10.06.2020

КАРАНТИН: ТАЛАБЛАР ЮМШАТИЛМОҚДА,

бироқ пандемия дунёни хавотирда ушлаб турибди

2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва вақтида вирусни аниқлаб зарур даволаш ишлари олиб борилмаса, охир-оқибат ўлимга олиб келиши мумкин.

Бутун дунёда тарқалган бу кўринмас коронавирус балоси албатта бизни ҳам четлаб ўтмади. Аммо давлатимиз раҳбари томонидан вақтида кўрилган чора-тадбир, халқимизнинг бирдамлиги, сабр-матонати туфайли бу касаллик ривожланиб кетишининг олди олинди. Бошқача айтганда, минглаб одамлар ҳаёти асраб қолинди.

Бугунга келиб, карантин талаблари юмшатилди, қатор чеклашлар бекор қилинди, ҳаёт аста-секин изга тушмоқда. Бироқ карантин тартиблари, санитария талаблари бутунлай бекор қилингани йўқ, оз бўлса-да, хавф-хатар сақланиб турибди.

Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан огоҳлантирилмоқда, яъни халқимиз берилган эркинликни нотўғри тушунмаслик, карантин қоидаларига, жумладан, ижтимоий масофани сақлаш, яъни қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришишдан тийилиш, жамоат жойларида тўпланмаслик, айниқса, ёшларнинг заруратсиз кўчага чиқмаслиги, ҳар ярим соатда юз-қўлни яхшилаб ювиш, тиббий ниқоб тақиш каби қоидаларга қатъий амал қилиш сўралмоқда. Акс ҳолда касалликни юқтириб олиб, оила аъзоларимизга хавф туғдиришимиз, оиламиз ва ҳатто давлатга янада катта зиён келтиришимиз тайин.

Тўғри хулоса чиқариш учун айрим мисолларга эътибор қаратайлик.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда инфекциядан зарарланиш ҳолатлари сони 4300 дан ошди. 2020 йил 7 июнь соат 18:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 4302 нафарни ташкил этмоқда. Сўнгги саккиз соатда Ўзбекистонда яна 121 кишида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берилди. Бу маълумотлар Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш борасидаги кунлик ўсиш кўрсаткичи бўйича янги рекорд қайд этилганидан далолат бермоқда, дейилади хабарда.

Касалланганларнинг 13 нафари карантин марказидаги фуқаролар орасида, 98 нафари Тошкент шаҳрида, 2 нафари Сирдарё вилоятида, 8 нафари Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар орасида қайд этилган.

Бугунгача 208 янги зарарланиш ҳолати қайд этилди ва бу кунлик ўсиш бўйича рекорд кўрсаткичдир. Шунингдек, 62 нафар бемор соғайиб, шу вақтгача тузалганлар сони 3330 нафарга етди. Шифохоналарда эса 955 нафар бемор даволанмоқда.

Бундан ташқари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг иккинчи тўлқини юз берадиган муддатни маълум қилди. Унга мувофиқ, Европадаги эпидемиологик вазият яхшиланган ва коронавируснинг иккинчи тўлқини юз берадиган муддат жорий йилнинг сентябрида бошланиши ва мавсумий грипп тарқалиши билан бир вақтга тўғри келиши мумкин.

ЖССТнинг Европадаги минтақавий офиси директори Ханс Клюгенинг қайд этишича, Европадаги кўплаб давлатларда вазият яхшиланган, аммо у ҳукуматларни бўшашмасликка чақирди.

— Вазият яхшиланмоқда, аммо байрам қиладиган пайт эмас, балки тайёргарлик кўрадиган вақт ва биз кузга тайёрланишимиз керак, — деб таъкидлади Клюге. — Шунингдек, иккинчи тўлқин вақтида тўхтатилмаса, ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.

 

Коронавируснинг иккинчи тўлқини аломатлари

Ҳиндистон ва Эронда зарарланиш статистикаси яна кўтарилди, мутахассисларнинг фикрига кўра, бу коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқинини англатиши мумкин. Европа Иттифоқи мамлакатлари 1 июлга қадар ички чегараларни очишни муҳокама қилишмоқда. Буюк Британия ва Швеция Европадаги энг хавфли давлатлар деб ҳисобланяпти.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, 8 июнь ҳолати бўйича дунё бўйлаб коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 7 миллион кишидан ошди.

Касалланиш ҳолатларининг аксарияти АҚШда қайд этилган, у ерда 1,9 миллион кишида коронавирус аниқланди, Бразилия иккинчи ўринда — 691,7 минг киши, кейин Россия — 467 минг, Буюк Британия — 287,6 минг, Ҳиндистон — 257,4 минг киши.

Дунёда коронавирусдан вафот этганлар сони 402 мингдан ошди. Вафот этганлар сони бўйича ҳам АҚШ биринчи ўринда — 110,5 минг, Буюк Британия — 40,6 минг, Бразилия — 36,4 минг, Италия — 33,8 минг, Франция — 29,1 минг киши.

Университет маълумотларига кўра, коронавирус инфекциясининг тарқалиши дунёнинг 188 мамлакатида расман тасдиқланди.

BBC касалланиш даражаси бўйича қитъаларда етакчи давлатларни ажратиб кўрсатди. Европада Буюк Британия, Италия, Франция ва Испания энг кўп зарар кўрган мамлакатлардир. Россия беморлар сони бўйича дунёда учинчи ўринда туради, аммо ўлим даражаси бошқа мамлакатлар билан солиштирганда анча паст. Дунё бўйича Covid-19 дан энг кўп зарар кўрган мамлакат Америка Қўшма Штатлари, Жанубий ва Марказий Америкада – Бразилия ва Мексика. Африкада – ЖАР, Миср ва Нигерия. Осиёда – Ҳиндистон ва Эрон.

 

Европа чекловларни бекор қилмоқда

Европа комиссияси 1 июлга қадар Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатни блок ичида чегараларни очишга чақирди. Иттифоқ мамлакатлари ички ишлар вазирлиги раҳбарлари тегишли режаларни ишлаб чиқишга киришган. Шу билан бирга, мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирча гап фақат Европа Иттифоқи ичкарисидаги чекловларни олиб ташлаш ҳақида бормоқда. Бошқа давлатлардан келувчилар учун қўйилган тақиқ қачон ва қай кўламда олиб ташланиши масаласи ҳам шу кунларда муҳокама қилинмоқда.

Шунингдек, Испания 1 июлдан бошлаб фақат Франция ва Португалия билан чегараларни очишни режалаштиряпти, Иттифоқ таркибидаги бошқа мамлакатлар ҳақида ҳали бирон-бир фикр билдирилмаган.

Бельгия эса аксинча, чекловларни муддатидан олдин олиб ташлашга тайёр. Расмий маълумотларга кўра, агар эпидемиянинг иккинчи тўлқини бошланиши каби бирор-бир фавқулодда ҳолат юз бермаса, мамлакат чегаралари 15 июнда очилади.

Франция ҳукуматидаги илмий маслаҳатчиларнинг таъкидлашича, мамлакатда коронавирус эпидемияси назоратга олинган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар самарасидир. Бундан ташқари, ёз фасли бошланиши ва нисбатан юқори ҳарорат ёрдам беряпти.

Ўтган ҳафтанинг пайшанба куни мамлакат касалхоналарида Covid-19' дан 44 бемор вафот этди, кунлик янги зарарланиш ҳолатлари мингга яқин. Март ойида Францияда ҳар куни ўртача 8 мингта ҳолат қайд этилганди.

Француз олимларининг таъкидлашича, мамлакатнинг турли минтақаларида инфекциянинг янги ўчоқлари пайдо бўлмоқда, аммо эпидемияга қарши бир неча ойдан бери давом этаётган курашдан сўнг энди шифокорларда вазиятни тезда назорат қилиш учун зарур (тестлар, контактларни кузатиш тизими) тажриба етарли. Ўтган ҳафтада мамлакат ичида ҳаракатланишга қўйилган чекловларнинг сўнггиси олиб ташланди. Расмийлар фуқароларни янги ижтимоий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишни давом эттиришга чақиришмоқда, бу, афтидан, узоқ вақт давомида эпидемия иккинчи тўлқинининг олдини олишдаги асосий шарт бўлиб қолади.

Ўтган ҳафтанинг жума куни Чехия Австрия ва Германия билан чегараларни очди. Бу режалаштирилганидан 10 кун олдин содир бўлди. Чехия Республикаси ва унинг қўшнилари ўртасидаги алоқа март ойи бошида тўхтатилганди. Ўтган ҳафтанинг жума куни тушдан бошлаб ушбу икки мамлакат ва Венгрия фуқароларининг Чехия Республикаси ҳудудига кириши бошланди. Ушбу ҳафтанинг сешанба кунидан бошлаб Словакия билан чегара очилади. 15 июндан бошлаб Чехия ҳукумати қулай эпидемиологик вазиятга эга бўлган бир қатор мамлакатлар, яъни Швейцария, Финляндия, Латвия, Литва ва Эстония фуқароларига ўз эшикларини очади.

Ўтган ҳафтанинг душанба куни Чехия фуқароларининг Бельгия, Франция, Италия, Нидерландия ва Испания каби нисбатан кўп зарар кўрган давлатларга саёҳат қилишлари мумкинлиги эълон қилинди. Бироқ ушбу мамлакатлар фуқаролари вирусга чалинмаганлик тўғрисидаги тиббий маълумотнома тақдим этиши керак. Чехия расмийлари фикрига кўра, Буюк Британия ва Швеция энг хавфли давлатлар ҳисобланади. Ушбу мамлакатларга саёҳат қилиш учун қатъий қоидалар жорий этилади. Сўнгги маълумотларга кўра, Чехияда эпидемия бошлангандан бери деярли 9,5 минг киши касалланиб, 326 киши вафот этган.

Буюк Британияда 15 июндан бошлаб жамоат транспортида тиббий ниқоб кийиш мажбурий бўлади. Ушбу санада бир қатор кийим-кечак дўконлари очилиши режалаштирилган, шу туфайли метро ва автобусларда йўловчилар сони кўпайиши кутилмоқда. Ушбу қоида поездлар, самолётлар, паромлар ва кема йўловчиларига ҳам тааллуқлидир.

Буюк Британия зарарланиш ҳолатлари ва ўлим ҳолатлари статистикаси бўйича Европада энг ёмон натижа қайд этаётган давлат ҳисобланади. Ўтган ҳафтанинг жума кунги маълумотларига кўра, мамлакатда 283 мингта касалланиш ҳолати ва 40 мингга яқин ўлим қайд этилган. Шу билан бирга, кунлик янги зарарланиш ҳолатлари сони камаймоқда. Ҳозирги кунда ҳар куни тахминан 5,6 минг кишига Covid-19 ташхиси қўйиляпти. Икки ҳафта олдин бу рақам 8 мингдан ошарди.

 

Дунёдаги вазият

Эронда коронавируснинг тарқалиши рекорд суръатларда давом этмоқда. 4 июнь куни 3574 нафар одам коронавирус инфекциясини юқтириб олган ва бу 19 февралда мамлакатда эпидемия бошланганидан бери кузатилган рекорд кўрсаткич. 5 июнь куни ҳам мамлакатда 3 мингга яқин ҳолат қайд этилди. Шу вақтгача Эронда 167 мингдан ортиқ зарарланиш ҳолати қайд этилган ва 8,1 мингдан ортиқ киши вафот этган.

2 июнда Эронда икки ойда қайд этилмаган натижа кузатилган ва шу куни бир сутка ичида коронавирус билан касалланганлар сони 3000 тадан ошиб кетганди. Аввалги рекорд 30 мартда ўрнатилганди (бир суткада 3186та янги ҳолат). Май ойида Эронда кунлик касалланишлар сони 802 гача тушганди.

Ҳиндистонда 4 июнь куни 9889, 5 июнь куни эса 9378 янги зарарланиш ҳолати қайд этилди. Мамлакатда жами ҳолатлар сони 236 мингдан ошди ва Ҳиндистон жаҳон рейтингида Италияни (234 мингдан ортиқ ҳолат) ортда қолдирди. Сўнгги бир кунда 286 нафар (бир кун олдин 275 ўлим) ҳиндистонлик коронавирус қурбонига айланиб, жами ўлимлар сони 6649 га етди жаҳон бўйича энг ёмон 10-кўрсаткич.

«The Guardian» нашри Ҳиндистон тиббий тадқиқотлар кенгаши доктори Ниведиту Гуптанинг фикрига асосланиб хабар беришича, мамлакат ҳали коронавирусдан зарарланишнинг авж нуқтасидан ўтмади.

Ҳиндистон 8 июндан карантиндан босқичма-босқич чиқишни режалаштирмоқда. Бу эса мамлакатда иккинчи тўлқин бошланиши хавфини пайдо қилади. Шу билан бирга, эпидемиологик вазият оғир бўлган ҳудудларда қатъий чекловлар 30 июнга қадар сақланиб қолади.

Хитойда сўнгги суткада коронавирус билан касалланиш бўйича 5 ва касаллик белгисиз ўтаётган 3 ҳолат қайд этилди. Беморларнинг 8 нафари соғайди, вафот этиш ҳолатлари қайд этилмади. Янги касалланиш ҳолатларининг барчаси четдан юқтирилган. Мамлакатда умумий ҳисобда 83 027 киши коронавирусга чалинган. Беморларнинг 78 327 нафари соғайган, 4 634 нафари вафот этган. Касалхоналарда 66 нафар бемор қолмоқда. Коронавируснинг илк ўчоғи бўлган Уханда эса айни вақтда коронавирусга чалинган битта ҳам бемор қолмаган.

Жанубий Кореяда сўнгги бир кунда 39 киши коронавирусга чалингани қайд этилиб, жами ҳолатлар сони 11 668 га етди. Мамлакатда май ойидан буён касалликнинг янги ўчоқлари беморлар сони ошишига сабаб бўлмоқда. 28 майда кунлик касалланишлар сони 79 тага етганди, сўнгги ҳафтада эса бу кўрсаткич 30-50 киши атрофида бўлиб турибди. Сўнгги бир кунда 7 киши коронавирусдан соғайиб чиқиб, тузалганларнинг умумий сони 10 506 нафарга етди. Касалликдан вафот этганлар сони ўзгармаган — 273 ўлим.

Бир сўз билан айтганда, ушбу глобал муаммони ҳал этишда дунёнинг турли мамлакатлари олимлари бу борадаги изланишларни жадал олиб боришяпти. Маълумки, коронавирусга қарши вакцина яратилганича йўқ, афсуски, топилган вакциналарнинг ҳали ҳеч бири аниқ натижага эга эмас. Шу боисдан ҳам ўзимизни ва яқинларимизни хавф остига қўймасдан, шифокорлар томонидан берилаётган тавсияларга қатъий амал қилишимиз талаб этилади. Шундагина коронавирус балосидан қутулишимиз мумкин бўлади.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: