА ЖАНГГОҲИ ҲАҚИДА

Шуни таъкидлаш жоизки, Соҳибқирон Амир Темур 1391 йилги Тўхтамишхонга қарши юриши олдидан ўғиллари — Фарғона давлатининг пойтахти Андижонда ҳукмронлик қилаётган Умаршайх Мирзо ва Хуросон пойтахти Ҳиротда ҳукмронлик қилаётган Шохруҳ Мирзога Дашти Қипчоқ томон йўлга чиқишларини буюради. Уч томондан — Самарқанддан, Андижон ва Ҳиротдан келиб қўшилган жанговор аскарлар Олтин Ўрдага қараб юрадилар.

Буюк Соҳибқирон Амир Темур ва Тўхтамишхон ўртасида энг кескин тўқнашув бўлиб ўтган майдон хусусидаги маълумотлар борган сари кўпаймоқда ва фаразлар янги далиллар билан мустаҳкамланмоқда. Кондурча (Қундузча) жанггоҳидан топилган моддий маданият излари янада яққол кўзга ташланмоқда. Гап шундаки, Кондурча дарёси ҳавзасидан XIII-XIV асрларга оид ашёлар аввалги йилларда ҳам топилган. Аммо кейинги пайтларда маҳаллий ўлкашунослар (А.Опарин, Ю.Бриков, А.Малигин ва бош­қалар) Самара вилояти ўлкашунослик музейи олимлари ва Бобур халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда Самара вилояти ҳудудида илмий изланишлар олиб бормоқдалар. Уларнинг тадқиқотлари натижасида аниқланган осори атиқалар сони ҳозирги вақтда 30 дан ортиб кетган.

Муҳими, зикр этилган жойдан, яъни Кондурча ва Сох дарёлари қўшилган учбурчак кўринишдаги кенг соҳил-майдонда Соҳибқирон ҳарбий қароргоҳининг му­дофаа иншоотлари топилган. Лашкаргоҳ шимоли-шарқ ва шимоли-ғарб томонларни ўраб турувчи ҳандақ ва кўтарма ёки тупроқ девор кўринишидаги сунъий ғовдан иборат бўлган. Мазкур қароргоҳдаги ҳандақ ва кўтарма, девор қуриш усули ва типи Олтин Ўрданинг ўша давр мудофаа иншоотларидан тубдан фарқ қилади. Масалан, Волга бўйидаги Булғор ва Биляр каби археологик ёдгорликларда­ги ҳимоя иншоотлари ўз ички тузилишлари жиҳатидан Кондурчадагига ўхшамайди. Волгабўйи шаҳарлари мудофаа иншоотларида «қозиқ девор» ёки ёғочлардан (бревно/хода) синч қилиниб, ичи тупроқ билан тўлдирилган. Бу ҳолат Амир Темур қароргоҳлари учун хос эмас.

Ана шундай ўзига хос қурилиш жараёнларини ўрганиш учун биз самаралик ўлкашунослар билан мазкур ҳудудда, яъни, Малая Каменка, Трухмянка, Кочкори қишлоқлари чегарасида археологик кузатув ишларини олиб бордик. Бундан ташқари, П.В.Алабин номидаги Самара ўлкашунослик музейи археологлари билан ҳамкорликда жанггоҳда яна учта назорат қудуқлари (шурфлари) кавланиб, у жойларда маданий қатлам қолдиқлари, ҳатто бир қудуқда бронза даврига оид қатламлар борлиги аниқланди. Шурфлардаги маданий қатламлар қалинлиги 1,5-2 метрларга боради. Улар ранги-тусидан бир-биридан ажралувчи, юмшоқ агро ётқизиқлардир. Аммо юқоридан ҳисоблаганда 4-қатламда ёғочнинг майда ку­йик қолдиқлари чиққан. Ушбу шурфдан тупроқ қатламлари намуналари лаборатория таҳлили учун мутахассислар томонидан Канадага олиб кетилган. Текширув натижалари тез орада тайёр бўлиши кутилмоқда. Мазкур лаборатория 15-25 йил аниқлиқ билан қатламлар даврини белгилаш салоҳиятига эга илмий марказлардан ҳисобланади. Унинг хулосалари Кондурча жанги тафсилотларига янада ойдинлик киритса ажаб эмас...

Олтин Ўрданинг савдо-иҚтисодий марказлари

Соҳибқирон, айрим ғарб олимларининг фикрига қарши ўлароқ, жануби-шарқий Европани босиб олиш ниятида бўлмаган, балки у Олтин Ўрдани эгаллаб, ўзига қарашли бирор ҳукмдорни тахтга ўтқазмоқчи бўлган. Асосий мақсад — Қора ва Каспий денгизи йўналишидаги халқаро карвон йўлини Турон заминига йўналтиришдек улкан стратегик режа эди. Олтин Ўрда ҳудудидан қадим замонлардан XVI аср бошларигача Ғарбни Шарқ билан боғлаган савдо йўли ўтган эди. У манбаларда баъзан «Мўйна йўли» деб ҳам юритилади. Амир Темур даврида ушбу йўлнинг икки тармоғи фаолият кўрсатган. Бири Русь жанубидан Қора ва Қулзум (Каспий) денгизлари бўйлаб, иккинчиси Каспийдан жануброқдаги Шом, Кичик Осиё — Кавказорти, Эрон ва Самарқанд орқали ўтар эди. Кейинги йўлни эгаллаш ва иқтисодий жиҳатдан кучли Табризни қўлга киритиш Олтин Ўрда хонларининг ҳам орзуси эди. Бу йўлдан газмол, мовут, қурол-яроғ, заргарлик буюмлари, қимматбаҳо тошлар, чарм, мўйна, асал, асалари муми, туз, зираворлар, дон, ёғоч, балиқ, икра, зайтун ёғи каби товарлар олиб ўтилган. Ушбу карвон йўли Хоразм ерларидан ҳам ўтган бўлиб, Олтин Ўрда хонларига катта даромад келтирган. Яна бир карвон йўли Тан (Рос­тов-Дон) шаҳридан бошланиб, Сарой Боту, Дашти Қипчоқдан Олтойгача, сўнгра Қорақурум орқали Пекингача давом этган. Демак, бир сўз билан айтганда, мазкур бепоён ҳудудда ўша даврнинг улкан геополитик манфаатлари мужассам бўлган...

Қуйида экспедиция аъзолари бевосита бориб танишган, Олтин Ўрда давлатида мавжуд бўлган айрим шаҳарлар хақида сўз юритамиз.

Ҳожи Тархон (Астрахань) Олтин Ўрда хонларининг кузги қароргоҳи ҳисобланган. XIII асрда Итил дарёсининг чап соҳилидаги Аштархон қишлоғи ўрнида қурилган бу шаҳар ҳақида Ибн Батута, Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд асарларида маълумотлар учрайди. Ҳожи Тархоннинг тез ривожланиб кетишига сабаб, биринчидан, унинг қулай жуғрофий жойлашуви бўлган. У шимол ўлкалари, Кавказорти, Ўрта Осиё, Хитой, Қримдан келадиган халқаро магис­трал йўллар ўтган чорраҳада жойлашган эди. Иккинчидан, Олтин Ўрда хонлари мавсумий қароргоҳининг Ҳожи Тархон атрофида бўлиши ҳам унга кўпгина афзалликлар туғдирарди. Учинчидан, мазкур шаҳар Олтин Ўрда хони фойдасига олинадиган кўплаб солиқлардан озод этилган эди. 1459 йилдан шаҳар Аштархон хонлигининг марказига айланади. 1589 йили Астрахань Кремли қурилган.

Сарой (Сарой Боту) ёки Сарой ал-Махрус (Дворец Богохранимый - Аллоҳ паноҳидаги сарой) қолдиқлари ҳозирги Астрахань шаҳридан 80 километр шимолдаги Харобали райо­нининг Селитренное қишлоғи яқинида, Волга ирмоғи Ахтуба (Оқтў­ба) дарёсининг чап қирғоғида жойлашган. Бу археологик ёдгорлик ҳудудида кўп йиллардан бери қазишма ишлари олиб борилмоқда. Шаҳар даҳаларга бўлиниб бошқарилган. Кулоллар, шишасозлар, металсозлар ва заргарлар даҳалари очиб ўрганилган. Ёзма манбаларнинг гувоҳлик беришича «Сарой бозорлар, ҳаммомлар, диний муассасаларни ўз ичига олган, Мовороуннаҳр меъморчилик услубида қурилган машҳур шаҳарлардан бири бўлган».

Янги Сарой (Сарой Берка) ёки ал-Жадид саройига Олтин Ўрда ҳукм­дори Берка томонидан 1260 йили асос солинган. Ўзбекхон даврида хонлик маркази Сарой Ботудан Сарой Беркага кўчирилган. XIV асрнинг биринчи ярми бу шаҳарнинг гуллаган даври ҳисобланади. Сарой Берканинг харобалари ҳозирги Волгоград вилоятининг Ленин районига қарашли Царев қишлоғи яқинидадир. Ўрта асрларда шаҳарни ўз кўзи билан кўрган Ибн Батута шундай ёзади: «...кенг кўчалари, гавжум бозорлари бўлган гўзал бир шаҳар. Унда 13 та жомеъ масжиди ва яна бир неча масжидлар мавжуд. Бу ерда турли халқлар — мўғуллар, руслар, византияликлар, қипчоқлар, черкаслар яшайдилар. Давлатнинг расмий тили чиғатой-турк тили бўлган. Султоннинг саройи Олтинтош деб аталади».

Археологик қазишмаларга кўра, шаҳар асосий кўчалар билан даҳаларга бўлинган. Унинг марказий ва шимоли-ғарбий қисмларида кулоллар, жез қуювчилар, суяктарошлар, темирчилар, савдогарлар яшаган. Уларнинг бошпаналари пойдеворлари ғиштдан кўтарилган ярим ертўла ёки ёғочдан тикланган уйлардан иборат бўлган. Сарой Беркада Темир Хўжа, Ўрду Малик, Келдибек, Хайр Пўлат номларида тангалар зарб қилинган ва муомалага чиқарилган.

Экспедициямиз аъзолари буюк Соҳибқирон изидан бориб, яна бир кўҳна шаҳар харобаси — ўрта аср манбаларида Белжамин (Бельджамен) номи билан юритилган Водян археологик ёдгорлиги билан танишишга муяссар бўлдилар. Белжамин шаҳри Амир Темурнинг Тўхтамишга қарши юришлари муносабати билан ҳам ёзма манбаларда тилга олинган, яъни 1395 йилги Терек дарёси соҳилидаги зафарли жангдан сўнг Соҳибқирон бу ерда тўхтаган. У Белжаминдан чиқиб, Дон дар­ёсининг қуйи оқими бўйлаб юрган. Ушбу археологик ёдгорлик ҳозирги Волгоград вилоятининг Дубовка шаҳри яқинида, Волга дарёси қуйи оқимининг ўнг қирғоғида жойлашган. Анча вақтдан бери олиб борилаётган археологик изланишлардан аъён бўлишича, мазкур шаҳар ҳам худди Сарой Боту ва Сарой Беркага ўхшаб бунёд этилган: шаҳар - кўчалар билан бўлинган уй-жой даҳаларидан иборат бўлган. Ҳудудда уй-жойлардан ташқари турли маҳобатли иморатлар ҳам қурилган. Ана шулардан бири Белжамин жомеъ масжидидир (ўлчами 26х35 м). Масжиднинг яхши сақланган минора асоси ва меҳроби кавлаб очилган. Яна бир археологик иншоот-мураккаб иситиш тизимига эга бўлган жамоат ҳаммомидир. У тўққизта хонадан ташкил топган, улар ер ости сопол қувурлари орқали сув билан таъминлаган. Археологларнинг фикрича, тилга олинган Олтин Ўрда шаҳарлари лойиҳасида ўртаосиёлик меъмор ва қурувчиларнинг иштироки, услубини кузатиш мумкин. Масалан, йўлларга сопол ёки ғишт парчалари тўшашда, йўл четида ёки ўртасидан сув ариқлари ковлашда Мовороуннаҳр қурилиш анъаналарининг таъсирини сезиш қийин эмас. Биз сафар чоғида танишган Олтин Ўрда шаҳарларининг деярли барчаси бир вақтнинг ўзида текислик жойда тикланган, улар остида олдинги қурилиш қатламлари йўқ. Улар учун яна бир умумийлик шуки, мазкур шаҳарларнинг барпо этилишида, Хуросон ва Хоразм меъморчилик усулларидан ҳам унумли фойдаланилган.

 

Терек дарёси соҲилида

Амир Темур Кондурча жангидан роппа-роса уч йил ўтиб, Олтин Ўрда масаласини узил-кесил ҳал этиш учун Тўхтамишга қарши янги юриш бошлади. 1394-1395 йилги қишловни Қулзум (Каспий) денгизи бўйидаги Маҳмудобод деган жойда ўтказди. 1395 йил 28 февралда Соҳибқирон Каспий денгизи қирғоғи бўйлаб Дарбанд томон юра бошлайди. Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Дарбанд ҳокими Ширвоншоҳ Иброҳим ­Дарбандий Амир Темурга содиқлигини намойиш этиб, унга пешвоз чиқади. Ҳатто Амир Темур исмини хутбага қўшиб ўқитади ва унинг номи битилган тилла ҳамда кумуш тангалар зарб эттиради. Бундан мамнун бўлган Соҳибқирон ­Иброҳим Дарбандийга кимхоб либос ёпиб, тахтини қайтариб беради ва Дарбанд дарасини қўриқлашни ҳам унга топширади.

Соҳибқирон жанг олдидан Тўхтамишхон ҳузурига Шамс ад-дин ­Олмалиқийни тинчлик таклифи билан юборади, бироқ Олтин Ўрда хони Амир Темурга рад жавобини бергач, юриш давом эттирилган. Қўшинлар Дарбанд орқали Эльбрус тоғи этакларига етиб борадилар. Манбаларда ёзилишича, шу ерда Тўхтамишхон тарафдорлари бўлмиш «кайтага» деган этник гуруҳ билан тўқнаш келадилар. Уларнинг бир қисми мўғул тилида, бир қисми турк тилида сўзлашган. Бу гуруҳнинг этник жиҳатдан кимлар экани номаълум бўлиб қолмоқда. Бир тахмин шундан иборатки, бу этник гуруҳ туркий тилнинг қипчоқ қавмларига мансуб қумиқлар бўлиши мумкин. Қумиқлар тил жиҳатидан чиғатой (эски ўзбек) тилига жуда яқин туради. Тарихчиларнинг фикрича, бу этник гуруҳ эрамиз бошларида Дарбанд атрофларига келиб ўрнашган қадимий маҳаллий элатлардан бири эди.

Амир Темур лашкари Терек дарёсидан ўтиб, Жулат деган жойда тўхтайди. Озиқ-овқат, ем-хашак олинади ва қўшин кўрикдан ўтказилади. Соҳибқирон истеҳкомларни мус­таҳкамлайди, қароргоҳ олдига бир эмас, иккитадан чуқур қаздирадики, бу тадбирлар қўшинларни жангга пухта тайёрлаш учун амалга оширилган эди. Бу ҳақда Шарофиддин Али Яздий шундай деб ёзади: «Амир Темур мустаҳкамланган қароргоҳ учун жой танлаш ва шу ерда катта қўшинни жойлаштиришни ўз тавачиларига буюрди. Қароргоҳнинг атрофида ҳандақлар қазилиб, қозиқлар қоқилди, бу ҳандақлар кетидан иккинчи — ташқи ҳандақлар қазилди.»

«Терек жанги» номи билан маш­ҳур бўлган бу тўқнашув Шимолий Кавказдаги Терек ва Кума дарёлари оралиғидаги Нўғай даштида 1395 йил 15-17 апрель кунлари бўлиб ўтади. Бу Амир Темурнинг Олтин Ўрда хони Тўхтамиш билан учинчи, ғоят кескин жанги эди. Унда икки томондан тахминан 450-500 минг киши қатнашган. Амир Темур яна Кондурча жангидаги тактикасини ишга солади. Тўхтамишхон ҳам худди Соҳибқиронникидай усулни қўллайди. Лекин Амир Темур 7 та қўл (лашкар қисм­лари)дан иборат ягона жанговор кучни марказлашган ҳолда бошқариб, оғир ва ҳал қилувчи ғалабани қўлга киритади. Тарихчилар хабарича, ­Соҳибқирон қўшини Тўхтамишхоннинг қароргоҳида ташлаб кетилган жуда катта бойлик ва хазинага ҳам эга бўлади. Олтин Ўрда хони бутун мулки, хонумонидан, салтанатидан айрилади. У энди ҳеч қачон хонлик тахтига қайта ўтира олмайдиган ҳолатга келтирилган эди. Амир Темур Тўхтамишхонни қувиб Русиянинг Рязань вилоятигача бориб, Елец шаҳрини ишғол этган.

Энг асосийси, Амир Темурнинг 1391-1395 йиллардаги жанглари Евроосиёни, хусусан, Византияни мўғуллар босқинидан — муқаррар ҳалокатдан озод этади. Бинобарин, ХIV аср охири ва ХV аср бошларида Испания қироли элчиси, Франция ва Англия қироллари вакиллари Соҳиб­қирон давлатининг пойтахти Са­мар­қ­андга келиб, дипломатик фаолликларини кучайтиришлари бежиз эмас эди.

 Кавказ бЎйлаб

Қозоғистон ва Россия орқали Кавказ республикаларига йўналтирилган сафаримиз, юқорида айтганимиздек, Соҳибқирон босиб ўтган йўллар бўйлаб амалга оширилди. Маълумки, Амир Темурнинг бу ҳу­дудларда бўлиши билан боғлиқ тарихий хотиралар, айрим ёдгорликлар ва жой номлари ҳозиргача сақланиб қолган. Сафар мобайнида ана шундай жойлар ва иншоотлар тарихини ўрганишга ҳам ҳаракат қи­линди. Жумладан, Доғистонда «Темир-Хан-шура» деган жой бор, асл маъноси «Темирхон шаҳри» демакдир. Мазкур қалъа-истеҳком Амир Темур номи билан узвий боғлиқ. Сабаби Кавказ юриши пайтида, яъни, 1394-1395 йиллари Соҳиб­қирон шу ерда тўхтаб, ўз ҳарбий қароргоҳини тиклаган. Кейинчалик қалъа-шаҳарга айланган Темир-Хан-шура Доғистон халқлари тарихида алоҳида аҳамият касб этган. У 1860 йили Доғистон вилоятининг маркази, сўнгра — 1921 йили Доғис­тон мухтор республикаси пойтахти бўлган, 1924 йили номи Буйнакск деб ўзгартирилган.

Олтин Ўрданинг Шимолий Кавказдаги бир неча шаҳри харобалари ҳозиргача сақланиб қолган. Булар Маджар, Қуйи Жулат, Юқори Жулат ёки Татартюп каби шаҳарлар бўлиб, мазкур кентлар Олтин Ўрда савдо-иқтисодий жараёнларида фаол роль ўйнаган.

Соҳибқирон Амир Темурнинг Кавказдаги ёқтирган жойларидан бири — бу табиатан ғоят гўзал Тоғли Қорабоғдир. Амир Темур табиатнинг бу сўлим гўшасида тўрт бора қишлаган ва ўрдагоҳи бун­ёд этилган. Кичик Осиё ҳукмдорларининг элчилари мадад сўраб, мазкур ўрдагоҳга ташриф буюрганлар. Ҳатто Византия ҳокимининг ноиби, Франция қироли, Султония шаҳрининг католик миссионерлари нажот сўраб, Соҳиб­қиронга мурожаат этганлар ва Турон султони уларга мурувват кўрсатган.

Тарихий манбалардан бизга маълумки, Тоғли Қорабоғ ўлкасида Бобур Мирзонинг катта бобоси, Турон ва Хуросон ҳукмдори Абусаид ­Мирзо ҳам бир неча маротаба бўлиб, Ироқ, Эрон, Кавказорти мамлакатларида тартиб ўрнатган. Абусаид Мирзо айни шу ўлкада душманлар томонидан ҳалок этилган. Таассуфки, Амир Темур бобомизнинг хорижий давлат арбоблари ва элчиларини қабул этган саройи жойлашган ўрда энди йўқ, вақт ўз ишини қилган — ўрда билан боғлиқ бирор ёдгорлик қолмаган. Бунда, шубҳасиз, сиёсий аҳволнинг беқарорлиги ҳам ўз таъсирини ўтказган кўринади.

Экспедициямиз сафарининг режасида, одатдагидек, ушбу жойлардаги буюк алломаларнинг қабрлари ва қадамжоларини зиёрат қилиш ва ўрганиш ҳам кўзда тутилган эди. Ана шу мақсаддан келиб чиққан ҳолда Кавказ ўлкаларида ўзларининг бетакрор, умрбоқий асарлари туфайли тилларда ва дилларда асрлар оша яшаб келаётган улуғ шоир­ларнинг номлари, хотиралари билан боғлиқ жойлар диққат-эътиборимизда бўл­ди. Жумладан, Боку ва Ганжа шаҳарларидаги Низомий Ганжавий, Бокудаги Муҳаммад Фузулий ёдгорликлари шаклий маҳобати, меъморий жиҳатдан ўзига хослиги ва мазмундорлиги билан ҳаммамизда катта таассурот қолдирди. Ҳазрат Алишер Навоийга қардош озарбайжон хал­қининг катта муҳаббати тимсоли сифатида мамлакат пойтахтидаги Озодлик кўчаси билан туташ хиёбонда қад кўтарган муҳташам ҳайкални кўриб, қалбларимизда ғурур ва ифтихор туйғулари жўш урди.

Маҳаллий зиёлилар ушбу ҳайкалнинг очилиш маросимида Ўзбекис­тон раҳбари Ислом Каримов ва Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев иштирок этганини ҳурмат билан сўзлаб беришди.

Махачқалъада эса бизга машҳур шоир ва жамоат арбоби Расул Ҳамзатовнинг ижодий мероси авайлаб сақланаётган хонадонда бўлиш насиб этди. Шоирнинг оила аъзолари билан қизиқарли суҳбат ўтказиб, китоблар ва совғалар айирбошланди.

МашҲур меъморий обидалар

Навбатдаги зиёрат жойларимиз Арманистон орқали Эрон мамлакатининг Табриз, Теҳрон, Нишопур ва Машҳад каби тарихий шаҳарлари бўлди.

Эрон Ислом Республикаси пойтахти Теҳрон замонавий йирик шаҳар бўлиб, XII асрда Рай шаҳри яқинида барпо қилинган. XIV асрдан бошлаб ушбу ҳудуднинг йирик савдо-иқтисодий шаҳри ҳисобланган. Табриз эса Эроннинг шимоли-шарқидаги Шарқий Озарбайжон остони (вилоя­ти)нинг маъмурий марказидир. Табризга III-IV асрларда сосонийлар томонидан асос солинган. Алишоҳ жомеъ масжиди (1310-1320), Кўк масжид (1465) каби тарихий меъморий ёдгорликлари бор.

Эроннинг шимоли-шарқидаги яна бир тарихий шаҳар Нишопур (Найсабур) III аср ўрталарида сосонийлар шоҳи Шопур томонидан бунёд этилган. Ҳозирда Хуросон вилояти маркази. Умар Хайём, Фаридуддин Атторларнинг киндик қони тўкилган бу табаррук шаҳарда ҳар икки буюк инсоннинг маҳобатли мақбаралари сақланган.

Машҳад шаҳри («шаҳид дафн этилган жой» деган маънони билдиради) Темурийлар ва Сафавийлар даврида юксак ривожланган. Дунёга машҳур кўплаб меъморий ёдгорликлари мавжуд: Имом Ризо мақбараси (IX аср), Гавҳаршод бегим масжиди (1405-1418), шаҳар яқинидаги Фирдавсий мақбараси шулар жумласидандир. Булар орасида Амир Темурнинг ўғли, Ҳирот ҳукмдори Шоҳруҳ Мирзонинг хотини Гавҳаршод бегимга атаб қурилган масжид алоҳида диққат-эътиборга лойиқ. Мазкур бино темурийлар даврига хос улкан бунёдкорлик санъатидан шаҳодат берувчи ажойиб меъморчилик обидасидир. Масжиднинг шимол томонида Имом Ризо мақбараси, шарқида мадраса, ғарбида карвонсарой қад кўтарган. Имом Ризо мажмуасида махсус бунёд этилган Қуръони ­Карим музейида Бобур Мирзо ихтиро этган алифбода унинг ўзи томонидан кўчирилган Қуръони Карим нусхаси ва Шохруҳ Мирзонинг ўғли, машҳур хаттот Бойсунқур Мирзо томонидан кўчирилган ­Қуръони Карим намойиш қилинмоқда. Бугунги кунда Андижондаги ­«Бобур ва жаҳон маданияти» музе­йида ҳам Бобур Мирзо ихтиро қилган алифбода кўчирилган Қуръони ­Карим ва Халифа Усмон даврида китобот қилинган нодир Қуръони ­Карим нусхалари сақланмоқда. Улар мозийгоҳнинг зийнати бўлиб, зиёратчилар эътиборини қозонмоқда.

Эслаб ўтиш жоизки, Гавҳаршод бегимга бағишланган иккинчи меъморий мажмуа Афғонистонда йигирма йил давомида (1418-1438) бунёд этилган. Ушбу мажмуа Ҳиротдаги Мусалло майдонида жойлашган бўлиб, масжид, мадраса ва темурийлар авлодлари мақбарасидан иборатдир. У ерда Гавҳаршод бегим ва унинг ўғли Бойсунқур Мирзо дафн этилган. Даҳма ёнига кейинроқ Ҳусайн Бойқаро маҳобатли мадраса ва хонақоҳ қурдирган. Гавҳаршод бегимга аталган ҳар икки мажмуа машҳур меъмор Қавомиддин Шерозий раҳбарлигида қуриб битказилган. ­Машҳур Мусалло майдони ва унинг атрофида Абдураҳмон Жомий, ­Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Султон Ҳусайн Бойқароларнинг ҳам қабр-мақбаралари жойлашган.

Эрон ҳудудидаги яна бир зиёратгоҳ туркман халқининг буюк фарзанди Маҳтумқули (Фироғий)нинг Гургон вилояти марказидан 120 километр наридаги Ақтўқай қишлоғида жойлашган қабр-мақбарасидир. Дунё­қараши, ижодининг хал­қоналиги билан барча туркий эл-элатлар орасида катта шуҳрат қозонган шоир асарларини ўзбек китобхонлари ҳам севиб ўқийдилар. Шу маънода биз Фироғий қабр-мақбарасини топиб, унинг ҳолати билан танишишни, шоир ҳаққига дуои фотиҳа қилишни ўзимизнинг бурчимиз деб ҳисобладик.

Ақтўқай чекка овул бўлишига қа­рамай, Махтумқулига муҳташам ёд­горлик ўрнатилган, мақбара остига шоир ва унинг отаси Давлат Мамад Озодийга мармардан сағана то­ши қўйилган.

Маълумки, Марказий Осиё тарихида кўҳна Хоразм қадимий тамаддун марказларидан бири сифатида алоҳида ўрин тутади. У Амир Темур тахтга чиққан даврда Олтин Ўрда таркибида эди. Хоразм ҳудуди 1388 йили узил-кесил Соҳибқирон тасарруфига ўтади. Шу тариқа Амир Темур Мовороуннаҳр, Хуросон ва Хоразмни бирлаштириб, ягона марказлашган кучли давлатни вужудга келтирдики, бу жараён мазкур ҳудудлардаги халқ­лар ҳаётида ижобий аҳамият касб этди.

Хоразмнинг X-XIV асрлардаги пойтахти Кўҳна Урганч (Гурганч) савдо-иқтисодий ва маданий марказлардан бири ҳисобланган. 1333 йили маш­ҳур араб сайёҳи Ибн Батута Гурганч­га келган. XII-XIV асрларда бунёд этилган ёдгорликлар ўз гўзаллиги ва меъморий ечимлари билан ҳозир ҳам кишини ҳайратга солади. Биз бу тарихий масканда бўлиб, Нажмиддин Кубро мақбараси, Қутлуғ Темур жомеъ масжиди минораси, Тўрабек хоним мақбарасини зиёрат қилдик. Ибн Батутанинг ёзишича, Тўрабек хоним Олтин Ўрда хони Муҳаммад Ўзбекхоннинг қизи, Урганч ҳокими Қутлуғ Темурнинг хотини, Қутлуғ Темур эса Ўзбекхоннинг холаваччаси эди. ­Нажмиддин Кубро мақбараси эса кубровийлик тариқатининг асосчиси бўлган улуғ ватандошимиз хотирасига бағишлаб қурилган. Нажмиддин Кубро 1221 йили мўғул бос­қин­чиларига қарши жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлганини барчамиз яхши биламиз.

Экспедициямизнинг навбатдаги илмий сафари натижасида қўлга киритилган тарихий маълумотлар бир ҳақиқатни такрор тасдиқлаб беради. Яъни, Соҳибқирон Амир Темурнинг Волга бўйига 1391-1395 йиллардаги жанговор юришлари Русия ҳудудини мўғул ҳукмронлигидан халос этишда ҳал қилувчи роль ўйнади. Шунингдек, ушбу жанглар Эрон, Кавказорти, Ўрта Осиё мамлакатларида мўғул истилосининг бутунлай тугатилишида асосий омил бўлди.

Буюк бунёдкор

Айни вақтда Соҳибқирон Амир ­Темур Турон давлати сарҳадларини мус­таҳкамлаш ва юрт ободончилиги йўлида улкан бунёдкорлик ишларини ҳам амалга оширди. Шунинг учун ҳам ­Темур ва темурийлар даври дунё олимлари томонидан ўзига хос Ренессанс — Уйғониш даври деб аталади. «Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўй­дирдим, бир дарахт кесдирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим», деб таъкидлайди Соҳибқирон бобомиз. Амир Темур Мова­роуннаҳр ва Туркистон шаҳарлари қатори Султония, Қорабоғ, Бағдод, Дарбанд, Бойлакон каби бир қатор шаҳру кентларни ва бошқа жойларни ҳам обод этгани тарихий манбалардан яхши маълум. Муаррихларнинг эътироф этишларича, Темур ва темурийлар ҳукмронлиги даврида кўплаб мадрасалар, хонақоҳлар, ҳаммомлар, жомеъ масжидлари, боғу бўстонлар, карвон йўлларида работлар, қалъалар, кўприклар бунёд этилган.

Экспедициямизнинг қарийб бир ой давом этган сафари давомида турли мамлакат ва миллат вакиллари билан бўлган учрашув ва мулоқотларимизнинг асосий мавзуини кўҳна ­тарихга эга Ўзбекис­тонимиз мустақиллик йилларида ­Президентимиз ­Ислом Каримов раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий соҳалардаги янгиланишлар туфайли таниб бўлмас даражада ўзгариб, ­юксалиб бораётгани ҳақидаги суҳбатлар ташкил этгани бизга айниқса катта ғу­рур бағишлайди.

Зокиржон Машрабов, Бобур халқаро жамоат фонди раиси,

Боқижон Матбобоев, Археология институти  бўлими мудири, тарих фанлари доктори,

Қамчибек Кенжа, ёзувчи.



DB query error.
Please try later.